1-қисм (давоми)
Ўша куни улар математика дарси ўтишаётган эди, қўнғироқ чалиниши билан бир синф ўқувчи ўзини ташқарига урди ва мактаб ҳовлиси ёнида давра қуриб, қийқириб қарсак чалаётган болалар тўдаси томон йўл олди. Шамсиддин ҳам қизиқиб синфдошлари ортидан эргашди ва не кўз билан кўрсинки, давранинг ўртасида онаси ўтирар, кўйлаги тиззасигача кўтарилган, бошяланг, оёқяланг, кучининг борича қўлидаги тунука товоқни доира қилиб чалар, уч-тўрт бола атрофида айланиб ўйнарди.
Шамсиддиннинг нафаси ичига тушиб, тахтага айланди-қолди, қараб туришни ҳам, орқага қайтишни ҳам билмай: “Ер, ёрил, кириб кетай, ер, ёрил, кириб кетай”, дер эди ичида нуқул.
Шу пайт кўзи болаларга қўшилиб қарсак чалаётган Ғайбиддинга тушди-ю, додлаб юбораёзди, аввал укасидан жаҳли чиқди, сўнг раҳми келди, унинг қўллари чапак чалаётгани билан кўзлари атрофга олазарак боқар, хаёли паришон, Шамсиддинга ўхшаб тасодифан даврага қўшилиб қолган, шекилли, ўзини қандай тутишни, бу ерни қандай тарк этишни билмаётган, жинни аёлнинг ўғли эканини пайқаб қолмасликлари учун ўртоқларига қўшилиб кетган эди.
Шамсиддин укасидан нигоҳини узмай тураркан, унинг бўшашаётганини, кўзлари онасига жовдираб қараётганини, қўлларининг ҳаракати сусайиб бораётганини сезди. У энди онасини ҳам унутиб Ғайбиддинни кузатди, кутилмаганда укаси авж пардада қарсак чалаётган ёнидаги икки болани икки томонга итариб, давранинг ўртасига чиқди.
– Бўлди! Бўлди қилинглар! Бу менинг онам!
Ногаҳон чақмоқ чаққани, момақалдироқ гумбурлагани каби Ғайбиддиннинг овози юздан ортиқ боланинг шовқинини босиб кетди. Унинг даҳшатли ҳайқириғи атрофдагиларга таъсир кўрсатиб, қарсак чалаётган қўллар бирдан тўхтаб, рақсга тушаётганлар ўзларини четга олиб, атрофни ғалати бир сукунат қоплади.
Сокинликни Ғайбиддининг йиғи аралаш овози тилиб юборди:
–Бўлди қилинглар, жўралар… У менинг онам…
Шу топда Ғайбиддинга дунёнинг у томони ҳам, бу томони ҳам бир эди, ўзини жимгина кузатиб турган ўртоқларига эътибор ҳам бермай онасининг ёнига ўтирди-да, йиғлай бошлади.
–Нега сиз бунақа онасиз? Нега бошқаларнинг онасига ўхшамайсиз? Нега бундай қиласиз? Нега? Нега?..
Ғайбиддин онасининг дуч келган жойини таталашга тушди.
–Нега бунақасиз? Нега?
Шамсиддин чидаб туролмади, даврани ёриб, ўртага кирди-да, Ғайбиддиннинг қўлидан ушлаб судраб кетди. Сумкасини ҳам олмади, рўпарадан келаётган мактаб директорининг: “Нима гап?”, деб ҳай-ҳайлашига қулоқ ҳам солмади, кетаверди.
У шунчалик тез юрдики, Ғайбиддин ортидан югуриб борарди, уйга етгунича иккиси ҳам чурқ этмади, ҳовлига кириши билан укасини қўйиб юборди, акасининг измида судралиб келаётган Ғайбиддин мувозанатини йўқотиб, бир зум дабдираб турди-да, сўнг ўзини рослаб олди.
Шамсиддин ҳовуз бўйига келиб қўлларини тиради, анча вақт шу зайлда турди, сўнг чўмич билан бошидан сув қуйди, сочларидан оқаётган сув кийимларига сачраганига парво ҳам қилмади, кўзига ҳеч нарса кўринмас, кимдан ва нимадан аламини олишни билмас, афтидан ичидаги алангани шу йўл билан ўчирмоқчи бўларди, барибир тафти босилмади, у энди энгашиб бошини ҳовузга тиқиб-тиқиб ола бошлади.
Ниҳоят унинг кўзи ўзига ҳадик билан тикилиб турган Меҳри билан Ғайбиддинга тушди, ниманидир режалаштирди, шекилли, қаддини кўтарди ва укаларини уйга киритиб юборди.
–Икковинг ҳам ухла! –буюрди уларга. – Ким ташқарига чиқса, савалайман.
Уйқу қаёқда? Ғайбиддин билан Меҳри Шамсиддиннинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб туришди: у тут шохидан синдириб, учини кесиб ташлагач, сўрига ўтириб, бошини хам қилиб олди. Болаларнинг икки кўзи акаларининг бармоқлари орасида силкиниб турган химчинда эди, кўнгиллари ниманидир сезаётганди, шу сабабли орадан анча вақт ўтиб Маъқул хола кириб келганида иккисининг ҳам юраги “шув” этиб кетди, ўйлаганлари бўлди: Шамсиддин дарвозани қулфлаб, онасини химчин билан савалай бошлади, Меҳри энди уйга сиғмай қолди, онасига ёрдамга ошиқаётган эди, Ғайбиддин уни маҳкам ушлади, акасининг қаршилигини енгиш учун қафасдаги қушдай питирлади у ва ниҳоят енгди, онасининг ёнига чопиб бориб уни маҳкам қучоқлади. Энди химчин зарби Меҳрининг устига ёғилди. Аёлнинг бақириғи қўшниларникигача етиб боргач, улар бир амаллаб дарвозани очиб она-болага ёрдамга келишганида аёлнинг ҳам, Меҳрининг ҳам баданлари моматалоқ бўлиб кетган, қимирлашга мадорлари йўқ эди.
–Ўзи-ку, онангни худо уриб қўйибди, сеники нимаси? –Малика момо Шамсиддиннинг юзига бир шапати туширди.– Жуда бўлмаса боғлаб қўй, қамаб қўй.
–Ҳаммасини қилиб кўрганман… Минг марталаб… Миллион марталаб… –Шамсиддин қўлидаги химчинни отиб юборди ва ҳовлининг овлоқ томонига ўтиб кетди…
ХХХ
Шамсиддин шу кунига севиб қолди, ёниб ётган юрагини ишқ деган оташ баттар куйдириб, туну кун хаёли синфдоши Лобарда бўлди, кўз ўнгидан унинг сиймоси кетмай, қизни кўриш иштиёқида мактабга қушдай учиб борадиган, дарсдан кейин уйи атрофида изғиб юрадиган одат чиқарди.
Синфдошлари менсимаса ҳам унинг ўз дунёси бор эди ва ана шу дунёдан туриб ҳаммани кузатар, ҳаммага баҳо берар, Лобарнинг кўнгли тоза, ўзи самимий туюларди назарида. Унинг сочлари калта бўлсаям қалин эди, иккита қилиб ўриб, лента тақиб юрар, кўзлари ҳамиша кулиб боқар, ўқишда ҳам аълочи эди.
Лобар жўралари четга суриб қўйган Шамсиддин билан очилиб-сочилиб гаплашар, бир пайтлар онасининг “томоша”си туфайли укасини мактабдан судраб кетиб, уч-тўрт кун дарсга қатнашмаганида, синф раҳбаримиз юборди, деб Абдунаби билан бирга уни қўярда-қўймай мактабга олиб келган ҳам шу қиз эди, эҳтимол, ўшанда илк бор йигитнинг қалбида илиқлик уйғотгандир, буни Шамсиддиннинг ўзи ҳам билмасди…
Бу илиқлик секин-аста муҳаббатга айланганини Шамсиддин сезмади ҳам. Кўнгил кечинмаларини ҳатто ўртоғи Абдунабидан ҳам яширди, ўзи билан ўзи сирлашиб икки йилни ўтказгач, юрагига сиғмаётган севгисини қоғозга тўка бошлади, Лобарга ўнлаб, юзлаб марта хат ёзди-ю юрак ютиб беролмади, йиртиб ташлайверди. Назарида ўзи билан Лобарнинг ўртасида онаси девор бўлиб тургандай, бу деворни ҳатлаб унга яқинлашиш амри маҳолдай туюлди.
Ниҳоят мактабни битириш онлари яқинлашиб, давлат имтиҳонлари тугай деб қолгач бир тўхтамга келди: айтмасам бўлмайди.
Ўша куни Шамсиддин туни билан хат ёзди, ўн мартами, йигирма мартами, ўзи ҳам билмайди, ёзаверди, ўчираверди ва бир дафтарнинг вароғини тугатди. Ниҳоят қисқагина изҳор тайёр бўлди: “Лобар! Сени яхши кўраман. Ҳаммадан ҳам яхшисан. Чиройлисан. Ҳаммадан ҳам чиройлисан.
Мени сева оласанми?
Шамсиддин”.
У қулай пайтни топди-да, имтиҳондан чиққан Лобарнинг қўлига хатни тутқазиб, ўзи мактабнинг орқа томонига ўтди. Юраги шунчалик тез урдики, питирлаганини бутун олам эшитаётгандай эди, ҳаяжонлансаям ўзини енгил ҳис этди, елкасидан тоғ қулагандай бўлди. Ахир, эрта-индин уларга аттестат берилиб, ҳар ким ўз йўлидан кетса, Лобарни қаердан излайди-ю, нима дейди?
Шамсиддин бирпас мактабни айланиб юргач, синфхонага кирди ва қиздан кўзларини олиб қочиб, партаси томон ўтди. Уни кўриши билан синфдошларининг шовқини тиниб, синфхонани бир неча сония сукунат қоплади, сўнг болалар келишиб олгандай бирваракайига кулиб юборишди.
Ҳеч нарсани тушунмаган Шамсиддин ўзини ноқулай сезди, бирма-бир синфдошларига қараб чиқди, хумордан чиққунича кулиб олган болалар энди тиржайиб турар, башараларида масхараомуз ифода бор эди. Шамсиддиннинг кўнгли бир ёмонликни туйди, лекин ҳали вазиятни англаб улгурмаган эди орқа партада ўтирадиган Сардорнинг қичқириғи кулгини янада авжига чиқарди:
– Ошиқ Ғариб келдилар, кутиб олинг.
– Йўқ, Мажнуни шайдо, –Комила ўрнидан туриб қичқирди.
– Ошиқи беқарор, – деди Жамшид.
Шу пайт Сардор парталар орасидан ўтиб, досканинг ёнига келди-да, виқор билан шимининг чўнтагидан дастрўмолчасини олди. Синфдаги кулги бир зум тиниб, ҳамма: “Нима қиларкин?”, деган савол билан унга тикилди. Сардор дастрўмолчасини полнинг устига тўшаб, ўнг тиззасини қўйиб тиз чўкди ва Лобар томонга ўгирилди:
– Менга турмушга чиқасанми, Лобар?
Синфхонадаги жимликни ёриб бўлди кулги, бўлди кулги. Шамсиддин нима рўй берганини тушуниб, ғазаб билан Лобарга қаради: қиз ҳам синфдаги оломонга қўшилган, кулгининг зўридан ҳатто кўзларидан ёш чиқиб кетганди.
У Шамсиддиннинг ўзига ўқдай қадалиб турган нигоҳини кўриб уялмади, хижолат тортмади, аксинча, мазах қилгандай тилини чиқариб қўйди.
“Ҳали шу қизни севиб қолдимми? Икки йилдан бўён энг азиз туйғуларимни шу қизга бағишладимми? Абдунаби билан уйимга келганига шунчалик ишондимми? Уни деб шунчалик азоб тортдимми?”
Шамсиддин ер ёрилса кириб кетай, деди. Бу шармандали вазиятдан қандай чиқишни билмай турган бир пайтда Абдунабининг овози эшитилди:
–Сарвар, ўзинг ҳеч кимни яхши кўрмайсанми? Қўшни мактаб қизлари орқасидан эргашиб юрган ким?
–Мен, –деди Сарвар ҳеч тап тортмай. –Аммо менинг онам жинни эмас.
–Жинни бўлиб қолса нима қиласан?
Абдунабидан бунақа гапни кутмаган Сарвар унинг ёқасига тармашди, синфда яна ғала-ғовур кўтарилди, ўртоқлари уларни икки ёнга тортиб, айириб қўйишди. Энди кимдир Сарварни, кимдир Абдунабини ёқларди.
Шу пайт Сарварнинг ўрнини эгаллаб олган Дилнавоз қичқирди.
–Жиминглар! Тинчланинглар!
Синфни яна жимлик эгаллади, барчанинг нигоҳи энди Дилнавозга қадалган эди. У қўлидаги ғижимланган қоғозни очиб, ўқишга тушди.
– Лобар! Сени яхши кўраман. Ҳаммадан ҳам яхши…
Шамсиддин Дилнавознинг қўлида ўзининг хатини кўриб титраб кетди ва ўқдай отилиб унинг қўлига чанг солди, хатни юлиб олиб, майда-майда қилиб йиртди-да, Лобарнинг башарасига отиб, синфдан отлиқиб чиқди.
Шамсиддин шу чиққанича уйига бормай хаёл-бехаёл катта йўл томон юрди. Бугун унинг юраги чилпарчин бўлди, озор еди, ранжиди. Ахир синфдошлари орасида севган бир у эмас, ҳар бир ўртоғи кимгадир илакишиб юрар, қай бири кўнглидагини хатда ифодалаган, қай бири сўзда, аммо ҳеч ким уларнинг устидан кулмаган, мазах қилмаган.
Шамсиддинни эса…
Унинг ўпкаси тўлди. Кўз ўнгида тиз чўкаётган Сардор, хатини ўқиётган Дилнавоз, тилини чиқариб мазах қилаётган Лобар гавдаланди.
“Ҳаммасига онам айбдор! – пичирлади унинг лаблари алам билан. – Онам сабабчи! Жинни аёлнинг ўғли бўлганим учун улар менинг устимдан кулишди, паст назар билан қарашди. Буни Сардор ҳам очиқ ойдин айтди, менинг онам жинни эмас, деди. Бўлди энди! Онам яшайдиган ўша лаънати ҳовлини елкамнинг чуқури кўрсин! Ҳаммаси жонимга тегди! Ҳаммасидан тўйдим! Кетаман! Бош олиб кетаман! Ўз йўлимни топиб олмай туриб бу даргоҳга қадам босмайман”.
Шу топда ҳеч ким уни йўлидан қайтара олмасди...
Давоми бор.
#телбақисса
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев