Навбатдаги ҳикоя ҳам реал воқеъалар асостда ёзилди. Хулоса ўзингиздан ва сўнгги сўз Сизники.
ҚАРҒИШ
Қариганида бир уй, бир ўзи қолди. Бир ҳафтадан буён на келини на ўғли остона ҳатлаб киргани йўқ.Невараси Шаҳруз нонушта,тушлик олиб кириб бўшаган идишларни олиб чиқиб кетишини айтмаса биров йўқлаб келмади шу ҳафта ичи. Боши ёстиққа текканда аввалида гура--гура бўлиб кўргани келишди,кейинчалик аста секин қадамлар камайиб, секинлашиб бора бора тинди.Ора сирада бирор қариндош уруғ бир косада ош--овқат, уч тўртта мева--чева кўтариб келиб қолади. Ёш--яланги бемор кўргани келиб шапалоқдек телефонидан кўз узмай келиб кўз узмай кетсада ўшалар келгани маъқул. Ўтмишни эслайдиганлар келишидан чўчийди. Ташида бир сўз демасада улар кўзлари гўё қилганингга яраша топдинг деётгандек туюлаверади, туюлаверади... Ҳовлининг нариги бетидаги уйда кампири Хосият ётарди аввал. Аҳволи... Худо ҳеч кимни бу куйга солмасин!Кичик қизини ичкуёв қилган эди.Шу қизи,ичидан чиққан фарзанди ҳам ирганиб кириб чиқарди онасининг олдига.Баъзан кампирининг чойшабларини ювгани олиб чиқса қўланса ҳиди у ётган уйгача етиб кўнгли ағдариларди. Силлайи раҳм уйғонгандай бўлардию лекин тезда нафрат ва ғазаб ўз ўрнига қайтарди. Қарғиш тутаркан лекин. Кампирини қарғиш урган. Ўзини ҳам шу қарғиш уриб мана қариганда якка мохов бўлиб ўтирибти. Ҳамтенглари чол--кампир бир бири билан ҳазил ҳузул қилиб тишсиз оғзини очиб қаҳ қаҳ кулиб ўтиришибти
У бўлса... Қарғиш пайкон! Кўнгил камон! Биринчи хотини Розиянинг қарғиши урди. Уриб ҳам ҳар иккисини ёмон уриб қўйди. Ўзини ҳам ўша бегуноҳгина, маъсумагина Розиянинг омонатини топшираётиб пичирлаб қарғаган эдия...
Самар чол юраги ўртаниб уф тортди. Қаерданам шу Хосиятга илакишди... Аслидаку Розия ундан ўн чандон чиройли эди. Тарбия, андишаси ҳам Хосиятдан зиёда эди.Аёлнинг макрига енгилган эди Самар. Хосиятнинг макр--ҳийласи, нозу--ишваси тўри унинг жисми, онгинигина эмас имони, силлайи шафқатини ҳам ўраб олган экан ўшанда.Шафқатсизлик эса унда урушда пайдо бўлган эди. У пайтлар Самар чол эмас Самар полвон эди. Қомату келбатидан дев ҳайиқарди. Бир йигит эдики кўрганнинг суқи кирадиган. Умрида бир марта, туғилганида йиғлаган иродаси метин Самар полвон немислар ташлаб чиққан қишлоқда йиғлади. Ёш боладек ҳўнграб йиғлади. Бир Самар полвонмас, ўзини она туққанини билган, англаган борки йиғлади. Зўрланган, шишиб кўкариб кетган беш--олти ёшли қизалоқнинг ўлиги устида йиғлади.
Ўлиб ётган онасини эмаётган гўдакни кўриб йиғлади.
Бир кўзи ўйиб олинган, оппоқ соқоли қора қонга бўялганча зорланиб инграётган қарияни кўриб йиғлади.
Кейин асир тушган немис офицерини тилидан осилганини кўрди. Ўзику у фрицни бурдалаш керак эдикуя, лекин... Сўроқ пайтида немислар олий ирқ, бошқалар уларга хизмат қилиши керак деганда армани полк командири уни тилидан осди. Доим асабий юрадиган бадқовоқ бу инсон гўёки инсон боласини азоблашда Жаҳаннамдан дарс олиб келганга ўхшарди.Энг нозик нуқталар,энг азобли ва одам боласи чидолмайдиган қийноқлар ҳаққида гапириб қоларди.Ўша немис зобитини ҳам бошқа асирларга қўшиб жўнатиб юбормай атайлаб олиб қолган эди. Пишиқ ипак ип билан забонини шахсан ўзи чандиб боғлади. Шу ипдан тортиб осишганда гавдали, хушсурат немис зобит аввал бўкириб юборди. Гавдаси оғирлиги билан тили илдизидан суғурила бошлаганда итдек увиллади.Нафас йўллари ёпила бошлагандан сўнг хириллай--хириллай узоқ қийналиб жон берган эди. Ўшанда Хоразмлик йигит Бешим бир гап айтган эди:
---Одам боласини бунчалик хўрлаш гуноҳ! Уволи бор ахир!
Самарни ҳам Розияни уволи тутди. Жангдан бир оёғи сонидан кесилиб келди. Шу сабабми жиззаки ва асабий эди у. Заҳрини Розияга сочарди, худдики оёғини у кесгандай!
---Рози, болангга қара!
---Ўлиб қолганмисан Рози?! Бир соатдан бери сув дейман!
---Рози!!! Йўқот кўзимдан бу кучукваччангни, бўғиб ўлдириб қўяман ҳозир!
Шўрликкина Розия! Ғинг деб уни чиқмасди. Мол--ҳол, экин--тикин,дала юмуши, учта бола, кекса қайнона қайнота,устига устак оёқсиз ва инжиқ, доим дарғазаб эрнинг зуғуми. Розия эса чидарди барига. Ростда , осон эканми ахир алпдек йигитга қўлтиқ таёққа суяниб қолиш?
Колхоз идорасига кадрлар бўлими бошлиғи бўлиб ишга таклиф қилинганда Самар суюнди.У билан бирга Розия ҳам суюнди.
---Нима юмуш бўлса уйда қиламан ўзим. Сиз ишга бориб келиб ўзингизни чалғитиб юрсангиз бўлди.---деди у.Эрта суюнган экан. Эрининг ишхонасида Хосият отлиғ бало борлигини қайдан билибти? Энг гўзал хилқат аёл ўз қавми бўлмиш яна бир аёлнинг рўзғорини бузиши, оилалик эркакнинг қўйнига никоҳсиз киришини соддагина Розия тасаввур ҳам қилолмас эди. Самар полвон эса аёлда бунча нозу--ишва, макру--ҳийла ва эркагу аёл муносабатида у билмаган кўп нағмалар борлигини тасаввур қилмаган экан. Пастаккина, бўлиққина, оқ сариқдан келган Хосият биринчи кунданоқ кўз сузиб истиғно билан ачинган бўлиб гап бошлади.
---Вуйййй... Уруш ўлсина!...Сиздек йигитнинг оёғини ямлаб кетгунча ёмонларни ютсин эдия!
Кесилган ери зирқираб оғриётган оёғини уқалаб ўтирганда эса келиб тиз чўкканча кўзларида ёш билан айтган гапи таъсирлантириб юборди:
---Оғрияптими? Уқалаб қўяйми?
---Йўғе, раҳмат.Уялтирманг.---деди қизариб кетган Самар ўнғайсизланиб.
---Нега уяласиз? Нимага уялишингиз керак? Ахир бизлар учун,тинчлигимиз учун йўқотдингиз оёғингизни. Уқалаш эканку, ўпишга тайёрман.
Хосиятнинг гапларидан юраги шиғ этиб кетган эди ўшанда. Кутилмаганда сонининг оёқ кесилган жойини Хосият майин силай бошлади. Силаяптию кўз ёшлари ёноқларида думаларди. Бу ёшлар ўшанда чинмиди ёки сохта Самар полвон ҳали ҳануз тушунолмайди. Эри бор, оиласи тўкисгина жувонга бу сохталик нега керак эди? Кабинети эшигидан кирган заҳоти дик этиб туриб жилмаядиган, олма чой дамлаб жийда--туршак билан олиб келиб қўядиган Хосиятни қачон ўйлаб юрадиган, соғинадиган бўлиб қолди эслолмайдику, лекин шундай бўлди.Кундан кун боғланиб бораверди ва ниҳоят бир кун.... Гуноҳ!... Хиёнат!...Наҳот энг жирканч хиёнат шунчалик ёқимли бўлса? Наҳотки гуноҳ шунчалик тотли бўлса?Бу фараҳбахшликдан, тотли васл онларидан сармаст Самарнинг кўзига кундан кунга Розия ёмон кўриниб бораверди. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ.Тўртинчи фарзанди бўйида эди ўшанда. Ҳар қанча аччиқ қилмасин чидарди. Токи Хосият бетига чарм тортиб олдидан чиқиб бор гапни айтмагунича уни чиқмаган эди. Хосият осмондан келиб гапирган эди.
---Сенда ўзи ғурур борми? Самар акам мани севадилар. Биз бир--биримизсиз яшолмаймиз. Ўртамизда турмагинда, йўқол итваччаларингни олиб! Ўзим туғиб бераман суйганимга!
Розия унга нафрат билан қаради. Ўзини иложи борича босиб жавоб берди.
---Аввало эрлик аёлсиз. Кейин эрим сизни севсаю сиз сабаб мандан кечар бўлса ўзининг тил забони бор. Йўлимдан қочинг, ҳаром назарингиз норасталаримга тушади.
Хосият Розия шаллақилик қилиб юз--бетини юлишини, бақир--чақир қилишини кутган эди. Рақибасининг сокинлигидан эсанкираб қолди ҳатто. Устига устак у кутгандек сочи пахмоқ, тиши сўйлоқ, ивирсиган ва онги пастроқ аёлни эмас қомати расо, ойдек жувон экан. Билиниб қолган қорни ҳам ўзига ярашибгина турибти. Фақат кўзлари маъюс эди унинг. Вафо--садоқати, ҳурмат--иззати, эҳтирому--хизмати қадр топмаган, оиласи чок чокидан сўкилиб турган аёлнинг мунгли нигоҳи эди бу!
Хосиятга эса мана Розиянинг мана шу билиниб қолган ҳомиласи тинчлик бермай қўйди. Демак бир йилдан бери Самар ҳам у билан ҳам хотини билан?!.... Ҳооооо!!! Мана энди кўради!
Самар полвон Хосият уни ўзига йўлатмай қўйганининг аламини Розиядан оларди. Маккора Хосият ёмон гапирмасди. Ўша нозли сузук боқиш билан майин ҳиринглаб нуқул бир гапни такрорлайди:
---Аёлингиз уни ҳар тун суйиб эркалашини айтиб юрармиш. Тешик қулоқ, ман ҳам эшитдим. Нима қиламан Сизга тафт бости бўлиб?
Жонидан жабр ўтиб кетса онасига айтмайдиган Розия тўшагини кўча суҳбатига тўшаб ошкор этмаслигини билса ҳам Самар полвон Хосиятнинг ширин оғуши хуморида аёлини ёмон кўраверди, кўраверди.... Бўлар бўлмасга камситаверди, калтаклайверди, хўрлайверди... Босаверсанг бақа ҳам "вақ" дермиш. Розия қалби бор, юрак--кўнгли бор инсон эди. Охири ёрилди.
---Кўнглингиз ўшани тусаган экан мажбурлаб кимсага ёқиб бўлмайди, бораверинг ўшанга! Лекин мани бунча хўрламанг. Манинг ҳам уволим бордир? Болаларингизнинг, муқаддас никоҳнинг ҳурмати йўқми? Ҳаром деб ҳалолга тупуряпсизми?
---Сен мани юзимга гап қайтаряпсанми?--ҳар сўзини тишининг орасидан сизиб важоҳат билан хотинига томон юрди Самар полвон.
Бу гапларни Розия эрини инсофга чақириб айтган эди. Акси бўлди. Индаллосини гапирса инсофи уйғоқ бўлса Хосиятнинг макрига учармиди? Ақли уйғоқ бўлса урушга кетганида вафо билан кутган Розияни Хосият деб хўрлармиди?
--- Инсоф қолмапти Сизда. Қозонга яқин юриб қорасини юқтирибгина эмас, ўшанинг ўзига ўхшаб қолибсиз.
Розия паст, лекин истеҳзо билан гапирди. Худди сенга гап ҳайф дегандек юзини бургани эрининг ғазабига ғазаб қўшди. Самар полвоннинг кўзига Хосиятдан, унинг ширин истиғноларидан бошқа нарса кўринмасди. Шусиз ҳам ёмон кўриниб юрган Розия балодай кўринди.Шўрликни қанча муддат уриб--тепкилаганини эслолмайди.
Ҳовуридан бироз тушиб ўзига келганда уйнинг бурчагига тиқилиб олиб изиллаб йиғлаётган уч боланинг қўрқиб кетганидан рангида қон қолмаган, оёғи остида ғужанак бўлиб қорнини ушлаганча беҳуш ётган Розия қора қонга беланганча ётарди. Гумроҳ! Ноинсоф! Ёлғондан қилаяпти деб ўйлабти. Шу ҳолатда ҳам кўзига Хосиятдан бошқа нарса кўринмай ҳиссиз ҳушсиз аёлининг устидан ҳатлаб чиқиб кетиб эртаси пешинда кириб келди. Чала туғилган чақалоқ биғиллаб ётар, Розиянинг боши устида парвона уч тўрт аёлнинг бари унга ғазаб ва нафрат билан бирга ачиниб қарашаётганини илғаб юраги шувиллаб кетди. Қулоқчаккасига акаси қулочкашлаб туширган зарбдан гандираклаб бўйи баробар гурсиллаб тушгани баробарида вазият жиддийлигини тушуниб етди.
---Рози!... Кўзингни оч Рози.. Нима бўлди санга?
Аёллардан бири унга **** қўйгудай қараб луқма ташлади:
---Бечорани ўлим ҳол калтаклаб нима бўлди санга дейишини қаранг буни?!
Розия эса юмуқ кўзларидан ёш сизди. Қонсиз лаблари сўнгги бора пичирлади.
---Сиздан рози эмасман! Худоё худовандо ўша фоҳиша ҳаром жойидан йиринг оқиб ёнига ит ҳам йўлолмай ўлсин.
Қарғиш пайкон! Қарғиш отилиб чиққан кўнгил камон! Шу кўнгилнинг эгаси эса камонкаш! Розиянинг қарғиши нишонга тўғри тегди. Розиянинг вафотига ярим йил ҳам ўтмай келиб ўтириб олган Хосият тўртта қиз туғди. Розиядан қолган тўрт етимни икки буви--Самар ва Розиянинг онаси ўзлари баҳамжиҳат катта қилиб тинчитишди. Оғири ҳам тушмади етимгиналарнинг. Болаликда тушунмаганини эсини таниб тушунишди. Ҳақиқатни билгач эса салом алик ҳам совуққина, борди келди ҳам ўзига яраша... Хосият эса тўртинчи боласини туғиб бедаво дардга чалинди. Қарийб бир йил Гинекология бўлимида даволанишлар бесамар кетди.Ўрнидан туролмай ётиб қолди. Бадбўй йиринг ҳидидан олдига қизлари оғзи бурнини боғлаб кириб чиқишарди. Қийналиб жон берди Хосият. Бир неча марта чақиртирсада олдига кирмади эри. Самар чолнинг кўнгли Хосиятдан совиб ҳам бўлган эди--да бу пайтда. Хосиятнинг ўтмишини эшитган куни пушаймондан ўлмадику лекин ўзини ўлдирар ҳолга тушди. Ўзи айтганидек эри фронтда ўлмагани, умуман эрга тегмаганини эшитгач тахтадек қотиб қолган бўлса ўн уч ёшидаёқ бир пайтда уч тўрт эркакнинг кўнглини хушлаб юрганини эшитгач шалвираб қолди. Ўша кундан бошлаб қайтиб бетига қарамади.
********
Самар чолнинг ерга киргандек ёки осмонга учгандек ғойиб бўлиб қолгани ғалати бўлди! Оёғини зўрға судраб қўлтиқтаёқда юрган чол қаерга кетиши мумкин? Ҳеч қаерда йўқ! Милицияга ҳам хабар қилишган эди. Иккинчи куни кечга яқин хабар келди. Ашир гўрков хабар юбортирган экан; Самар чолни Розиянинг қабри устида тарашадек қотиб қолган ўлигини моргга олиб кетишган эмиш.
Ушбу ҳикоя ёзилишига сабаб бўлган суҳбат учун Когон туман, Ўбачўли қишлоғида яшовчи ҳамшира опахонимиз Рисолат опага миннатдорчилик билдираман.
Тамом.
Барчангизни тенгри паноҳида асрасин.
Муаллиф: #Зейл_Лейла Мустафасайяр
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3