Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Қисса
2-қисм
Шундай қилиб, Малоҳат билан иккинчи учрашувимиз эртасига тушлик чоғида ишхонамизнинг ёнгинаси жойлашган кафеда, таом устида бўлди. У бироз тўлишган, юзлари таранглашиб, янада гўзаллашган, кўриниши эса аввалгидан-да, замонавийроқ тус олганди.
— Ўғлингизни олиб келмадингизми? — дедим ҳайрон бўлиб.
— У ака ва опасининг ёнида. Ўн беш кун аввал дадасига бериб келгандим.
— Жуда яхши бўлибди! Эрингиз билан ярашибсиз, — чиндан севиндим.
— Бирдан қалбимда унга нисбатан меҳр пайдо бўлди. Малоҳат эса бу гапимга жавобан бошқача кулди. Бу кулишдан ҳам кўра кўпроқ севган йигитидан узоқ кутилган совчиларнинг келиши туфайли хурсандчилигини яшира олмаётган бўй қизнинг илжайишига ўхшаб кетарди. Оғзининг таноби қочиб, ҳатто кўзларида ёш йилтилладими-ей! Кейин бўйнини чўзиб, менга янада яқинлашгандек бўлди-да, бироз овозини пасайтириб, қувлик билан деди:
- Опа, эрим билан ажрашаман. Бу ёғини сўрасангиз, бошқасини севиб қолдим.
Сал аввал юрагимда уйғонган илиқлик бирдан музга айлангандек, қотиб қолдим. Қаршимдаги жувон эса эртаклардаги каби паривашдан ялмоғиз кампирга айлангандек сескантирди. Мендаги ўзгаришни сезган Малоҳат қиқирлаб кула бошлади:
- Билувдим. Шунақа музлаб қолишингизни билувдим. Нима қилай опа, шунга мажбур бўляпман. Биласиз, қийналган аёлман. Келган пайтларимда осонгина яшаб кетганим йўқ. Ўғлимни мактабга жойлаштирай деб югурдим, пул топай деб югурдим, ижарага яхшироқ уй борми, деб югурдим. Мусофирчиликни биласиз-ку!
Шу билан Малоҳатнинг кўз кўриб-қулоқ эшитмаган кечинмаларини яна тинглай бошладим. У ҳеч нарсани яширмас, афтидан ҳеч кимга айтолмай юрганларини атай менга тўкиш учун келгандек эди. Сўзлаши, қўл ҳаракатларидан ўзини қийинчиликлардан кейин портлаб чиққан киноюлдуз каби тутаётганга ўхшар, мен гўё ундан интервью олиш учун келгандек ҳис қилардим ўзимни.
****
- Биласиз, интернетда балиқдек сузаман. Таниш-билишларим ҳам кўп. Тошкентга келганимдан кейин янаям дўстларим кўпайди. Бекорга одамлар дўстинг кўп бўлсин, демаскан. Бири у деркан, буниси бу деркан, хуллас, дардингизга малҳам бўлиб, ёрдамини аямаскан. Шундай қилиб рўзғор ва ўз ташвишларим билан оввора бўлиб юрганимда бир Шавқиддин деган йигит билан танишиб қолдим. Бундан уч ойча аввал.
Апрел ойларида эди. Бошида унга унча эътибор бермай, жавоб ёзмай юрдим. Чунки аввал айтганимдек эркак кишини кўргани кўзим йўқ, эр менга умуман керак эмас, биласиз-ку! Ўзи эримдан қутулолмай юрибман-ку! У эса гоҳи-гоҳида чиройли сўзлар ёзиб қолдирарди.
“Мен аёлларни фариштага ўхшатаман”, дерди. “Аёллар — мўътабар, кафтга жойлаш лозим”, деб ёзарди. Кейин менга “Ангель мой”, дея мурожаат қиладиган бўлди. Русча ёзишардик-да! Очиғини айтсам, унинг ўзбеклигини севги изҳор қилганидан кейин билдим. Русча ёза-ёза, кутилмаганда ўзбек тилида: “Фариштам, мен сизни севаман. Ҳар он, ҳар лаҳза ёнимда бўлишингизни истайман!” деса қотиб қолибман. Очиғи, гаплари, суратлари мени мафтун қилиб қўйгани учун ўзбеклигидан қувондим ҳам. Тағин ўзимизнинг Андижондан экан.
Бахт келса, қўша келади деганлари рост экан. У менга нима деди денг: “Фариштам, ёнимда бўл! Икки йил шу ерда Екатеренбургда ишлаймиз, кейин эрингдан болаларингни олиб, Ўзбекистонга қайтамиз, бир умр ўз юртимизда яшаймиз. Икки йил ўзим ишлаб, яшашимиз учун етарли маблағ тўплай оламан, лекин энди сенсиз яшолмаяпман. Фақат сен билан гаплашсам дейман. Қўлим ишга бормай қолди. Яхшиси, ёнимга кел. Келаман, десанг бўлди, ўзим “билет” юбораман, кутиб оламан”, деди... Жинни бўлай, дедим. Кутмагандим.
****
- Ишондингизми, шу гапларга? — худди аввалги учрашувимиздаги каби бир зумда ҳафсаламни пир қилганди у. — Интернетдаги муҳаббатларга ишониб бўлмайди, Малоҳат. Қайси эркак, уч болангиз билан сизга уйланаман, дейди. Сизни алдаб чақириб олиб, қул қилиб сотиб юборади. Бунақа фирибгарлар ҳақида ҳозир ҳамма жойда гапириляпти-ку!
- Шунақа дейишингизни билгандим. Опа-е-е-ей, ваҳима қилманг! Шавқиддинга мен ишонаман!
- Қаерда биласиз, асли шунақами, йўқми? Балки суратлари ҳам қалбакидир? Бировларнинг чиройли суратларини саҳифасига қўйиб, сиз билан гаплашиб юргандир?
- Опажон, менам анойимасман! Биласиз-ку, Мало-баломан! Мана буни нима учун олганман? — у қўли ёнидаги телефонига ишора қилди. — У билан ҳар куни бир марта видеоқўнғироқ орқали гаплашаман. Шавқи менга яшайдиган хонасини, ишхонасини, ҳамма-ҳаммасини, ҳатто дўстларини ҳам видео орқали таништирди. Дўстлари ҳам ҳозирдан “Келин”, дейди мени. Улар ҳам тинмай келинг деяпти. Бошқаларга ўхшаб қора ишда ишламайди. Ўзимга ўхшаб замонавий йигит. Ўта замонавий бўлгани учун ҳам менга уйланмоқчи. Унинг учун дунёда муҳаббат муҳим. “Одам ўзи севган таомини ейиши, севганлари даврасида бўлиши керак”, дейди. Яна-чи? Болаларимнинг расмини ҳам олволган. Кеча кўрсатди, хонасидаги иш столининг устига қўйиб қўйибди. “Болаларимиз”, деб гапиради... Шунда эркакни севмай бўладими, опа? Ҳозир суратини ҳам кўрсатаман!
Малоҳат завқ билан телефонидан сурат қидиришга киришди. Сўнг кўзлари қувнаб, экранни менга қаратди. Пермь шаҳрининг машҳур тарихий биноси ёнида суратга тушган йигит ростдан ҳам келишган ва замонавий эди. Кейинги суратда эса у компюьтер ёнида ўтирар, олдида Малоҳатнинг алоҳида, фарзандлариники алоҳида тасвирланган расмлар акс этганди.
- Кўрдингиз, биз у биланмиз! — мақтанганамо жилмайди Малоҳат.
- Бир нима деёлмайман. Эрингиз-чи? Унга айтдингизми? Сизга болаларингизни берадиган бўлдими? — дилимдагилар тилимга кўчди.
- Ҳеч ким билмайди, булар ҳақида. Ҳеч кимга айта олмаганим учун юрагим тошиб, сизнинг ёнингизга келдим. Қувончимни ким биландир бўлишмасам, ўлиб қолардим. Уйдагиларга ҳам, эримга ҳам, қариндошларимга ҳам Россияга даволаниш учун кетяпман, дедим. Шавқи ҳақида айтсам, рухсат беришмайди. Эримдан болаларимни олгунимча алдаб туришга мажбурман.
— Нима?
Малоҳат жавоб ўрнига ўнг қўлини кўксига босди, кўзларини юмиб, юзини тепага қаратди. Чуқур нафас олди. Узун киприклари, қора қошлари, оқиш ним пушти юзлари ҳар қандай эркакни ақлдан оздиришига амин бўла бошладим.
“Муҳаббатнинг кўзи кўр”. Унинг сўқир нигоҳлари болаларни ҳам, бегона юртларни ҳам, яқинларни ҳам, ҳали ажрашиб улгурмаган эрни ҳам кўрмаслиги аниқ. Малоҳат ва Шавқиддин ҳам ана шу севги басир этган кўзлари билан бир-бирига боқаётганига ишондим.
- Уни шу қадар севаманки... — Малоҳатнинг сўзлари хаёлимни бўлди. — Аслида Шавқи биринчи муҳаббатим. Ҳаётимда биринчи марта ўттиз уч ёшимда севиб қолдим. Бу ёшликдаги ҳавас эмас, опа. Айни ақлга тўлган вақтимдаги ҳақиқий муҳаббат...
- Ҳм-м-м, — дедим бирор нима дейишга ожизлик қилганимдан.
- Икки кундан кейин унинг ёнида бўламан! Юрагим қувончдан ёрилиб кетмаса эди...
- Нима? — баттар ҳайратга тушдим.
- Бугун уйга бораман. Эртага тайёргарлик кўрсам, индин Наманган орқали тўғри Екатеренбургга учаман. У чипта юборганига бир ҳафта бўлди. Буларни кимгадир айтмасам бўлмасди ахир. Уйдагиларга айтолмайман. Шундоқ ҳам улардан безиб кетдим. “Уйингга қайт, эрингнинг ёнида бўл”, деб ҳиқилдоғимга келишди. Яхши бўлди, Россияга бориб олгач, эримга Шавқи ҳақида айтаман. Тақдирга тан берганидан кейин, мажбур бўлиб, бошқага уйланади. Шу билан ундан ҳам қутуламан. Олган хотини барибир болаларимизни сиғдирмайди. Ана шунда уларни ўзимга қайтариб оламан. Кўрдингизми, Худонинг ўзи бизни қўллаяпти...
Мен унинг олдида яна ожиз қолдим. Бир томондан унинг айтганларида ҳеч қанақа ёлғон, ҳеч қанақа фирибгарлик, ҳея қанақа ҳавф йўқдек. Лекин ҳали ажрашиб улгурмаган эри бўла туриб бошқа эркакнинг оғушига ошиқаётган жувонни Худонинг қўллашига ҳам ишонаб бўлмайди-да! Эҳтимол, Унинг адаштиргани шудир! Аммо буни Малоҳатга айтиб бўлармиди? Айниқса, қўлида чиптаси нақд бўлиб турган пайтда. Барибир жим туролмадим. Кўзига қаролмасам-да, (нега буни тик айта олмаганимга ўзи ҳам тушунмайман) бошимни эгиб, оҳиста дедим:
— Малоҳат, сиз эрингизинг никоҳидасиз, ҳали. Қандай қилиб бошқасининг ёнига кетяпсиз?
— Масхарабозга ўхшайсиз-а, опа? Ким айтади, сизни ўқиган, тушунган одам деб. Саккиз ойдан буён бирга яшамаймиз. Орамизда никоҳ қолибдими? Қолаверса, айтдим-ку, Россияга бориб олай, айтаман эримга. Ўз-ўзидан қўйворади, кейин мени.
Шундан сўнг унга менинг фикримнинг бир тийинлик қизиғи йўқлигини, мен шунчаки кўпириб келаётган ҳиссиётларини, севинчини бўлишиш, эшитиш учун керак бўлганимни англадим. У ҳаммасини ҳал қилиб, пишитиб бўлган. Ортга ҳеч қанақа куч қайтара олмайди. Ортиқ бу ерда ўтира олмаслигимни ҳам тушундим. Малоҳатга ҳам энди керагим йўқ.
У лаш-лушларини сумкасига жойлаб, кетиш учун ҳозирлик кўра бошлади. Гўё, турмуш чиғириғида у эмас, мен зир югураётдек карахт ва паришон эдим. Малоҳат эса осуда, бахтли ҳаёт кечираётган аёл каби мамнун ва тетик. Алғов-далғов ҳаётни у кечиряпти-ю, залвори мени босиб қолгандек ҳорғин тусга киргандим.
— Бўпти, опажон! Менга оқ йўл тиланг! Тағин айтганларимни газетага ёзиб юрманг! Шунчаки сизни яқин олиб, гапирдим-да! Хайр! — деди у лўппи юзларини юзимга босиб.
— Хайр!
Негадир унга оқ йўл тилай олмадим. Ортидан қараб қолишга ҳам бардошим йўқ эди. Худди елкамни тоғ босиб тургандек судралиб хонамга кирдим. Уч-тўрт кун ўзимга кела олмаслигим аниқ эди.
Учинчи учрашув
Ҳа, сўнгги бор у огоҳлантирмасдан тўғри таҳририятга кириб келди. У билан танишганимга роппа-роса бир йил, Россияга кетганига эса уч ой бўлганида. Унинг юзларига қараган одам орадан уч ой эмас, худди камида ўн йил ўтган деб ўйлаши аниқ эди. Сабаби, Малоҳатнинг лўппи, оппоқ юзи сўлғин ва шалвираган, қорайган, ажин босиб кўзлари ҳам қисилиб қолганга ўхшарди.
— Рост айтяпман, опа, — унинг ўпкаси тўлиб, гапира олмай қолди. — Чиндан ҳам жангарилар ичидан қочиб келдим.
Уч ой аввалги бахтдан сармаст Малоҳатнинг бир айланиб, бахтиқаро, ночор, шўрпешана аёл бўлиб қолганига сира ишонолмасдим. У елкамга бош қўйиб узоқ йиғлади. Ноябр ойи, қалин жемпер кийганимга қарамасдан кўз ёшлари кийимимга сингиб, танамга текканини пайқадим. Ҳали ҳеч нарсани билмай туриб, уни қандай овутиш мумкин? Айниқса, ҳайрат ва даҳшат ичида қолганингда.
— Малоҳат, бўлди йиғламанг... Нима бўлди, гапиринг... — дедим охири.
— Ҳар доим сизга оддий тингловчидек қарардим. Аммо бу сафар ундай эмас. Ҳамма гапимни диққат билан эшитинг ва ёзинг... Одамларнинг кўзини очадиган қилиб ёзинг... — деди у юзини юваётган кўз ёшларини артаркан. — Мен ҳаммасини айтиб бераман. Ҳеч нарсани яширмайман! Кейин ички ишлар бошқармасига бориб, айбимни тан оламан...
— Аввал диванга ўтиринг, — уни елкасидан қучиб, сал наридаги диванга бошладим.
Диванга чўккан аёлга боқиб, ҳамон Малоҳат эканлигига ишонолмасдим. Одам уч ой ичида шунчалик ўзгариши мумкинми? Бошига не савдо тушдики, Сурияга боришга мажбур бўлди? Ўзи айтганидек, жаҳаннам ўчоғидан қочишни қандай уддалади? Жангарилар қандай қилиб, уни осонгина қўйиб юборишди?
Мана шу саволлар миямда ғужғон ўйнай бошлаганида у тағин ҳикоясини бошлади:
— Биласиз, июль ойининг бошларида Наманган аэропортидан Екатернебурга шаҳрига учдим. Мени Шавқиддининг ўзи кутиб олди.
Хотирам қатларидан Малоҳатнинг ҳушини ўғирлаган ўша йигитни ўз-ўзидан қидиришга тушдим. У севгиси кўксига сиғмай ёнимга келган чоғида телефонидан суратларини кўрсатгани эсимда. Баланд бўйли, келишган, қўнғироқ сочли, мексика сериалларидаги эркакларни эслатувчи йигит эди. Қизиқ, шу пайтгача уйланмаганмикан? Малоҳатни уч боласи билан олишга тайёр бўлган йигитнинг бирор марта оила қурмагани шубҳали. Мало-бало ўттиз уч ёшда, у ўттиз бешларга кирганмикан?
— У сиздан неча ёш катта эди? — беихтиёр савол бердим.
Аёл мижжаларидан сизиб чиқаётган ёш томчиларини артиб, бурнини тортди. Малоҳатнинг қайғу ва зулм панжа босган кўзлари атрофига, армон куйдириб қорайтирган юзларига боқиб, юрагим яна ўртанди. Эссиз, жувон! Уч ой аввал қанчалар гўзал эди у. Лўппи, ним пушти юзлари, қуралай кўзлари, бутун вужудига куч ва ғайрат бериб турган ишончидан нишон ҳам қолмабди. Унга ачиниш билан тикилиб турганимда, ногоҳон сўлғин юзда сурур, кўзларида ҳаяжон йилт этганини пайқадим. Лабларида ҳам табассум ҳорғин раққоса каби бир ишва қилди-ю, сўзламоқ учун жуфтлашди...
***
...- Бир ёш кичик эди, мендан. Ер ютгур, шунчалик келишган, шунчалик кўркам эдики, аслида йўлдаёқ ўзимни унинг бағрига отишга тайёр бўлиб борган бўлсам-да, кўрган заҳотим чиройи мени шоширди. Ҳатто, юрагимда шубҳа илон каби ўрмалай бошлади: “Мендан айниб қолса-чи? Унга мос эмасман, шекилли...” Бўйи ҳам мен ўйлагандан кўра баландроқ экан. Айтганча, расмини кўрсатгандим-а, сизга? Суратнинг барибир жони йўқ. Жоннинг, тирикликнинг жозибасини ўшанда ҳис қилгандим. Вужуд учун гўзалликнинг энг олийси — жон! Жон тананинг сайқали билан уйғунлашиб, кўзларимизни олади. Шавқиддинда бу баркамоллик юқори даражада эди. Ҳар қандай қизни ақлидан оздира оларди у. Кўриб, муҳаббатим яна ўн чандон ошгандек бўлди.
— Фариштам! Гўзалим! Намунча нозик бўлмасанг... — юзма-юз туриб, илк айтган гаплари шу бўлди унинг.
Аммо мени на қучди, на қўлини чўзди. Довдираб қолдим. “Унга ёқмадим”, деган ўй миямдан яшин тезлигида ўтди. Кўнглим чўкишга ҳам улгурди.
Давоми бор.
— Кўзларимга ишонмаяпман! Келганингга ишонмаяпман! — деди у жамадонимнинг тутқичини қўлимдан оларкан.
Сўнг сал нарида турган йигитга имлади. Бўйи Шавқиддиндан сал пастроқ, қорамағиз, силлиқ сочлари қошларини ёпган бўлса-да, ўткир нигоҳларига соя сололмаган, юришими, гавдасими тансоқчиларни эслатиб юборувчи бу йигит ҳам ўзига яраша ҳуснга эга эди. У яқин келгач, менга бош ирғади. Мен эса салом бердим.
— Малоҳат, сиз Арслон билан кетасиз! Менинг озроқ ишим бор эди, битириб, бораман.
Шавқиддин шундай деди-ю, кўзларимга тикилди ва қалин, тик киприкларини қоқиб хайрлашган бўлди. Менинг юрагим эса орқага тортди. Арслон ўртоғининг исми эканлигини билсам-да, ростмаса шер билан кетаётгандек танимни қўрқув эгаллади.
Аэропортдан чиққач, дўсти иккимизни таксига миндирган Шавқиддин ортимиздан қўл силкиб қолди. Анча юрдик. Юрагимга ҳадик ва хавотир ин қурган. Перьм шаҳрини энди кўриб турган бўлсам-да, баланд бинолари, қизғиш ғиштли иморатлари, озода ва серқатнов кўчаларига ҳиссиз ва эътиборсиз боқиб борардим. Эҳтимол, қалбимда “Шавқиддинга ёқдим”, деган зиғирча ишонч бўлганида бу шаҳарни завқ билан томоша қилган, сизга сўзлаб бериш учун ажралиб турувчи жиҳатларини эслаб қолган бўлармидим. Афсуски, мен ўзим билан ўзим овора, муҳаббатимни қўлдан чиқардим деган гумон кўзларим ва қулоқларимга парда тортганди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев