(Ўқинг аммо йиғламанг)
Бундан юз йилларча олдин кўчада оғзаки ҳикоя айтувчилар бўлган. Айтимчилар дейилган. Улар ҳикоя айтиб одамларни йиғлатган. Бу айтимчиларнинг асосий мавзуси етимлар ҳақида бўлган. "Тол қайрағоч тагида зор йиғлаган етимлар¸ ота онам қаний деб қон қақшаган етимлар".
Етимлар мавзуси адабиëт моторидир. Ғафур Ғуломинг шох асарларидан бири "Сен етим эмассан" деб аталади.
Етимлик нимадир бизлардан сўра¸
Вой бечора жоним десам арзийди.
Бошимни силашга бир меҳрибон қўл¸
Бир оғиз ширин сўз нондек арзанда.
Мен ҳам одам эдимку инсон фарзанди....
Бечора Ғафурнинг бу фарëди даврга маломат каби янграйди.
Нега бу мавзу одамларни қизиқтиради.
Жавоби оддий "қўрқув боис".
Психологларга кўра ҳар бир ëш бола онасини йўқотиб қўйишдан қўрқади. Онасини йўқотган бола қандай яшайди? Индивидуал мехр кўрмаган бола қандай улғаяди?
Бу саволларга жавоб топиш учун етимлар ҳақида ëзилган ҳикояларни ўқиш зарур. Сизга тавсия қиладиганим матн хатирчилик ëзғувчи Моҳира Эшпўлатовага оид.
Балки адабиëт бўйича нобель оладиган даражада юксак¸ ўқисанг онтарилиб тушадиган мавқеда ҳиссий бўлмаса ҳам самимий ëзилган матн.
Ëзувчига любой савол бўлса менга ëзиб юборинг дарров жавобин обераман. Ҳар қандай саволга жавоб беради. Ҳатто доллар нега ошганига ҳам.
Мутоалага марҳамат.
ЧЕМПИОН
МоҳиРа
Ўктам
– Уҳҳҳ, сал қолди-я! Нима қиляпсан, Ассоо, уни аяма! Чаққонроқ бўл, оёққа ишла!
Бақирган овозимни у эшитяптими-йўқми, билмайман. Балки, ҳозир ундан ҳам кўп тер тўкаётгандирман. Асолат рақиб билан жисмонан курашаётган бўлса, мен хаёлимда, рақибининг нусхаси билан ўзим билган усулларни қўллаб курашардим. Мен аллақачон унинг устидан ғалаба қозониб бўлдим, аммо Асолат арқонни узун ташлаб ўз кучига ишониб ҳаракат қиляпти. Бу усули доим ўзини оқлаган бўлса ҳам ҳозир мени асабийлашишга мажбур қилмоқда.
Ёзувчи
Ўктам Асолатни етти-саккиз ёшидан бери билади. Очиқ ҳавода, мактабнинг футбол майдонида шогирдлари билан машғулот ўтказаётган кунларнинг бири эди. Ўзидан катта сумкасини орқасига осилтириб олганча, икки қўллаб темир панжарани ушлаб, юзини унга босиб бир қизча уларни кузатиб турарди. Ўктам аввалига унга эътибор бермади, кейин бу ҳол ҳар куни такрорланадиган бўлди. Сўнг у қизни ёнига чақирди.
Қиз қимир этмади. Шунда унинг ўзи қизчанинг ёнига келди.
– Исминг нима сени?
– Асолат.
– Шу яқинда турасанми?
Қизча боши билан тасдиқ қилди ва меҳрибонлик уйи тарафга қўл чўзди
– Ана у ерда яшайман.
Ўктам уни “детдом” болаларидан бири эканлигини билгач, бирдан кўнгли алланечук бўлиб кетди. Ва ўз овозига мулойимлик қўшиб сўради.
– Каратега қизиқасанми?
Асолат “йўқ” дегандек бош силкитди.
– Ия, нега қизиқмайсан? Карате сени соғлом, кучли қилади. Кимдир сени хафа қилса “мана бундай, мана бундай” қилиб жазолайсан, — Ўктам шундай дея карате ҳаракатларни кўрсатди.
Асолат уни қизиқиш билан, кўзлари порлаб кузатиб турди.
– Қанийди, мен ҳам шундай қилолсам.
– Ўзинг росттан хоҳласанг, буни ўрганиш жуда осон. Ҳаммадан зўр бўлиб чемпион бўлишинг ҳам мумкин. Лекин сен каратега қизиқмайсан-ку, тўғрими? – деди Оъктам охирги гапи билан қизчани эрмак қилиб.
– Ҳа, лекин ўрганишим керак-да, – охирги сўзларини ғамгин, паст овозда айтди.
– Нима учун?
– Онамни дадамдан ҳимоя қилиш учун.
Дугона
– Қўлингдагини ташла дедим мен сенга! – деб Асолатга бақирди Ўктам устоз. Бу овоздан мен чўчиб кетдим Асолатнинг эса бир туки ўзгармади.
– Йўқ, устоз, шу оловга ўзингни ташла денг, айтганингиздай қилай, лекин… буни ташлолмайман… – деди Асолат кўзларидан шашқатор ёшлари оқиб.
Тўғриси, мен ҳозир гувоҳи бўлиб турганларимга тушунмаётгандим. Устознинг бунчалик ғазабланганини, Асолатнинг йиғлаганини сира-сира кўрмагандим. Ахир у устознинг энг яхши шогирдларидан эди, чемпион бўлишига ишонаман дерди. Нима жин уриб, кап-катта одам шу Асолатнинг қўғирчоғига ёпишиб олди экан? Асолат темир идиш ичида гуриллаб ёнаётган оловга ҳаммадан яқин турар, қўғирчоғини кимдир тортиб оладигандек маҳкам қучоқлаб олган, аммо ўзига азоб бераётган олов қаршисидан узоқлашолмасди. Бир қадам ҳам чекинмасди, оловдан кўз узмасди, фақат юм-юм йиғларди.
Яқин инсонингга ёрдам бериш қўлингдан келмасдан кузатиб туриш жуда оғир экан. Ҳатто ютинишга ҳам ҳаддим сиғмасдан бўлиб ўтаётганларининг исталмаган томошабини бўлиб турардим.
– Бу шунчаки, озгина плассмасса ва латта парчаси-ку. Нега ёқиб юборолмайсан? – Ўктам устоз энди вазмин гапирарди. Шошмасдан. У ўлжасини хотиржамлик билан кузатаётган йиртқичга ўхшарди, менинг назаримда.
– Гапир, нима тўхтатиб турибди? Сени меҳрибонлик уйига ташлаб кетган ва кейин буткул унутган аёлнинг ҳурматими? Билсанг, у янги эрини қучоғига кириши билан сени унутиб бўлган. Олиб берган қўғирчоғини-ку қўя тур! Менинг нафасим ичимга тушиб кетди. Қанчалик тошбағирлик! Она қандай аёл бўлишидан қатъи назар қиз учун энг азиз инсон-ку! Айниқса буни биз – меҳрибонлик уйи болалари теран ҳис қиламиз. Асолат устозга шундай ўқрайиб қарадики, мен қўрқиб кетдим. У нимадир дейиш учун оғиз жуфтлади-ю, индамади, ва аксинча, нимадир деб юбормаслик учун лабларини қаттиқ қимтиб олди. Ҳозир унинг оёқлари қалтираяпти, биламан, чунки қаттиқ асабийлашса ё қўрқса шундай бўларди…
Мен Асолатни меҳрибонлик уйига биринчи келган кунимдан бери танийман. Қачон, қандай, ким томонидан бу ерга олиб келинганини билмасдим. Бир-биримиздан ҳеч сўрамаганмиз бу ҳақида. Фақат ғира-шира эслай оладиганим мудҳиш автоҳалокат сабаб ота-онамдан айрилганимдан сўнг бир неча йиллик етимлик кўча-кўчи бошланди. Мен охирги қўним топган жой – меҳрибонлик уйи бўлди. Нолимайман, қариндош-уруғнинг миннатли ошидан кўра шу ернинг кашаси авло эди мен учун. Бу ерда ҳамма бир-бирига меҳрибон, айни пайтда ҳаммаси меҳрга, бир оғиз яхши гапга интиқ. Бошқалардан нимаси биландир ажралиб турадиган қиз – Асолат сирдош дугонамга айланди. Аниқроғи эса мен доим унинг ёнида бўлдим. Чунки унинг ўзи ҳеч бировга эл бўлмас, кам ухлар, кам ер, кам гапирарди. Атрофда ўзимиздек кўнгли ярим, кимдир келиб мени бу ердан олиб кетади деб кутиб яшовчи болалар кўп эди. Асолат эса улардан ҳеч йиғламаслиги ва ҳеч кимни кутмаслиги билан фарқли эди ва биздан бир поғона баланд турарди. Номини ўзим ҳам билмайдиган бир туйғу мени у томонга тортаверарди. Муштдеклигимиздан бери тунда ётоқларимизни бирлаштириб олардик ва шундай ухлардик. Мен ва Асолатнинг ўртамизда доим шу қўғирчоқ бўлган. Билмадим, негадир у менга тунда индамай кўзёшларсиз йиғлайдигандек туюлади, чунки у деразага ё шифтга кўзларини маъносиз тикиб қўғирчоғини бағрига босганча узоқ ётади… Ҳа, у эски, сариқ потила сочли қўғирчоғидан сира айрилмасди. Мактабга ҳам, машғулотларга ҳам сумкасига солиб олиб борарди. Менинг қўғирчоқ ҳақида бор-йўқ билганим – Асолат бу ерга фақат шу қўғирчоқ билан келган. Балки, уни онаси олиб бергандир, ким билсин? У ўзини шундан бошқа ҳеч нарсаси йўқ одамдек тутаётганди. Мен билган қизнинг оиласи ҳам, овунчоғи ҳам, доимий ҳамроҳи ҳам шу қўғирчоқ эди. Айни пайтда эса ундан воз кечишни, ўз қўли билан ёқиб юборишни сурбетларча талаб қилишмоқда. Мантиқсизлик! Мен бу даҳшатли томошани ортиқ кўришни истамасдим, аммо турган жойимдан бир қадам жилолмай, нафасимни ичимга ютганча, Асолатдан кўз узмай турардим. Унинг юзи ўзгариб қотиб қолган эди.
– Асолат, - ялингандек гап бошлади устоз,- оёққа занжирланган тошдек ўтмишдан юз ўгирмас экансан, сенга зулм қилганларга ачинишда давом этаркансан, ҳеч қачон ғолиб бўлолмайсан, эшитяпсанми, Асолат, ҳеч қачон! Бугунгидек рақибингни аяб мағлуб бўлиб юраверасан. Ҳаёт ҳам каратедай. Сен енгмасанг, курашмасанг, сени йиқитишади. Жонинг борича кураш, ғалабадан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмасин, рақибингни аҳволи, оғриғини оъйлама. Қани бўл, Ассо, давай, ўзингни енг!
Устознинг чакка томирлари бўртиб чиқиб пешонасидан тер оқа бошлади. Гўё олов қаршисида Асолат эмас, ўзи тургандек. Асолат ёшли кўзлари билан устозга илтижоли боқиб “ундай қилолмайман” дегандек бошини сарак-сарак қилди.
– Унда бу ерда қиладиган ишинг қолмаган. Мен шунча вақтимни бекорга сарфлабман, эсиз… Кет, – деди қаттиқ тикилиб. Устоз уни ҳайдаяпти-ю, овозида жаҳл эмас, ачиниш, хайрихоҳликка ўхшаш нимадир бор эди. Асолат бир бурчакда турган сумкани елкасига илди-ю, тез-тез юриб залдан чиқиб кетди. Мен эса паст овозда устоз билан хайрлашганча унинг ортидан югурдим.
Асолат йўл бўйи йиғлаб кетди. У кўз ёшларини одамлардан яширишга уринмади. Мен унга қандай тасалли беришни билмасдим.
– Асолат, хафа бўлмагин, йиғламагин. Бугун ютқазганинг учун устознинг жаҳли чиқиб кетди, холос. Бир неча кун кўзига кўринмасак, эсидан чиқиб кетади. Қўғирчоғинг ҳам ёнингда қолади, машғулотларни эса кучайтирасан.
– Гап бунда эмас.
– Нимада бўлмаса?
Асолат жавоб бермади. Нимага бундай бўлди ўзи? Саволларим кўп, аммо унга озор бермаслик учун жим кетардим. Туни билан ухлолмадим. Кўзимни юмдим дегунча ўзимни олов қаршисида кўрардим. Эҳтимол, бу ҳақида кўп ўйлаганим учун шундай бўлаётгандир. Унда Асолат қай аҳволда экан деб у томонга ўгириламан. У жойида йўқ. Атрофга аланглайман. Ўзимдан бошқа биров эшитмайдиган овозда уни чақираман “Асолат”. Кўнглим ғашланиб секингина хонадан чиқаман. У бу пайтда бориши мумкин бўлган жойларни қарайман. Йўқ. Хавотирим ошади. Нимагадир уни ташқаридан қидираман. Соат неча бўлганини билмайман, кечани тўлин Ой ёритиб турар, ички сезгиларим етаклаган томон кетардим. Ва уни кичик стадионда, ўтирғич устида бир ўзи ёлғиз, тиззаларини қучоқлаб, Ойга тикилганча тебраниб ўтирган ҳолида топдим.
– Сендан хавотир олдим, тентак! – дея унинг ёнига ўтирдим, – мени ҳам тўлин Ойни томоша қилишга олиб чиқиш керак эди. Барибир ухлолмаётгандим.
Асолат менга бир қараб қўйди-ю, индамади. Қўлларимни елкасига қўйиб, бағримга тортдим. У музлаб кетган, дир-дир қалтирарди.
– Совуққотибсан. Юр ичкарига кирамиз.
– Ўзинг боравер.
– Сени йўқотишдан қўрқарканман, Ассо!
– Қўрқма, бу барибир муқаррар.
–Гапларинг ҳам совуғ-ей.
– Биласанми? Сенга ҳавасим келади.
– Албатта, ҳозир сендан иссиқроқ кийинганман, ҳавас қилсанг арзийди.
– Ота-онанг ўлиб кетган. Ҳатто уларни эслолмайсан ҳам. Истаганча улар ҳақида ширин хаёллар суришинг, яхши воқеаларни ўйлаб топиб бора-бора уларга ўзинг ҳам ишониб яшашинг мумкин.
– Бугун йиқилганда бошинг билан тушдингми?
– Менда эса… эслашга арзирли бир ёруғ хотира йўқ…
– Яна бироз ўтирсак, тонг отади. Ёп-ёруғ бўлиб!
– Эртага нима қилишни билмаяпман.
– Сен айтаётган эрта аллақачон бугунга айланиб бўлди. Бугун нима қилиш ҳақида гаплашайлик.
– Сен ҳеч эрта ҳақида ўйлайсанми? – у бироз вақт оътиб сўради.
– Нима қиламан уни ўйлаб? Эрта келиш-келмаслигини билмаймиз-ку! Балки, у эртада мен бўлмасман, мен йўқ вақт менга тегишли эмас. Ўтмиш ҳақида ўйлаш эса умуман фойдасиз. Чунки уни ўзгартириб бўлмайди. Ҳамма гап бугунда, Асолат! Сен бўлсанг кеча ва эрта ўртасида ўралашганинг-ўралашган.
У яна жим бўлиб қолди. Мен эса янада қаттиқроқ бағримга босдим.
– Йиғлашни истайсанми?
– Кўз ёшим тугади.
– Яхши, энди ётиб ухлайлик.
– Сен боравер, мен яна бироз қолмоқчиман. Ўзим, ёлғиз…
Уни ўша ерда қолдириб йўлда ортимга қарай-қарай хонага қайтдим. Қачон ухлаб қолганимни билмайман. Тонгда қизларнинг шовқинидан уйғониб кетдим.
Ўктам
— Хуршид!, – шогирдлардан бирини чақирдим, – бу идишни олиб чиқиб оловини ўчир. Яқинроқ жойга қўй, эртага керак бўлади.
Асолатни ҳайдаганим билан яна қайтиб келишини аниқ биламан. Чунки у ортга чекинадиганлардан эмас. Унда чемпион бўлиш учун ҳамма хислатлар бор – куч, ирода, сабр, тиришқоқлик, ғалабага кучли иштиёқ. Аммо рақибига нисбатан раҳмдиллиги ҳаммасининг белига тепади. Аслида каратени мазлумларни ҳимоя қилиш учунгина ўргангани бунга сабаб. Ва яна қўғирчоқ ҳам. Нимагаки одам қалбан энг инжа ҳислар билан боғланиб қолса, кўнгилчан ва қўрқоққа айланади. Бу баъзида рўй бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисадан сақланиш эмас, бу мудом уни йўқотиб қўймаслик илинжи билан яшаш, ўз ихтиёри билан ўша нарсанинг “қул”ига айланишдир. Ўз кучига ишонадиган, йўқотадиган нарсаси йўқ аёлдан кучлиси ҳам, озоди ҳам йўқ… Эртасига эрталаб ҳаммадан олдин Асолат машғулотга келди. Мен тонгни кечаги идишга ўтин тўлдириш билан бошлагандим. Уни бунчалик эрта келишини кутмагандим, балки, ухламагандир.
– Устоз, мен машғулотларни давом эттирмоқчиман.
– Бемалол, шартини биласан.
Мен тайёрман.
Яхши.
Мен олов ёқиб юбордим. У сумкасидан ўша кўзлари кўк, сочлари сариқ, қош ва лабларининг ранги аллақачон ўчиб кетган, кўйлакчаси ҳам эскирган қўғирчоғини олиб бағрига босди. Ва шу ҳолида олов ёнаётган идиш ёнида у билан хайрлашаётгандек узоқ туриб қолди. Сўнг қўғирчоқни олов тепасига тутиб, бирдан ташлаб юборди. У шунчаки ташлаб кетмади, балки унинг кийимлари қандай ўт олаётганини, елим оёқ-қўллари қандай эриб оқаётганини, юзлари бужмайиб, қорайиб ёнаётганини кузатиб турди. Негадир бундан мен тўлқинланиб кетдим, Асолатнинг юзида ҳеч бир ифода сезилмасди. Фақат, кўзларида гуриллаб ёнаётган оловнинг акси ўйнарди…
***
Ваниҳоят, у оёқ билан чалғитувчи ҳаракатлар қилди ва бирдан олдинга ўтиб рақибига тўхтовсиз, аямасдан қўл ва оёқ зарбаларини бера бошлади. Буни кутмаган рақиби озгина мувозанатни йўқотиши билан унинг бошига кучли ўнг оёқ зарбасини берди ва у ёнбошга йиқилди. Ҳакам қизил байроқчасини кўтарди. Вақт тугаган эди. Томошабинлар, жамоадошлар уни олқишлаб шовқин кўтаришди. Менинг қулоғим юрагим гупиллашидан бошқа ҳеч қандай товушни эшитмаётганди. Асолат ютди!
– Чемпион!!!
У майдон ўртасида нима қилишини билмагандек, тўрт томонга аланглаганча турарди. Мен ўзим унинг ёнига бориб, қучоқлаб табрикладим. Елкаси билан байроқ ёпдим.
– Биз… биз ютдик! – у чуқур-чуқар нафас олар, томоғига тиқилган ҳаво ортиқ гапиришига йўл бермаётганди.
– Сен ютдинг, Асолат! Бу сенинг ғалабанг!
Асолат
Ҳамма мени табриклаб бўлгач, атрофга яна бир бор назар ташладим.
– Бўлдими? Фақат шу холосмиди?
Томошабинларнинг шовқини билан тўлган зални тарк этарканман, улардаги хурсандчиликнинг мингдан бирини ҳам танамда ҳис этмаётгандим. Мен шу жойгача етиб келсам, ўзим ҳам ҳали аниғини билмайдиган, ичимдаги бўшлиқни тўлдира оладиган нимадирга эга бўламан деб ўйлагандим! Аммо у қани? Нимани кутгандим мен? Шу олқишларними ё устознинг қувончиними? Йўқ! Аммо булар бўлмаса, нима? Бутун зални бошингга кўтариб, одамларнинг шовқинини ҳам босиб, жонинг борича бақиргинг, йиғлагинг келади. Аммо нима деб?
Моҳира Эшпўлатова.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев