---
Меҳмонга зиёфат бериш макоримул ахлоқ, Иброҳим алайҳиссалом ва барча анбиёланинг суннатлари, Исломда тарғиб қилинган ва иймонинг содиқлиги аломатидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳга ва оҳират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин", дедилар".
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган миллат йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам тан беради. Мусулмонларнинг бу фазилатлари тилларда достон бўлиб кетган. Ислом адабиётига кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари, ушбу ва келажакда ўрганадиган ҳадиси шарифларимизга ўхшаш кўплаб ҳадислар сабаб бўлган. "Меҳмон - атаи Худо", "Меҳмон отангдай азиз" каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилган. Биз, мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб боришимиз лозим.
Зиёфат мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳаққидир. Ҳанафий, моликий, ва шофеъий мазҳаблари зиёфатни суннат, ҳанбалийлар вожиб дейишган.
Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни унинг дастурхонига келтириб тўкмаган бўлсин.
Анас ибн Молик эса: "Меҳмон кирмаган уйга фаришталар ҳам кирмайди", деганлар. Пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломни меҳмонларнинг отаси деб аташарди. У кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, деб қараб ўтирар эдилар.
Машҳур олимимиз Абу Лайс Самарқандий айтади: "Агар бир меҳмондорчиликка, зиёфатга борсанг-у, шу зиёфат ҳаром бўлмаса, унга фисқу фужур аралашмаган бўлса, боришингда зарар йўқ. Агар акси бўлса, норози эканингни билдириб, бормай қўявер. Зиёфатга борсанг-у, аммо у ерда бир ёмон (мункар) ишни кўрсанг, у ердагиларни бу ишдан қайтар, агар кўнишмаса, ўша зиёфатни тарк қил. Бордию сен улар билан ўтираверсанг, улар сени ҳам шу ишга рози экан, деб ўйлашади ва уни давом эттираверишади".
Меҳмонга боришнинг алоҳида одоблари ва тартиблари бор. Энг аввало , чақирилган жойга албатта боринг, чунки айтилган ерга бормасангиз, гуноҳкор бўласиз, таклиф қилган кишига азият етказасиз, жамиятдаги муносабатларга рахна соласиз. Ҳалол касб қиладиганларникига меҳмонга бориш, фосиқ, ўзгалар ҳаққидан ҳазар қилмайдиган кимсаларнинг зиёфатига боришдан тийилиш, шариатга хилоф ишлар бўладиган давралардан ўзни тортиш лозим.
Меҳмон учун ортиқча такаллуф (зиёфат учун ҳаддан зиёд уриниш, дастурхон безаш) одобимизда ман қилинган. Шунингдек, мезбон меҳмон ҳузурида ғазабини, жаҳли чиққанини, бирор нарсадан хафалигини ёки ташвишдалигини, ҳатто бошига тушган мусибатни билдирмайди, бўлар-бўлмасга тажанглик қилавермайди.
Меҳмондўстлик яхши одамларнинг ибратли фазилати саналади, меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди.
Бой-камбағал деб ажратмасдан, ҳамма баравар меҳмон қилинади.
Меҳмонга таом кечиктирмай олиб келинади. Нон дастурхонга егулик миқдорида қўйилади, синдирилгани бўлса, яна ушатилмайди.
Мезбоннинг баъзида "Олинг, енг", деб туриши савобли иш, бу уч мартагача айтилади. Аммо меҳмонни хижолат қилиб, ҳадеб таомга зўрлайвериш одобсизлик саналади.
Меҳмон келтирилган таомнинг айбини топмасдан, нима кеотирилса мақтаб ейиши зарур. Агар дастурхон атрофида ёши улуғ киши бўлса, ундан олдин таомга қўл узатилмайди. Меҳмоннинг овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши яхши эмас.
Чақирилмаган жойга меҳмонга борилмайди.
Меҳмоннинг одоблари:
1. Меҳмон ўзига кўрсатилган жойга ўтиради.
2. У ўзига тақдим қилинган нарсадан рози бўлади.
3. Тақдим қилинган таомдан тезроқ тановул қилиш меҳмоннинг одобидандир. Агар у таомдан емаса, мезбонга ҳурматсизлик бўлади.
4. Меҳмон фақат мезбоннинг изни билан ўрнидан туради.
5.Меҳмон мезбоннинг ҳаққига дуо қилади.
6. Меҳмон мезбонникида уч кундан ортиқ турмайди.
"Ижтимоий одоблар" китобидан.
•••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄•••••
Шахсий озодалик одоблари
Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни иймонга тегишли даражага кўтармаган.
Исломда эса бу иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак.
Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам, каттаю кичик, кўзга кўринадигану, кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Ана шундай покликка эга бўлмаган банда Аллоҳга ибодат қила олмайди. Яъни намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръон ҳам ушлай олмайди.
Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши уларнинг поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Бизда поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар бор.
Қуръони каримда покизаликка катта эътибор берилган. Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:
"Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир" (108-оят).
Аллоҳ субҳанаху ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда. Пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонларнинг поклик учун интилиб, бутун дунёнинг покланиш сари юз тутиши учун етарли!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари покиза зот бўлганлар ва кўплаб ҳадисларида покизаликка тарғиб қилганлар.
Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан, у эса отасидан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам дедилар: "Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни севади, покизадир, покизаликни севади, карамлидир, карамликни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади".
Термизий, Баззор ва Абу Яъло ривоят қилганлар.
Фиқҳга доир ва ҳадисларни жамловчи барча китобларимизда "Поклик китоби" номли алоҳида боблар (китоблар) мавжуд.
шуларнинг ўзи Исломда покликка қанчалар аҳамият берилишини яққол кўрсатиб туради.
Исломда инсоннинг қалби ва нияти поклиги биринчи ўринда туриши маълум. Бу поклик ҳақидаги таълимотлар руҳий тарбияга оид илмда ўрганилади. Биз бу китобимизда ижтимоий одобларни ўрганишга ҳаракат қилаётганимиз учун ташқи поклик ҳақида сўз юритамиз.
"Ижтимоий одоблар" китобидан.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев