35-қисм
- Менинг ҳам хаёлимга шу келди. Лекин қанақа вайн қиламиз?
- Севишганларни қиламиз. Пранклар ҳам қиламиз.
- Ўйлаб кўрайлик. Зўр бўларди, лекин, - маъқуллади Ситора.
- Мана бу пранкдан кейин рекламамиз кўпайиши аниқ.
- Ўзи каналларингизга реклама келадими?
- Ҳа, зўр келади. Охирги пайтда, реклама чақиришга Али ака билан Камрон аканинг ўзи етяпти. Камрон аканинг аёли ҳам трендга чиқди-ку.
- Бизники босиб кетди, уни.
- Ҳа, - деди Сардор.
- Пранкни менга билдирмай тўғри қилган экансиз. Ўта табиий чиққан.
- Мен кўп ишни тўғри қиламан. Сизга админ бўлиб ҳам тўғри қилганман, -кулди Сардор.
Ситора унга жўр бўлди.
- Бугун тўйда ким-киммиз?
- Али ака йўқ. Кўзининг кўкаргани кетмаган. Лазакатапа, сиз, Камрон ака.
- Тўй ҳар кунга борми?
Сардор секин Ситоранинг тиззасида турган қўлига қўлини қўйди:
- Мен бор эканман, тўй бўлади. Пулингиз ҳам бўлади.
Ситора Сардорнинг ҳаракатидан ҳайрон бўлиб қараб қолди.
💞 💞 💞
Тонг. Лазокат эфир олиб боряпти:
- Ҳеч қачон ортга қараманг. Агар ўтмишингиз мазмунсиз ва бесамар ўтган бўлса, кўнглингиз чўкади. Олдинга интилинг, ўтмишдаги хатоларни такрорлашдан қочинг. Сиз билан Лазокат Салимова бўлди. Кейинги соатларда Али Мансуровни қарши оласиз, демак шу тўлқин манзилингиз бўлсин.
Али бу ёқдан туриб, қўлини икки қўлини кўтариб “Х” ишорасини қилди. Чиқмайман дегандек имо қилди. Лазокат тушунмади. Мусиқа янгради. Лазокат “наушниги”ни ечиб чиққанида Али шивирлаб гапирди:
- Мен эфир олиб бора олмайман. Овозим йўқ.
- Салом. Вой, намунча. Музқаймоқ еяпсизми?
- Қаёқда? Ўзим ҳам ҳайронман.
- Дўхтирга боринг. Эфирни нима қиларканмиз?
- Тайёр эшиттириш кетадиган бўлди, - деди шивирлагандек Али.
- Вай, гапиришингизни. Юрагим сиқиб кетди.
- Ҳозир чиқиб лорга бораман деяпман.
- Гули яхшими?
- Ҳали хушига келмади, ҳозир бораман.
Лазокат Алига яқин келиб сўради:
- Ота-онангиз билан гаплашмадингизми?
- Бугун гаплашаман.
- Ситора билан нима бўлди?
- Сардордан сўрай олмадим. Аммо кўрдим. Менимча, пранк у.
- Пранк? Пранкка ўхшамади, Ситоранинг ростмана жаҳли чиққанди, - ишонмади Лазокат.
- Билмадим. Майли, мен дўхтирга боришим керак... - Али чиқиб кетди. Лазокат унинг ортидан алам билан қараб қоларкан деди:
- Ситорага гард юқтиргиси келмайди...
💞 💞 💞
Комил ака машинасининг капотини очиб, чуқалаяпти. Тузатиш билан овора. Машинанинг ичидан телефонининг жиринглагани эшитилди. Комил ака машинага бир қур қараб, салонга кириб телефонини олди. Экранига қараб сергак тортди. Дарров жавоб берди:
- Ало? Ўртоқ командир, ассалому алайкум.
- Ассалому алайкум, Комил ака. Яхшимисиз? – деди терговчи Жамолов.
- Яхши, ўзингиз яхшими?
- Яхши. Уйдагилар яхшими? Али яхшими?
- Шукр, шукр. Тинчликми, командир? – хадиксираб сўради Комил ака.
- Тинчликмасда. Шунга безовта қиляпман.
- Нима гап? Бемалол айтаверинг.
💞 💞 💞
Жамолов иш столида ўтирибди. Телефонда гаплашяпти.
- Алининг устидан шикоят аризаси тушган.
- Алининг устидан дейсизми? – ишонқирамади Комил ака.
- Ҳа. Келинингиз уйдами? Алининг ўзи қараяптими?
Комил ака жим бўлиб қолди.
- Комил ака?
- Шифохонада, келин шифохонада. Мазаси йўқ эди.
- Лекин Алининг қарамоғида, а?
- Ҳалиги... бир ота-онаси олиб кетади, бир олиб келади...
- Суд аёли қарамоғида бўлгани учун енгиллик берган-ку. Шунга устидан шикоят тушган. Ишчи гуруҳ уйига ўтиб қолиши мумкин, Али аёлига қараяптими, йўқми, шуни билгани, - деди Жамолов.
- Хўп, хўп.
- Шуни айтай дегандим, майли.
- Раҳмат, командир...
💞 💞 💞
Жамшид чой дамлади. Астойдил, берилиб айёрона жилмайиб дамлади. Кейин Алига телефон қилди:
- Ало?
Алининг шивирлаб гапирган овози эшитилди:
- Ало, ассалому алайкум.
Жамшид жўртага билмаганга олди:
- Волайкум, нега шивирлаб гапиряпсиз? Эфирдамисиз?
- Эфирга чиқолмадим. Томоғим буғилиб, овозим чиқмай қолган.
- Ие, муздай нарса **** қўйдингизми? Эҳтиёт бўлмайсизми? Эфир нима бўлади?
- Эфирга чиқа олмадим. Дўхтирга бормоқчиман. Негадир чиқмаяпти, овозим.
- Шамоллатгансиз-да, келинг-чи? Нега овозингиз буғилади? Мен ҳали менга дарс ўтасиз, деб ўтирибман-а?
- Ҳозир бораман.
- Ҳа, келинг...
Жамшид алоқани узди ва ўзига ўзи мамнун жилмайиб деди:
- Айни муддао! Бугун ҳам менинг қўлимдан чой ичсанг, буткул овозингдан айриласан! Кейин кўрамиз, эфирга ким чиқар экан?
💞 💞 💞
Зилола ойна олдида сепига олинган кийимларни ўзига тутиб кўряпти. Эшик жиринглади. Зилола кийимни қўйиб, эшик томон юрди.
- Ие, келинг опа. Салом, - деди у эшик олдида турган Лазокатга қараб.
- Салом.
Иккаласи ўпишиб кўришишди.
- Яхшимисиз? Уколингиз ҳам қолиб кетди-я.
- Дори ичяпман-ку, яхшиман.
- Киринг...
Иккаласи меҳмонхонага ўтди. Зилола яна кийимларни кўра бошлади.
- Эҳе, мен кўп нарсани ўтказиб юборибман-ку.
- Бозорга бордик, - деди илжайиб Зилола.
- Ойим айтганди. Ойим қани? Самира... Насиба.
- Ҳаммаси меҳмонга кетишди. Қўшниникига қовурдоқ келган. Самира ҳам қизлари билан ўйнаб юрибди.
- Яхши. Зўр нарсалар олибсан-у.
Лазокат кийимларни кўра бошлади.
- Бу кийимларни олган одам хурсанд бўлмайдими? Нега қовоғингдан қор ёғяпти.
- Фотиҳаси бўлаётган куёв бола телефон ҳам қилмайди. Телефон қилсам, кўтармайди ҳам.
- Айтганча, айтмадинг ҳам куёв кимлигини. Ойим ҳам сир сақлай қолди роса. Айт, ким экан?
- Топинг-чи?
- Қизиқмисан? Қанақа қилиб топаман? – энса қотирди Лазокат.
- Танийсиз-да.
- Нима? Мен танийманми?
- Ҳмм.
Лазокат ўйланиб қолди:
- Ким экан? Тавбаааа... Айта қол, ичимни қиздирмай...
- Сиз уни ҳар куни кўрасиз...
- Нима? Кўраман! Ким кўраман? Куёвними? Ким экан у?
Зилола сирли жилмайди ва завқ билан гапирди:
- Ўйланг.
- Мен ҳар кун кўрадиган одамлар ичида бўйдоқ йигитлар йўқ-ку.
- Тушингизга ҳам кирмаган! Айтайми? Имммм... Али ака-а-а-а...
- Али ака? Али Мансуровми?
Лазокатнинг кўзлари катта-катта бўлди.
- Ҳммм!
Лазокат қотиб қолди. Ғалати аҳволга тушди. Қулоқларига ишонмади. Зилола эса қиқир-қиқир куляпти:
- Шок бўлишингизни билувдим, опа.
Лазокат хурсанд бўлиши ҳам, хафа бўлишини ҳам билолмай ҳамон шокда.
- Шу ҳолга тушишингизни билганим учун ойимга сиз айтманг, ўзим айтаман дегандим-да. Шошманг, видеога олай... – кулди Зилола.
Зилола телефонини ёқиб, Лазокатни видеога ола бошлади. Ўзи эса блогерлардек гапирди:
- Опамнинг бўлажак куёви кимлигини билганидан кейинги аҳволи. (кулади, Қулоқларига ишонмаяпти. Шокда.
Зилола яна кулди. Лазокат зўрға гапирди:
- Ўчир...
Зилола телефонини ўчирди:
- Умуман кутмаган экансиз-а, опа?
- Ҳммм, - нафаси чиқмасди Лазокатнинг.
- Ўзи Али аканинг мухлиси эдим, яхши кўрардим. Ниятимга етяпман, қаранг.
- Зилол... ҳалиги... сен... - Лазокат айтолмай ланжиланди. - Нима десам, экан. Мендан хафа бўлма-ю... Сен... Алига теголмайсан...
Зилола ҳайрон бўлди:
- Нега?
Лазокат сабабини айтолмади. Жим бўлиб қолди.
- Нега унақа деяпсиз, опа? – сўради Зилола.
- Ҳалиги... у уйланган. Сен турмушга чиқмаган қизсан... Кейин... у актриса Ситоранинг ҳам орқасидан юрибди, менимча.
Зилола ҳам бироз ўйланиб қолди. Кайфияти тушгани сезилди.
💞 💞 💞
Камрон ва Чарос тушлик қилиб ўтирибди.
- Янги бошламоқчи бўлган лойиҳамиз ҳам тўхтайдиган бўлди. Режалаштирилган съёмкани бекор қиламиз, - деди Камрон.
- Нега?
- Алининг юзи кўкарган, бу ҳолда эфирга чиқа олмайди. Бу ҳам етмагандек, томоғи ҳам оғриб, овози чиқмай қолибди. Ҳатто радиодаги эшиттиришлари ҳам, тўйлари ҳам тўхтади. Соғайиб олса, кейин ишлармиз.
- Ҳаммаси бирдан келибди-да. Майли бир ҳафта кечиктириб турамиз, съёмкани, - деди Чарос.
- Хотини ҳам шифохонага тушиб қолибди. Ёнига ўтиб кетишим керак.
- Сизнинг аёлингиз-чи? Соғайиб қолдиларми, кеннайим? Чиқдиларми, шифохонадан?
Камрон хўрсинди:
- Билмайман. Бормадим. Бормоқчи ҳам эмасман.
Камрон уҳ тортди.
- Унақа қилманг, устоз. Кеннайимга ҳозир далдангиз керак.
- Устимдан ички ишларга ёзиб берган. Кўнглим қолиб кетди. Кўргим ҳам келмаяпти.
Чарос унга ачиниб қаради.
💞 💞 💞
Лазокат телефонини олиб, у ёқ-бу ёққа қаради. Зилолани кузатди. Зилола кўйлагини дазмол қиляпти. Лазокат унинг ортидан бормаслигига ишонч ҳосил қилиб, бошқа хонага ўтди ва Алига қўнғироқ қилди. Пастроқ овозда, эҳтиёткорона гаплашди:
- Ало, Али?
Алининг овози жуда паст ва хириллаб келди:
- Салом, Лазо.
- Яхшимисиз?
- Бўлади.
- Қаердасиз?
- Шифохонага, Гулининг ёнига кетяпман.
- Сиз билан юзма-юз очиқча гаплашиб олмасак бўлмайди.
- Тинчликми?
- Тинчликмас. Сиз... - аламдан титраб кетди Лазокат. - Нега ҳам синглимни, ҳам мени аҳмоқ қилиб юрибсиз?
- Синглингиз? Қанақа синглингиз? – тушунмади Али.
Лазокат жим бўлди, бироз ўйланиб қолди. Лабини тишлади.
- Нималар деяпсиз, Лазо? – деди Али.
- Ҳалиги... Зилола менинг синглим. Шуни айтяпман?
💞 💞 💞
Али машинада кетяпти. Телефони колонкага уланган, гаплашиб кетяпти. Кўзлари катта-катта бўлиб ҳайратдан қотди:
- Нима? Зилола сизнинг синглингиз?
- Ҳа, менинг синглим.
Али буткул ўзини йўқотди.
- Бўлиши мумкинмас... Сиз ва Зилола опа-сингил... Қанақасига? Нега аввалроқ айтмадингиз...
Лазокат жавоб бермади. Али ҳамон ҳайратда.
- Нега Зилола ҳам айтмади. Алдамаяпсизми?
- Ҳалиги... буни ўзимиз ҳам энди билдик. У сизнинг уйингизга ишга кирганини менга айтмаганди.
Али шокда қолди. Пичирлади:
- Ё Худо, энди нима бўлади? Ё Худо...
💞 💞 💞
Комил ака зиналардан секин кўтарилиб уйига кирди. Ошхонага кирганида Дилором опа бодрингни айлана қилиб кесиб, юзига ёпиштириб ўтирарди.
- Келинг, дадаси. Тузалдими, машинангиз. Устага олиб бордингизми?
- Устага бормадим, ўзим кўрдим. Тузалди, шекилли. Охиригача кўриб улгурмадим. Телефон бўлиб қолди, қўлим ишга бормай чиқдим.
- Ким телефон қилди? Тинчликми?
- Ички ишлардан Жамолов қилди.
Дилором сергак тортди:
- Тинчликми? Нима дейди?
- Алининг устидан шикоят тушибди. “Хотини қарамоғидалиги учун суд жазони енгиллатганди, хотинига қарамаётганмуш”, дейди. Назорат қилгани суддан одам келиши мумкинмуш. Гулини уйга олиб келиш керак, шекилли.
- Уф-ф-ф, - дод деворай деди Дилором опа. - Бу келиндан сира қутулолмаскан-да, Али. Шу Василахон тўйни тўхтатиш учун ёзиб бермадимикан?
- Қудангга нима фарқи бор? Унақа одамлармас улар... Ўйлаб гапир...
Дилором жаҳл билан юзидаги бодрингларни ола бошлади:
- Тўй бошлайман деб турганингда, бунинг чиқиб турганини қаранг. Бўлмаса, шифохонага бориш керак. Василахонни яна гапга оламиз. Уф-ф-ф, шу келинни деб менам роса турланишга мажбур бўляпман. Бечара Али... Яна касал қарайдими?
💞 💞 💞
Карим аканинг хонаси. Карим ака ва Зокир ака ўтирибди. Зокирнинг юзи ташвишли.
- Шунча вақт ҳам хушсиз ётиши мумкинми? – деди Зокир ака титраб-қақшаб.
- Тушунмаяпман. Ҳаммаси жойида. Жиддий ўзгариш йўқ. Менимча, Гулининг ўзи кўзларини очишни, яшашни истамаяпти. Ҳозир хушсиз эмас. Аммо буни билдиргиси ҳам келмаётгани қизиқ.
- Эрталабдан буён икки марта кирдим, юзини силадим, ўпдим. Қилт этмади. Ҳатто киприги пирпирамади.
- Менам шунга ҳайронман-да. Али келмадими, ҳали?
- Ишга кетганди. Энди келса керак.
- Алига бирор реакция қилмаса, бизгаям гўё ҳеч нарсани билмаётгандек тутиб ётибди ўзини. Укол қилишяпти, массаж қилишяпти. Айтганингиздек киприги ҳам пирпирамайди.
- Жиддий касал бошланмаётган бўлса, бўлди.
- Йўқ, ҳолати яхши дедим-ку. Менимча, шунчаки нимадандир сиқиляпти.
Зокир хўрсинди, уф тортди.
- Сиқилманг. Али келсин, кириб гаплашинг деймиз, - тасалли берди Карим ака.
💞 💞 💞
Серқатнов кўча. Таксида Малика кетяпти. Қовоғи солиқ. Аламзада.
Машина ойнасидан ташқарига қараб ўзича ўйлаб кетяпти:
- Камрон ака на ортимдан келди, на шифохонадан олиб чиқди. Тағин ҳамма ёнини олиб, устидан ёзма дейди. Нега ёзмаслигим керак? Нима қилиб беряпти, менга? Ўйнашларидан ортаётгани йўқ. Ҳаммага ўзини фариштадек кўрсатиб олган-да. Ўйлаб ҳам ўтирмай, ажрашаман деди-ку. Демак, шу кунни, шунақа баҳона бўлишини кутиб юрган. Шу қилганига менам қаматиб юбораман. Ишидан ҳам, ўйнашидан ҳам айрилади. Мендан воз кечдими, менам ҳамма яхши кўрган нарсаларидан воз кечтираман.
💞 💞 💞
Али Гулининг ёнида ўтирибди. Қўлини ушлаб ўтирибди. Қош-кўзига тикилди. Кейин секин сочини силаб, гапирди. Овози чиқмай, пичирлади:
- Қаро кўзим, сенга нима бўлди? Нега кўзларингни очмайсан? Қора кўзларингни соғиниб кетдим-ку.
Гулининг қошлари чимирилди. Кейин кўзини очиб, Алига ажабланиб қаради.
- Хайрият, ана, кўзларингни очдинг.
Гулининг баттар қошлари чимирилди.
- Ҳайрон бўляпсанми? Томоғим бўғилиб қолган. Бугун эфирга ҳам чиқа олмадим. Мана бу юзимдаги “нақш”ларни деб тўйга ҳам чиқа олмаяпман. Шу “Нақш”ларни деб сенинг олдингга ҳам бора олмай ўтиргандим. Сен эса овқат емай қўйибсан...
Гулининг кўзлари ёшга тўлди.
- Ие, йиғлаб берма, энди.
Али Гулига бироз тикилиб турди:
- Нега овқат емай қўйганингни айтайми? Аниқ биламан лекин мен, сабабини...
