8-қисм.
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Дониёр Ахмаджонов.
Пўлатжон кичик аммаси билан кириб борганда уйдагилар хурсанд холда кутиб олди. Айниқса болалари дарров уни ўраб олишди. Одатда мехмонга келган бола шундай кутиб олинади.
Унинг бутунлайга келганини эшитганда эри Ғуломжоннинг пешонаси тиришгандек бўлди. Гарчи ошкора норозичилик қилмаган бўлса хам, харакатларида буни сездириб қўярди. Орадан бир хафтача вақт ўтиб, Улуғбекни шахардаги рухий касаллар шифохонасига ўтказишаётганда Ғуломжондаги кескинлик кучайди. Бошқаларнинг олдида ўзини бепарво гапиргандек тутсада, хеч ким йўғида Пўлатжонни жеркиб гапирадиган, кўп тергайдиган бўлиб қолди.
Улуғбекдаги рухий ўзгариш шифокорлар қатори опаларини хам қаттиқ ташвишга солиб қўйганди. Мана, бир хафта ўтиб кетибдики, аёл зотини кўрса ўзини тутиб туролмайди. “Ўлдираман!” деб бақирганча ташланиб қолади. Тўғри, ташланиб хам ўлжасига етолмасдия, аммо хамширалар ундан қўрқадиган, бу хонага кирмайдиган бўлиб қолганди.
Эркаклар билан хам бир оғиз гаплашмас, уззукун шифтга термилиб ётаверарди. Охири шифокорлар уни кўчиришга қарор қилишди. Бу хақда опаларига маълум қилиб, бошқа чораси йўқлгини, хозир олиб боришса тезроқ шифо топишини тушунтиришди.
Ким хам туғишганини номи хунук касалхонага ўтказишга рози бўларди дейсиз? Опаларининг бир қарорга келишига катта поччаси туртки бўлди. Унинг гапи билан шахарга олиб боришди.
Ўша кундан бошлаб эса кичик почча ўз “хунарини” кўрсата бошлади. У “жиянингни йўқот, уйда нонхўр камми?” деб айтишга чоғланардию, яна тилини тиярди. Аламини ховлидаги пақирни даранглатиб тепиб оларди. Ёки қўлидаги бирор буюмни жойига қўйишда тарақлатиб ташларди.
Секин– аста оилада тинчлик йўқолиб борди. Гулнора эри билан тез–тез айтишадиган, кейин бир бурчакларга ўтиб йиғлайдиган одат чиқарди.
Пўлатжон хали бола бўлса хам, бу оилада уни аммасидан бошқа хеч ким хушламай қолганини сезарди. Аммасининг болалари хам унга ўйинчоқларини бермайдиган, бирга ўйнамайдиган бўлиб қолишди. Улар билиб туришибди, дадалари шу Пўлатжонни деб аяларини кўп хафа қиляпти.
Бундан безиллаган бола эрталабдан Жайронлариникига ёки Зумрадларникига кетиб қоларди. Шундай кунлар бўлардики, шом қоронғусида аммаси уни қидириб ортидан келар, сўкиб–сўкиб олиб кетарди.
–Энди бунақа қилмагинда Пўлатжон. Бола ўғрилари олиб кетдими деб юрагим ёрилди. Қаерда ўйнасанг хам қоронғу тушмасдан уйга етиб кел, хўпми?
–Хўп аммажон!–дерди бола. Лекин, эртаси яна хаяллаб кетарди. Аммаси билан кириб борганда дастурхонда овқатланиб ўтирган Ғуломжон пичинг билан кутиб оларди:
–Энди ташландиқни кетидан юриб ковушинг тешиларканда!
–Унақа деманг дадаси!–Гулнора ғулт этиб бўғзига тиқилган ниманидир ютади.–Худодан қўрқинг!
–Менга Худони эслатма!– Эрининг овозига зарда аралашди.–Худодан қўрқадиган иш қилмадим.
Гулнора жанжал бардамалаб кетмасин деб тилидагини ичига ютади. Жиянининг юз қўлини ювиб, сўрига чиқариб қўяди:
–Ўтир Пўлатжон, хозир овқатингни қуйиб чиқаман!
Хотини гап қайтаришини кутиб муштини туккан эр, ноилож ўзини босади. Ана шундай кунларнинг бирида Ғуломжондан икки уй нарида яшовчи акаси қизини қўшни қишлоққа узатди. Пўлатжон хам қариндош болачаларга қўшилиб автобусга чиқиб олди. Етиб боишгач, Куёв томондаги болаларга қўшилиб роса қувлашмачоқ ўйнашди. Бир пайт қорни очқаб аммасини излаб келди. Гулнора келин тушадиган уйда қуда томондаги аёллар билан гаплашиб ўтирган экан.
–Аммажон очқадим!–деди у остонада тўхтаб. Гулнора ва унинг ёнида ўтирган кампир болага кулиб қарашди. Афтидан икковлари айнан Пўлтжон хақида гаплашиб туришгандек.
–Пўлатжон, бувингга салом бермайсанми?
–Ассалом алайкум бувижон!–тезгина салом берди у. Бола шошаётганди. Бу қанақасига бувим бўлади, деб ўйлаб хам ўтирмади.
–Вой мени пахлавоним, қани яқин келчи!–кампир уни қўлидан тортиб ўзига яқинлаштирдида, қучоғига босди. Пўлатжон истар– истамас уни қучогига кираркан, қандайдир таниш хид, аввал хам қаердадир туйган хид димоғига урилди. Кейин эслади, дадасининг ёстиғидан шунақа ёқимли хид келарди. Ёстиқнинг бир бурчагида тўғноғич билан қалампирмунчоқ қадаб қўйилган бўларди. Бу кампирнинг эса кўкрагига қадалган экан. Бола билмасди уйдаги қалампирмунчоқларни хам айнан шу кампир қадаб қўйганини.
Бу одат дадасига ўтганидан хам хабари йўқ эди.
Боягина кўчага чопишга ошиқиб турган бола кампирнинг қучоғида ювош тортиб қолгани Гулнорага таъсир қилиб кетди.
–Қаранг ая, сизни биринчи марта кўриб турибди, аммо юраги таниди!
–Нега танимасин бувисини? Албатта танийди–да, тўғрими тойчоғим!
Гулнора қара, дадасини расмига қуйиб қўйгандек ўхшайдия! Э–эх, болажоним, умринг ўхшамасин ишқилиб!
Фотима ая боланинг икки юзидан чўлпиллатиб ўпиб олди. Айни мана шу ўпишдан сўнг, Пўлатжон типирчилай бошлади. У катталар ўзини ўпишини сира ёқтирмасди. Кафти билан юзини артаркан аммасига деди:
–Кўчада ўйнайман!
–Майли болам, майли,–аммасининг ўрнига жавоб қилди Фотима ая.–Ма, манави сомсаларни ол! Шоколадни чўнчагинга солиб қўй, кейин ейсан!
Фотима ая боланинг шўртикчаси чўнтакларини ширинликларга тўлдира бошлади.
–Фотима хола, неварангизми?–сўраб қолди рўпарада ўтирган қўшни аёллардан бири.
–Ха, кенжа неварам!–тасдиқлади Фотима ая. Кейин бошини мехр билан силаб қўйди.–Энди ўйнайқол болам. Бошқа куни аянг билан бизникига келинглар!
Пўлатжон бу мехрибон кампирга қарай–қарай кўчага чиқиб кетди. Ўша куни тўй тугагунча янги танишган ўртоқлари билан қувлашмачоқ, яшин–тополоқ ўйнаб мазза қилди.
Орадан 4–5 кун ўтиб келин томон “куёв чақирди” қилишди. Куннинг иссиқлиги хисобга олиниб, мехмонлар кечки соат бешларга айтилганди. Тўй, маросим бўлса кимга маза, болаларга маза экан. Пўлатжонлар эрталабдан келинникига кириб олишди. Мехмон кутиш тадориги билан йиғилган яқинлар–қариндошлар эрталабдан харакатни бошлаб юборишганди.
Айниқса кечки пайтга бориб, Пўлатжон билан ўйнайдиганлар кўпайиб қолди. Куёв томондан келган қатор дамаслар ичида болалар хам бор экан. Болалар ичида эса тўй куни бирга ўйнаган ўртоқларини хам бор эди. Улар орасида Азимжон исмли бола Пўлатжон билан жуда иноқ бўлиб қолганди.
Икки болакай бироздан сўнг бошқа болалардан ажралиб кўчага чиқишди. Чунки, Пўлатжон ўртоғини мехмон қилгиси келаётганди.
–Юр, бизникига кирамиз. Ховлимизда ко–отта олма бор. Иккаламиз териб еймиз,–деди у ўртоғига мақтангиси келиб. Улар Пўлатжоннинг аммасиникига киришганда ховлида хеч ким йўқ экан. Хамма мехмондорчиликка кириб кетганди.
Бахтга қарши олманинг тагига битаям меваси тўкилмаганди. Шунда Пўлатжон эслаб қолди, аммаси тўкилган меваларни ювиб, музлатгичга солиб қўярди. Бугун хам шундай қилган шекилли.
–Юр, холодилникни кўрамиз, аммажоним солиб қўйган бўлса керак,–айвон томон бошлади ўртоғини. Бола тўғри тахмин қилган экан. Холодилникда катта лаганча тўла олма турарди. Буни кўрган болалар қувониб кетишди. Пўлатжон лаганчани олиш учун икки четидан ушлаб ўзига тортди. Лекин эхтиётсизлик қилиб, ёнидаги уч литрлик бонкадаги сутни ағдариб юборди. Бонка полга тушдию, “поқ” этиб синди, атрофга сут оқиб кетди.
Худди шуни пойлаб тургандек поччаси Ғуломжон ховлига кириб келди. У холодилник ёнидаги болаларни кўриб, пешонаси тиришди. Акасиникида зиёфат авжидаю, бу нонхўр уйда овқатланяптия, ўйлади у. Лекин уларга яқинлашганда хақиқий ахволни билдию, ғазабдан кўзлари қисилиб кетти. Икки хатлашда уларнинг тепасига етиб борди.
–Бу нима қилганинг а? Эй, сен боламисан ё бошимга битган баломисан? Тишга тегдингку роса. Бу ёққа ўтчи,–Ғуломжон Пўлатжоннинг қулоғига чанг солди. Берахмларча қулоқни бураб, юқорига кўтарди.
–Ай, қулоғи–и–иим!–оёқларининг учигача тикка кўтарилган бола чириллаб йиғлашга тушди.
–Қилар ишни қилиб қўйиб яна ариллаяпсанми, занғар! Хамма болалар “ўша” ёқда ўйнаб юрипти, сенларга б... борми бу ерда? Жўна, кўзимга кўринма!
Ғуломжон боланинг кетига аямай тепди. Бир қўли билан лоладек қизарган қулоғини, иккинчи қўли билан юмшоқ жойини ушлаб олган Пўлатжон ура қочди. Азимжонку аллақачон жуфтакни ростлаб қолганди.
–Сен болани етимхонага бериб юбормасам тинчимайман шекилли,–орқасидан ғудирлаб қолди поччаси.
У шу мавзуда гап очиш учун акасиникидаги хиёфат тугашини интиқ кутди. Мехмонлар тарқаб, уйига қайтган Ғуломжон кирар–кирмасдан хотинига захрини сочди:
–Анави ташландиғинг қани, ховлини расвосини чиқарибдику тоза?
–Вой, дадаси нима қилибди у?
–Болаларни олиб кириб, хамма ёқни алғов далғовини чиқарибди. Холодилникниям эшигини очиб музини эритворган, сут
тўла бонкангни чилпарчин қилган. Шунақаям зараркунанда бола бўладими хотин. Эртагаёқ етимхонага ташлаб кел, келган бало ўзига урсин!
–Дадаси унақа деманг! Иккита аммаси туриб болалар уйига берворамизми? Шармандаликку бу!
–Нима қипти, боқувчиси йўқ бўлса илож қанча. Дадаси келса олиб келаверади яна.
Гулнора эрининг кўзларига узоқ тикилиб қолди. Негадир юрагида ғашлик пайдо бўлган, бунга сабаб эрим, деб тахмин қилаётганди.
–Дадаси, ростини айтинг Пўлатжонни нима қилдингиз? Мен уни анчадан бери кўрганим йўқ, бирон ёққа ташлаб келдингизми?
–Астағфирулло! Зиёфатда хизмат қилиб юриппану сен билан бирга! Бу нима деганинг а? Энди жиянингга тикон кирсаям мен айбдоми? Бошқа тухматларинггам борми?
–Дадаси, қоронғу тушди, бола келмади халиям! Мен сиз билан келса керак деб умид қилиб турувдим!
–Акамникида хеч ким қолмади!–деди Ғуломжон хеч нарсадан хабари йўқдек. Кейин хотинини бироз тинчлантириш учун қўшиб қўйди,– Балки, қўшниларникидадир?
–Қайси қўшниникида, бу атрофда у тенги бола йўқку?
–Унда, опангникига сурворган бўлса керак. Боя жиянинг келувди, ўшани велосипедига қизиқиб, бирга кетгандир.
Бу тахмин гарчи ишончсиз бўлса хам, хар холда Гулнора ўзини шу билан бироз овутди. Қизини бошлаб опасиникига йўл олди. Бориб ўз кўзи билан кўрмагунча хотиржам бўла олмасди.
Қамоқхонада кунлар худди эгзакларга ўхшайди. Бир хилда, бир маромда ўтаверади. Эрталаб цехда ишлаш учун қатор бўлиб ховлига чиқилади. Шомда яна шу алфозда камераларга тунаш учун қайтаришади. Цехда ишлаш учун чиқаётган махбусларга хар холда вақт ўтиши бироз унумли бўлади. Камерада қоладиганларга эса бу вақт шифтдаги сумалакдек бир жойда осилиб қолгандек гўё.
Одам бирор юмуш билан машғул бўлганда мияда ортиқча ўйлар, организмни қийновчи хаёллар камроқ бўларкан. Бекорчи бўлганда эса акси, минг хил ўйлар, минг хил хаёллар. Одамни етти ухлаб тушига кирмаган кўчаларга етаклаб кираркан.
Хулқи томондан ишга яроқсиз бўлган махбуслар, деярли хеч бир ишга жалб қилинмасди. Уззукун камерада ушланарди. Насиба ва унга ўхшаган аёллар шулар жумласидан эди.
Лола бир куни фаришта билан гаплашиб турганда назоратчи бу аёлларни “жамият чиқиндилари” деб атаганди.
–Бунақа аёллар миллат миясидаги қурт. Фақат қорнини тўйдириб кетса майли, аммо булар хамаёқни илма–тешик қилиб юборишади.
–Балки сиз хақдирсиз лейтенант Равшанова, аммо бир сабаб бўлмаса биз бекорга бирон ерни тешмаймизку!
–Лола, энди лейтенант эмасман, чўктиришди. Оддийгина Юлдуз деб чақиравер. Бояги гапимга келсак, мен сени анавиларни қаторига қўшмаяпман. Сени делонгни ўқиганман. Аёл сифатида “ўша” қилган ишларинг учун хам сени хурмат қиламан. Худди сен каби, бу ерда номус учун, ўз–ўзини химоя қилиш учун ёки билмай жиноят қилиб қамалганлар бор. Баъзилар алданиб тушиб қолган бу ерларга. Аммо, Холдор ва Насибага ўхшаганлар жиноятсиз яшолмайди. Кун кечириш тарзи шунақа, қон–қонига сингиб кетган.
Бугун уларни озодликка чиқардик дейлик. Эртага ё индинга яна шу ерга қайтиб келади. Булар қўлга ўргатилган шерга ўхшайди. Берсанг еб ётаверади. Ўрмонга олиб борсанг ов қилолмайди.
–Биздан ким озодликка чиқса хам, барибир нафратланишади опа. “ўтириб чиққан” деган тамға тавқи ланатдек бир умр пешонамизни куйдиради энди.
–Пешонанг куйса демак этинг юпқа экан. Иккинчи тамғани олмаслик учун харакатингни қилиб қўясан. Насибани қара, учинчи марта қамалган. Бунақаларни минг марта тамғаласанг хам наф йўқ.
–Опа, унақа деманг! Худо дилига солса бир кун инсофга келиб қолар! Ит хам чопа –чопа бир соя жойда тўхтайдику!
–Эх Лола, хўрозсиз туғилган тухумдан жўжа чиқмайди. Курк товуқ хар қанча босиб ётсин, палағда бўлади холос.
–Тарихдан маълумку, бундан бешбаттар одамлар хам ўзгарган, эзгулик йўлига кирган.
–Эхтимол сен хақдирсан, Лола,–назоратчи ўрнидан туриб атрофда ишлаётган махбусларга бирма–бир қараб чиқди.–Аммо мени кўзим етмайди.
Лола олдида тўпланиб қолган махсулотни кўтариб, кейинги столга олиб борди. Қайтиб келганда назоратчи кетишга чоғланаётганди.
–Сен билан яна гаплашамииз, мен чиқишим керак.
–Хўп опа,–бош ирғади Лола. Назоратчи бошқа ишлаётганларни айланиб юриб, чиқиш эшигига яқинлашди. У чиқиб кетгач чаёнгул ўрнидан турди. Бу аёлга Лола ва назоратчининг сухбатдош бўлиб қолгани ёқмаётганди.
–Лола, тинчликми?
–Ха, бирон гап бўлибдими?–хайрон бўлди.
–Мент билан кўп гаплашадиган бўлиб қолдинг.
–Ха энди, у ёқ–бу ёқдан гаплашяпмизда. Бу ерда зерикадию одам...
–Оғзинга эхтиёт бўл, бу ерда оғзи очилганларга хали ёпилмасдан олдин қабр хам очилади.
Лола бу гапдан сўнг бир сесканиб қўйди. Нима, уни сотқин деб ўйлашяптими? Равшановани “қулоғи” деб гумон қилишяпти шекилли, бу қанақаси хаммани кўз олдида унга сотқинлик қимасам керак?
–Адашяпсиз, биз шунчаки гаплашяпмиз холос!
–Сени огохлантирдим, ўзингга қара Лола. Кейин, сени мен хам химоя қилолмай қоламан! Хабаринг бордир, бугун–эрта Холдор қайтяпти! Эхтиёт бўл, шамингни ўчириб қўймасин!
–Ха эшиттим. Аммо, у аввалги Холдор эмас энди. Хассага таянган яримжон аёл,–деди Лола кўпроқ ўзига таскин бераётгандек. Чаёнгул эса унинг гапидан сўнг лабларини қийшайтириб кулиб қўйди.
–Илонни боши мажақланмас экан, исталган пайтда чақа олади!
Чаёнгул ўз жойига қайтиб кетди. Лолани эса вахима қоплади. Тўғри, Холдорни у йиқитмади. Аммо,шуни унутмаслик керакки, бу дажжол Лолани ўлдириш учун чоғланганда пастга улоқтирилди. У энди неча кишига тиш қайраши маълум эмас. Шуниси аниққи, бу саноқнинг бошида Лола хам бор.
–Энди нима қилдим,–ўйга толди аёл.–Битта ах
моқни қўлида ўлиб кетавераманми? Яна нима учун, арзимаган ўлпонни бермагани учун. Ланати, ўшанда ўлиб кетаверса бўлмасмикан! Тоза бош оғриғи бўлади энди.
Мана Лола, кунинг битар бўлди. Ўлигингни номалум қабрстонга кўмишади. Кафан хақида ўйламай хам қўя қол. Қизиқ, ўлсам кафанни нима ахамияти бор?
Тақдирда сўнгги кунларимни қамоқхонада ўтказиш ёзилган бўлса не ажаб? Инсонга фарқи борми ўзи, қаерда ўлиш, қаерга кўмилишни?
Бу қамоқхона нимага керак? Жазолаш, ажалидан беш кун бурун жонини олиш учунми? Газеталарда айтилишича, бу ер жазо муддатини ўташ билан бирга, қайта тарбияловчи жой хамдир. Лекин, Холдор ва Насибадақаларни эритиб бошқатдан қуйсанг хам яна ўша қассоб Холдор, яна ўша дажжол Насибалар пайдо бўлаверади.
Бу ифлосларнинг иштахаларини қаранг, кимнидир пичоқлайдию, қуролини иккинчи бир рақиби тўшаги остига яшириб қўяди. Қарабсизки, тинтув пайтида қурол топилган кроват эгаси “қулоғини ушлаб” кетаверади.
Ўрмонда бир қуш бўларкан, какку деган. Тухумини бошқа қушлар инига туғиб қочармиш. Ана ишбилармонлик, ана айёрлик. Насибаю Холдорлар ким, қамоқхона каккулари.
–Лола, нега қотиб қолдинг, сенга қараб қолдикку!–унга яқинлашди Бибисора исмли аёл. Лола билан бир столда ишлайдиган Зарифанинг қулоқлари оғир эди. Шунинг учун унга мурожат қилишмасди хам. Зарифага иш бошланган пайти нима қилишни бир амаллаб тушунтириб қўйишса бас, кечгача индамай ишини қилаверарди. –Тайёрини узатвор!
Лола олдида тўпланиб қолган кител енгларини қўшнисига узатди. Бу сафар махсулот миқдори анчагина кам эди. Демак,– хулоса қилди аёл, –анчадан бери тикмай туриб қолибман.
Лола қайчини қўлига қайта оларкан, астойдил ишга киришди. Унинг бахтига, Бибисора хам келиб, уларга қўшилди.
–Лола, улгурмаяпсизлар, мени ёрдамга жўнатишди. Учинчиларинг чиқмадими бугун?
–Уни бугун уйидагилар келяпти. Абеддан кейин чиқса керак.
–Ха, яхши! Буни неча сантиметр оляпсизлар, чизмаси борми?
–Бор, мана,–Лола схема туширилган картонни унга узатди.
Бибисора схемага бир кўз ташлаб олгач, ишга киришди. Лола хам иш тикар экан, беихтиёр янги шеригини кузата бошлади. Ажойиб аёлда бу Бибисора. Бирон марта нолиганини кўрмайсан. Бошига хар не ташвиш тушса хам, яратганни мархамати , деб қабул қилади. Яхши хабардан ортиқча хурсанд хам бўлмайди. Шундай сабрли, қаноатли аёл, нега бу ерларда юрипти?
Айтишларича қайнотасини пичоқлаб қўйган экан. Эри харбий бўлгани учун, икки фарзанди билан яшаркан. Қайнотаси келинини ўғли ишлайдиган қўшни вилоятга жўнатмаган, уйда олиб қолган дейишади. Невараларисиз яшолмас экан. Ўғли хам, онаси қазосидан кейин дадасига оғир бўлаётганини билиб, оиласини олиб кетмаганди.
Қайнота нима қилди, ўғли ишга кетганда келинни икки гўдаги билан кўчага қувди. Қайнотага хизмат қилмайдиган келин керак эмас, деб. Аламига чидолмаган келин, қайнотаси қорнига шартта пичоқ урди. Қайнота касалхонада жон таслим қилди.
Лола бу гапларга кўпам ишонмасди. Бу ерда мужмаллик кўп. Аввало, қайнотаси яхши хизмат қилмаган келинни хайдаб солавермайди. Модомики хайдадими, Бибисора пичоқ тортмайди, деб ўйларди.
Бу хизмат қилмаслик ёки уйдан хайдаш хақидаги гаплар ўзбек оиласида оддий холатлар. Пиёладаги шамага ўхшаш. Чой борми, шама хам бўлади. Шамаси бор деб пиёлани тўкиб солаверса, чой ичиб бўладими?!
–Опа,–Бибисорага савол қотди.–Нега хеч норози бўлмайсиз? Нега доим итоаткорсиз?
–Тинчликми Лола, нега сўраб қолдинг?
–Қизиқдимда! Қаранг, мендан 3–4 ёш каттасизу, хали бир тола сочиниз оқармаган! Сиз ўзингизни қандай авайлаяпсиз, менгаям ўргатинг!
–Мен ўзимни авайлаяпманми? Йўғе, бунақа эмас. Мен шунчаки, Аллохга таваккал қиладиган аёлман. Хар не бўлса Аллохдан, бандаси сабабчи холос.
–Сизни кўп кузатаман, бирон марта хафа бўлганингизни, ёки пешонангизни тириштирганингизни кўрмадим–да?
–Нега хафа бўлай Лола. Хаётим яхши деб шукр қиламан холос. Ўзимни шунга ишонтирман.
–Э–э, нимаси яхши бу хаётингизни?
–Иккимизни фарқимиз шунда синглим. Сен озгина муаммо пайдо бўлса ич–этингни ейсан. Мен эса, бундан баттар бўлмаганига шукрона келтираман. Сен хам, осмондан тош ёғса олов ёғмаганига шукр қилишни ўрган.
Хаётинг оғирми, бундан нолима, бошингни деворга урма. Худойим сени кўриб “Сен хали оғир кунларни кўрганинг йўқ” деб чинакамига оғир кунларни устингга ташласа нима қиласан? Энг маъқули, “хаётим яхши” деб яратганга хамду сано айтиб юр. Шунда Эгам “сен хали шу кунларни яхши деяпсанми, мана яхши кунларни кўриб қўй” деб хаётингни яхшиликларга тўлдиради.
Бибисора гапиришдан тўхтаб, ўз ишига машғул бўлди. Лола бироз нес холатда туриб қолди. У шу пайтгача билмас экан, Бибисора гапирганда сухбатдошини бутунлай ўзига ром қилиб оларкан. Овози гўй сехрли куйдек кишини ўзига ром қиларди. Эшитганинг сари тананг яйраб, бутун вужудинг пардек енгил бўлиб қолгандек гўё.
Лола яна уни гапга солмоқ учун саволлар берганда жавоблар қисқа –қисқа бўлаверди. Бундан қаноатланмаган Лола, унинг қамалиш сабабларини сўради.
–Қўйсангчи, Лола, эски чокни сўтиб, янгитдан тикмоқчимисан. Мени қийнама!
–Биби, боя менга нима деяётгандингиз! Хар қандай вазиятда Худога шукр қилиб, ғамни осон енгар экансизми? Қани кўрсатинг унда сабрли экангизни? Бахонада иккимиз яхшироқ танишиб оламиз!
–Мени танийсан, эшитгансан мен хақимда. Жевачкани икки марта чайнашмайди.
–Сиз менга терговчига айтмаганингиз, хатто эрингиздан яширганларни айтинг!
Лоланинг охирги гапидан сўнг Бибисора ярқ этиб Лолага тикилди. Нахотки бу қиз асл хақиқатни билади. Йўқ бўлиши мумкинмас!
–Айтадиган янги гап йўқ синглим, хаммаси протоколларда...
–Протоколларда қайнотангизни номусга тажовузи хақда ёзилмаган!–Лола бу гапни тахминан айтиб юборди. Ха, нимасини айтасиз, гохида тусмоллаб отилган ўқ хам ўз нишонини топаркан. Бибисора бу гапдан сўнг бир зум қотиб қолди. Эхтимол, ўша воқеани кўз олдига келтириб юборгандир.
–Яхши, сенга хаётимни гапириб бераман, агар қулоғинг қудуқ бўлса?
–Сиз ўйлагандан хам чуқурроқ опа,–деди Лола.
Бибисора қўлидаги дағал материал парчасини тахларкан, паст овозда сўз бошлади.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 16