6-ҚИСМ
- Ҳа , мен Асрорман. Оббо сени қара- ю , ахири яна учрашдик- а ? Аммо- чи , сира ўзгармабсан. Тўғрироғи Мапура опоқимнинг ўзлари бўлибсан- қолибсан.
- Тушунишим бўйича сизлар таниш чиқиб қолдинглар чамамда ? - Маҳина опа синчков назар билан Асрор акага савол берди
- Вой хаёлим қурсин , ассалому алайкум. Мастурани кўриб суюнганимдан саломлашиш ҳам ёдимдан кўтарилибди, - Асрор ака илдам келиб Маҳина опага елка тутди , сўнг кулимсираганча гапида давом этди,- булар билан ёшликда Самарқанд дарвозадаги уйимизда девор- дармиён қўшни бўлганмиз. У вақтлардаги "қўшни" сўзининг моҳиятини билсангиз керак. Қариндошдан ҳам яқин эдик. Кейинчалик эски хонадонларимиз ўрнига кўп қаватли уйлар тушиб бир- бирларимизни йўқотиб қўйдик. Ойимлар Мапура опоқимни кўп қидиргандилар. Ўша вақтларда анча изладик, аммо тополмадик. Мастуралар аввал "дом"га кўчишганди , кейинчалик домни сотиб шаҳар четидан уй қилиб чиқиб кетишибди.
-Домга чиққан кезлари адамлар тўсатдан оламдан ўтиб қолгандилар, шунга тоғаларим "Синглим бир этак бола билан ёлғиз қолиб кетди" деб бизларни кўчириб кетишганди,- деди Мастура хаёлга берилганча.
- Бундан хабаримиз бўлмаганди . Опоқимлар- чи , улар ҳаётмилар ? -шошилиб сўради Асрор ака.
- Ойимлар тўрт йил аввал оламдан ўтдилар. Аммо умрларининг охиригача сизларни эсдан чиқармагандилар.
Асрор ака беихтиёр юзига фотиҳа тортди :
- Охиратлари обод бўлсин . Мапура опоқим қандоқ аёл эдилар- а ? - сўнг хўрсиниб қўшиб қўйди ,- бизникилар ҳам ўтиб кетишганига анча вақт бўлди, бироқ бу воқеалар худди кеча содир бўлгандек.
Шу пайт суҳбатга Роҳила аралашди :
- Хўжайин сизни роса кўп эслардилар. Айниқса "Пиширган сомсаларинг Мастуранинг тандирда ёпиб олиб чиқадиган ялпиз сомсаларига ҳеч ўхшамайди- да " деганлари деган эди. Ҳалиям айтадилар ,- у шундай деб ҳовлининг бурчагига ишора қилди ,- хаттоки шунақа сомса пишир деб тандир ҳам қуриб берганлар.
- Энди гап бундай,- деди Асрор ака шодон овозда ,- ҳозир орқага қайтасизлар. Нееееча йилда топган синглимни ўз қўлларим билан ош дамлаб бир меҳмон қилай.
Меҳмон аёллар бирданига ортга тисланишди :
- Йўғей кеч бўлиб кетди , кўчада укам , яъни бу синглингизни эри ҳам кутиб қолди . Диққинафас бўлиб ҳам кетгандир кутвериб .
Маҳина опанинг сўзларини эшитиб Асрор ака янада ҳурсанд бўлиб кетди:
- Эээ, энг аввал шундан келмайсизларми ? - у шундай деб Роҳилага юзланди ,- онаси , сен меҳмонларни ичкарига бошла, мен зумда куёв эшонни олиб кираман.
Асрор ака аёлларнинг ҳай- ҳайлашларига қарамай чапдастлик билан кўчага йўл олди .
Маҳина ва Мастура опалар хонадон эгасининг ташқарида ўзларини кутиб турган Мирсаид акани уйга кириш учун кўндира олишига шубҳа қилганлари сабаб ортларига қайтмай шу ерда кутиб туришга қарор қилдилар.
Бироқ орадан бир чой дамлагулик фурсат ўтар- ўтмас Мирсаид ака остонада кўрингач, ҳайратларини яшира олмай қолдилар.
- Мирсаид ? Ука , биз сени ...- Маҳина опа вазиятга баҳо бериш учун сўз бошлаган эди ҳам- ки , Асрор ака уни ишини ўзи енгиллатди .
- Мен кўчага чиқиб , қани куёв бола уйга марҳамат демоқчи эдим, Мирсаид акамнинг ёшлари мендан анча улуғ экан. Почча дейман десам Мастура мендан ёш , нима қарорга келишни билмай каловланиб қолдим. Хуллас барибир ока - ока бўладилар- да. Қани окахон, марҳамат . Уйимизнинг тўри, қалбимизнинг қўри сизники .
Асрор ака меҳмонларга йўл бошлади . Аёллар сал аввал ўзлари чиққан хонадаги дастурхоннинг саришта ҳолга келиб қолганлигини кўриб киши билмас бир - бирларига ишора қилишди: "Бўлажак келин фаросатликкина экан..."
Табиатан оғир- вазмин , кўп ҳолларда тунд кўринишда юрадиган Мирсаид аканинг кайфияти нима учундир бугун жуда кўтарилиб кетган эди. Балки , шу кўчадаги қадрдони Қобил ака таърифлаган кимсан фалончи олим Асрор Файзуллаев ўзига деярли қариндош бўлиб чиққанидан ҳурсанд бўлгандир.
Асрор Файзуллаевни кимлигини яхши танимаган инсон уни оддийгина , камтар киши деб қабул қиларди. "Буюклик - оддийликда !" деган ибора айнан Асрор ака учун ўйлаб топилгандек эди гўё .
/16
Меҳмон ва мезбонлар дастурхонга дуо-и фотиҳа қилишгач , Асрор ака уларга мулозамат қила туриб жилмайди:
- Қани дастурхонга қаранглар . "Тоғ - тоғ билан учрашмайди , одам - одам билан учрашади"деган гап бор ҳақиқатлигини кўринг-а. Яна "Дунё тор"деганлари ҳам рост экан . Синглим Мастура билан салкам қирқ йилда қайта кўришдик. Аммо лекин бир гапни айтиб қўяй. Эслашамиз десам суҳбатимиз хафталаб ҳам тугамайди.
- Болаликдаги дўстлар фарзандларимиз туфайли қайта учрашишибди- да. Аммо Мастура сизни ойингизларни "Анзират ойим" деб кўп эслар эди,- деди Мирсаид ака хаёлга берилган бўлиб.
- Ҳаа, ойимлар билан Мапура опоқим опа- сингилдан ҳам яқин эдилар- да.Ишонсангиз булар билан ҳовлимиз ўртасида девор ҳам бўлмаган. Шунчаки қирқ оғайни атиргулни ишкомга ўхшатиб тараб ҳовлиларимиз бўлиниб қўйилганди. Бизни уйда қиз йўқ , уч ўғил эдик . Мастураларникида эса уч қиз , икки ўғил эди. Бир йили ойим бояқиш энг кичик укамни дунёга келтириб , нима учундир юролмай қолганлар. Ўшанда Мапура опоқим билан қизлари бизнинг коримизга роса ярашганди. Айниқса Мастура чақалоқнинг кийимларини бир неча ой давомида уйларида ювиб - дазмоллаб беришни бўйнига олган эди. Ҳозир укам Азамат полвон йигит бўлган, - Асрор ака шундай деб аёлига юзланди , - онаси , синглим топилди-я , ошга ҳаракатни бошлайвер, ўзим дамлайман.
Роҳила бош силкиди :
- Ҳилолага айтдим , адаси .
Қизнинг номи орага тушгач меҳмонлар бир - бирлари билан кўз уриштириб олишди.
- Шу десангиз , Асроржон ... ука ,- қаранг , нима мақсадда хонадонингизга келдик-у , ишлар қанақасига айланиб кетди ,- биз ...
Асрор ака Мирсаид аканинг ўнғайсизланиб тўхтаб қолганлигини кўриб , унга ёрдамга шошилди :
- Ока ... Очиғи қизимизга совчи келса "Қизимиз ёш"деб уларни қайтараётган эдик. Аммо Мастура синглим учун... Мана опамизни кўрдим ,- у Маҳина опага ишора қилди, сўнг сўзида давом этди ,- сиз билан танишдик. Кўринишингиз қанақа инсон эканингизни манаман деб айтиб турибди. Қолаверса , сизлар яхшидирсизлар- ки , Мастура ҳам уйингизда туп қўйиб , палак ёзган. Хонадони тинч аёлнинг юзидан шукроналик ифодаси уфуриб туради. Нима демоқчилигимни англаётгандирсиз - а ? Хуллас мен бу таклифга ижобий қарайман.
Мирсаид ака муштига йўталди . У гапнинг хонаси келиб қолганда фурсатдан янада фойдаланиб қолишга интилди :
- Асроржон... Мудомики , Мастурани синглим деб билар экансиз , унда бор ҳақиқатни билишга ҳақлисиз. Биласизми , аёлим , яъни синглингиз Мастура узоқ йиллардан буён буйраги сабаб дард чекади. Тўғри, қўлимда ўзимга етарли мол- давлатим бор. Шу сабаб Мастурага керак вақтда қўлдан келганча муолажасини олиб турамиз . Бироқ уни бир қизлик қилиб дардини бироз аритсам дегандим. Соғлиғи сабаб ишламаганлиги учун битта ўзи уйда кўп зерикиб қолаяпти- да. Қолаверса ўғлимизнинг ҳам уйланадиган вақти келиб қолди.
Асрор аканинг бирдан авзойи бузилди . У Мастурага бошқача , дардли нигоҳ ташлади :
- Нима қилди сенга , Мастура ? Ҳозир яхшимисан ? Ҳеч нарса безовта қилмаяптими ? Менинг яхши шифокор танишларим бор ...
/17
Мастура дув қизарди :
- Ҳозир яхшиман , ака... Ҳавотирга асос йўқ. Вақти - вақти билан муолажаларни олиб тураман.
- Ҳа ундай бўлса яхши. Айтганча , мен ҳозир ...
Асрор ака шундай деб ўрнидан қўзғалди- ю , қия очиқ деразадан ташқарига овоз берди :
- Ҳилола , Аброр , Асқар , бу ерга келинглар ,- у фарзандларини чақириб ўзига "Уят бўлмасмикан?" деган маънода ҳижолатомуз тикилган аёлига тушунтириш берган бўлди, - болаларимнинг аммаси топилди-ю , таништирмаймизми ? Ҳа айтганча , - деди у меҳмонларга , - яна иккита қизим бор. Каттаси Нигора, иккинчиси Мастура ( Аброр ака бу исмни тантановор эълон қилиб қўйди ) , қизимиз сенга ўхшасин деганман- да , синглим .
Шу пайт хонага ўн тўрт , ўн олти ёшлардаги иккита ўспирин йигитча кириб келиб меҳмонларга одоб билан салом беришди. Асрор ака уларни меҳмонларга таништириб бўлган ҳам эди-ки, хонага Ҳилола кириб келди. У сал аввал онаси томонидан келган совчи аёл дадасининг узоқ йиллардан буён гапириб юрадиган ўша Мастура опа эканлигидан чала - чулпа хабар топганди. Шу сабаб дадаси ўзини бежиз йўқламаётганлигини пайқаб , чорлаганда кирмаса бўлмаслигини ҳис қилганди.
Ҳилола бир чойнак чой дамлаб келибди.
У чойнакни илдамлик билан дастурхонга қўйди-да, биринчи бўлиб Мирсаид акага салом берди.
- Ассалому алайкум ,- сўнгра онасининг ишораси билан айланиб ўтиб аввал Маҳина опа , кейин Мастура опа билан кўришди. Ҳилола Мастура опа билан кўришаётганда Асрор ака :
- Қизим , мен сенга айтган Мастура амманг шу аёл бўлади. Яхшилаб кўришгин, хўпми ? -деди завқланиб.
Мастура Ҳилолани бағрига босар экан, кўзларига ёш келди :
- Ака , бу қизингизни негадир ўзимга ўхшатдим ,- деди у товуши товланиб Ҳилоланинг новдадек бўй- басти , ёшлик таровати ила безанган хумор кўзлари, қайрилма киприк, гулгун яноқларига боққанча.
- Қизлар аммага ўхшайди- да , ўзи . Яна бошқа кимга ўхшасин ? - деди Асрор ака тантилик билан.
Меҳмонлар бу хонадонда анча қолиб кетишди. Орада Маҳина амма ўз уйидагиларини , Мастура опа Сулаймонни хавотир олмаслиги учун бирров қўнғироқ қилиб огоҳлантириб қўйишди .
Соат тунги йигирма иккиларга яқинлашганда Асрор ака меҳмонларни кетиш ҳақидаги таклифига тилар - тиламас базўр розилик берди .
* * *
Маҳина опа ўзини уйига ташлаб қўйиш учун машина рулини Себзорга бурган укаси ва келинига йўлма - йўл оғзининг суви келганча Асрор аканинг хонадонини мақтаб кетди.
Мирсаид ака нима учундир яна жиддий ва тунд бўлиб қолган эди. У Маҳина опасининг эшигига етгач ахири ёрилди.
- Менга қара, Мастура , - деди у атайдан опасининг диққатини тортиш учун дона- дона гапириб , - Анзират ойинг ҳақида- ку гапиргансан. Ёдимда бор. Аммо мана бу Асрор "аканг" ҳақида гапирганингни шунча ҳаракат қилсам ҳам эслай олмадим. Тўғриси битта нарсага ҳайрон бўлдим. Айбга буюрмайсиз-да , хоним, шунақа оми одамман,- шу пайтда Мирсаид аканинг овозидаги таҳдидли киноя яққол сезилди ,- нима ёнма - ён яшаган барча инсонлар , яъни йигит билан қизларни айтаман-да , шунақа "ака- сингил" бўлиб кетаверадими ? Шунчалик осон ишми шу ? Мана опам айтсинлар , бизнинг ҳам қўшниларимиз бор бўлган. Нима учундир бизлар шунақа опа - ука, ака- сингил бўлмаганмиз . Аммо бизлар ҳам етарлича оқибатли эдик. Тўғрими , опа?! Ёки биздаги оқибат билан сизлардаги оқибатда мен билмайдиган бирон нима бормикан ? Шу саволга бир жавоб бериб юбора оласизми ?
Мирсаиднинг важоҳатидан ҳозиргина тиллари бийрон бўлиб келаётган Маҳина амманинг ҳам тили айланмай қолди .
Бироқ Мастура опа ўзини йўқотмади . У қаддини ростлади. Эрига дилбар нигоҳларини қадади ва :
давоми_бор /18 https://ok.ru/group/63656318533670
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев