Нилуфарнинг ҳийласи.
6-қисм.
Нилуфар уйга яқинлашганида дарвоза олдида келишини кутиб ўтирган Эргаш домла ўрнидан турди.
-Ҳа қизим, бемаҳалда қаердан келаяпсан?
Нилуфар индамай бошини эгди.
-Ҳа майли , кир, уйда гаплашамиз,-деб домла дарвозани очиб ҳовлига кирди. Нилуфар индамайгина эргашиб кираркан, ўзини жуда ноқулай ҳис қилаётганди. Чунки дадасининг индамаётганидан қаттиқ ранжиганини сезиб турарди. Уларнинг шарпасини сезиб уйдан чиқиб келган Сохиба зинадан тушмасданоқ бор овозда бақирди.
- Ярим кечаси қаерларда санғиб юрибсан?
- Санғиганим йўқ, дугонамникида эдим, ойи,- деди Нилуфар ерга қараб.
- Шу пайтда қайси дугонангнинг кўзи учиб турган экан? Мўйловли дугонангникида эмасмидинг, мабодо,-деди Сохиба кесатиб.
-Фақат мўйлови эмас, соқоли ҳам бор,-деди Нилуфар бунга жавобан аччиқланиб. Самандарнинг айтганлари эсига тушиб тилини тийишга мажбур бўлди.- Секинроқ , ойи, ахир одамлар ухлашаяпти. Қанча гапингиз бўлса уйда айтарсиз.
Нилуфар зинадан чопқилаганича уйга кирди. Эргаш домла билан Сохиба орқасидан кириб боришди.
-Ойиси, ярим кечаси одам деган ҳадеб бақиравермайди. Қўшнилар эшитсалар нима дейишади?- деди Эргаш домла хотининг яна қизига заҳрини сочмоқчи бўлаётганини кўриб. Лекин бу унга кор қилмади.
-Эшитса эшитишар,- деди Сохиба баттар тутоқиб. -Соатни қаранг ахир. Бўй етган қиз шу пайтгача юрадими? Ҳадеб тарафини олавериб эркалатиб юбордингиз. Мана оқибати. Эркалатиб нима қилибман, дерсиз? Айтдим-ку кўрсатган томошасини. Бизни шарманда қилди. Ахир қайси қиз совчиларнинг олдига чиқиб шундай дейди?
-Ойи, у йигитга тегмайман, деб сизга неча марта айтдим,- деди Нилуфар куюниб.- Эшитишни ҳам истамадингиз. Мендан сўрамасдан розилик бериб юборибсиз. Шунинг учун шундай қилишга мажбур бўлдимда.
-Тегмасмиш,-деди Сохиба пичинг билан. -Шундай бой-бадавлат, обрўли, кимсан, шаҳар ҳокимининг муовининиг ўғлидан совчи келса-ю, бу киши ноз қилсалар. Еганинг олдингда, емаганинг ортингда, бойвучча бўлиб юрасан-ку. Сенга яна нима керак?
-Дадасининг бойлиги-ю, обрўсини бошимга ураманми? Ўзини айтинг, на ўқиган, на бир жойда тайинли ишлайди. Суриштириб кўрдим ҳаммасини,-деди Нилуфар ҳам бўш келмай.
-Бас қил бетгачопарликни,- деб Сохиба қизининг бу гапига муносиб жавоб тополмай.
- Ҳа энди ота-онасига эркалик қиладида. Рўзғор бошига тушса қуйилиб қолади.
-Буниси ҳам майли, билишимча ғирт суюқоёқ эмиш. Бу ҳам эркаликми?
-Бас қил,- деб Сохиба нима деб жавоб қайтаришни билмай бақириб берди.- Кўчада бирорта бетайинни илаштиргандирсанда. Лекин сен хомтама бўлма, барибир айтганинг бўлмайди.
-Ҳа, илаштирганман, лекин бетайинни эмас,- деб Нилуфар сўнгги чора - ўйлаб қўйган ҳийласини ишлатишга мажбур бўлди. Ерга қараганича деди.- Энди унга турмушга чиқишга мажбурман. Бошқасига эса…
-Вой ўлмасам, шўрим қуриб қолибди-ку- деб Сохиба дод солди.- Нима деяпди бу беномус? Шарманда бўлдик-ку, шарманда! Бизни тириклай кўмадиган бўлди! Дадаси, эркангизнинг нима деяпди? Тушундингизми гапига?!
-Бас қил, бас қил,- деб домла уни тинчлантирмоқчи бўлганида баттар авжига чиқди.
- Бас қилмайман, нима деганига тушундингизми ўзи?
-Ҳа тушундим. Лекин сен ўйлаганчалик бўлишига ишонгим келмаяпти. Чиқиб тур, бу билан ўзим гаплашиб кўраман,-деб Эргаш домла Сохибани қўярда -қўймай хонадан чиқариб
эшикни ёпди. Унинг йиғламсираб нималарнидир деётганига эътибор бермай дераза олдидаги курсига ўтирди. Қизига бир зум қараб туриб вазминлик билан деди.-Менга тўғрисини айт, гапинг ростми?
Нилуфар бошини кўтариб дадасига кулимсираб қаради. Унинг нигоҳида шунингдек қувлик, қандайдир бошқача маъно бор эди.
-Вой дадажоним-ей, сиз ҳам ишондингизми? Шунчалик ҳам содда бўласизми?-деб у бирдан жиддий тортди.- Хотиржам бўлинг. Мен ҳеч қачон юзингизни ерга қаратадиган иш қилмайман
-Унда халиги гапингни қандай тушунса бўлади?- деди домла бир оз енгил тортиб.-Мени ҳам анчагина хавотирга қўйдинг. Ойингни эса гапирмаса ҳам бўлади. Нақ ўтакасини ёрдинг.
-Шундан бошқа иложим ҳам қолмаганди-да, -деб Нилуфар қўшни хонага ишора қилди.- Кўриб турибсизку ойимни, Жавлонбеков билан қуда бўлиш фикри асло тинчлик бермаяпди.
-Ҳа, гапинг тўғри, лекин сен ойингдан хафа бўлма. Феълини яхши биласанку,-деб домла бош чайқаб қўйди.- Қизим, агар хоҳламас экансан, мажбур қилмайман. Бу ёғидан кўнглинг хотиржам бўлсин. Майли, сен дамингни ол. Чиқиб ойингни тинчлантирай. Асабийлашавериб қон босими кўтарилиб кетмасин.
-Дада, ҳозирча бу ҳақда ойимга айтмай туринг, хўпми?- деб Нилуфар илтимос қилди.
Домла қизининг бу илтимосини сабабини тушуниб хўп, деб чиқиб кетди.
Ёлғиз қолган Нилуфар ширин хаёллар оғушида қолди.
Эрталаб Нилуфар ишга келган заҳоти директорнинг хонасига кирди. Искандар Раҳматуллаевич нимадир ёзиб ўтирарди. Бошини кўтариб саломига алик оларкан, ўтиришга таклиф қилди. Ундаги безовталикни сезиб сўради.
-Нима гап, тинчликми? Эрталабдан мени эслаб қолибсан?
-Э почча, нимасини айтасиз?- деб Нилуфар гапни чўзиб ўтирмай кечаги совчилар воқеасини гапириб берди.
-Оббо сен-ей, -деб Искандар кулиб юборди. Нилуфар уялиб ерга қарагач, бош чайқаб деди.- Бунақасини энди эшитишим. Ота-онанг вазмингина кишилар, сен кимга ўхшагансан?
-Ўзимга ўхшаганман,-деди Нилуфар унинг гапларидан хайрихоҳликни пайқаб.-Нима қилай? Хадеб хиралик қилаверишганидан кейин бошқа иложим ҳам қолмади-да.
-Ҳақиқатдан ҳам хиралик қилишаяпди. Менга ҳам бир неча марта қўнғироқ қилиб сени кўндиришга ёрдам беришимни айтганди,- деб Искандар унинг келишининг сабабини тушунгандай бўлиб сўради,- Ўзинг нега бунчалик оёқ тираб олдинг, сабаби борми? Кўнгил қўйганинг борми?
Нилуфарнинг юзи дув қизарди. Уялиб бошини ердан кўтаролмади. Поччасининг, мабодо
Самандар эмасми, деб сўраганида «ялт» этиб қаради-ю, шу заҳоти кўзини олиб қочди. Юзидаги қизиллик янада қуюқлашгандай бўлди.
-Унда нега пайсалга солаяпсизлар? Самандар совчисини юбормайдими ?-деб сўради Искандар гап нимада эканлигини тушуниб.
-Самандар ака, ҳеч кими йўқлиги, Болалар уйида катта бўлгани учун бунга журъат қилолмаётганди. Энди жўнатадиган бўлди.
- Гапингнинг мазмунига қараганда бу ишда ёрдамим керакка ўхшайди, шундайми?- деб сўради Искандар. Нилуфарнинг уялибгина бош қимирлатганини кўриб гапида давом этди.- Мен ҳам дунёга келиб бир савобли иш қилай. Вақт топиб эрта ёки индинга уйларингга бораман. Даданг ва ойинг билан гаплашиб, уларни рози бўлишларига ҳаракат қиламан.
Нилуфар раҳмат, деб хонадан чиқаркан, қалби севинчга тўла эди.
Давоми бор...
АНВАР ШОДМОНОВ.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6