Бугун Бахтинисонинг тугилган куни.
Атиги бир йилгина аввал шу кун қўнгироқ қилиб табриклаган эдим. У табригимни охиригача эшитиб -эшитмай бидирлаб кетганди:
-Опажон, борингизга шукур. Авваламбор Аллох ва сизнинг ёрдамингиз билан шундай азиз жойларга бориб келдима. Бурсада авлиёларни, Анкарада Хожам Байрам Пошшони, энг муҳими Конияда Жалолиддин Румий бобоби зиёратида бўлдим. Уларнинг пойида ўтириб тиловат қилдим, Қуръон ўқидим, дуо қилдим. Энди ўлсам ҳам армоним йўқ- деди.
Шундай қутлуг кунда ўлимни тилга олган Бахтижонни уришиб бердим:
-Ўзи охирги пайтдаги фалсафий шеърларингиз ёқмаяпти. Ҳаммасида "кетаман", "келмасам" ва хоказолар қалашиб кетди. Яна гапираётган гапингизни қаранг! Профессор чиройли мужда берган бўлсада хеч шу ишга кўнглим чопмаяпти сингилжон. Келинг, шу харакатни тўхтатайлик.
Аллақачон акцияни бошлаб юборган Бахтинисо фақат ўзигагина ярашган ялинчоқликка ўтди:
-Опооооо. Илтимос фақат чекинайлик деманг. Мен ўз ихтиёрим билан операцияга кетяпманку. Алпасланни туркчада айтган гапларини ҳам тушундим: "Фақат ахволи бадтар ёмонмаслик учунгина харакат қиламиз. Шунда ҳам етти ўлчаб бир кесаман" деди. Нафасим тобора қисяпти опа. Қўлларим қалтираяпти. Бошим муттасил огрияпти. Бўйин умуртқам ичидаги иккинчи ўсимтанинг иши эканку бу! Опа жаррохлик амалиёти бўлмаса хозирги кунимдан бадтар азоб чекаман. Ўзингиз эшитдингизку. Гарчи мендан яширган бўлсаларингиз ҳам буни Тошкентда нейрохирургияда билганман...
Уни тинчлантиришга уриндиму, гапни пўсткалласини айтишдан истихола қилмадим:
-Профессорни гапини эшитдингизку, "юриш эхтимоли жуда кам. Чунки қимматли йиллар йўқотилган. Мен оёққа туришига ҳам кафолат бермайман. Фақат ахволи бир мунча яхшиланади" деди.
Бир муддат жим қолган Бахтинисо кулиб юборди:
-Эх-ха....Сиз постларимда "юриб кетар эканман насиб қилса" деган гапларимга шаъма қиляпсизми? Ахир бу яхши ният холоску! Балки Фейсбукка мўралайдиган фаришталар "омин" деворар деб ёздимда...
Сўнг чуқур хўрсинди:
-Опа, таваккал қиламиз. Пул йигилса шунчаки ўлиб кетмаслик учун ҳам харакат қиламан. Мен момомдан узоқроқ яшашим шарт. Тиригимни шунча кўтаряптилар, ўлигимни кўтармасин...
Шу суҳбатдан сўнг акция тезлашди. Унга ёрдам берадиганлар кўп эди. Етарли маблаг йигилди. Жаррохлик амалиёти ўтди. Хушхабар эшитдик. Амалиётдан сўнг қўнгироқдек овози билан сим қоқиб суюнчи олган энг биринчи яқини ҳам мен бўлдим:
-Опа...Профессор айтдими холатимни? Зўрман опоооо. Зўр! Хеч ким кутмаган экан. Мўжиза дейишяпти. Мўжиза! Бош огригим йўқолди. Қулогимдаги шовқин ҳам.. Энг асосийси оёқларимни хис қиляпман. Пачкадаги памперсларимни керак эмас энди. Аравачами эса ўзим орзу қилгандай вертолетдан Қора денгизга улоқтираман...
Мен уни Жонлантириш бўлимидан эртароқ чиқвогани учун урушдим. Ортиқча хаяжонмаслигини илтимос қилдим. Телефонларини ўчириб қўйишини , бошқалар билан ҳам камроқ гаплашишини тайинладим.
-Хўп опов, хўп. Айтганизи қиламан. Фақат ранимациядан тез чиққанимга уришманг. Ахволим яхшида. Момом билан ётгим келди. Аллох рози бўлсин сиздан. Мен жуда бахтлимаааааааааан! Энди хақиқий Бахтинисомаааан!
Шу охирги суҳбатимиз бўлди.
Мана орадан шунча ойлар ўтиб кетди. Халқ дуо қилди, Худобехабар баъзи одамлар эса унинг ўлимида мени ҳам айблади. Очиқдан очиқ гапириб ҳам юришибди. Аввал фейсбукка пост қўймоқчи бўлдим. "Бахтинисо учун йигилган халқнинг пулига хиёнат этган" деганларга бу мутлақо ёлгон, уйдирма эканини исбоотловчи асосли далилларим хам етарли эди. Шахсан менинг барча харажатларимни турмуш ўртогим кўтаргани, Бахтинисони ўзига хам ёрдам қилганини ёзмоқчи бўлдим. Бироқ, акиллаган бир- икки итга аччиқ қилиб жавоб қайтаргим келмади ва ҳамма дилхираликни момомнинг бир гапи ювиб кетди:
-Агар Бахтижон Туркияга бормаганида, одамлар бефарқ бўлиб тузалиб кетиши учун харакат қилишмаганида у ҳаммамиздан хафа кетарди. Тушимга хурсанд бўлиб киради. "Момо йигламанг, мен яхшиман" деб юпатади....
Менинг тушларимга ҳам киради у.
Бир куни оппоқ кийинган кўпгина малаклар даврасида аравачасиз, жуда бахтиёр кўрдим. У хурсад эди.
-Опоов йигламанг. Қаранг, тирикманку! Шу хурлар сафига аравачада, памперсда келишга ҳаё қилардим. Бехисоб шукур! Тахоратим билан , покизагина, ўз оёқларимда юриб келдим.- деб юпатди.
Яна бир тушимда эса олдимга югуриб келиб, "Анави мухбир хеч қўймаяптида.. ТВ дан экан. Интервью бераверайми? Оёқларимда юрганимни ҳамма билсин, кўрсин" деб изн олди.
Яна бир куни эса " Опоооов, кеча биз Конияда, Румий хазратларининг олдида эдик. Абдулла бобом (Абдулла Ориповни шундай дерди) билан бирга келганмиз.
Уччаламиз тоза гурунг қилдик-да. Қулогингиз қизидими? Тинмай, бидирлаб гапирдим ўзиям.... Шунақа, хохласам Қашқадарё, хохласам Тошкент, хохласам Анкара , Конияга учиб боряпман. Туркияга борсангиз ўзим кутиб оламан. Чунки кабутардай қанотларим бор. Ўзим яхши кўрган қушга айланиб қолдим опа...
Туркияга бордим. Пойтахтга ўтган чог юрагим қаттиқ санчди. Эзилдим.. Уни эслаб тинмай кўзимдан ёш тирқирарди. Чунки ҳар қадамда кўрардим синглимни.
-Қизингизми? Даволатгани олиб келдингизми?
Шу саволни эшитган рахматли Бахтижон турк аёлига мугомбирона илжайганди:
-Кизи, кизийим бан. Факат мен қораман. Чунки бабамга (дадам) га чўх ўхшайман. Қолган гардашларим сариқ.
***
-Қаердан келгансиз Озарбайжонданми?
-Вай, нега унақа дейсиз? Ўзбекистонданмиз! Оповвв чамадониздаги байроқни олиб аравачами рулига ўрнатиб қўйинг. Тавба яна адаштиришди...
***
-Апельсин кач пара?
.......
Опооов апельсинлари сув текинку!
Мен Туркия апельсин етиштиришларини, шунинг учун бу цитрус ўзларида арзон туришини айтдим.
У бир нарсаларни хом чўт қилгач бақириб юборди:
- Воооой апиристлар! Бизга роса қиммат олиб боришар экан барибир. Савдогарларимиз эсини еб қўймаганми опа? Йўл харажатлари, бож хаммасини қўшганда ҳам нархи Ўзбекистонда ўта баландку! Бизнинг қишлогни болалари буни йилда бир еса ейди, емаса йўқ.
Бунақа сухбат, бунақа хайратларни чегараси йўқ эди. Бир куни совуқ қотгани учун жемфер олиб бермоқчи бўлдим. Мени пулимга олишни хохламади. Ўша куни бозорни айлана айлана 20 лирага ( 3.5 доллар, сўмда 30 000га хам бормасди) иссиқроқ жемферни танлади, арзон шубача хам олди. Хазиллашиб қиммат шляпани рухсат сўраб кийиб кўрди.
Эртаси куни пост қўйди: Совқотганим учун энг арзон кийим олдим демай, шляпани кийиб тушган суратини қўйди. Дарров кимларнингдир маломати остида қолди. ."Опа, мен халқ йигиб берган пулни орқа олдимга қарамай сарфлаётган эмишман. Шунақа деб ёзибди бири" деб хафа бўлди.
Бир лиралик чойни ичмай, мехмонхонадан термосчасидаги қайноқ сувсиз чиқмайдиган синглимни қучоқлаб юпатдим, эътибор бермаслигини илтимос қилдим....
Мана кабутарлар тўлиб- тошиб ётган Ота Турк хиёбони. Уни қидирдим. Жарангдор кулгулари беозор қушлар гур-гурига қўшилиб кетгандир, қоришиб кетгандир ўзини кўрмасам хам овози эшитилар деб изладим.. Балки шовқинда эшитмаётгандирман деб, йиглаб қушларга дон сепдим... Уни тополмагач мехмонхонага қайтгунча инграб келдим.
Сафаримиз битиб , қайтадиган бўлдик. Мен пойтахтдан тезроқ кетишни хохлардим. Уни Бахтижонни "ўлдириб" қўйгани учун хам ёмон кўриб қолгандим. "Туркияга келсам ҳам сенга келмайман, ёлгончи экансан! Бахтинисо хам алдабди" деб ёзгирдим.
Истанбулга учиш учун тайёрагохга ҳам шу тахлит кайфиятсиз, эзгин рухда келдим. Белгиланган жойда учогни кутиб турган эдик. Каттакон бино одамлар билан гавжум , хамма ўз хаёли билан банд. Шу вақт хўжайиним хаяжонланиб юқорига, шифтга ишора қилди:
-Онаси, анави каптарни қара! Бу ерга қандай учиб кирди?
Шошиб юқорига қарадим. Шундоққина бошим тепасида, учоқ йўлаги ёзилган кўрсаткичга қўнган бир дона кабутар тинмай гуриллаб нимадир демоқчи бўларди. Унинг митти кўзчаларига қараб хаяжондан қичқириб юбордим:
-Бахти, Бахтижон....
Ҳамма хайрон. Чунки улар Бахтижон кимлигини қаердан билишсин.
Кабутарнинг мунчоқ кўзчаларида Бахтинисонининг тийрак нигоҳлари акс этганди. Балки бу шунчаки қуш, балки юрагимни эзган согинч инъикоси. Бироқ ўша кунги тушкун холатимда биргина, ёлгон бўлсада биттагина ўзим кутган мужда менга жудаям керак эди. У билан хаёлан гаплашдим. Қуш калласини у ёқ, бу ёққа қилиб гур- гур қилганча тасдиқларди.
Одамлар, айниқса таёрагох ишчилари ҳайрон. Ёпиқ худудга қушлар учиб кирмаслиги учун махсус қўрқитувчи мосламалар қўйилган. Бинога ҳам кириши қийин. Майли кирибди, аммо тепамда туриб гапларимга қулоқ солаётганидан хайратда эдилар.
Шу вақт менга қўнгироқ қилишди. Ноутбугим кассада қолиб кетган экан. У кассага ҳам тепамда учиб бориб, сўнг гойиб бўлди...
Шукур, турли тадбирлар туфайли анча жахонгаштаман. Туркияга эса Бахтинисодан сўнг сабаб бесабар боргим келаверади. Чунки у яна қайсидир устоз адиб билан Румий хазратларининг зиёратига тез-тез бориб туришини биламан, хис қиламан Аданада бўладиган "Чукурова Халқаро шеър ва мусиқа фестивали"га таклиф қилишганида ҳам жуда хурсанд бўлдим. Чунки Бахтинисо бундай тадбирларни яхши кўради ва албатта у ерга учиб боради...
Одамзот бошига тушган катта-кичик айрилиқларга чидаб, ўлмай яшайвер экан. Момом ҳам яшаяпти. Бахтижонни согинса менга, Шоира опа ва бошқа кўнгил яқинларга қўнгироқ қилади. Бахтижонга ёрдам берган, харакат қилгаг, бефарқ бўлмаган бўлган минглаб дўстлари ҳам яшаяпмиз.
Бахтинисо ҳам орамизда... Фақат энди унинг чиройли қанотлари ҳам бор. Муҳими у қалбларимизда, ўзи айтгандай хақиқий БАХТИНИСО га айланиб яшаяпти...
Муаззам Иброҳимова.31.10.2019
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7
Qabrlari nurga to'lib, oxiratlari obod bo'lsin!
Мен билансан,
Кунларимда оҳор бордир,
Оҳанг бордир,
Кузларимда баҳор бордир.
Кўзларимда мурувват бор ва зор бордир,
Мен билансан!
Муҳаббат бор, музларимга олов бергай,
Олам бергай,
Сўзларимга оро бергай.
Бир йиғласам, юпатгувчи биров бергай,
Мен билансан!
Осмонларда фақатгина қушлар қолмиш,
Гоҳ заминий, гоҳ самовий кучлар қолмиш.
Юлдуз санаб... тушларимда тушлар қолмиш...
Мен билансан!
Юрагимга юрагини тўкди шомлар,
Тўлди шомлар.
Дарёларга чўкди шомлар.
Мени олиб кетгунича намозшомлар,
Мен билансан,
Мен билансан,
Мен билансан!
@baxtiniso