3-қисм.
Шамсиддиннинг амакисиникида яшай бошлаганида икки ой бўлди, у шу пайтгача уйидан сира бунча вақт узоқлашмаганди. Қулмат улардан хабар олиб келгач, кўрганларини, онаси ҳам, укалари ҳам уни қаттиқ соғинганини айтди ва гапининг охирида, эртанинг ўзидаёқ борасан, деди
Шамсиддин, хўп, дегандай бошини қимирлатиб қўйди-ю, аммо турли баҳоналар билан ўн кунни ўтказди. Қулмат энди чидаб туролмади, уни ёнига чақириб, яккама якка гаплашди.
–Сен бола, жуда ўр экансан-ку, нотўғри хаёлга бормагин деб шу пайтгача индамадим. Бироқ янгамнинг сўзлари қулоғим остида жаранглаб турибди. Йигитчиликда ҳамма нарса бўлади-да, уйдан кетганинг оила аъзоларингдан воз кечганингни англатмайди ё улардан воз кечдингми?
–Йўқ, нега энди?
–Унда нимага бормаяпсан? Мен уларга сени, эртагаёқ юбораман, деб келгандим, хижолат чекяпман. Яхшиси сени ўзим етаклаб бораман, бор, кийиниб чиқ.
–Амаки!
–Амаки дема, кийин.
Шамсиддиннинг ўзи ҳам уйидагилардан хабар олмоқчи эди-ю, бўйни ёр бермаётганди, ҳар кеч, эртага бораман, деб аҳд қиларди-да, тонг отгач елкасига шайтон миниб олгандай оёғи тортмасди. Аммо амакиси ҳақ: бормаса бўлмайди.
–Амаки, бугун кеч бўлди, эртага ўзим бораман, албатта, бораман, ишонинг –деди у.
–Майли, бу гапингга ҳам кўндим, қани тонг отсинчи…
Шамсиддин сўзида турди: эртаси куни нонуштадан сўнг Шамсиддин йўлга тушди, унга Амир ҳам эргашаётганди, Қулмат рози бўлмади.
–Кейинги сафар борасан, укалари Шамсиддинни соғинишган, ўзлари гаплашиб олишсин.
–Бора қолсин, –Шамсиддин амакисидан илтимос қилди. –Менга ҳамроҳ бўлади.
–Бугунчалик ҳамроҳсиз боравер, кейинги гал ўйлашиб кўрамиз.
Шамсиддин уйига автобусда борса ҳам бўларди, аммо қишлоққа бурилишда тушиб, яна бошқа автобусга чиқиши керак, шу сабабли узоқроқ бўлса-да, азалдан улар амакисиникига яёв қатнашади. У ҳам пиёда кетаркан онаси, укалари ва сингилларини эслади, уларни жуда соғинганди. Анча юриб, қишлоғининг қадрдон кўчасига бурилгач, юраги гуп-гуп урди, назарида бу йўллардан кўп йил юрмагандай эди, ҳовлисига яқинлашганида ҳаяжони баттар ортди ва дарвозани секин очди. Ҳовуз бўйида Санам жажжи қўлчалари биланг тоғорачадаги помидорларни ювар, Маъқул хола уларни иккига бўлиб, тахтага терар ва устига туз сепаларди.
“Помидорқоқи қилишяпти”, –хаёлидан ўтказди Шамсиддин. Онаси ҳар йили қип-қизил помидорларни тузлаб, офтобга қуритар ва ипга тизиб қўярди. Қайноқ сувга ювиб, олинган помидорқоқи овқатга ҳам ранг, ҳар нордон таъм берарди.
Иттифиқо, Маъқул холанинг кўзи Шамсиддинга тушди-ю, тушимми, ўнгимми, дегандай тикилиб қолди ва ўғли эканига ишонч ҳосил қилгач, ирғиб ўрнидан туриб қучоғини очганича унга қараб юрди. Шу сонияга қадар онасига меҳр билан қараб турган Шамсиддинни бирдан “жин чалди”, онасининг ҳаракатини ёқтирмади қовоғини солиб, ўзини четга олди, шу дамга қадар борлиғини эгаллаган илиқ туйғулар бир зумда йўқолди ва қалби ҳувиллаб, кўнглидаги кичкинагина меҳр тошга айланди-қўйди.
–Ғашимга тегаверсанг ҳозироқ қайтиб кетаман,– ичидаги ёввойи туйғуси жунбушга келди Шамсиддиннинг.–Уйингга қадамимни босмайман.
–Бўлди, бўлди, – Маъқул хола худди Шамсиддин кетиб қолаётгандай бирдан тўхтади. –Ҳеч нарса демайман.
У нарироқда турган яшикнинг устига ўтирди-да, ўғлига бошдан оёқ разм солди. “Катта йигит бўлибди, улғайибди, кўркамлашибди?”. Маъқул холанинг гапини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади.
Санам акасига қараб анграйиб қолди, унга яқинлашмоқчи бўлди-ю, онасига қилган муомаласидан қўрқиб жойидан қимирламади. Шундагина Шамсиддин ошириб юборганини пайқаб, ўзи унга яқинлашди.
–Қандайсан? Зерикмаяпсанми?
–Йўқ, онамга қарашяпман.
–Яша, –Шамсиддин синглисининг жавобидан қувонганини яширмай пешонасидан ўпиб қўйди. – Қолганлар қани?
–Ҳозир чақираман.
Санам кўчага югуриб кетди ва қўп ўтмай опаси ва акалари билан кириб келди.
Ғайбиддин билан Хайрулла Шамсиддинни қучоқлаб олишди, Бодом тортиниб қўлини чўзди.
–Таътил қандай ўтяпти? –сўради Шамсиддин. –Нималар қилиб юрибсиз.
–Иккови ҳам кўчадан уйга кирмайди, –шикоят қилишга тушди Бодом. –Тўп тепгани тепган, кундан кун ўжар бўлиб кетишяпти.
Шамсиддин индамай кулиб қўйди.
–Меҳри кўринмайди.
–Ухлаяпти, уйга кириб кетганди, нега чиқмаяпти, деб қарасам ухлаб қолибди.–Маъқул хола гапини тугатар-тугатмас уй олдида кўзини ишқалаганича Меҳри кўринди. – Ана уйғонибди, келяпти.
Акасига кўзи тушган Меҳри югуриб онасининг ёнига борди.
–Онамни урманг. –У қўлларини кериб, онасини яширмоқчи бўлди. – Онамни урмайсиз.
–Қўлингни тушир,–ўдағайлади Бодом.–Салом қани? Уялмайсанми акамга шунақа дейишга?
–Майли, индама, у ҳали бола-да, гапираверади.
Шамсиддиннинг бу сўзлари бошқаларга далда бўлиб, бири қуйиб бири уни саволга тутаётганди Маъқул хола койиб берди.
–Акаларинг тик оёқда турибди, тўхтанглар, ҳеч бўлмаса сўрида ўтирсин.
Шамсиддин сўрига ўтирди-да, саволларинг бўлса бераверинглар, дегандай укаларига қаради.
–Ака, ётоқхонада турасизми? – сўради Бодом.
–Ҳа, студентларга ётоқхона қулай, пули ҳам арзон.
–Кетсангиз, яна қачон келасиз? – энди Хайрулла савол берди.
–Шароитга қарайман, ҳозирча ҳеч нарсани билмайман.
–Зулфия опа ҳам ўқишга бордиларми? – қизиқиб сўради Бодом.
–Йўқ, у кутубхонага ишга киряпти.
–Айтмоқчи, Абдунаби ака ҳам политехника институтига ўқишга кирибди. Онаси хурсанд, ўғлим инженер бўлади, дейди.
–Синфимиздагилардан яна кимлар ўқишга кирибди?
–Назира опа пединститутнинг биофагига, Сурайё опа университетга кирибди. Тунов куни иккаласини кўриб қолдим, оғзи қулоғида, рости, ҳавасим келди. Ўғил синфдошларингиздан Абдунаби акадан бошқа ҳеч бири киролмабди, олифталиги бир дунё эди уларни. Ҳа, айтгандай, Тошбиби билан Хурсаной опалар медтехникумга киришган.
Шамсиддин: “Лобар-чи, Лобар ҳам киролмабдими?”, деб сўрамоқчи бўлди-ю, лабини тишлади, худди синглиси бирор гапдан хабардордай нафасини ичига ютди. Бодомнинг ўзи унинг кўнглидан чиқиб гап очди:
–Лобар опа мединститутга топширган экан, конкурсдан ўтолмабди, роса йиғлаган эмиш.
