Аллоҳ таоло: «Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир», (Наҳл, 69) деган. Шарҳ: Ушбу Наҳл сурасидаги асаларилар ҳақидаги оятнинг бир қисми, асалда одамларнинг баъзи дардларига шифо борлигини тасдиқлаш учун келтирилмоқда. Наҳл сурасидаги оятнинг тўлиқ матни қуйидагича: «Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли ранг¬даги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир». Ушбу оятда Аллоҳнинг асаларига ваҳийи ҳамда берган илҳомининг давоми келмоқда. Аллоҳ асаларига фақат уя қуришнигина эмас, балки бошқа нарсаларни ҳам илҳом қилган: «Сўнгра ҳамма мевалардан егин». Уяни қуриб қўйиб, мевалардан емоқ ҳам асаларига Аллоҳ таоло томонидан илҳом қилинган. Шунинг учун у бошқа ҳайвонларга ўхшаб турмайди, тўғридан-тўғри мева гуллари томон учиб кетади ва уни емоққа киришади. «Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди». Аллоҳ асаларига ўша меваларни, уларнинг гулларини топиш йўлларини осон қилиб қўйган. Одамзод топа олмайдиган жойда бўлса-да, асалари бир зумда уларни топиб боради. Ҳамда ўша мева ва гулларни ейди. «Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар». Асаларининг қорнидан чиқадиган асалларнинг ранги турли бўлиши бежиз эмас. «Унда одамлар учун шифо бордир». Ўша асаларининг қорнидан чиққан турли ранг¬ли шаробда одамлар учун шифо бор. Ушбу қуръоний ҳақиқат тиб илми ривожланган сари янада аниқроқ ойдинлашиб бормоқда. Ҳозирда асалнинг шифобахш хусусияти ҳақида ўтказилган илмий тажрибалар натижаси ўлароқ кўплаб китоблар битилган. Қизиққан одамлар уларни ўқисалар Аллоҳ таоло нима учун айнан асалнинг шифо эканини Ўз китобида эслатиб ўтганининг ҳикматини тушуниб етадилар. Бу масала Қуръони Каримда зикр қилингани учун мусулмон табиблар томонидан алоҳида эътибор ила чуқур ўрганилган. «Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир». Асаларининг ҳаёт тарзи, уларнинг уй қуриши, бориб мева ва гулларни еб келиб, асал қилишлари ва ўша асал одамлар учун шифо бўлиши каби ҳодисаларда катта мўъжизалар бор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шифо уч нарсададир: қон олиш асбоби солишда, асал ичишда ва қиздирилган нарса босишда. Ва умматимни қиздирилган нарса босишдан наҳий қилурман», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Шарҳ: Машҳур алломаларимиздан Имом Бадриддин Айний ўзларининг Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларига ёзган шарҳларида ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида қуйидагиларни ёзадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шифо уч нарсададир», деганларида ушбу уч нарсадан бошқа нарсада шифо йўқ дейишни ирода қилганлари йўқ. Шифо улардан бошқа нарсаларда ҳам бор. Фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу уч нарса ила хасталикни муолажа қилишнинг асл услубларига ишора қилдилар, холос. Чунки, хасталик асосан қон бузилишидан, сафродан ёки савдо-балғамдан бўлади. Қон бузилишидан пайдо бўлган хасталикни қон олиш билан даволанади. Бошқа хасталиклар дори-дармон бериш билан даволанади. Уларга асални зикри ила ишора қилдилар. Бу услублар ила даволанмайдиган дардларни куйдириб босиш ила даволанади». Ушбу мулоҳазаларни замонамиз тилига ўгирадиган бўлсак, худди шунга ўхшаш ҳолат ҳозир ҳам мавжудлигини кўрамиз. Ҳозирда ҳам кўпгина хасталиклар қондаги ўзгаришлар туфайли келиб чиқиши ҳаммага маълум. Шунинг учун беморликка ташхис қўйиш ишида ҳамма тиб мактаблари олдин беморнинг қонини текшириб кўришни йўлга қўйишган. Қон алмаштириш, қон қуйиш, қонни тозалаш учун турли услубларни қўллаш ҳамма тиб мактабларининг асосий аҳамият берадиган услубларидир. Қонга боғлиқ бўлмаган хасталикларни дори- дармон билан тузатишга ҳаракат қилиниши ҳаммага маълум. Биз «қизитилган нарса босиш» деб таржима қилаётган услубда баъзи жароҳат, ўсимта ва шунга ўхшаш қонни тозалаш ёки дори ичириш билан тузалмайдиган ҳолатларда ўша жароҳатни кесиб туриб, тозаланган жойга қизиб турган нарсани ёки бирор моддани куйдириб кулини босиш йўлга қўйилган. Бу ишни бошқа услублар наф бермаган ҳолдагина қўллашган. Буни ҳозирги кунимиз истилоҳида жарроҳлик амалиёти дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдин шифонинг уч туридан бири куйдириб босишда эканини таъкидлаб туриб, кейин: «Ва нарса қиздириб босишдан наҳий қилурман», дейишларини қандоқ тушунилади, деган саволга уламоларимиз қониқарли жавоб берганлар. Ўша пайтда одамларда нарса қиздириб босиш дардни ўз табиати ила, албатта, тузатади, деган нотўғри фикр бор экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у нарсани унча тарғиб қилмаганлар. Лекин шифони Аллоҳ таоло беради деган эътиқод ила ўша мазкур услубни ҳам йўли билан қўллашга шариат йўл берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуга шу услубни ишлатганлар, бошқа саҳобалар ҳам хасталикларини шу услуб ила муолажа қилганлари маълум. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг даволарингиздан бирортасида яхшилик бўлганда ёки сизларнинг даволарингиздан бирортасида яхшилик бўлса, бас, дардга мувофиқ келган қон олиш асбоби солишда, асал ичишда ва ўт ила чақиб олишда бўларди. Ва нарса қиздириб босишни хуш кўрмасман», дедилар ». Учовлари ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ривоятнинг ровийи унинг аввалидаги «бўлганда» ва «бўлса» сўзларида шакка тушиб қолган экан. Шунинг учун икки хил сий¬ғани ҳам келтирибди. Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадиси шарифнинг маъносини таъкидлаб келмоқда. Шу билан бирга, тўлдирувчи қўшимча маъно ҳам бор. Бу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «дардга мувофиқ келган» деган гапларида ўз аксини топган. Яъни, ҳар бир қон олиш, ҳар бир дори ичиш ва ҳар бир жарроҳлик амалиёти шифога сабаб бўлавермас экан. Мазкур нарсаларнинг шифога сабаб бўлишларига Аллоҳ таолонинг иродасидан сўнг уларнинг дардга мувофиқ келиши ҳам шарт экан. Бу ишни юзага чиқишига ҳаракат қилиш ҳозиқ табибларга ишониб топширилгандир. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Укам қорнидан шикоят қилур» бошқа бир лафзда эса: «Укамнинг қорни юриб кетди», деди. У зот: «Унга асал ичир», дедилар. У иккинчи марта келди. «Унга асал ичир», дедилар. Сўнгра у учинчи марта келди ва: «Батаҳқиқ, (айтганингизни) қилдим. Унинг қорнини юргизишдан бошқа нарсани зиёда қилмади», деди. «Аллоҳ рост айтадир. Укангнинг қорни ёл¬ғон айтадир. Унга асал ичир», дедилар. Бас, ичирган эди тузалиб кетди». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан ичи кетган кишига асал фойдали экани кўриниб турибди. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳамма билиб олган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Аллоҳ рост айтадир», деганларида Аллоҳ таолонинг Наҳл сурасидаги асаларилар ҳақидаги «Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир», деган қавли кўзда тутилган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Муоз билагидаги томиридан ярадор бўлди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан мишқосни қиздириб туриб, босдилар. Сўнгра унинг қўли шишиб кетган эди, у зот иккинчи бор яна қиздириб босдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Шарҳ: «Мишқос» — қиздириб ярага босиладиган асбоб. Аҳзоб урушида улкан саҳобий Саъд ибн Муоз билакларидаги қон томирларига ўқ тегиб қаттиқ яраланганлар. У кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қараганлар ва ушбу ривоятда баён қилинганидек, даволаш ишларини ҳам шахсан ўзлари олиб борганлар. Қон оқиб турган томирга иссиқ нарсани босиб қонни тўхтатиш ўша вақтдаги бирдан-бир услуб эди. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Аҳзоб куни Убай ярадор бўлди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қизитилган нарса босдилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, шунингдек, Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳуга яра чиққанда ҳам шу услуб ила даволаган эканлар. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга табиб юбордилар. Бас, у унинг бир томирини кесиб туриб, кейин қиздирилган нарса босди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан тиб ишлари билан табиблик илмини ўзлаштирган мутахассис шахс шуғулланиши кераклиги чиқади. Табиб ўз илмига асосан хасталикни даволаш учун керакли чорани кўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бемор бўлган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга табиб юборишлари у зотнинг ҳар хил табибликни даъво қилувчиларни эмас, ҳақиқий тажрибадан ўтган тибни эътироф қилишларини билдиради. Ўша табиб олдин Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг томирларини кесиб туриб, кейин уни куйдирган. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам куйдириб даволашдан наҳий қилдилар. Бас, биз куйдириб даволадик ва нажот ҳам топмадик, муваффақиятга ҳам эришмадик». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Бу Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу ан¬ҳунинг шахсий тажриба ва мулоҳазалари. У киши ўзларича тажриба қилиб куйдириб даволашдан фойда топмаганлар. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг бавосир хасталиги бор эди. Бу хасталикдан у киши жуда ҳам қийналган эдилар. Шунда ундан қутулиш учун турли чораларни қўллаб кўрганлар. Жумладан, куйдириб даволашни ҳам синаб кўрганлар, лекин фойда бермаган. Ушбу ривоятда айтган гаплари ана ўша тажрибалари асосида айтилган. Абу Довуд розияллоҳу анҳу айтади: «Мана шу Имрон фаришталарнинг саломини эшитар эди. Куйдириб даволагандан кейин бу нарса узилиб қолди. Куйдириб даволашни тарк қилганда эса, унга салом бериш қайтди». Шарҳ: Бу нарса ҳам Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос бир иш. Дарҳақиқат, у кишига фаришталар салом бериб турар эди. Ўзларидаги бавосир хасталигини даволашга уриниб, унга мишқосни қиздириб босганларида фаришталарнинг саломи узилиб қолди. Имрон ибн Ҳусойн ташвишга тушиб ҳодисани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига икки ишдан бирини: ёки фаришталар саломини, ёки бавосирдан тузалишни танлашни таклиф қилдилар. У киши фаришталар саломини танладилар. Касалликни куйдириб даволашни тарк қилдилар. Фаришталар у кишига яна салом беришни бошладилар. Яна қайтариб айтамизки, бу Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг ўзларига хос иш. Аслида куйдириб даволаш шартлари вужудга келганда жоизлигини аввал ўрганиб чиққанмиз.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев