Тазарру.
16-Қисм.
Луиза ўзини диванга отиб алам билан муштлади. Мисоли илондай тўлғонди. Алам қилмайдими? Шундай имконни қўлдан бой берди. Ахир ҳаммаси ўйлаганларидай бўлаётганди-ку! Йўлини топиб уйига бошлаб кирди. Афсуски, тўшакка тортолмади. Агар буни ҳам эплаганида олам гулистон эди. Ҳаммасини ҳисобга олганди. Қаерда хатога йўл қўйди? Балки ётоқхонага кирганларидан ечиниши керакмиди? Ҳа, шундай қилса жуда кўнгилдагидай бўларди. Ахир у ҳам эркак-ку. Унинг устига уйланмаган бўлса. Оппоқ баданини кўрганида эс-ҳушидан айрилиб, измига бўйсинганини билмай қолармиди?
Бунчалик алам билан тўлғонишининг сабаби, оз эмас, 200 минг сўмни қўлга киритишдан маҳрум бўлганди. Бунча пулни топиши осон эмасдида...
Ярим йилча аввал дугонаси Гулшан уни Миркомил билан таништирганда, топиши зўр, эпласанг ундан жуда кўп нарсани ундиришинг мумкин, деганди. Ҳақиқатдан унинг айтганича бўла бошлади. Миркомил ҳар келганида бир нима кўтариб келар ёки анчагина пул ташлаб кетарди. Ўтган ҳафта одатдагиданда «тўлиб-тошиб»роқ келди. Мулозамати ҳам бошқачароқ эди.
-Сизга бир «иш» бор,- деди анчагина ичиб, қизишиб олганларидан кейин.- Агар бажаролсангиз эвазига 200 минг оласиз.
-200 минг!- деб Луиза ҳайратга тушиб хитоб қилди.- Ҳазиллашаяпсизми?!
-Ҳазиллашганим йўқ,- деб Миркомил чўнтагидан бар даста пул чиқариб узатди.- Мана бу хамир учидан патир- 50 минг. Қолганини ишни бажаргандан кейин оласиз.
Луиза қўли қалтираб пулни оларкан, унинг жиддай гапираётганини тушунди. Ҳаяжонланиб сўради:- Қанақа иш?
-Қўрқманг, одам ўлдириш эмас,- деб Миркомил тинчлантирган бўлди.- Бир номард синглимни йўлдан уриб ташлаб кетди. Ундан ўчимни олишга ёрдам берасиз.
-Мен нима қилишим керак? Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?-деб Луиза қизиқсиниб сўради.
-Сиз қилишингиз керак бўлган иш оғир эмас. Кўнгилли деса ҳам бўлади. Ўша йигит- исми Самандар. Бир баҳона билан уйга олиб кирасиз. Нима десам экан? Қоши- кўзингизни сузасиз, бор маҳоратингизни ишга солиб «бошини айлантирасиз». Хуллас, у билан бўласиз. Кейин эса мени зўрлади, деб шикоят қиласиз. Бор- йўғи шу. Қолганини ўзим бажараман.
Луиза буни эшитиб довдириб қолди. Нима дейишини билмай, қўлимдан келарммикан, деди.
-Сиз ҳечам чўчиманг. Бу қўлингиздан келади, -деб Миркомил зўр бериб кўндиришга урина бошлади.- Ишонганим учун сизга айтдим. Кўриб турибсиз, бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ. Фақат баданида бирор из қолдирасиз. Масалан, тирнаш ёки тишлаш, дегандай. Бу далил учун керак бўлади. Кейин эса ўзингизнинг ҳам бирор жойингизни кўкартириб оласиз.
Луиза ҳамон нима дейишини билмай турарди. Рози бўлишга қалтислигидан чўчиётганди. Йўқ, дейишга эса Миркомил ваъда қилаётган пулга эга бўлиш иштиёқи имкон бермаётганди. Чунки бунча пул топиш имконияти ҳар доим ҳам бўлавермаслигини англаб турарди. Унинг ҳолатини яхши тушуниб турган Миркомил аврашда давом этди.
-Ўйлаб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Хизматингизга яраша оласиз-ку. Унда кейин ҳам бу ёрдамингизни ҳисобга оламан.
Луизада иккиланиш ўз-ўзидан барҳам топди. Розиман, дегандай бошини қимирлатди. Уни жабр кўрадиган бир бегуноҳнинг тақдири эмас, Миркомил ваъда қилаётган пул қизиқтираётганди.
Мана, ҳаммаси чиппакка чиқди. Шунча қилган ҳаракатлари ҳавога учди. Энди Миркомил ваъда қилган пул ҳам йўқ. Балки берганини ҳам қайтариб олар.
Беҳол ўрнидан турди. Йўлакка чиқанида девордаги соатга кўзи тушди. Соат 7- дан ўтаётганди. Кечки овқатга нима қилсам экан, деб ўйланиб ошхонага кирди. Самандар кўтаришиб келган сумкалар жойида турарди. Тузукроқ овқат қилиш кўнглига сиғмади. Картошка-сабзи арчилаб тухумга қўшиб қовурди. Иш билан ўзини овутишга ҳаракат қилса ҳам бўлиб ўтган воқеа кўз ўнгидан кетмасди. Плитага қўйган чойнинг қайнашини кутиб курсига ўтирди. Самандарнинг: мен дуч келган қанжиққа суйкалавермайман, дегани ногаҳон қулоғи остида жаранглаб кетди. Бунинг маъносига энди тушуниб юраги ўртаниб кетди. «Демак мен…» Хўрлиги келиб йиғлаб юборди.
Эшик қўнғироғининг кескин жиринглашидан чўчиб кетди. Миркомил келди, деб ўйлаб юраги «шув»этиб кетди. Девордаги ойнага қараб ўзини наридан бери тартибга келтирди. Минг азоб билан эшикни очганида остонада опаси Зебо Наимани кўтариб турганини кўриб, ичида «хайрият», деб юборди. Уни кўриши билан ая, деб талпипниб қолган қизини қўлига олиб, юзларидан ўпиб эркаларкан, дарров соғиниб қолибсанда, деб опаси билан кўришди.
-Ҳа, жуда соғиниб қолибди,- деди Зебо кулимсираб.- Аямга бораман, деб хархаша қилавериб безор қилиб юборди. Уйингга келган бўлсанг керак, деб ўйлаб олиб келавердим. Луиза, айтган жойингга бориб келдингми?
Луиза бугунги ишни режалаштирганда ҳалақит беради, деб қизи Наимани, боғчадан олинг, деб опасига илтимос қилганди.
-Ҳа, бориб келдим,- деб опасини уйга таклиф қилди.
Уйга кириб ўтирганларидан кейин дастурхон ёзиб чой дамлади. Салдан кейин овқатни сузиб келди. Зебо синглисининг нимадандир қаттиқ асабийлашаётганини сезаётганди. Саволларига истамагандай жавоб қайтарар, гаплари палапартиш, баъзан узуқ-юлуқ эди. Овқат ейишининг ҳам тайини йўқ эди. Салга ҳаяжонланиб кетар, ҳатто қизига қўрслик қилишдан ўзини тиёлмай қоларди. Бир неча марта, келганим малол келаяптимикан, деган хаёлга борди. Бир нимани баҳона қилиб кетишни ҳам кўнглидан ўтказди. Луизанинг қизини тиззасига ўтқазиб овқат едираётганини кўриб деди:
-Наима катта бўлиб қолди. Ўзига алоҳида солиб берсанг еяверади.
-Э, ҳамма ёққа сочиб ташлайди,- деди Луиза қошларини чимириб.- Тозалайверишга кимнинг тоқати бор?
-Шу биттагина қизингнинг ивирситганини тозаламасанг онаман, деб юрганинг қаёққа боради?- деди Зебо унга.
Бу дашном ёқмаган Луиза жавоб бермади. Наима инжиқлик қилганида аламини ундан олмоқчи бўлгандай бир-икки тушириб қолди. Қизча чириллаб йиғлай бошлади. Орага ноқулайлик тушди. Зебонинг кайфияти бутунлай бузилди. Иштаҳаси бўғилиб, қошиқни нари суриб қўйди. Кетиш тараддудига туша бошлади.
Эшик қўнғироғи жиринглаганиди Луиза кутилмаганда сесканиб кетди. Саросимага тушиб кўзлари олазарак бўлиб қолди. Гўёки бир нохуш воқеа содир бўладигандай юзи оқариб кетди. Лекин ўрнидан туриб бориб эшикни очишга ботинолмаётгандай эди. Қўнғироқ яна кетма-кет жиринглаганидан кейин ноилож туриб қизини опасига берди. Оёқлари чалишгандай бўлиб хонадан чиқди.
Зебо унинг ўзини бундай ғайритабиий тутишидан, бир гап бўлганга ўхшайди, балки кетганим ҳам яхши бўлар , деб кўнглидан ўтказди.
Луиза эшикни очди-ю, юраги «шув» этиб кетди. Ҳозир кўришни зинҳор истамаган киши -Миркомил остонада турарди. Унинг кўзлари қизарганидан мастлиги аниқ- сезилиб турарди.
-Нима бўлди сизга? Нега қўрқиб кетдингиз?-деб хушомад билан Миркомил сўради.- Ишни қойиллатиб, мени хурсанд қилишга шай бўлиб турибсизми?
Луиза дарров жавоб бермади. Яна қайта сўраганидан кейин опам эшитиб қолмасин, деб эшикни ёпиб бош чайқади.
-Тушунмадим, нега бош чайқаяпсиз?- деб Миркомил ҳайрон бўлиб сўради.- Уни уйингизга бошлаб кириб кетганингизни ўз кўзим билан кўрдим-ку.
-Ҳеч нима бўлмади. Чунки у аёлларни ёқтирмайдиганлардан экан.
-Ие, дунёда шунақа эркаклар ҳам бормикан?- деди Миркомил. Луизанинг жавоби уни бутунлай гангитиб қўйганди. Бу ишни режалаштирганида иши ўнгидан келишига сира шубҳаланмаган эди. Ишонгиси келмагандай сўради.- Наҳотки шуни ҳам эплолмаган бўлсангиз?! Айтинг, нима бўлди ?
-Қўйинг, ҳозир мендан ҳеч нимани сўраманг, барибир айтолмайман,-деб Луиза эшикка беҳол суяниб жавоб берди.
-Ярамас, бу сафар ҳам қутулиб қолди-я,- деди Миркомил тишларини ғичирлатиб.- Яқинда магнитафон билан боғлиқ режам ҳам чиппакка чиққанди. Энди буниси. Ҳеқиси йўқ, у барибир қутулолмайди, деб ўша воқеани гапириб берди. Бирдан ўзгариб ҳушомад оҳангида давом этди.- Самандар аёлларни ёқтирмас экан, биз жуда ёқтирамизда. Хўш, кирамизми уйингизга?
-Бунинг бугун сираям иложи йўқ. Опам келган,- деб Луиза ичкарига ишора қилди.
-Оббо, бугун ўзи омадим келмайдиган кун эканда. Ҳа, майли, буни ҳам кейинги сафарга қолдиришдан бошқа чорамиз йўқ шекилли,- деб Миркомил норози оҳангда хайрлашиб зинадан туша бошлади.
Одатда Луиза унинг келишидан хурсанд бўларди. Ҳозир эса кетаётганидан хурсанд бўлди. Опасининг ёнгига қайтиб кираркан, қўшнимиз экан, деб қўя қолди. Лекин Зебо унинг ҳолатидан ёлғон гапираётганини, «қўшни»нинг келиб кетиши бошқача таъсир қилганини ҳам англаб турарди. Аммо ҳозир буни сўрашнинг мавриди эмас, деб ҳисоблаб индамади. Кетишга чоғланар экан, ундан сўрамоқчи бўлган гап эсига тушиб қолди.
-Луиза, бир киши турмушга чиқишга таклиф қилаяпти, дегандинг. Хўш, нима қарорга келдинг?
-Йўқ, деб жавоб бердим, -деди Луиза бош чайқаб.- Ахир қишлоқда яшаш қандайлигини ўзингиз яхши биласиз. Унда ташқари учта боласи бор экан. Зарур келибдими, уларнинг қасмоғини тозалаш. Бировнинг боласи барибир менга болалик қилмайди. Наимага ҳам кун беришмаса керак.
-Шу ҳам баҳона бўлдими? Бу ўзингнинг фикрингми ёки бирортаси шунақа ақл ўргатдими? Шошма, айтмасанг ҳам биламан. Маслаҳатчинг ўша Гулшан, тўғрими?-деди Зебо жаҳл билан. Луиза индамагач, бирпас туриб гапида давом этди:- Ундан узоқ юр, деб сенга минг марта айтдим, қулоқ ҳам солмаяпсан. Унақаларни жуда яхши биламан. Чўнтагида пули бўлса иблисга ҳам суйкалишаверади.
-Бу унинг шахсий иши. Менга нима алоқаси бор?-деди Луиза заҳархандалик билан.
-Алоқаси борда, шунинг учун айтаяпман. Қачонгача унга қўшилиб бунақа юрасан? Сен ҳам одамларга ўхшаб, оила қуриб яшагин, дейманда. Бу юришинг ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди,- деди.
Зебонинг бу насиҳатлари Луизага ёқмагани кўриниб турарди. «Қўйсангиз-чи», дегандай қўл силтаб қўйди. Зебо баттар аччиқланди.- У кишиниг болалари бор экан, топ боласи йўғидан. Ахир Ноилага ҳам ота керак-ку!
-Топилиб қолар.
-Топгандирсан?-деб сўради Зебо киноя билан. Синглисининг индамай бош қимирлатганини кўриб киноя билан деди.- Балки оиласи бордир?
-Бўлса нима? Мени керагича таъминлаб турса бўлдида,-деди Луиза бамайлихотиргина.- Энди ишламайсиз, ўзим сизни боқаман, деяпти.
-Шунақа бойвачча дегин? Буни ҳам Гулшан топгандир?
-Топса нима?-деди Луиза бўзариб.- Ёмон иш қилибдими?
-Жуда яхши қилибди. Ўзига ўхшатибди,- деди Зебо кесатиб.- Ундай «бойвача»ларнинг кўпини биламан. Бир-икки йил парвона бўлади. «Олтин тоғлар» ваъда қилади. Кейин эса бошқасини топиб, бир баҳона билан жуфтагини ростлайди.Чапагингни чалиб қолаверасан. Ўшанда сенга бир эрмак сифатида қараганини тушунасан.
-Сиз мени ким, деб ўйлаяпсиз? Йўл қўяманми ундай қилишига. Миркомил акани қўл-оёғини боғлагандай ҳеч қаёққа кетолмайдиган қилиб қўяман,- деди Луиза ўзига ишонган оҳангда.
-Миркомил, дедингми?!-деди Зебо ҳаяжонланиб. -Мабодо савдо базасида омборчи бўлиб ишламайдими?
-Ҳа, шундай. Сиз уни танийсизми?!- Луиза опасининг бу ҳолатидан ҳайратга тушиб.
-Танимайман, лекин у ҳақда кўп «яхши» гапларни эшитганман. Сен унинг қандай аблаҳ киши эканлигини тасаввур ҳам қилолмайсан.
-Кимнинг арпасини хом ўрган экан?-деб Луиза энсаси қотиб сўради.
-Нима ишлар қилганининг ҳаммасини айтиб бераман. Чунки сен унинг кимлигини яхши билиб олишинг керак,-деб Зебо Нилуфардан Миркомил ҳақида эшитганларини гапириб берди.
-Ўша йигитнинг исми Самандар, дедингизми?-деб сўради Луиза. Опаси гапираётганидаёқ Самандар, сўзини эшитганида юраги орқасига тортиб кетганди.
-Ҳа, сен уни танийсанми?
-«Таниш ҳам гапми, икки соатча аввал шу ерда эди»,- деб юборишига бир баҳя қолди. Танимайман, демоқчи бўлди, лекин опасини ишонтиролмаслигини тушуниб, «ўтган йили бўлимимизда Самандар деган йигит даволанганди. Ўша эмасмикан, деб ўйлаяпман», деди.
-Мана, кўрдингми, Луиза. Қандай одамнинг тузоғига илиниб қолибсан,-деди Зебо синглисининг ички ҳолатини эътибор бермай.- У фақат кўнгилхушлик учун сенинг атрофингда гирдикапалак бўлаяпти. Истаган пайтда сени ташлаб кетиши мумкин. Лекин ҳозир ҳам бу билан кифояланмай сенда ўзининг ифлос ишларида фойдаланиши ҳеч гап эмас. Мен кўпроқ шундан хавотирланаяпман.
-«Фойдаланиб бўлди-ку, яна нимаси қолди?- деб Луиза қалби ўртаниб хаёлидан ўтказа бошлади.- Яхшиямки Самандар ақл билан иш тутди. Акс ҳолда яна бир марта Миркомил макрининг қурбони бўларди. Мен эса бир бегуноҳ йигитнинг бошига шундай қора кунлар тушганига сабабчи бўлиб бир умр виждон азобида қолардим».
Зебо синглисининг ўйланиб қолганини кўриб қилган ишидан пушаймон бўлаяпди, деб ўйлади.
-Энди Миркомилни остонангга ҳам яқинг йўлатма. Гулшан билан ҳам алоқангни бутунлай уз. Ундай касофати дугонанинг боридан йўғи яхши. Абдумалик масаласида ҳам яна бир марта ўйлаб кўр. Бу сенга маслаҳатларим. Қандай қарорга келиш эса ўзингга ҳавола. Энди ёш эмассан. Ҳамма нарсага ақлинг етади.
Чуқур ҳаяжон ва изтироблар гирдобида бўлган Луиза ҳушини йўқотгандай эди. Нима воқеа содир бўлаётганига тушунолмагандай бошини қимирлатди. Зебо хайрлашиб йўлга отланар экан, гапларим таъсир қилиб синглим тўғри йўлга тушиб олар, деган умидда эди.
Луиза опасини кузатиб қайтиб кирганида қизи ухлаб қолганди. Ёнига ўтириб меҳр билан бошини аста силади. Бир меъёрда пишиллаб ухлашини бир оз томоша қилиб турди. Бугунги воқеаларни кўз олдидан ўтказар экан, беихтиёр ўйга толди.
«Мен ҳам бир вақтлар шундай масъума қизалоқ эдим. Менинг бошимда онам шундай сочларимдан силаб ўтиргандир.? Энди-чи, энди кимман? Айримлар, ҳатто ҳазар ҳам қиладиган аёлман. Ҳа, бир-иккита майишатпарастларни ҳисобга олмаганда кўпчилик мендан узоқроқ юришни афзал кўради. «Қуш уясида кўрганини қилади», деганларидай Наима ҳам бир кун келиб шу йўлга кириб кетса-я?! Бунда ким айбдор бўлади? Фақат мен. Фақат мен уни ҳам ўзимдай бахтиқаро қилган бўламан. Йўқ! Бундай бўлишига йўл қўймаслигим шарт! Бунинг учун эса ҳозирданоқ қайғуришим керак. Бунинг фақат битта йўли бор. У ҳам бўлса ўзим тўғри йўлга қайтишим керак. Опам айтганларидай, ҳалиям бўлса бунга имкон бордир, ҳали кеч эмасдир»…
Бир неча кунгача нима қилишини билмай юрди. Самандарга қилган номаъқбул иши учун борган сари виждон азобида қийнала бошлади. Унга бор ҳақиқатни айтиб, қилган иши учун кечирим сўраш ҳақида кўп марта ўйлади. Лекин бунинг оқибатлари қандай бўлишини билмагани учун иккиланаётганди. Тўғри тушуниб, кечирса яхши. Лекин бошқача хулоса чиқариб бирор ёмон ишга қўл уриб қўйса-чи? Ахир у қамалиб, дийдаси қотиб кетган бўлса. Бунда ўша Миркомил ҳимоя қила оладими? Ҳечамда. Тулкидай думини қисиб қочиб қолса керак?
Унинг қандай инсон эканлиги борган сари яққолроқ аён бўла бошлаганди. Никоҳ ўқиттириб уйланаман, қизингизга оталик қиламан, деб ваъда берганди. Лекин шу бўлиб ўтган воқеадан кейин бу шунчаки қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришдан бошқа нарса эмаслигига ишонч ҳосил қила бошлади. Ахир қайси виждонли эркак ўзи уйланмоқчи бўлган аёлни бошқа эркак билан бирга бўлишга ундайди?
«Демак унинг қўлида шунчаки бир қўғирчоқ эканман,- деб алам билан кўнглидан ўтказарди.- Ифлос режаларини амалга оширишда бир восита бўлибман. Бундай давом этиши мумкин эмас. Ҳаммасига чек қўйишим шарт! Тупуришим керак ундай номардга. Самандар ҳақида эса тезроқ бир қарорга келишим керак. Чунки Миркомил яна бирорта қабиҳликни ўйлаб топиб, амалга ошириши ҳеч гап эмас. Қандай қилиб бўлса ҳам уни бошига тушиши мумкин бўлга кўргуликлардан огоҳлантириб қўйишим зарур»,
Жуда ўйлантираётган, ташвишга солаётгани , Миркомилнинг келиб қолиши мумкинлиги эди. Энди унинг афтини ҳам кўришни истамасди. Агар келиб қолса уйимга ҳам киритмайман, берган пулини бериб юбораман, деб тайёрлаб қўйди. Лекин у қорасини ҳам кўрсатмади. Бир неча кундан кейин ясанган- тусанган ҳолда Гулшан келди.
-Юринг, мен сизни зўр жойга олиб бораман,- деди у ёқимсиз ишшайиб.
-Йўқ, бормайман,-деди Луиза қанақа жойга боришга ундаётганини яхши тушуниб.
-Эсингиз жойидами, шундай жойга бормайман, дейсизми? Зўр маишат бўлади. У ерга қандай кишилар келишини биласизми? Омадингиз келиб бирортасини илинтириб олсангиз ишингиз «беш» бўлади.
-Бормайман, дедим-ку,-деди Луиза жаҳли чиқиб.- Умуман энди мени ундай жойларга юр, деб келманг.
-Вой-бўй, инсофга кириб қолибдиларми? Ҳеч ишонгим келмаяпди,-деб Гулшан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
-Буниси билан ишингиз бўлмасин. Агар бундан бу ёғига умуман уйимга келмасангиз жуда яхши бўларди,- деди Луиза зарда билан.
-Бу билан сендайлардан ҳазар қиламан, демоқчимисиз?!
-Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди.
-Бу қилган яхшиликларим учун айтган раҳматингми?- деб Гулшан «сен»сирашга ўтди.- Мени деб шунча нарсага эришдинг! Қандай одамлар билан таништирдим? Бу яхшиликларимни билмасанг кўзинг кўр бўлади!
-Бошингдан қолсин «яхшилик»ларинг. Бор жўна!-деб Луиза бор овозда бақириб юборди.
Аламдан ўзини қўярга жой тополмай қолган Гулшан нима дейишини билмай эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Самандар жуда яқин келиб қолганида Луизани кўриб қоли. Тескари қараб ўтиб кетмоқчи бўлди. Лекин у йўлини тўсиб тўхтатди.
-Кечирасиз, сизда зарур гапим бор эди…
-Қандай зарур «гапингиз» борлигини биламан,- деб Самандар четлаб ўтиб кетмоқчи бўлди.
-Шошманг, бу бутунлай бошқа нарса,- деди Луиза ёлворгудай бўлиб.- Илтимос , гапимни эшитинг! Бу сиз учун жуда-жуда муҳим! Ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз!!
-Гапиринг, нима демоқчисиз?-деди Самандар тоқатсизланиб. Луизанинг яна бирорта найранг ўйлаётганига ишончи комил эди.- Фақат тезроқ. Ҳар хил бетайин гапларни эшитиб туришга вақтим йўқ.
-Биламан, мендан жуда аччиқланаяпсиз. Ҳатто нафратланаяпсиз ҳам. Бунинг учун сиздан сира хафа бўлмайман. Чунки ҳаққингиз бор. Олдингизда гуноҳим катта. Илтимос, мени кечиринг,-деди Луиза кўзлари намланиб.
-Шуми менга айтмоқчи бўлган гапингиз?- деди Самандар унинг ўзини бундай тутишидан ҳайратланиб.
-Йўқ… Ўша кунги… мақсадим бутунлай бошқа эди… -деди Луиза ҳар сўзни кўп қийинчилик билан айтаркан,- Сизни шу ишга ундаб… Кейин… кейин мени зўрлади, деб…
-Нима?!!!- Самандар бор овозда ҳайқириб юборди. Мушт бўлиб тугилган қўли уриб юборишига сал қолди. -Нима учун?!! Сизга нима ёмонлик қилдим?!!
Луиза даҳшатга тушиб қолди. Самандарнинг ўзини тутиши кутганидан ҳам даҳшатлироқ эди. Жавоб беролмай ерга қаради.
-Бир марта мени шунга ўхшаш разиллик билан қаматишганди,- деди Самандар ўзига-ўзи гапиргандай. Тишлари ғичирлаб кетди. -Бу ўзингизнинг ниятингизми ёки бирортасининг истаги билан шу ишга қўл урдингизми? Сизга нима ёмонлик қилгандим? Қандай қасдингиз бор эди?! Фақат тўғрисини айтинг!
-Сизни шу кунгача танимасдим ҳам. Бир киши…
-Сиз эса ўйлаб ўтирмай рози бўлавердингиз, шундайми?-деб Самандар бақиргудай бўлиб Луизанинг гапини бўлди.- Албатта бекорга эмас. Пул ваъда қилган. Сиз пул учун шундай пасткашликка бордингиз. Виждонингиз эса заррача ҳам қийналмаган, шундайми? Мен нималар деяпман ўзи? Бунақа ишга қўл урмоқчи бўлган кишида виждон бўладими? Пул учун танасини сотган сиздай аёл виждонини сотмайдими?
-Илтимос, мени қийнаманг, ҳеч нима бўлмади-ку,-деди Луиза зорланиб.
-Бўлганда-чи, бўлганда-чи?!! -деди Самандар бутун вужудидан йиғилиб келаётган нафратини муштумига йўналтирмасликка уриниб.- Ўша киши ким эди? Айтинг, ким?!!
-Миркомил…
-Миркомил ?!!- деб Самандар хайқириб юборди.- Ах, мараз! Шу даражага бордингми?! Ит барибир итлигини қиларканда!!
-Унга нима ёмонлик қилганингизни билмайману, лекин сизга нисбатан катта адовати борга ўхшайди,-деб Луиза юрак ютиб гап бошлади.- Бу режаси амалга ошмагани билан бошқасини ўйлаб топиши мумкин. Шунинг учун илтимос, жуда эҳтиёт бўлинг. Шошманг, сизга яна бир муҳим гапни айтмоқчиман. Яқинда уйингизга ўзлари магнитафон яшириб ўғирликда айблаб, қаматтирмоқчи бўлган экан. Буни унинг ўзи айтди.
Бутун вужуди ғазаб ва нафрат алангасида қолган Самандарга охирги гаплари элас-элас эшитилгандай бўлди. Шундай бўлсада англаб етолган, бунинг оқибатида қаҳру-ғазаби ўн чандон ортиб кетганди.
Луиза индамай кета бошлаган Самандарнинг орқасидан қараб қоларкан, бу гапларни айтиб тўғри қилдимми, деб ўйлади. Чунки унинг ғазабланиб кетишини кутган бўлсада, бу даражага боради, деб асло ўйламаганди. Ҳозирги важоҳатидан хунук бир ишга қўл уриб қўймасайди, деган хавотирланиш беҳад ташвишлантирди.
Самандар маст кишидай оёқлари чалишиб борарди. Ҳозиргина эшитганларидан бутунлай карахт аҳволга тушганди. Бутун борлиқни унутди. Гўёки кимсасиз бир жойда кетаётгандай эди. Ҳеч нимани эшитмас, ҳеч нимани кўрмасди. Миркомилнинг сарғимтир башарасини кўз олдига келтирган ҳолда ўзига-ўзи гапиргандай бўлиб тинимсиз такрорларди.
- Шошмай тур, сен билан энди бошқача гаплашаман! Мени қўрқоқ, ландавур, деб ҳисоблаяпсан шекилли. Кимлигимни сенга кўрсатиб қўяман. Барча қилмишларинг учун жавоб берасан! Ҳа, барчаси учун…
-Самандар ака, тўхтанг,- деб кимдир чақиргандай бўлди. Тўхтаб орқасига қараганида оқ сумкачасининг бандидан тутиб тез-тез юриб келаётган Нилуфарга кўзи тушди. Қизнинг нозик елкаларини қоплаган сочлари қадамига мос равишда силкинар. Қизғиш ёноқлари, ним пушти лаблари ҳуснига ўзгача тароват баҳшида этаётганди. Ҳар доим чиройли, шўх табассум жилваланиб турадиган кўзларида нима сабабдандир ҳавотирланиш бор эди. Истар- истамас тўхтаган Самандар қалбида кечаётган туғёнлар туфайли буларни пайқай олмаган эди.
-Шунча чақираман, чақираман, ҳеч қарамайсиз-а? Нима, эшитгингиз келмай қолдими?- деди аразлаган оҳангда.
-Ўйланиб келаётгандим, -деди Самандар нима дейишини билмай.
-Кўп ўйланаверманг, сочингиз оқариб кетади, деб сизни огоҳлантирган эдим-ку,-деди шу заҳотиёқ аразини йиғиштирган Нилуфар эркаланиб қўлтиқлаб оларкан. Самандар муносиб сўз тополмай жавоб қайтармади. Кетиб борарканлар, бир неча марта қараб қўйди. Ниҳоят гапиришга журъат этди.- Боя сиз билан гаплашиб турган аёл ким эди?
-Ўйнашим эди!
-Вой ўлмасам, бу нима деганингиз?- деди Нилуфар йиғлагудай бўлиб.-Сизга нима бўлди?!
Бемаъни гап айтиб, ранжитиб қўйганини Самандар тушунди. «Унда нима гуноҳ? Нега унга заҳримни сочдим», деб афсус билан кўнглидан ўтказди. Яна сал ўтса йиғлаб юбориши ҳеч гап эмаслигини англади.
-У қўшнимиз эди. Сен хафа бўлма, бир нимадан салгина жаҳлим чиқиб келаётгандим. Қўполлик қилдим, кечир мени.
-Шундай денгда,-деди Нилуфар жилмайишга ҳаракат қилиб.- Мен тўғриликча сўрагандим. Бошқача фикр хаёлимга ҳам келмаганди. Сиз бўлсангиз… Майли, сиздан хафа эмасман. Фақат менга ростини айтинг. Нима бўлди ўзи? Салгина жаҳлингиз чиққанга ўхшамайди.
-Ҳеч нима бўлгани йўқ. Ҳатто хавотир олишингга ҳам арзимайди.,-деб Самандар уни тинчлантиришга уринди.
-Мени алдай олмайсиз,-деди Нилуфар ишонгиси келмай.- Сизни энди кўриб туришим эмаску. Кўнглим сезиб турибди. Нимадир бўлган. Мендан яширмоқчи бўлаяпсиз. Анави Миркомил бунга сабабчи эмасми?
Шундай куюнчаклик билан,шундай оҳангда гапираётгандики, Самандар тўғрисини айтиб юборганини ўзи ҳам билмай қолди
-Шундай деса ҳам бўлади. Лекин нима бўлди, деб сўрама. Барибир ҳозир айтолмайман. Фақат илтимос, ҳеч нимадан ҳавотирланма.
Жуда билгиси келаётган бўлсада, Нилуфар бошқа бу ҳақда гапирмади.Чунки Самандарнинг айтишни истамаган гапини айтишга мажбур қилиб бўлмаслигини яхши биларди. Кўнглидаги хавотири кўчайиб бораётган бўлсада, ўзини хотиржам тутишга уринди. Хайрлашадиган жойларига етиб келганларини кўриб тўхтаб одатдагидан бошқачароқ тарзда хайрлашдилар. Салгина юриб орқасига қараган Нилуфарнинг юрагига қўрқув оралади. Ҳар гал уйига кириб кетгунича қараб турадиган Самандар бир нимага ошиққандай тез-тез кетиб борарди.
Самандар шундай руҳий ҳолатда эдики, севгилисининг меҳрибончилиги, жонкуярлиги кўнглига таскин беролмаган, қалбидаги ғазаб ўтини заррача бўлса ҳам пасайтиролмаганди. Қўлларини мушт қилиб бораркан, тирноқларининг кафтига ботиб кетганини сезмасди ҳам. Миркомилнинг қилмишларини ўйлаган сари унга бўлган нафрати ортиб борарди. Ёвузлик ёвузликни келтириб чиқаради, деганларидай, хаёлида бир-биридан мудҳишроқ режалар туғилаётганди. Оқибатини ўйламай, уларни амалга оширишга заррача бўлса ҳам иккиланишни ҳис қилмаётганди. Одатда тоғдаги оғир тошни жойидан қўзғатиш осон иш эмас. Аммо салгина бўлса ҳам қўзғатиб юборилса тўхтатиб бўлмайди. Йўлида дуч келган нарсаларни мажақлаб кетаверади. Самандар ҳам шундай оғир «тош». Уни ҳам қўзғатиб юборгандилар…
Дарвоза олдидаги ўриндиқда гаплашиб ўтиришган Искандар билан қўшнилари Абдуҳакимга салом бериб бериб кириб кетди. Искандар ўғлининг авзойидан бир кўнгилсизлик содир бўлганини пайқади. Абдуҳакимдан узр сўраб орқасидан кириб борди. Самандарнинг хонасига кирганида у пичоқни қинидан чиқариб ўткирлигини синаб кўрмоқчидай бармоғини теккизаётганди.
-Пичоқни нима қиласан?-деб сўради Искандар.
-Ўзим шунчаки,-деб Самандар кўзини олиб қочди. Пичоқни қинига жойлаб чўнтагига солмоқчи бўлди.
-Ёлғон гапирма,-деб Искандар пичоқни тортиб олди. Бежо ҳатти-ҳаракатидан кўнглида хавотир уйғотганди. Ниятини англагандай бўлди.- Мендан яшираман, деб овора бўлма, кўзларинг айтиб турибди. Гапир, яна ўша Миркомилми? Нима қилди?
-Айтишга тилим бормайди, ноқулай,- деб Самандар ерга қаради.
-Ноқулай, деганинг нимаси, айтавер,- деди Искандар овозини кўтариб.
Айтмагунича қўймаслигини билиб турарди. Ёлғон гапиришга эса Самандарнинг тили бормасди. Девор томонга ўгирилганча бўлиб ўтган воқеаларни бир- бир гапириб берди. Тугатгунича жуда қийналди. Хижолатдан юзлари қизариб кетганди.
-Миркомил ҳақиқатдан ҳам ифлослик қилибди. Лекин бунинг учун ўлдириш шартмикан?-деб сўради Искандар.
-Ҳа дада, газанданинг бошини янчмагунча ундан қутулиб бўлмайди. Пайтини топиб заҳрини солишга уринаверади, -деб Самандарнинг кўзларидан ўт чақнаб кетди.
-Бунинг учун бошингни силамасликларини биласанми?
-Биламан. Лекин тепамда кимдир ҳамиша калтак кўтариб туришини, қачон тушириб қоларкан, деб юрагимни ҳовучлаб юришни истамайман,-деб Самандар биринчи марта дадасига қарата овозини кўтариб гапирди. Буни ўзи ҳам, Искандар ҳам пайқамаган эдилар.
-Гапларинг тўғри. Лекин у бунга арзимайди ҳам. Бу биринчидан. Иккинчидан эса, хоҳлаган тақдирда ҳам уни энди ҳеч нима қилолмайсан,-деди Искандар қандайдир маъноли оҳангда.
-Дада, нега ундай деяпсиз?- Самандар ҳайрон бўлиб сўради.
-Чунки ўлган одамни яна ўлдириб бўлмайди.
-Ўлган одам ким? Миркомилми? –Самандар ишонгиси келмай сўради.
-Ҳа, Миркомил ўлган. Энди у касофат ўзининг бошини ебди. Чоршанба куни ғирт маст ҳолда машина ҳайдаб келаётиб юк машинасининг остига кириб кетибди. Айтишларича ўша заҳоти ўлган экан,- деди Искандар. Ўртага қисқагина жимлик чўкди. Самандарнинг икки елкасидан тутиб кўзларига меҳр билан тикилди.- Мен шундан хурсандманки, бошингга тушиши мумкин бўлган фалокатдан ўзингни ўзинг асраб қолибсан. Бунга асосан сенинг ҳаромдан ҳазар қилишинг туфайли эришгансан. Худо бизни бир асрабди. Агар сенга бир нима бўлганида бизнинг ҳолимиз нима кечарди? У ёқда Нилуфар.
Қанчалик бемаъни қарорларга келганини Самандар энди тушинди. Бу ҳақда ўйлаган сари уятдан ўзини қўйгани жой тополмаётганди. Унинг ички холатини англаб турган Искандар ортиқ қийнамаслик учун шундай деди.
-Юр, аянгнинг овқати ҳам тайёр бўлгандир. Аммо бу ҳақда унга чурқ этмайсан, тушиндингми?
Самандар сўзсиз бошини қимирлатди. У қанчалик уринмасин, бўлиб ўтган нохушликларни хаёлидан чиқариб ташлай олмаётганди. Ўзини улардан чалғитишга кўп бор уринди. Қандайдир сабаблар билан яна хаёлини чулғаб олар ва ўйга толиб қолишига сабаб бўларди. Бу аҳвол кечки овқатни **** ўтирганларида ҳам давом этди. Зулайҳонинг сезгир нигоҳи буни пайқаганди. Сўрашга ботинолмай савол назари билан эрига қаради. Искандар пастки лабини тишлаб, индама, дегандай имо қилди.
Самандар овқатдан кейин кўп ўтиролмади. Аста кўчага чиқиб ўриндиққа ўтирди. Бўлиб ўтган воқеаларни эсларкан, яна бир синовдан ўтганини тушунди. Лекин бу охиргисими ёки яна борми? Шу савол уни қийнарди. Ғайратнинг чиқиб келганини дарровда пайқамади.
-Ака, сизни телефонда сўрашаяпти,-деб у уй томонга ишора қилди.
-Ким?
«Ким бўларди», дегандай Ғайрат муғомбирона кулиб қўйди. Бундан Нилуфар телефон қилганини Самандар дарров тушинди. Ўрнидан тураркан, ҳа шайтон, деб унинг сочини тўзғитиб қўйди. Шошиб уйга кириб телефон гўшагини кўтарди.
-Нилуфар, сенмисан?
-Мендан бошқа телефон қиладиганлар ҳам бормиди?-деди Нилуфар ясама пўписа билан. Хайрлашаётганларидаги Самандарнинг ҳолати эсига тушди шекилли, шу заҳоти ҳазилга ўтди.- Бояги жаҳлингиздан тушдингизми ёки ҳалиям ғазабланган шердаймисиз?
-Нималар деяпсан, у ўтди кетди-да,-деди Самандар қувноқлик билан.
-Сизни эслаб хавотирланаётгандим. Унда мен жуда- жуда хурсандман. Ахир сизни яхши биламан, салга жаҳлингиз чиқиб кетадиган жиззакилардан эмассиз. Шу кетишда Миркомилни излаб топиб, дўппослаб қоласизми, деб қўрқаётгандим. Шунинг учун эртагача кутишга сабрим чидамай қўнғироқ қилгандим.
-Ниятим уни дўппослашдан ҳам бошқачароқ эди. Лекин сен ташвишланма. Чунки энди бунинг ҳожати ҳам қолмади. Менга қара, энди у ҳақда гапириб кайфиятимни бузма,- деди Самандар.- Ундан кўра айт, бояги қўполлигим учун хафа эмасмисан?
Нилуфар тезда жавоб бермади . Буни бошқача тушунган Самандарда хавотирланиш ҳисси пайдо бўлди.
-Демак сени қаттиқ ҳафа қилиб қўйибманда.
-Мен сизни севаман,-деб Нилуфар жавоб ўрнида шивирлади.
Самандарнинг юрак уруши тезлашиб кетди. Унинг хотиржам бўлиши учун шу биргина жумланинг ўзи кифоя эди. Севаман, деган сўзни Нилуфардан кўп марта эшитганди. Лекин бу айтгани қандайдир жозибалироқ, ёқимлироқ, ўзгача бир оҳангда эшитилгандай бўлди. Ҳаяжондан тили калимага келмай қолди. Бунинг сабаби бутунлай бошқа эди. Миркомилнинг яна бир разиллигидан ғазабланиб, ўзини қўярга жой тополмай тургани учун ҳам бошқачароқ туюлганди. Таъсири ҳам бошқачароқ бўлди. Юрагини эзиб турган ғам-аламларни кўклам туманидай бир зумда тарқатиб юборди.
-Нега индамай қолдингиз?- деб Нилуфар эркаланиб сўради.
-Сен менинг ҳаётимсан,- дея олди Самандар.
-Сизни ҳозироқ кўргим келаяпди,-деди Нилуфар овози бирдан ўзгариб.
-Борайми?
-Йўқ, йўқ, шу пайтда-я,- деди Нилуфар шоша-пиша.- Эрталабгача сабрим етади. Чунки ҳозир сиз билан гаплашаяпман, қўлимда сизнинг суратингиз. Гўёки ўзингиз билан гаплашаётгандайман.
-Менга эса суратингнинг кераги ҳам йўқ,-деди Самандар овози титраб.
-Нега?- Нилуфар ноз билан сўради.
-Чунки сурат бир парча қоғоз холос. Менинг кўз олдимда ўзинг тургандайсан.
-Ўх-хў. Шоир бўлиб кетинг-е,- деди Нилуфар шўх кулиб.
-Муҳаббат дардига мубтало бўлган ҳар бир ошиқ шоир бўлмасада, севгилисига атаб бир-икки қатор шеър ёзиши мумкин.
-Бу билан мен ҳам шеър ёзганман, демоқчимисиз? Қани, эшитайлик бўлмаса.
-Жон, деб ўқиб берардим-у, лекин эплолмадимда.
-Шунисига ҳам шукур.
Самандар унинг нимани назарда тутиб шундай деганига тушунмади. Сабабини сўрашга эса улгуролмади. «хайр,яхши дам олинг», деб Нилуфар негадир телефонни қўйиб қўйди. Самандар ҳам ноилож телефон дастагини жойига қўйиб ҳовлига чиқди.
-Шунча узоқ ким билан гаплашдинг?- деб сўради Искандар унга кўзи тушиши билан.
Самандар нима деб жавоб беришни билмай ерга қаради.
-Вой- бўй, ҳамма гапни ҳам сизга айтавериши шартимиди,-деб Зулайҳо унинг жонига ора кирди.
Самандар бошини кўтариб минатдорчилик тарзида кулиб қўйди.
Давоми бор...
АНВАР ШОДМОНОВ.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3