Шамсиддин ичида: “Баттар бўл”, деди. Унинг тилини чиқариб устидан кулганини икки дунё бир бўлган тақдирда ҳам унутолмайди, ўша воқеани эсламай деса ҳам эсига келаверади ва бир зумда аъзойи баданидан совуқ тер чиқиб, вужуди музлаб қолади.
–Ака, сиз ҳам институтга борганингизда, албатта, кирардингиз, –гапга қўшилди Ғайбиддин. –Бир уриниб кўрмадингиз-да.
–Эй, қўй, институтда ўқишнинг ўзи бўладими? Абдунабига мумкин, шароити яхши, кейинчалик ишларим юришиб кетса балки сиртдан ўқирман.
–Абдунаби ака, Шамсиддин келса менга билдир, деган эди, чақириб келайми?–сўради Хайрулла.
–Югур, айтиб кел, –буюрди укасига, у ўртоғини жуда соғинганди.
Ака-укалар суҳбати авжига чиқди. Бу орада Маъқул хола дастурхон тўшаб, у-бу егулик олиб қўйди ва ўзи сабзи тўғрашга тушди. Абдунабиникидан Хайрулланинг ҳафсаласи пир бўлиб қайтди.
–Абдунаби ака кеча амакилари билан Тошкентга жўнабдилар.
–Олдинроқ келмадингиз-да, ака, –деди Бодом.–Биз сизни қачондан бери кутамиз, аммо ҳаммага акам ўқишга кирдилар, деб мақтаниб чиқдик.
–Мана, келдим-ку, –деди у кулиб ва ўрнидан қўзғалди. –Мен энди борай, амакимга тез қайтаман, дегандим, хавотирланадилар.
–Шу кеча ётақол, болам, сени ҳаммамиз соғинганмиз, ош қиляпман.
Шамсиддин ўзини онасининг гапини эшитмаганга олди.
–Ака, қолинг,– чуғурлашди укалари ҳам.
–Самарқандга кетишга тайёргарлик кўришим керак, бормасам бўлмайди. –Шамсиддин бошқа тузукроқ ваъж тополмади.
–Унда қараб тур,– Маъқул хола шошиб уйга кириб, зум ўтмай қўлида рўмолчаси билан чиқиб келди.
–Мана, 20 сўм, – деди ўғлига. – Ҳозирча шуни ишлатиб тур, келгуси сафар келганингда кўп пул бераман. Пенсиямни оширишибди, минг сўм бўлибди, ҳаммасини сенга бераман, ўқишни тугатганингча қишлоқнинг ўртасидан икки қаватли дорихона қуриб бераман.
Шамсиддин онасининг “айниётганини” сезса-да, жаҳли чиқмади, аксинча, пул берганидан қувонди, ҳаётида биринчи марта онаси кўнглидан чиққан эди. Аслида унинг ўзи Маъқул холадан пул сўрамоқчи эди-ю, гапни қандай бошлашни билмай турганди. Илгариги пайт бўлганда-ку онасидан пулларини тортиб ҳам оларди, ҳар ҳолда уни уйдан чиқиб кетгани ушлаб қолди.
Шамсиддин пулни чўнтагига солиб йўлга тушди. Укалари орқасидан кўчагача чиқишди, уларга Маъқул хола ҳам эргашаётганди, Бодом тўхтатди.
–Сиз чиқманг, уйда ўтиринг, акам сизни ёқтирмаслигини яхши биласиз, ҳеч бўлмаса бир кун кайфиятимиз бузилмасин.
Хайрулла онасини туртиб олдинга ўтаркан, тилини чиқариб қўйди.
–Кўрдингми, –Маъқул хола Меҳрига юзланди. – Буларнинг бири қўйиб, бири мени турткилайди. У бирпас жим турди-да, яна Меҳрига юзланди: –Аканг очилибди, анча очилибди, ичимдагини топ, бола эди, укалари билан гаплашиб ўтирди, лекин менга нисбатан ўша-ўша…
Маъқул хола чуқур уҳ тортди, Шамсиддин у билан на саломлашди, на хайрлашди, лоақал саволига тузук жавоб бермади. Шундай бўлса-да, ўғлининг ташрифидан ва ўқишга кирганидан хурсанд, “Болагинам катта шаҳарда қийналмасин, бундан кейин унга пул йиғиб қўяман”, –деган хулосага келган эди у.
Шамсиддин ўқишга кирди-ю, Бодом ўзини бошқача тутадиган бўлди: онасини она ўрнида кўрмагани етмагандай укалари ва сингилларига зуғум ўтказиб, ҳар нарсага жеркиб ташлайди. Аслида ундаги ўзгариш акаси амакисиникида яшаётган пайтдаёқ бошланганди, кейин авжига чиқди.
Шанба куни Маъқул холанинг Шамсиддинга атаб йиғаётган пули йўқолиб қолди. Бир кун олдин Бодом онасидан пул сўраганида Маъқул хола бермаганди, пулни жойидан тополмагач, унинг гумондори Бодом бўлди.
Қиз аввалига тонди, қарадики, онаси уни тинч қўймайдиган, ноилож бўйнига олди.
–Сўраган пулимни бермаганингиздан кейин оламан-да,– деди у.
–Қайтариб бер, – талаб қилди Маъқул хола. – Ҳозироқ қайтариб бер.
–Бермайма,. –Бодом онасини силтаб ташлади. – Кўйлак олишим керак, на тузук кийимим бор, на сумкам, дугоналарим билан бирга юришга уяламан. Ҳадемай яна пенсия оласиз-ку, бунча қаттиқлик қиласиз.
–Пулни Шамсиддинга бераман,–– деди Маъқул хола қўрслик билан.– Мен унга ваъда қилганман, икки қаватли дорихона қуриб бераман, деганман. Сўзимнинг устидан чиқишим керак.
Бодом онасининг гапига эътибор бермади, кийинди-да, чиқиб кетди.
–Буларга менинг пулим керак, ўзим эмас. Мени жинни деб мазах қилишни билишади. Сен айт, Меҳри, мен жинниманми? Жинни бўлсам, нега жиннининг пулини олади? Соғ билан касалнинг фарқига бормаганларнинг ўзи жинни! Сенларга жиннилигимни кўрсатиб қўяман, ҳали Шамсиддинга шундай дорихона қуриб берайки, оғзиларинг очилиб қолсин.
Ғайбиддин билан Хайрулла кўчага, Санам уйга қараб кетди. Меҳри онасига суйканиб уни тинчитмоқчи бўлганди, аёлнинг баттар жазаваси тутди: уйга кириб, тахмондаги кўрпаларни дуч келган томонга улоқтириб, пул қидира бошлади.
–Барибир топаман, барибир қайтариб оламан, барибир пулимни унга бериб қўймайман.
Маьқул хола ахири чарчади, ўтириб юм-юм йиғлади. Меҳри ҳам онасининг тиззасига бошини қўйиб унга жўр бўлди. Санам синглисини қўлидан ушлаб, ҳовлига олиб чиқмоқчи эди, кўндиролмади.
Бодом кечга яқин қайтиб келди, у ўзига кўйлак ва сумка сотиб олибди.
–Опа, пулнинг қолганини онамга қайтаринг, – деди Ғайбиддин. – Жағини очиб нима қиласиз.
–Онангнинг жағи бугун очилгани йўқ, – эътироз билдирди Бодом унга. – Ҳали олишим керак бўлган нарсалар кўп. Жиннининг қизи жаннанинг ичида юриши керакми? Мен ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатиб қўяман.
Бодом кейинги пайтларда ўзига эътибор берадиган, қўлидан ойнача тушмай, мактабга кетаётганида ҳам, мактабдан қайтганида ҳам кўзгуга қарайдиган бўлди. Буни уйидагилар сезган, у ойнага яқинлашиши билан Санам билан Меҳри бир-бирига маъноли қараб кўйишса, Хайрулла томоғини қиради, Ғайбиддин бирор гап айтиб юбормай, деб ўзини кўрмаганга солади. Бу ҳолатни Бодом ё сезади, ё ўзини сезмасликка олади.
У, айниқса сочларига маҳлиё бўларди. Сингилларидан фарқли Бодомнинг сочлари қоп-қора ва узун эди, майда қилиб урганида орқаси билан битта бўлиб, этагига тегарди. Авваллари у бошини ювиши билан сочини Малика момога ўрдиради. Кейинчаликойнага қараб ўзи ўришни ўрганди. Бодом унчалик чиройли бўлмаса-да, кўрган киши сочларига ҳавас қилар ва “Ҳусни сочида экан”, деб қўярди.
Ўтган якшанба куни у пешонасидан бир тутам сочини калта кесиб, тараб қўйди, Санам ва Меҳрининг, унақа қилманг, деганига қулоқ солмади.
–Дугоналарим пешонанг кенгроқ, сочингни кессанг яшириб туради, ярашади, дейишди.
–Акамдан қўрқмасангиз ўзингиз биласиз, –деи Санам.
–Акам ўқияпти, тушунади, нега койир экан.
Қўшни қизларнинг ҳам кийиниши Бодомдан ошиб кетган бўлмасаям у шунчаки бошқалардан ажралиб туришни хоҳлаётган эди. Бугун ҳам ўқувчига мос келмайдиган сумкани кўтариб келибди.
Бодомдаги ўзгариш Шамсиддиннинг ҳам назаридан четга қолмади, бир гал келганида уни роса койиди.
–Нега калта куйлак кийиб юрибсан, уялмайсанми?
–Ака, студент бўла туриб шунақа савол берасизми, ҳадемай мактабни тугатаман, қачонгача қишлоқи бўлиб юраман.
–Менга қара, ҳей қиз, – жаҳли чиқди Шамсиддиннинг. – Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Шаҳарлик курсдошларим ҳам тиззасини кўрсатиб юрмайди. Онанг жинни, отанг ўлган бўлсаям мен ҳали тирикман. Уйга кириб, кўйлагингни алмаштир, агар яна шунақа кийинсанг оёғингни уриб синдираман.
Бодом Шамсиддиннинг жаҳли чиқса кўзига ҳеч нарса кўринмаслигини билади, жим бўлди. Қулай фурсатдан фойдаланган Хайрулла ундан ўч олишга киришди.
–Ака, бу киши сочини кесган, сиздан қўрққани учун рўмол боғлаб юрибди.
Бодом укасига ўқрайиб қаради ва акасига сездирмай муштини кўрсатди. Санам билан Меҳри Шамсиддин Бодомни калтаклайди, деб ўйлаб қўрққанидан дир-дир титради, Ғайбиддин кўзларини акасидан ўзмай хавотир билан қараб турди.
–Ҳали шунақа дегин, – Шамсиддин Бодомга яқинлашди.
У, акам уради, деб икки қўли билан юзини яширди. Бироқ Шамсиддин урмади, синглисининг қўлини юзидан тортди.
–Мен сени огоҳлантирдим, кейинги гал келганимда сочингни ўсганини кўрай, кийимларингни эпақага сол. Яхшини жаннанинг ичида танийдилар. Жиннининг боласи, деган таъналарни эшитганим етади, энди одамлар қўлларини бигиз қилиб, Бодомнинг акаси, деб кўрсатишларини истамайман.
–Ака, сиз мен ҳақимда нотўғри фикрга боряпсиз.
–Нотўғри фикрга борганим йўқ, шунчаки қадамингни тўғри бос, демоқчиман. Қадаминг тайрилиб кетса, сен билан гаплашиб ўтирмайман, нима қилишимни ўшанда кўрасан, тушундингми?
Бодом “тушундим” деган маънода бошини қимирлатди ва бошқа гап қайтармади.
–Пасайиб қоларкансиз-ку, –Хайрулла, ҳануз аламидан тушмаганди. – Бу киши бизга кун бермайди, ака. Ҳамма нарсага тумшуғини тиқиб, уришгани уришган, кўчада ўйнагани ҳам қўймайди.
–Мен бўлмаганимдан сўнг сизларга Бодом бошлиқ, гапидан чиқманглар, –Шамсиддин синглисини укаларининг олдида яна изза қилишни истамай ёнини олиб гапирди ва Бодомга ҳам танбеҳ бериб қўйди. – Сен эса ҳаддингни билиб опалик қил.
Бодом “хўп” деб қуйди, аммо у ҳаддини унутганди, қўлини совуқ сувга урмас, ҳатто онаси ёки сингиллари жойини солиб, йиғиб қўйишар, кирларини ювишар, ўзи хон, кўланкаси майдон эди.
Меҳри ҳам, Санам ҳам бу ҳақда Шамсиддинга айтишни ўзларига эп билишмади, аслида бу ҳолга кўникиб қолишганди.
ХХХ
Бодом мактабни битираверди, Шамсиддин техникумни, Меҳри эса биринчи синфга боради. Эҳҳе, у бу кунни қачонлардан бери орзиқиб кутади, назарида мактаб тилсимли шаҳарчага ўхшайди, акалари ва опаларининг оғзидан илиб олган сўзларнинг маъносини сал-пал билса-да, уларни ўз кўзи билан кўришни, қўнғироқ товушини қулоғи билан эшитишни истайди. Биринчи сентябрь келишини ой санаб, кун санаб, онаси тикиб берган кўйлак ва фартукни неча марта кийиб, неча марта ечиб кутди. Санам опаси биринчи синфда ўқиганида тутган алифбе, ўқиш, она тили китобларини қора сатиндан тикилган сумкасига жойлаб, ойнага қарар, ўқувчи бўлиб қолгандай сезарди ўзини.
У бекор бўлди дегунча акалари ва опаларининг китобларини томоша қилади. Бир гал Ғайбиддин кутубхонадан расмли китобча олиб келганди, қўлидан қўймади. Маймоқ айиқча, думсиз тулкига қараб эртак тўқиб, акасига айтиб берди. Расмлар тагидаги ёзув деб аталмиш шаклларга тикилиб-тикилиб қаради, ўзининг ожизлигини – ўқий олмаслигини билиб опалари, акаларига термулди. Қизил шапкачанинг саргузашти, бўғирсоқнинг саёҳати, катта шолғом ҳангомасини ёзувлардан сўзларга ағдарган Ғайбиддинни ҳавас билан кузатаркан, ўқишни билгани учун у сеҳргардай туюлди назарида.
Энди Меҳрининг ўзи мактабга боради, тилсимли шаҳарчанинг эшиклари ланг очилиб, қизалоқни бағрига олади, қўлига қалам, дафтар, китоб тутқазади.
Шамсиддин ўқишни битиргач, онасининг уйида яшашни лозим топди. Ўтган ёзда Лочинбек уйлангач, ўзини амакисиникида ноқулай сезди, кийимларига борганида Қулмат уни олиб қолишга кўп уриниб кўрди, аммо унамади.
–Амаки, сизларга катта раҳмат, – деди у. – Энди ўзимнинг аравамни ўзим тортай, келин бор, ноқулайлик бўлмасин.
–Ноқулайлиги борми? Амакингнинг уйи ўз уйингдай гап, ҳеч кимга оғирлигинг тушаётгани йўқ, Амир билан бирга тураверардинг.
–Уйимда яшашга қарор қилдим, Бодом ўқишга киришга тараддуд кўриб юрибди, укаларимга қарамасам бўлмайди. Ҳовлининг ҳам у ёқ, бу ёғини тўғрилай, дўст бор, душман бор. Душанбадан дорихонага ишга бораман, ошна-оғайнилардан бирортаси уйингга борамиз, деб қолса уяламан.
–Унда майли, –Қулмат эътироз билдирмади. –Бир ҳисобдан тўғри айтасан, ҳовлининг каттаси сенсан, омадингни берсин. Аммо амакингни унутма, келиб тур, сенга ўрганиб қолгандик.
–Албатта келиб тураман, сизни кўрсам отам эсимга тушадилар.
Шамсиддиннинг уйга қайтишини ҳам қувонч, ҳам қўрқув билан кутиб олди укалари. У Қулматникига кетганидан сўнг Бодомнинг каттазанлигини ҳисобга олмаса, улар анча тинч ва хотиржам эдилар, муҳими, Маъқул хола калтак зарбидан қутулган, атрофдагилар унинг касалига кўникканми, илгаригидай мазах қилишмасди.
Шамсиддин билан бирга яшаган пайтлари у сал нарсага онасини савалаб, раҳм-шафқатни унутар, Маъқул холанинг қўрқув ва ваҳима остида қалтираб туриши, айниқса, Меҳрининг юрак-бағрини эзиб юборарди. Меҳри жуда кўп марта: “Қани энди бир юмалаб сеҳргарга айланиб қолсам-у, акамнинг қўлларини синдириб ташласам”, – деб орзу қилар ёки: “Учар гиламим бўлсайди, онамни олиб қочиб кетардим”, – деб ўйларди.
Меҳри ўтган кунлар қайталанишидан қўрқиб кўнглидагиларни Санамга айтди.
–Хавотирга тушма,–деди Санам. –Акам ҳозир ўзгарган, энди онамни урмаса керак.
–Аммо менинг кўнглим ғаш, акам яна онамни урадиган бўлса, қараб ўтирмайман.
–Нима қиласан?
–Милиция чақираман, акамнинг қўл-оёғини боғлаб олиб кетади.
Меҳри болаларча соддалик билан айтган гапидан ўзи қўрқиб кетди, худди биров келиб акасини олиб кетаётгандай атрофга олазарак қаради.
–Яхши сингил акасини милицияга бермайди,– деди Санам. – Иккинчи бунақа гапни гапирма.
–Ака ёмон ўғил бўлса-чи? – савол назари билан опасига қаради Меҳри. – Онасини урса-чи?
–Қўй, бунақа гапларни, ўзинг бир бурдасан-у, гапларинг калтакдай.
–Сиз ҳам кичкинасиз-ку.
Меҳри тўғри айтди: Санам ҳам кичик, бироқ ҳаёт бу икки қизчани улғайтириб юборган, ёшларига нисбатан теранроқ фикрлайдиган бўлишганди.
Бу орада Бодом ўқишга киришга тараддуд кўриб, онасининг ҳали у ёғидан, ҳали бу ёғидан ўтиб пул ўндиришга тушди, феъли оғир, қўрс бўлсаям иши тушни изга солган, қолаверса, гапига кирмасам ўқишга боришимга йўл бермайди, деган хавотир ҳам уни акасининг раъйига қарашга мажбур килганди. Аслини олганда, Бодом ўқиб, бирор касбнинг бошини тутишдан ҳам кўра кўпроқ талаба бўлиб, чиройли кийиниб юришни истаётганди.
Шамсиддин унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини кузатаркан, кўнглидан нималар ўтаётганини сезиб турсаям сир бой бермай юрди, ахири Бодомнинг ўзи ёрилди:
–Ака, мени ўқишга олиб бормайсизми?
–Олиб бораман,–деди Шамсиддин бамайлихотир. –Қаерга бормоқчисан?
–Самарқандга.
–Самарқандни қўй, яқинроқ жойда ўқийсан.
–Ўзингиз Самарқандда…
–Мен билан ишинг бўлмасин, – Бодомнинг сўзини бўлди Шамсиддин. –Рози бўлсанг эртагаёқ ҳужжатларингни яқинроқдаги техникумлардан бирига топширамиз, йўқса, талабаликни тушингда кўриб юраверасан.
–Унда медтехникумда ўқийман, – ноилож рози бўлди Бодом.
Эртаси куни ака-сингил ҳужжат топшириб келишганида уйда Маъқул хола йўқ эди.
–Онам ўзига-ўзи гапириб, кўчага чиқиб кетди, – деди Ғайбиддин.
–Яна дарди қўзғагандир, ўлмайди, қайтиб келади.
Бодомнинг онасига нисбатан бемеҳрлик билан айтган сўзлари Меҳрининг кўнглига тегиб, қовоғини солди.
–Нега хўмраясан? – деди Бодом. – Онангнинг ортидан бормай нима қилиб ўтирибсан ўзи?
Меҳри тумтайиб опасидан узоқлашди. У энди эсини таниган, онасига эргашиб юрмас, лекин қайтиб келгунига қадар хавотир олиб ўтирарди.
–Онангни шу бўлганига ҳаммангни ўқитаман, –Шамсиддин укаларига қараб гапирди. – Ҳаммангни одам қиламан. Жиннининг боласи, деб устингдан кулганларга кўрсатиб қўяман.
Бу сўзлар укалари ва сингиллари олдида Шамсиддиннинг обрўсини оширди, салобатли қилиб кўрсатди, ундан ҳайиқиш ўрнини ҳурмат эгаллай бошлади…
#телбақисса
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1