Гули жилмайди.
- Сен мени жуда қаттиқ соғингансан, кейин томоғингдан овқат ўтмаган? Топдимми?
Гули жилмайди, аммо кўзлари яна ёшга тўлди.
- Ё бошқа нарса сабаб иштаҳанг йўқолдими?
Гули “ҳа” дегандек кўзларини юмиб-очди. Али хурсанд бўлиб кетди.
- Во-о-о, жавоб беришни ўрганибсанми? Бўлмаса айт-чи, нега овқат емадинг?
Гулининг кўзларидан ёш томчилади. Али ҳайрон бўлди. Гулининг кўз ёшларини артаркан деди:
- Сени йиғлатадиган нима бўлди?
Гули бошини нариги томонга буриб олди. Али ҳайрон бўлиб қотиб қолди:
- Мендан юз ўгирма, Гулим. Ўзи ҳаёт юз ўгиряпти, мендан. Юзим ва овозим туфайли ҳамма ишим тўхтади. Томоғимни дўхтирга кўрсатишим керак.
Али хўрсинди. Гулига қаради. Гули терс қараб ётаверди. Али уҳ тортди.
💞 💞 💞
Каридорда Дилором ва Васила ўтирибди. Васила хомуш. Дилором унга гапириш билан овора:
- Гули билан Али ўзи бир-бирини жуда яхши кўради-да. Алиям кўчада безорилар уриб кетиб, боролмади, шунга Гули хавотир олган.
- Шундай...
- Агар бунақа касал бўлиб қолса, Гулини қийнамаймиз, Василахон. Уйига олиб кетамиз. Ўз уйида, Алининг ёнида бўлсин...
Васила Дилоромга ҳайрон бўлиб қаради:
- Ҳалиги... Алини уйлантираман дегандингиз. Гули бориб нима қилади.
- Вай Василахон, сизнинг ўзингиз ҳам Али қийналиб кетди, дедингиз. Менам энди эркак киши бир ўзи яшамасин, дегандим-да. Ҳали бирдан уйланиб олармиди? Гули билан ажрашмаган бўлса, олиб кетамиз. Ўз уйида туради, Гули.
Васила опа қудасига ҳайрон бўлиб қаради. Дилором унинг қарашига жавобан деди:
- Нега ажабланиб қарайсиз, қудажон? Борса, ўз уйи. Уйи бўлганидан кейин боради-да.
- Билмадим, дадаси рухсат берармикан?
- Зокиржонми, нега рухсат бермас экан? Ўзим айтаман. Гули ўз уйига кетади, тамом.
Васила опанинг ҳайрати янада ошди.
💞 💞 💞
Али лорниинг ёнида томоғини кўрсатяпти.
- Томоғингиз яхши. Қизариш, яллиғланиш, йиринг йўқ.
Али пичирлаб гапирди:
- Бўлмаса, нега овозим чиқмай қоляпти?
- Билмадим. Овоз пайчаларингиз зарарланган шекилли... – деди шифокор.
- Нимадан бўлади?
- Зарарлайдиган нимадир қилгансиз. Қизиб, сув ичганмисиз? Ё пайчаларни зарарлайдиган нимадир еганмисиз?
- Унақа қилганим йўқ. Ўз-ўзидан овозим чиқмай қоляпти.
- Баъзан гармонал ўзгаришлар ҳам сабаб бўлади.
- Нима қилсам бўлади? – деди Али хавотир билан.
- Текширганда бирор яллиғланиш сезилмади. Эндокринологга кўринасизми? Гармонлар сабаб бўлаётгандир, балки...
Али хўрсинди.
- УЗИ текширувидан ўтсангиз ҳам кўп нарса ойдинлашади, - деди лор шифокор.
💞 💞 💞
Азим дўконда пул санаб ўтирибди. Бугунги савдонинг пулини қабул қилиб оляпти. Санаб бўлиб, пулни қўлига олди ва Зилолага телефон қилди:
- Ало, Зилолахон!
- Ало? Салом.
- Салом, салом. Қалайсиз?
- Яхши. Ўзингиз яхшими? – деди Зилола.
- Биз яхшимиз? Нима янгиликлар? Тўйингиз қачон?
Зилола индамади.
- Нега нафасингиз ичингизга тушиб кетди, Зилолахон? – деди Азим ғолибона.
- Нега бу сизни қизиқтиряпти? Нега менга бунақа саволлар беряпсиз?
- Сиз ҳақингиздаги ҳамма нарса қизиқ менга, биласиз-ку, Зилолахон.
- Сизга мени тинч қўйинг, дегандим-ку. Нега телефон қилаверасиз?
- Билмасам, ё-ё-ё муҳаббат дегани шумикан, Зилола? Нима қилай, ўзим истамасам ҳам сиз ҳақингизда билгим келаверади.
- Майнавозчиликни йиғиштиринг. Бошқа менга телефон қилманг.
- Савол беришимнинг ҳам сабаби бор. Бир гап эшитиб қолдим... – деди Азим айёрлик билан.
💞 💞 💞
Зилола дераза олдида туриб телефонда гаплашяпти:
- Нима гап эшитдингиз?
- Ўша радиобошловчингиз сизга уйлана олмас экан. Хотинига қарармуш.
Зилоланинг авзойи ўзгарди. Индамади.
- Зилолахон, нега индамайсиз? Менимча, у сизни алдаб юрибди.
Зилола “қулт” этиб ютинди. Кўзларига ёш тўлди. Кейин ўзини қўлга олиб деди:
- Бунинг сизга нима қизиғи бор?
- Айтдим-ку, сиз ҳақингиздаги ҳамма нарса мени қизиқтиради. Менимча, буни отини муҳаббат дейдилар. Чин муҳаббат. Радиобошловчи эса сизни севдим деб алдаяпти. Икки-уч кунда хотинини уйига олиб келади. Сиз хотинига қаровчи бўлишингиз мумкин.
- Бўпти, яхши ишланг.
- Зилола, ҳалиям кечмас, ўйлаб кўринг. Алданманг. У хотинидан кечолмайди! Сизга уйланмайди.
Зилола жаҳл билан телефонни босиб қўйди. Йиғлаб юборди.
💞 💞 💞
Ситора тўйга бориш учун тайёрланяпти. Чиройли кўйлаклар кийиб, ясаняпти.
- Сардор билан вайнлар қилсам ростдан ҳам зўр бўларди, - ўйлади ичида. - Рекламаларимиз кўпайса, пулимиз ҳам кўпаярди. Шу йигит билан ишлаб, яхши пул топяпман, - у сочларини тузатган бўлди. - Тўйдан яхши тушяпти, вайнларнинг орқасидан пул топсак жуда зўр бўларди. Қанақа вайн қилсак экан? Севишганларни қилсакми? Сардор бугун қўлимни ушлаб, ғалати қилиқ қилди. Бир томондан у билан жуда яқин бўлишни ҳам истамайман. Менинг дидимдаги йигит эмас. Кейин... мендан кичик бўлса ҳам керак. Яна... бошқа севмайман, деб қасам ичганман, севиб қолмаслигим керак!
Ситоранинг кўзларига ёш тўлди. Ситора бўянишда давом этди.
💞 💞 💞
Дилором овқат қиляпти. Қозонда нимадир қовуряпти. Бироз ўйланиб туриб телефонини қўлига олди:
- Ало, ассалому алайкум Зулайҳохон.
- Ассалому алайкум, Дилором опа, яхшимисиз?
- Яхши. Ўзингиз яхшими?
- Шукр, яхшимиз. Нима гаплар? – деди Зулайҳо опа.
- Бир хижолатни иш бўлди. Шуни айтай дегандим.
- Нима экан? – деди Зулайҳо опа ҳайрон бўлиб.
- Шу болаларимизнинг фотиҳа тўйи сал ортга суриладими, дейман, - деди Дилором опа. - Ҳалиги... айтиш ҳам ноқулай. Гулининг мазаси йўғакан, шунга уларнинг сал кўнглига қараб турибмиз. Яна кўнглингизга олманг. Яхши-ёмон бўлмаганмиз, сан-манга бормаганмиз.
- Тушунаман, Дилором опа. Зилола айтиб келарди, аҳволи жуда ёмон деб. Ҳалиям шунчалик даволатибди, Али.
- Ҳа, ҳозир ҳам шифохонада. Бир хаёли шифохонада Алининг ҳам. Шунга ўзига келиб олсин, дедим. Хушига келмаяпти, Гули.
💞 💞 💞
Меҳмонхонада Зулайҳо ва Зилола ўтирибди. Зилоланинг қулоқлари динг. Зулайҳо телефонни баланд қўйиб гаплашяпти.
- Ҳа майли. Хуши келиб олсин. Тақдир қилган куни бўлади-да.
- Олдингизда хижолат бўлдим. Аслида индамай тўйни ўтказсак ҳам бўларди. Лекин юзхотир қиларкансиз.
- Ҳаа, уларга ҳам осон эмас, ахир. Ким хоҳлайди, боласи касал бўлишини. Тўғри қилибсиз, кўнглига қараб. Савобга қолибсиз, Дилором опа.
- Тушунганингиз учун раҳмат, Зулайҳохон, - деди Дилором опа.
- Хижолат бўлманг, опа. Бу ишни ҳаммасини билиб бошлаганмиз. Гулининг касаллигини, онасиникида эканлигини билиб туриб хафа бўламизми, опа?
- Раҳмат Зулайҳохон. Саломат бўлинг.
- Майли опа, сиқилманг, салом денг, - деди Зулайҳо опа.
Зулайҳо опа телефонни ўчириб, Зилолага қаради.
- Нима бўлсаям Гули ўлиб-нетиб қолмасин. Бечора қиз, жуда ёш.
Зилола хўрсинди:
- Анув Азим ака телефон қилганди, ойи. Фотиҳасини қайтарганим бор-ку.
- Ҳа. У яна нима дейди, сенга?
- Худди шу гапни айтганди. “Али хотинига қарайди, сизга уйланмайди”, деганди. Айтгани бўляпти. Бирор гап эшитдимикан? – деди Зилола хавотир билан.
- Унинг сенда алами бор Зилол. Шунчаки Гулининг мазаси қочганини эшитгандир? Шуни айтган. Энди-и-и, Гули ҳам Дилором опанинг неча йиллик келини, сан-манга боришмаган. Барибир аҳволига, ота-онасининг кўнглига қарайди-да.
Зилола бироз хотиржам бўлгандек бўлди:
- Тўғри.
- Али бирибир сенга уйланади. Гули тузаладиган аҳволдамас-ку. Бозорга бориб ҳамма нарсани олиб қўйган бўлсак. Бахтингни берсин, қизим. Хавотирланма.
- Хўп, - Зилола онасининг елкасига бошини қўйиб жилмайди. Шу пайт Зилоланинг телефони жиринглади. “Опам” деган ёзув чиқди.
- Опам қиляпти. Ало?
- Зилол.
- Ҳа, опа. Тузукмисиз?
- Яхшиман. Ўзинг нима қиляпсан? – деди Лазокат.
- Фотиҳа тўйим сурилди. Шунга ойим билан ўйланиб ўтиргандик.
- Нега сурилади? – ҳайрон бўлди Лазокат.
- Гулининг маза йўғакан.
- Ҳа, тўғри. Али айтганди. Гули шифохонада.
- Ҳааа, ўзингиз шунчаки телефон қилганмидингиз?
- Бугун меникига кел. Сенга айтадиган гапим бор.
- Хўп.
💞 💞 💞
Карим аканинг хонасида Али ўтирибди.
- Кўзини очди, кайфияти яхши, - деди хурсанд бўлиб Али.
- Менам Зокир акага “Али гаплашиб кўрсин, ўзига келиши мумкин”, дегандим. Чунки сизга жуда боғланиб қолган. Сиздан хавотирланган. Буни айтолмаган, билдира олмаган. Шунга сиқилиб, яшагиси келмай қолган, - деди Карим ака.
- Менам хавотирга қўйиб, бормай қўйгандим, ёнига. Кўзимни қаранг, буни кўриб баттар хавотир олади, дедим-да.
- Томоғингиз ҳам оғрибди.
- Ҳа, буям қўшилди, энди. Майли, яхши бўлиб қолар... Гулининг аҳволи ростдан яхшими?
- Ҳа, яхши. Олиб кетаверсангиз бўлади.
- Уйга олиб кетсам, бўладими?
- Ҳа, бу ерда нима қилади? Дори укол олмаса. Уйингизга олиб боринг, гаплашинг. Кайфиятини кўтаринг. Сиздан куч оляпти, сиздан қувватланяпти.
- Яхши, унда олиб кетаман, - деди Али.
- Бўпти, қизларга айтгандим, ҳужжатларни тахт қилиб қўйгандир?
- Раҳмат, майли, - Али чиқиб кетди.
💞 💞 💞
Малика ошхонада атрофни кузатиб турибди. Ошхонада ҳамма нарса тўзиган. Роковина тўла идиш-товоқ. Камрон чой, кофе ичиб, роковинага қўйиб кетган. Стол устида ҳам чойнак, пиёлалар, тарелкада ширинликлар тўзиб ётибди. Малика роковинадаги идишларни қаради.
- Мен йўғимда маҳбубасини олиб келмабдими, дейман. Бир ўзи овқатланганми, икки кишими? – гумон қилди Малика.
Сўнг идишларга яхшилаб қаради. Аммо ювмади. Шу пайт эшик жиринглади. Малика бориб очди. Эшик олдида Саодат хола Маликанинг ўғлини кўтариб турарди. Имроннинг кўзларини онасини кўпиб порлаб кетди.
- Ассалому алайкум, ойи. Киринг, вай мени асалим, жоним келдингми? Сени соғиниб кетдим-ку, - деди Малика Имронга қўл чўзиб.
Малика Саодат холанинг қўлидан ўғлини олди. Саодат хола бир қўлида сумка билан уйга кирди. Улар тўғри залга ўтишди. Зал ҳам тўзиб ётарди. Камрон кўйлаги, сочиғи, пайпоғи яна нималардир сочилиб ётибди. Малика индамай боласини эркалай бошлади:
- Асал болам, сенам мени соғиндингми?
Саодат хола атрофни синчковлик билан кузатди. Жаҳли чиқди:
- Ҳали уйингни йиғиштирмадингми? Мен атай сени уйингни йиғиштириб, саранжомлаб ол, деб ўғлингни ўзим олиб бораман дедим.
- Мен унинг хизматкориманми? У шунча кун тўзитган, мен нега йиғишим керак?
- Бўлмаса, мен нега овора бўлиб шунча йўлга келдим. Ўғлингни ўзинг уйга кириб олиб келсанг бўларкану.
- Ўзингиз обораман деганизга хўп, дедим-да.
- Мен уйингни саранжомлайсан дегандим. Бунақа аҳволда ўтирадиган бўлсанг, Камрон эмас, менам ҳайдаб юборардим. Айтиб қўяй, нима қилаётган бўлсанг, ўзингни зарарингга қиляпсан.
Малика индамади.
- Шунақа тўзиб ўтиришга қандай кўнглинг бўляпти? Шу кетишинг бўлса, аниқ кўчада қоласан. Бер болани менга, тур йиғиштир... Эринг келишига овқатам қил.
- Йиғиштирмайман, қилмайман ойи. Мен уни хизматкори эмасман! У кўчада юради мазза, қилиб, мен уйда чўри.
- Сен қаёқдан биласан? Ишда-ку, барака топкур. Тур дедим.
- Ойи, мажбурламанг, барибир қилмайман, - деди без бўлиб Малика.
Саодат хола ортиқ ўзи ушлаб туролмади. Шартта ўрнидан турди:
- Аввал ҳам айтардим, ҳамма гап сенда деб. Аниқ шунақа экан. Кимга тортинг сен билмайман! Ўтиравер бўлмаса, эртага эринг кўчага ҳайдаб чиқарса, қаёққа бораркансан! Айтиб қўяй, менам киритмайман уйга. Отанг-ку, аниқ киритмайди. Кетдим, - Саодат хола шаҳд билан чиқиб кетди.
Малика орқасидан алам билан қараб қолди.
💞 💞 💞
Гули ўзининг ётоқхонасида, Али ёнида ўтирибди. Овози ҳамон чиқмаяпти. Пичирлагандек гапирди:
- Ўз кошонангизга келиб олдингиз, Қора кўзим.
Гули унга қараб жилмайди.
- Қорнимиз тўқ, ғамимиз йўқ. Мен кийимларимни алмаштириб, олай...
Али ўрнидан турди. Шкафнинг ёнига келиб, пул соладиган сейфни очди. Пул тугаган. Чўнтагини титкилади. 300-400 минг сўмча пули бор. Хўрсинди.
- Бор пулимни шифохонага, дори-дармонга ишлатдим, - деди ичида. - Яна пулсизлик бошланди. Ишим ҳам тўхтаган. Энди нима қилдим? Тезроқ томоғимни даволатиб овозимни чиқариб олмасам бўлмайди. Эртага бошқа бир дўхтирга бориб кўраман.
Али уҳ тортди. Секин Гулига қаради:
- Эртага мен ишга кетсам, сенга қараш учун Зилолани чақириб қўйишим керак-ку.
Гулининг авзойи ўзгарди. Али эса буни сезмади. Зилолага қўнғироқ қилди.
- Ало, Зилола яхшимисиз?
- Ассалому алайкум, Али ака.
- Ва алайкум ассалом. Қаердасиз?
- Нега пичирлаб гапиряпсиз?
- Пичирламаяпман. Қаердасиз? – сўради Али.
- Менми? Йўлдаман, опамларникига кетаётгандим.
Алининг қошлари чимирилди, ғалати аҳволга тушди.
- Айтганча, сиз Лазокатнинги синглиси экансиз-а?
- Ҳа. Қаердан билдингиз? – деди Зилола.
- Лазокат айтди. Бир оғиз айтмабсиз келганингизда.
- Ҳалиги...
- Майли, ҳозир бу муҳим эмас. Бошқа масалада қўнғироқ қилаётгандим. Эртага эрталаб кела оласизми, бизникига?
💞 💞 💞
Қоронғи тушган. Зилола автобусда кетяпти. Али билан телефонда гаплашяпти.
- Нега? – деди у.
- Гулини олиб келгандим. Қараб турмасангиз бўлмайди. Сиздан бошқага ишона олмайман.
- Хўп, бораман.
- Вақтлироқ келаверинг. Нонуштага бирорта нима пишириб берасиз, - тайинлади Али.
- Хўп.
- Майли бўлмаса кутаман.
Давоми бор
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев