– Мадина шаҳрида ўқиб юрган вақтларим эди. Бу ерда водий томондан келиб, муқим яшаб қолган бир ватандошим билан танишиб қолдим. У зот илм маърифатли, улуғ инсон эди. Етти нафар фарзандларининг барчаси ўқимишли эдилар.
Ҳожибобонинг Мадинайи мунаввара масжидига муҳаббати кучли бўлиб, имконлари бўлса ҳам Мадинадан ташқарига чиқмас эканлар.
Ҳар йили рамазон ойида неваралари билан биргаликда юртимиздан борган ҳожиларга ифторлик уюштириб, улар хизматида камарбаста бўлар, ҳожиларга зам-зам суви тарқатиб чиқар эдилар.
У зот билан суҳбатимизда нима учун Мадинадан ташқарига чиқмасликлари сабабини сўрадим:
– Ҳожи бобо, Аллоҳ сизга кўп яхшиликлар бериб, фарзандларингиз ўқиб, олим бўлишибди. Бошқа давлатларда ўз ўрнини топиб, хизмат қилишмоқда. Қўлингизни қаерга чўзсангиз етади. Нега бошқа давлатларга чиқиб дам олмайсиз, юрт кезмайсиз? Мадинани шу қадар азиз жой деб билишингизнинг сабаби нимада?
Ҳожибобо шундай жавоб бердилар:
– Тўғри айтасиз, қўлимни қаерга чўзсам етади. Имкониятим етарли. Мадинадан бошқа шаҳарларда яшайдиган фарзандларим уйларига боришимни хоҳлашади. Ўлим қош билан қовоқнинг ўртасида, дейдилар. Мадинадан ташқарига чиқсам, ажалим бошқа шаҳарда қолиб кетишидан қўрқаман. Мени шу ерда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом жуссалари бор жойда, у зотни кўрган саҳобалар ётган жойда дафн этишларини орзу қиламан.
Аллоҳ Ҳожибобонинг ниятларини ижобат этди. Рамазон ойи эди. Қадр кечаларининг бирида Ҳожибобо Пайғамбар алайҳиссаломнинг равза ва минбарлари орасида ҳожиларга зам-зам суви тарқатаётганларида жон таслим қилдилар. Ҳожибобонинг васиятларига кўра, у зотнинг жасади саҳобалар ётган жойга дафн этилди. Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олсин.
Аллоҳ таоло Ҳожибобонинг ниятлари, ихлосларига яраша, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га чексиз муҳаббатлари туфайли қалбларидаги орзуларига етказди. Аллоҳ у зотнинг умрлари поёнига етгунига қадар Мадинада сақлаб қолди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев