ko'chirildi.....
АЁЛ ... AYOL ...
3 КИСМ
Қайнонаси меҳмонларини кузатиб бўлган шекилли, қўлларини белига тираб, дарвоз
олдида турган экан.
– Боғчага кетган-кетмаганингни билмай, энди ўзим борсамми, деб турган эдим.
Болалар момосига ёпиша кетди.
– Момо-а! Аммам келдими?
– Аммам уйдами?
– Энди аммангнинг уйи бошқа ёқда. Энди ўша ёқда яшайди.
– Нега, нега?! Нега аммам бизни ташлаб кетади? Мен ҳам аммамникига бораман! –
Санжар ерга чўнқайиб ўтириб олганча, йиғлай бошлади.
– Тур-е, тентак! – Нозима боласининг қилиғидан аччиқланиб, костюмининг елкасидан
тортди. – Тур, бор, кийимларингни алмаштир!
Санжар ўрнидан туриб, онасига ёпишиб, юмдалай кетди:
– Ҳаммаси сизни деб бўлди. Сиз аммамни ёмон кўрардингиз, у шунинг учун кетиб
қолди.
– Нима? Нима дединг?! – Нозима ўғлининг юзига қарс эткизиб, тарсаки тортиб юборди.
Бола мувозанатини йўқотиб, чайқалиб кетди. Қўрққанидан бошини билаклари орасига
яшириб, ўтириб олди. Нозима уни бир тепиб, ҳовлига ўтиб кетди: “Юзинг қурсин,
сендай боланинг!”
Робия хола турган жойида тахтадек қотиб қолди: “Бу келин чиндан ҳам қутурибди”.
Санжарнинг миттигина вужудига ҳар зарба текканда худди ўзининг елкаларига қамчи
тушгандек бир сесканиб, изиллаб йиғлаб қолган болани бағрига олгунча қалтираб
қолди:
– Ҳай, эси йўқ болам-а, нима қиласан онангга гапириб? Шу амманг йўқ бўлиб
кетмайдими? Сенга амма нима керак?
Бошқа нима ҳам десин? Бир нарса деса, бу келиннинг ҳамиша тугуни тайёр. Онаси ҳам
беўй хотин. Ҳеч қачон, “Икки болали бўлдинг, энди сабрли бўл” демайди. “Кел, болам,
тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғасан” дейди. Буёғи ўғил ҳам тўнини тескари
кийиб турибди. Ҳозир бир нарса деса, ҳеч ўйлаб ўтирмайди: “Она, олдини қайтарманг,
кетса, йўқолсин. Қачонгача шундай яшаш мумкин? Унга на сиз ёқасиз, на бирон
қариндош-уруғим. Фақат мен бўлсам. Мен ҳам тилсиз-жағсиз, кундузи пул топиб,
кечқурун идиш-товоғини юви-иб ўтирсам! Э-э!.. Чарчаб кетдим, она!”
Айвонда яна телефон жиринглади. Кимдир симини улаб қўйган шекилли. Яна Нозима
тўғри келди. Дарвоза олдидаги можаронинг қаҳри билан ўқдек учиб хонасига ўтиб
кетаётган эди, атрофга хавотир билан бир қараб олиб, қўрқибгина гўшакни олди:
– Алло, эшитаман.
Гўшакдан қўшиқ эшитилди:
– Энди мен кўнглимни узолмайман, ҳижронли кунларни чўзолмайман…
Зим-зиё кўнгил уйининг дарчасидан бир қатим нур сизиб киргандай бўлди. Атроф
ёришиб кетди. Ҳузур қилиб чуқур нафас олди, аммо бу қўшиқни охиригача эшита
олмайди. Афсус… У бир сўз демай, гўшакни ўрнига қўйди. Болаларини эргаштириб,
хонасига кириб кетган қайнонасининг эшигига кибрли қаҳр билан бир қаради-да,
телефоннинг симини узди. Сўнг ҳовлига чиқди. Ғарбга қараб оғиб бораётган баҳор
қуёши ҳам унинг кайфиятига монанд бесаранжом ҳовлига майин нур сочиб турарди.
Ошхонага кириб, ювуқли-ювуқсиз идиш-товоқлар уюлиб ётган столнинг ёнбошига
осиғлик турган пешбандини олиб, олдига боғлади. Газ ўчоқда бир човгум сув қайнаб
турган экан. Ҳамма идиш-товоқларни аввал ишқорлаб, сўнг иссиққина тоза сувда
ювиб-артиб, тахмонларга жойлади. Сўнг столларни, газ ўчоқни ялтиллатиб артиб,
ошхонани ҳам супириб чиқди. Ҳовлини супириб бошлаганда, эри уйдан чиқиб, стол-
стулларни бир четга тахлай бошлади.
Қуёш сўнгги нурлари билан уфқни лола рангга бўяганда бедапояга ўрнатилган қозон-
ўчоқлардан қолган кул изларини айтмаса, ҳовли яна осойишта ҳолига қайтган эди. Эру
хотин бирга ишлашган бўлса-да, бир-бирига бир оғиз ҳам гап ташламади, бунга ҳар
иккаласида ҳам заррача рағбат, хоҳиш йўқ эди. Нозима ҳар-ҳар замон қандайдир
интиқ хавотир билан телефон турган айвон деразасига қараб-қараб қўярди. “Ишқилиб,
биронтаси яна телефонни улаб қўймасин-да. Бу йигит мени қиз бола деб ўйладимикин?
Топган қўшиқларини қаранг”. Шундай хаёллар билан ғимирсиб юриб, баъзан эрига
кўзи тушиб қолар, унинг уюлган қовоқларини кўриб, яна асаби бузиларди: “Ҳа, ҳамма
менинг эримдек соқов қарға эмас-да! Онам ҳам ўлсин, “бой-бой” деб шуларга берди.
“Бой” эмиш, қачон қарасанг, “вой-вой”. Шунинг ҳам кўнгли бор, деб, бирон нарса қилиб
беришнинг ўрнига, “Ҳали ойлик олмадингми?” деб ўтиришади”. Болаларнинг усти-
боши, боғчаси-ку, тўлиқ унинг елкасида. Маош теккан куни индамай болаларини
бозорга олиб чиқади-да, бош-оёқ кийинтириб қайтади. Қайнонаси уришмайди-ку, лекин
бир тўнғиллайди: “Болаларнинг эски-туски ичида катта бўлгани яхши, кўз-пўз
тегмайди. Ҳали катта бўлишса, кияверишади”. Баъзан ўзича хижолат ҳам бўлиб қўяди:
“Болам, рўзғор деган ҳеч тўлмайдиган ғор бўларкан. Бир умр эр-у хотин ташиб-ташиб
тўлдира олмаган эдик. Энди Сардор билан сен қўшилдинг. Харажат-у орзу-ҳаваслар
ҳам шунга яраша ортди. Майли, болам, Шоҳистани узатиб, эсон-омон эгасига топшириб
олайлик, кейин топганимиз ўзимизники. Еймиз-ичамиз. Қимматбаҳо кийимлар оламиз.
Санаторийларга борамиз”, деб қолади. Нозима бу гапларга сира ишонмайди. Шу
кампир тирик турса, ҳеч қачон эшкакни уларнинг қўлига бериб қўймайди. Ҳали у, ҳали
бу ҳаражатни ўйлаб топаверади. Ҳар йили нимадир қуради, кейин ўзи фахрланиб
юради.
“Ўшанда ҳам бир нарса чиқиб қолади”, деб тўнғиллайди Нозима. Кампир эса кулади:
“Тирик одамнинг орзу-ҳаваси тугармиди? Бир кун ўлиб кетсам, мен тежаб-тергаб
қурдирган бу ҳовли-жойларда мазза қилиб яшайсизлар. Ўшанда мени эсламайсизлар
ҳам”. “Ким аввал ўлиши ёлғиз Аллоҳга аён. Одамзод бугунини ўйлаб яшаши керак”,
яна тўнғиллайди у. Унинг бу уйдагиларнинг раъйига қарамай қўйганига кўп бўлган.
Бошида ҳамманинг кўзига қараб турарди. Ичи йиғлаб турса ҳам, жилмайиб юрарди. Бу
жуда оғир эди. Шу японлар бир умр табассум билан, тавозе билан юриб, қийналиб
кетса керагов, деб ўйлар эди ўз ҳолига ўзи ачиниб. Шу минғир-синғир кампир билан
шу қозон-товоқ умрбод бўйнига тузхалта қилиб осилганини англаб етган кун жуда
сиқилиб кетди: “Э-э, бор-э!” деди ва юзидаги табассумни кераксиз буюм мисол илиб
отди. Бу ёқда онаси ҳам бир нарса деса: “Болам, камбағалман деб, хўрлашларига йўл
қўйма. Ҳеч иккиланмай қайтиб келавер. Қўлингда дипломинг бўлса, болаларингга ўзим
қарайман. Ҳеч замонда хор бўлмайсан”, дер эди. Одамзод гапи қўр ейишини,
атрофдагиларнинг нозик жойини билса, истаса ҳам ўнг гапини айта олмай қолар экан.
Бу миянғи кампир эса невараларини жуда яхши кўради, чин тўлганда бир тошмаса,
жим!.. Ҳатто ўғлига ҳам бир оғиз бир нима демайди. Шундай бўлгач, унинг ўзини
йиғиштириб олишга ҳаракат қилиши шартми? Ўзи умуман олганда, ҳаёт унинг учун
жуда ёқимсиз машғулотга айланди: на уйда рўшнолик бор, на ишда! Одамларнинг уйи
ғурбатхона бўлса, ишга бориб, кўнглини ёзиб, яйраб келади. Буларнинг мактаби ҳам
жиннихонанинг ўзи! Ҳамиша юраги зирқиллаб, ишга боради, бир амаллаб дарсини
тугатгач, яна юраги зирқиллаб, уйга қайтади...
давоми бор
МУАЛЛИФ : Ж... ЭРГАШЕВА
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7