121-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Айлантиринг-чи, айтаман, - деди Камрон.
Суфлёрда сўзлар ўта бошлайди, Камрон ўқиди:
- Ассалому алайкум, эфирда янгиликлар дастури. Биз сизни юртимиз бўйлаб бугун бўлиб ўтган асосий янгиликлар билан таништириб ўтамиз. - Камрон ўқишдан тўхтади ва овоз режиссёрига деди, - Ишлаяпти, ҳаммаси яхши. Айлантириб туринг, Чарос билан бир ўқиб кўрайлик. Давом этинг, Чарос.
Чарос суфлёрга қаради:
- Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг доим вақти мазмунли ўтиришини истайди. Айнан мана шу мақсадда Самарқанд вилоятида...
- Чарос, шошилмай ўқинг, - дедиКамрон. - Жуда тез ўқияпсиз, секинроқ ўқинг... Артикулиацияга эътибор қилинг, ишласин.
- Хўп бўлади, устоз... – деди Чарос.
Шу пайт Камроннинг телефони жиринглади.
- Эфир вақтига оз қолди, - деди овоз режиссёри. - Телефонларни ўчирамиз.
- Ҳозир... Бир дақиқа, ало? Али?
- Ассалому алайкум, дўстим бормисан? – деди Али нариги томондан.
- Борман, дўстим, ва алайкум ассалом. Али, эфир бошланай деяпти, ҳалироқ ўзим қўнғироқ қиламан, - деди шошиб Камрон.
💞 💞 💞
Зилола Гулига шарбат ичиряпти. Уларнинг ёнида ўтирган Али телефонда Камрон билан гаплашяпти:
- Хўп, яхши ишла.
- Бўпти, гаплашамиз, - деди Камрон.
Али телефонини ўчирди. Каравотда ётган Гулига қаради. Жилмайганча деди:
- Индамасхоним, қачон тузаласиз, энди?
Гули ҳам жилмайди.
- Тезроқ тузал, сенинг шўхликларингни соғиндим. Ўзингни касалга солиб қўрқитганинг эсингдами?
Гули кулди. Али ҳам унга қўшилиб кулди. Али ўша бўлган воқеани эслади. Ўшанда ҳам Гули ётоқхонада бир аҳволда ётганди. Гулнинг сочлари узун ва ёстиқ устида тўзғиб ётарди. Али унинг қўлтиғига термометрни қўйиб, сув олиб кетгани ошхонага кета бошлади.
- Муздек сув ичганмисан, дейманда? – деди кета туриб. - Ҳозир иссиғинг неччилигини билайлик, шунга қараб, яна дори олиб келаман.
Али ошхонага чиқиб кетди. Гули у чиққанидан термометрни қўлтиғидан чиқариб, ётоқ тумбаси устида турган нам салфеткани олиб, артди. Сўнг оғзига солди. Қараса, температура кўтарилмайдиган. Кўзлари ёниб, шумлиги тутиб, тумба устидаги иссиқроқ чойга кўзи тушди ва термометрни чойга тиқди. Кўз узмай қараб турди. Термометр шкаласи 42 градусни кўрсатди. Шу пайт Али кириб келди.
- Дарров олдингми, термометрни? Иссиғинг бормикан, йўқмикан? – деди у.
Гули ўзини ҳолсиз ва бечораҳол кўрсатиб, термометрни Алига узатди.
- Агар одамнинг иссиғи чиқса, уч дақиқада термометрда кўринади, - деди минғирлаган бўлиб.
- Йўғ-е, қани кўрай-чи?
Али термометрга қаради ва кўзлари чиқиб кетай деди. Бу пайтда Гули жўртага инқиллай бошлаганди. Нимжон овозда сўрайди:
- Неччи экан?
122-қисм
- Иссиғинг боракан, лекин... Сен қўрқма, ҳозир... ҳозир... уф, нима дори берай сенга...
Гули кўзларини юмиб жўртага инқиллай бошлади. Али унга қараб баттар қўрқди:
- Гули, яхшимисан? Аҳволинг яхшими?
Гули кўзини очмади. Али баттар қўрқди:
- Ҳалиги одамларнинг мазаси қочса, телефон қиладиган жой бориди-ку, нима эди-я, умуман миям ишламаяпти. Гули...
Гули индамай қолди. Али унинг юзига шапатилаб, уйғотмоқчи бўлди, Гули индамай ётаверди. Алининг ростмана юраги ёрилди:
- Эй Худо, хушдан кетиб қолди? Иссиғи 42! Ойим 41 градусдан ошса, судурги беради дерди. Энди нима қиламан? Судурги бериб қолса-я! Гули-и-и!
Али Гулининг юзига дори билан ичишга олиб келган муздек сувидан сепди. Кўзларини юмиб ётган ва буни кутмаган Гули чўчиб тушди ҳзи билмаган ҳолда бақириб юборди:
- Юрагимни ёрдингиз-ку!
Али қотиб қолди. Гули эса қиқир-қиқир кула бошлади.
Али хотирани эслаб кулди. Кейин Гулига маҳлиё бўлиб тикилди:
- Ўша бахтли ва гўзал кунларимиз яна қайтишига ишонаман. Тузалишга ўзинг ҳам ҳаракат қил!
Али оҳистагина Гулининг ёнига ётди. Гулининг юзини қўли билан буриб ўзига қаратди, ўзи ҳам Гулига бурни бурнига теккудек қараб олди. Иккаласи бир-бирига унсиз тикилиб ётишарди. Негадир иккисининг ҳам кўзи ёшга тўлди. Эшик очиқ тургани учун хонага Зилола кириб қолди. Уларнинг бир-бирига тикилиб ётганини кўриб, секин эшикни ёпиб ошхонага ўтди. Деворга суянганча, пичирлади:
- Бечоралар!
💞 💞 💞
Дилором опа ва Комил ака машинада бозордан қайтяпти. Комил ака рулда, Дилором опа орқа ўриндиқда ўтирибди. Олдида пакетда нон, помидор, бодринг бор.
- Э-э-э, бозордан мампарнинг ҳамирини ол, дейман дегандим. Эсимдан чиқибди.
- Мампар ичгингиз келдими? Уйнинг олдидаги дўкондан оламиз.
- Помидорни қолдириб чиқмадикми?
- Йўқ, орқага солдингиз-ку, - деди Дилором опа.
- Кечга нима овқат қиласан?
- Мампар деяпсиз-ку.
- Али келармикан? – сўради Комил ака.
Дилоромнинг авзойи ўзгарди.
- Келмайди, чақирмайман.
- Нега тўнингни тескари кийяпсан? – кулди Комил ака.
- Айтганимни қиляптими? Касал хотинни олиб келиб олган.
Комил ака хўрсинди:
- Тинч қўй Алини, билганини қилсин. Қараб кўрсин.
- Касал боқиш осонми?
- Вақт кўрсатади. Қараб кўрсин, тақдирга тан берар охири.
- Алими? Али тақдирга тан берармишми? Сираям!
- Бир-икки ой индамай тур, бир гап бўлар...
- Индамайдиган ахмоқ бораканми? Темирни қизиғида босиш керак. Гулининг ота-онаси, ўзи, қаровчи ҳам уйга ўрганиб қолмасидан думини тугаман!
Комил ака бош чайқаб қўйди.
💞 💞 💞
Али уйидан чиқяпти. Энди зинадан тушаётганида Камрон телефон қилди.
- Ало? – деди Али.
- Дўстим тузукмисан?
- Шукр яхшиман, ўзинг-чи? Эфирингни яхши ўтказиб олдингми?
- Ҳа, тугатиб олдим, - деди Камрон хижолат бўлиб. - Узр, дўстим, ўша пайтда гаплаша олмадим.
123-қисм
- Эфирни тушунаман-ку, нега ҳижолат бўласан? Бугун иккимиз битта тўйга борарканмиз, мен бошловчиман, сен меҳмонсан, менимча. Бўлимларингдан экан. Шуни айтмоқчи бўлувдим, боя.
- Ҳа, бугун тўйга бораман, ҳамкасбимиз уйланяпти. Кўришарканмизда. Айтганча, Гулини олиб келдингми?- сўради Камрон.
- Ҳа, сен-чи?
- Йўқ.
- Нега олиб келмадинг? – деди Али. - Эртага ўзим шу иш билан шуғулланаман. Кечга бўшман, тўйим ҳам йўқ. Олиб келамиз бирга, Маликаи Камронни.
- Хўп.
- Бўпти, тўйда кўришамиз, - хайрлашди Али.
💞 💞 💞
Даврон тунда ишдан қайтди. Уйига кириб келди, Раъно йўқ. Даврон ҳайрон бўлди:
- Раъно?
Даврон у аёлини қидириб, ётоқхонага кирди. Кийимини алмаштириш учун шкафни очди. Шкафда Раънонинг кийимлари йўқ. Вешалкалар бўм-бўш. Даврон бир зум анқайиб қараб қолди. Кейин уҳ тортиб, каравотга ўтирди:
- Хотин зоти нега шунақа экан-а?
💞 💞 💞
Тонг. Лазокат эфир олиб боряпти:
- Бугунни ширин гапириш куни қилишга нима дейсиз? Келинг, бугун дўсту душманга ширин гапирамиз. Сизларга соғлиқ-омонлик, бахт ва омад тилаб, Лазокат Салимова! Биз билан қолинг, гўзал таронадан сўнг сиз Али Мансуровнинг соҳир овозини тинглаш бахтига муяссар бўласиз! Унутманг, бугун ширин гапирамиз.
Қўшиқ янгради. Лазокат “наушник”ни ечиб, ўрнидан турди. Хонага Али кириб келди:
- Ассалому алайкум, Салимова! – деди у. - Ширин гапиришни бошладик, омонмисиз?
Лазокат кулди:
- Салом. Яхши келдингмизми?
- Зўрға туриб келдим, - деди Али. - Кеча кеч қайтдигууу.
- Гапирманг. Гули яхшими?
- Мен чиққанда ухлаётганди.
- Эфирдан кейин нима қиласиз?
- Камрон билан учрашишим керак.
- Кетворган ҳамширангиз қалай? – атай сўради Лазокат.
- Яхши, - деди Али кулиб. - Қўли ҳам ширин экан. Яхши қараяпти, Гулига. Кўнглимдагидек қиз.
Лазокат айёрона кулиб қўйди.
💞 💞 💞
Зилола бир четда ўтирибди. Нигора Гулини кўргани келган. Нигора гапириб ўтирибди. Гули жилмайиб тинглаб ётибди.
- Иш кетяпти, - деди Нигора. - Охирги марта сиз таҳрир қилган китоб бор-ку, ўша зўр сотиляпти. Зўр асар экан, девдиз-ку.
- Опа, чой олиб келай... – деди Зилола.
- Йўқ, мева олиб келгандим, шуни ювиб, кесиб келсангиз, Гулига едирардик.
- Майли...
Зилола ўрнидан туриб чиқиб кетди.
- Айтганча, Гули, - янгиликни ичига сиғдира олмади Нигора. - Янги келган фаррошимиз бор-ку. Зебо опа-чи...
Гулининг кўз олдидаЗебонинг биринчи ишга келган куни жонланди. Кейин талабалигида ётоқхонада ҳам пол артиб юрадиган шу Зебо опани ҳам хотирлади.
- Жуда яхши аёл экан, - гапида давом этди Нигора. - Чет элда ишлайдиган жияни боракан...
Нигора гапигани сари Гули миясида ўзи билан боғлиқ хотира жонланарди.
Ўшанда ётоқхона ҳовлисидаги ўриндиқда қўлида супургиси билан Зебо опа ўтирарди. Ёнида Гули.
- Жияним ишлайдиган давлатда доллар жуда арзон, - тушунтирарди Зебо.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев