Муаллиф: Наргиза Усанбоева
11-қисм
— Сиз билан кетолмайман! Кетмайман! Тушунинг ахир! У ёқда нима қиламан? Болаларим, ота-онам, туғишганларим, Ватаним бўлмаган жойда нима қиламан?
— Мен борман! Мен билан борасан!
— Сиз ҳам борманг, илтимос! У ер биз учун бегона. У ерга бизни боғлайдиган ҳеч нарса йўқ!
— Фарзимиз бор!
Диндан илмим йўқлиги боис жим қолдим. Ниятимни тушунтира олмас, Шавқиддинни бу йўлдан қайтаришга ҳам ҳар томонлама ожизлик қилаётгандим. Тобора у кўзимга балодек кўринаётганди. Тинмай бирга кетишимни айтаверганидан, у билан танишган кунимни ҳам лаънатлайдиган даражага бордим. Чорасизликдан яна айёрликка ўтдим. Вақтни чўзиш, унда кутишга фурсат қолдирмаслик учун икки кеча меҳмонхонада, унинг ёнида қолдим.
— Бугун Туркияга учишимиз керак. Сен билан тортишиб кун ўтганини ҳам сезмай қолдим, — деди у тонгда шошиб. — Бўл, кийин, кетдик. Ҳали чипта ҳам олмадим.
— Бугун сиз билан боролмайман. Нарсаларимни олай. Қариндошларимни бир нима деб алдай. Сиз кетаверинг, ортингиздан бораман!
— Яна ўйин қилма! Юр, кетдик, — деди у жаҳли чиқиб.
— Бораман! Бормайман, демаяпман-ку! Шу билан уйдагиларимни кўраманми, йўқми... — чиндан кўнглим бўшаб йиғлаб юбордим. — Қариндошларимга нимадир дей! Онам ном-нишонсиз кетди, деб куймасин! Болаларимга ҳам бирор баҳонамни етказсин... Сиз кетаверинг, бугун қариндошимизга ишонарли бирор баҳона айтай, орқангиздан етиб бораман.
Бир совиб, бир қайнаб турадиган, ўйноқи ва беқарор туйғуларим туфайли Шавқиддин муҳаббатимга ишонарди. Шунданми, ўйланиб қолди. Сўнг кимгадир қўнғироқ қилиб, Москвадан тўғри Туркияга учишнинг имкони бор-йўқлигини сўради. Суҳбатдоши анча вақт нималарнидир тушунтирди. Шавқиддин унинг сўзларини маъқуллаб тургач, охири хайрлашди.
— Кетдик, Москва-Киев, Киев-Туркия қилиб чипта оларканман. Майли, сен қол. Лекин эртагаёқ етиб бор! Кетдик! Тезроқ бўлмасак, бошим балога қолади... — деди у.
Биз дарҳол авиакассага йўл олдик. Икки соат ўтиб, мен Шавқиддинни Киевга кузатиб қўйдим. Киевга боргач, у ердан Туркияга учади, сўнг Сурияга кетади ва мен озодман!
Хурсандлигимдан, бошимга тушган оғир ва даҳшатли балодан қутулганимдан қийқириб юборай дедим.
“Наҳот, қутилдим? Бўлди, Шавқиддин шу билан Суриядан қайтолмайди. Мен эса... пул тўплашим билан уйга, болаларим ёнига қайтаман...”
Учиб-қўниб, ишхонамга бордим. Шифохонада ушланиб қолганимни рўкач қилиб, ишга шўнғидим. Тезда пул тўплашим ва дарҳол Ватанимга қайтишим лозим!
Мен зўр иштиёқ билан ишлар, ҳаётим бир маромда кечарди. Эҳтиёт юзасидан эртасигаёқ телефон рақамимни ўзгартирдим. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимга кирмай қўйдим.
Хуллас, Шавқиддин билан кечган дамларимни ёмон туш каби унутишга тиришдим. Ўз турмушимга, осойишта, бахтли оиламга қайтиш илинжида, эрим — Равшан ака билан боғландим. Аввалига эрим рўйхушлик бермади. Лекин мен ҳам бўш келмадим:
— Дадаси, узр. Уч болани сизга ташлаб қўйдим. Менам нима қилай? Сизга қулоқ солмай, Тошкентда, қишда ишлаб юравериб соғлиғимни олдириб қўйган эканман. Бу сизни норози қилганимнинг жазоси бўлса керак. Дўхтирлар “Яна ўн-ўн беш кун даволансангиз кўрмагандек бўлиб кетасиз”, деяпти. Ҳадемай уйимизга қайтаман. Аввалгидек тинч яшаймиз. Сизнинг измингиздан чиқмайман!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев