Қалб оғриқлари.
5-қисм.
Райимбери ака қандай қилиб уйдан отилиб чиқиб кетганини ҳам билмайди. Орқасидан чопиб чиққан хотини, тўхтанг, борманг, деганича қолаверади. Бошлиғининг хонасига бостириб кириб борганида у нимадир ёзиб ўтирган эди. Важоҳатини кўриб сапчиб ўрнидан туриб кетади.
-Райимберди, Бухорога яхши бориб келдингизми? Бугунча дам олсангиз ҳам бўларди-ку,- деб хушомад қила бошлайди.
-Раҳмат, ўзингизнинг «сафар»ингиз яхши ўтдими?- дейди Райимберди ака аранг ўзини босиб.
-Қанақа сафарни айтаяпсиз? Мен қеч қаёққа борганим йўқ,- дейди Жалил зўрғагина.
-Кеча менинг уйимга «сафар» қилибсизку,- деб Райимберди ака унга яқинлаша бошлайди.
Буни эшитиб Жалилнинг юзи девордай оқариб кетади. Нажот излагандай атрофига аланглай бошлайди. Столнинг нариги томонида каттагина сейф тургани учун у томондан ўтиб бўлмасди. Худди қопқонга тушган қуён аҳволида эди.
-Сиз йўқлигингизда нега уйингизга борарканман, -дейди у титраб- қақшаб.
-Кеча борибсан-ку мараз, нима иш қилиб келдинг?!- деб Райимберди ака унинг ёқасидан бўғиб, деворга тирайди.
Жалил қутулишга беҳуда уринаркан, қўйиб юборинг, деб зорланади. Райимберди ака бир уриб ағдаради. Дуч келган жойига тепа бошлайди. Хонага чопиб кирган хисобчи, нега уни ураяпсиз, қўйинг, деб ажратишга урина бошлайди.
-Сабабини ўзи айтиб беради,- деб Райимберди ака бир силтаб Жалилни тургизади.- Нима иш қилганингни айтиб бер. Бўлмаса ҳозир кекирдагингни суғуриб оламан.
-Кечир укажон, айбдорман,-дейди Жалил зўрғагина хириллаб.
-Кечирадиган иш қилдинги ифлос,-деб Райимберди ака ҳисобчига юзланади. –Бунинг нима иш қилиб келганини биласизми? Неча марта уйимда бўлиб, тузимни ичган эди. Кеча тузлиғимга тупуриб келибди. Мен йўғимдан фойдаланиб уйга бостириб кириб хотинимни зўрлабди бу итдан тарқаган.
-Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас,- деб хисобчи хангу манг бўлиб қолади.
-Кечир укажон, пушаймонман. Қанча пул десанг бераман. Фақат урма,- деб Жалил кўзида ёш билан ёлвора бошлайди. Лекин бу Райимберди аканинг кўнглини юмшатиш ўрнига баттар ғазаблантириб юборди.
-Ҳали мени ўз ор-номусини пулга сотадиган пасткаш, деб ўйлаяпсанми? –деб яна ура бошлайди. Уларни ажратишга ҳаракат қилиб нари торта бошлайдилар. Райимберди ака унинг қўлидан юлқиниб чиқиб стол устида турган Лениннинг бронза хайкалчаси билан Жалилиниг бошига туширганида у бошини чангаллаганича ағдарилиб тушади. У шу заҳоти ўлган экан. Бунинг учун Райимберди акага 12 йил беришади. Зонага келганида у ердаги аҳволни кўриб ҳайрон бўлади. Зона гарчи Ўзбекистонда бўлса ҳам «Циклоп» лақабли бир ўрис бошчилигидаги қаланғи-қасанғилар уни қўлга олишган экан. Уларнинг айтганлари айтган, деганлари деган бўлиб, ҳеч ким гапларини икки қилолмас экан. У ўриснинг бир кўзи кўр бўлгани учун шундай лақаби бор экан. «Циклоп» баланд бўйли, баҳайбат гавдали, бадбашара киши экан. Уларнинг дастидан айниқса осиёликларга кун йўқ экан.
Бир куни Райимберди аканинг олдига бир мўйсафид келиб, йиғламсираганича келиб, «бундай хўрликларга қандай чидаймиз? Бу ярамасларни тийиб қўя оладиган мард бормикан», дейди. Маълум бўлишича чол номоз ўқиётганида «Циклоп» бир пақир сувни бошидан қуйиб юборибди. Бунга чидолмаган Райимберди ака «Циклоп»дан заррача ҳам чўчимай унга ташланади. Унда фақат гавда бор экан. Бир-икки зарбаданоқ ерга ағдаради. Қаердандир қўлига илиниб қолган темир билан бошига туширади. Соқчилар етиб келгунларигача ҳеч ким аралашишга ботинолмайди. Ўласи қилиб калтакланган «Циклоп»ни касалхонага олиб кетишади. Райимберди акага эса яна 3 йил қўшиб беришади.
-Шундай қилиб зонадаги «ҳокимият» менга ўтди,- деб Райимберди ака ҳикоясини давом эттирди.- Шундан бери ҳеч кимни ноҳақ ранжитишларига, хўрлашларига йўл қўймадим.Сени эса шундай қилганингни эшитиб чидаб туролмадим. Тўғрисини билганимда сен ҳам менга ўхшаб разолат қурбони бўлганинггни тушуниб кечирим сўрашга қарор қилдим.
Шу ерга келганда Райимберди ака жимиб қолди. Анчадан кейин чуқур хўрсиниб, мана, келганимга ҳам 14 йил бўлди. Худо хоҳласа ҳадемай қутулиб чиқаман», деди.
-Боя сиз, шундай бўлганига афсусланаман, дедингиз. Ўша кишиини жаҳл устида
ўлдирдириб қўйганингиз учун шундай деяпсизми?- сўрадим ундан.
-Йўқ, унга эмас,- деди Райимберди ака бош чайқаб.- Мен фақат бир разилни деб ҳаётимнинг 15 йили қамоқда ўтаётганига, хотинимнинг шунча йил ғам-ҳасратда яшаётганига
ачинаман.
-Демак хотинингиз сизни кутаётган эканда?-деб сўрадим ундан.
-Ҳа, кутаяпди. Шундай вафодор хотин учрагани учун тақдиримга шукур қиламан, -деди биричи марта юзида табассум пайдо бўлиб.-Дилобар мени кўргани келганида , жавобимни беринг, деди . Буни кутмаганим учун ҳайрон бўлдим.. Сабабини сўраганимда, менга ит теккан, шунинг учун сизга муносиб эмасман, деди..Қўйсанг-чи бунақа гапни, дедим унга. -Биласанми, тилло буюм балчиққа тушгани билан ўз қимматини йўқотмайди. Яхшилаб тозаланса яна аввалгидаай ярқираб тураверади. Сен ҳам ўз вафодорлигинг билан танангга теккан харом қўлнинг изини ювиб ташладинг. Бўлган воқеада эса сенинг айбинг йўқ, дедим унга,- деб Райимберди ака негадир жимиб қолди. Ўйланиб қолганини кўриб, оиласи эсига тушиб кетдимикан, деб ўйлаб халақит бермадим.
-Биз шундан кейин ҳақиқий ота-болалардай бўлиб қолдик, -деб Самандар ҳикоясини давом эттирди.- Лекин бир йилгина бирга бўлдик. Чунки у кишининг муддати тугаганди. Бир йилдан кейин Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги муносабат билан эълон қилинган амнистияга кўра муддатимни қисқартиришди. Кейинги амнистияда эса бутунлай озод қилишди. Кетма-кет амнистияга кўра қамоқдан. Шунча тез чиқишимнинг ҳам сабабчиси Райимберди ака экан. Буни ўзи айтмаган бўлса ҳам кейинроқ ўзим билиб олдим. Буни қандай уддалади, ҳалиям билмайман. 3-4 кун Шаҳодатникида меҳмон бўлдим. Кейин берган ваъдамга кўра Бухорога, Райимберди аканикига бордим. У ерда ҳам бир неча кун бўлмоқчи эдим. Лекин икки ҳафта қолиб кетдим. Шу ерда қолавер, деб ҳеч ҳол- жонимга қўймаса бўладими? Иложини қилиб тез-тез кўргани бориб тураман. У киши ҳам келиб туради.
Ҳужжатларим ва қолган нарсаларимни олгани Абдували аканикига бордим. У кишининг хурсанд бўлганини кўрсангиз эди. Худди ўз боласи қамоқдан келгандай. Эртаси куни мени гаражга бошлаб кириб, у ердаги «Жигули»ни кўрсатиб, омонатингни қабул қилиб ол, деди.
-Нега бу меники бўлар экан?- деб ҳайрон бўлиб сўрадим.
-Қамалганингда тўрт минг сўм пулинг менда қолганди, эсингдами?-деб Абдували ака сўради.
-Ҳа эсимда, лекин у пулга бунақа машина беришмайди-ку,-дедим ҳайрон бўлиб.
- Тўғри, хозир беришмайди. Лекин ўша пайтда бунақасини бўлмаса ҳам эскироғини беришарди. Шунақасидан сотиб олиб таъмирладим. Кўриб турганингдай « тулпор» га айланди. Фақат сен у ёқда бўлганинг учун ўзимнинг номимга расмийлаштирган эдим. Энди ўзингга ўтказиб олаверасан. Яхшиямки шундай қилган эканман. Пулнинг қадрсизланиб кетганини қара. Ҳозир ўша пулингга болалар аравачасини ҳам беришмайди,-деди Абдували ака кулимсираб.
-Ундай бўлса бу машинада сизнинг ҳам ҳаққингиз бор экан. Менга машинанинг кераги йўқ. Уни сотсакда, сиз ўз улушингизни олсангиз,- дедим. Мен у пулни стипендиядан, пахта терган пуллардан, Абдували акага қарашганим учун берган пулларидан тўплаган эдим. Ўқишга кирсам керак бўлади, деб сақлаб кўйгандим.
-Бу нима деганинг?-деди кулиб турган Абдували ака бирдан аччиқлангандай бўлиб.- Мен таъмагирлик қилиб имонимни сотадиганлардан эмасман. Бу машина пешона терингга келган. Озгина меҳнат қилиб таъмирлаган бўлсам нима қилибди? Шунга ҳам сендан ҳақ олишим керакми? Ўғлимдай кўриб қамоқдан келганингга ўзимда йўқ севиниб ўтирсаму, сен бўлсанг…
Унинг бунчалик аччиқланади, деб ўйламаган эдим. Ҳақиқатдан жуда ўринсиз гап айтганимни тушуниб ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим . Нима дейишимни ҳам билмасдим.
-Майли, энди бунақа гапни айтма. Сендан ҳафа эмасман,- деб Абдували ака менинг ҳолатимни тушуниб кўнглимни кўтариш учунми оталарча меҳрибонлик билан елкамга қоқиб қўйди
Афсуски шундай ажойиб, бағри кенг кишининг менга қилган яхшиликларини оз бўлсада қайтаришга улгуролмадим. Ўша йили иккинчи ўғлини уйлантирди. «Энди сенга навбат», деганди ўшанда ҳазиллашиб. Шундай бўлсада бу гапни шунчаки айтмаганини англаб тургандим. Кутилмаганда бир неча ой ўтгач қон босими кўтарилиб кетиб оламдан ўтди. Қамоқдан келганимдан кейин таъмирлаш корхонасида ишлаётгандим. Абдували аканинг ўлимидан кейин уникида туролмадим. Шаҳарга келиб заводга ишга кирдим. Машинани сотиб уй олдим. Бу ёғи энди ўзингизга маълум.
Самандар тўхтаб чуқур тин олди. Озроқ ўйланиб туриб гапида давом этди.
-Нилуфар, ҳеч нимани яширмай, ҳаммасини айтдим. Кўриб турганингиздай ҳаётим биров ҳавас қиладиган эмас. Шунинг учун ҳам сизга муносиб эмасман, дегандим. Яхшилаб ўйлаб кўринг. Токи, кейин афсус қилиб юрманг. Ташлаб кетди, деб сиздан асло ҳафа бўлмайман. Ҳафа бўлишга арзимайман ҳам. Худо менинг тақдиримни шундай белгилаб қўйган булса нимаям қила олардим.
Самандарнинг ғам-қайғуга тўла ҳикояси, айниқса чуқур изтироб билан айтган сўнгги гаплари Нилуфарнинг қалбини эзиб юборди. Узоқ вақт таъсирланиб нима дейишини ҳам билмай қолди. Таскин беришга, кўнглини кўтара оладиган сўз топишга ҳам қийналаётган эди. Ҳаётда бир рўшнолик кўрмаган, одамлардан, айниқса ўз яқинларидан жабр кўрган йигитни ўтмишингиз шундай экан, деб ташлаб кетиш ўта шафқатсизлик бўлмайдими? Унинг ярим кўнглига озор бериб баттар қийнамайдими? Яна жонидан ортиқ кўрган севгилисини-я? Бундай қилишни истамайди. Бу виждонсизликдан бошқа нарса эмас. Севгиси ҳақ-ҳурмати ҳам бундай қилолмайди. Ахир севгисини асраб қолиш ва шу йўл билан бахтга эришишга интилаяпти-ку.
-Самандар ака, сизнинг бегуноҳлигингизга асло шубҳа қилмайман,- деди у кўзларига термилиб.- Шу сабабли сизга бўлган муҳаббатим ҳаққи, нима бўлганда ҳам ташлаб кетмайман. Ҳеч ким бундай қилишга мажбур этолмайди.
-Нилуфар, сиз қарор қилишга шошилманг. Тағин афсус қилиб юрманг. Мени ўйламанг. Раҳмингиз ҳам келмасин.
-Бунинг учун иккиланишга ҳам ҳожат йўқ. Айтдимку, сизга бўлган муносабатимни ўзгартирмайман, -деди Нилуфар бош чайқаб.- Илтимос,бу ҳақда бошқа гапирмайлик. Сиз асло руҳингизни туширманг. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Ахир ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлади. Сизнинг ёруғ кунларингиз эса ҳали олдинда. Қолаверса, энди сиз ёлғиз эмассиз. Ёнингизда мен борман, ёлғизлатиб қўймайман.
Самандарнинг кўнгли алланечук бўлиб кетди. Нилуфарнинг унга бўлган севгиси қанчалик самимий эканлигини яна бир бор ҳис қилиб меҳри товланиб кетди. Секингина елкасидан қучиб деди:
-Нилуфар, бу билан мени қанчалик севинтирганингизни, кўнглимни кўтарганингизни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ота тарбиясини кўрмадим. Она меҳридан маҳрум эдим. Гапларимга ҳайрон бўлманг, мен ҳозир буни изоҳлаб бера оладиган аҳволда эмасман. Фақат айтинг, ота-онангиз рози бўлишармикан?
-Дадам рози бўлишларига ишонаман. Ойимни эса бир амаллаб кўндирармиз. Жуда оёқ тираб туриб олсалар, мен бир ҳийла ўйлаб қўйдим. Лекин бу ҳозирча сир,- деб Нилуфар маъноли тарзда қўшиб қўйди.- Бизга ёрдам бериши мумкин бўлгар бир «иттифоқчимиз» бор.
-Ким?
-Директоримиз, яъни Искандар поччам.
-У киши бизга қандай ёрдам беришлари мумкин?- деб Самандар ҳайрон бўлиб сўради.
-Ҳозир тушунтираман,- деб Нилуфар унинг қўлини елкасидан олиб диван суянчиғига суянди.- У кишининг қизи бўлмагани учун мени ўз қизидай яхши кўрадилар. Биз ҳатто сирдошмиз ҳам. Агар сиздан совчи борса дадам албатта поччамдан сиз ҳақингизда сўрайдилар. Поччамнинг сиз ҳақингизда фикрлари яхши.
-Э, қойил,-деди Самандар завқ билан.- Бу томонини ҳам ўйлаб қўйган экансизда.
-Ҳа энди ўйламасам ҳам бўлмайди-да, -деб Нилуфар девордаги соатга кўзи тушиб беихтиёр хитоб қилди.- Вой ўлмасам, гап билан бўлиб телевизорни қўймабмиз-ку! «Бойлар ҳам йиғлади» бўлиши керак эди.
-Шунга ҳам афсусланаяпсизми?- деди Самандар кулимсираб.- Эртага қайтарганларида кўрарсиз. Бу ёқда ўзимизнинг бойлар «йиғлайдиган» бўлиб турибдику.
-Ўзимизнинг бойлар нега йиғлашар экан?-деб Нилуфар ҳайрон бўлиб суради.- Сиз бойлар деб кимларни айтаяпсиз?
-Жавлонбеков ва унинг арзандасини айтаяпманда. Сизнинг менга турмушга чиқмоқчилигингизни билишса «йиғлаб» қолишмайдими?
-Эҳ-ҳе, уларни айтаяпсизми? –деб Нилуфар кулиб юборди.- Йиғлашса йиғлашар, бизга нима? Менга деса баттар бўлишсин.
Самандар бу борадаги рақибларини ўйлаганида нохушликни ҳис қила бошлади. Уларнинг ён бермасликларини, йўлини топиб тўсқинлик қилишларига, муҳаббатларини топтаб, бир-бирларидан айиришга ҳаракат қилишлари аниқлигини ва бу йўлда ҳеч нимадан қайтмасликларини ҳис қилаётган эди. Нилуфарнинг кулиб турган чеҳрасига қараб бу нохушликлар қаёққадир чекиниб, қалбини ажиб бир туйғулар эгаллади. Уни беҳад севишини, усиз ҳаётнинг мазмуни йўқлигини ҳис қилди. Лекин унинг севгилари учун курашаётганини кўриб турган ҳолда томошабиндай четда туриб қолганини англаб ўзидан ўзи нафратланиб кетди.
«Қиз бола бўла туриб дадил йўл тутаяпти. Ҳатто совчиларга ҳам жавоб беришга журъат қилибди. Лекин мен нима қила олдим, ҳеч нима . Бу йигитлик ғуруримни топташ , бахтимдан юз ўгириш, севгимни бировга бериб қўйишдан бошқа нарса эмас-ку. Йўқ, мен ҳам курашаман, ҳаётимни гаровга қўйиб бўлса ҳам курашаман. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ахир у ёқда Жавлонбеков турибди»...
-Самандар ака, ҳозир синглингиз қаерда?-деб сўраган Нилуфар унинг хаёлини бузиб борди. Ҳалиям ўшандай юрибдими, деб сўрамоқчи бўлганди, лекин бунга тили бормади. Шу саволининг ўзиёқ Самандарни ранжитиб қўйиши мумкинлигини ўйлаб хавотирланди. Лекин унинг юзидаги хотиржамликни кўриб кўнгли жойига тушди.
-Шаҳодат суддан кейиноқ уйдан кетиб холамникида яшай бошлаган эди. Ўша ерлик бир йигитга турмушга чиққан. Ҳозир учта боласи бор.
-Демак синглингииз сиз туфайли ҳаётда ўз ўрнини топибди-да,-деди Нилуфар.
Самандар, балким, дегандай елкасини учириб кўйди. Соатга қараб деди:
-Соат ҳам 11 дан ўтибди. Уйингиздагилар хавотирланишаётгандирлар?
-Ҳавотирлишлари ҳам гапми, ойим бутун шаҳарни остин-устун қилаётгандирлар. Уйдан қандай чиқиб келганимни айтдим-ку,-деб Нилуфар ўрнидан турди.-Кузатиб қўясизми?
-Албатта,- деб Самандар ҳам ўрнидан турди.
Кўча чироқлари хирагина ёритиб турган кенгина кўчадан шошилмай боришарди. Анча кеч бўлгани учун кўчада одам кам эди. Кундузги иссиқдан асар ҳам қолмаган, эсаётган майингина шабада кишига ҳузур бағишлаётган эди. Анча жойгача индамай боришди. Олдинроқда қўлтиқлашиб кетаётган йигит-қизни кўриб Нилуфар ҳам Самандарни қўлтиқлаб олди. Унинг нима учун шундай қилганини билиб Самандар кулиб қўйди.
-Нега куласиз?-деди Нилуфар бу кулгининг сабабини тушуниб қошларини чиройли чимирди.-Улардан бизнинг қаеримиз кам?
-Жуда тўғри қилдингиз. Ахир биз ҳам бундай юришга ҳақлимиз-ку, -деди Самангдарга қизнинг қўлтиқлаб олгани хуш ёқиб.
Буни сезган Нилуфар, ёқмай қолсинда, деб қўлини тортиб олмоқчи бўлди. Лекин Самандар бунга йўл қўймай деди:
- Шунга ҳам дарров аразлайсиз-а.
-Йўғе, шунчаки жиғингизга тегмоқчи эдим,- деб Нилуфар кутилмаганда сўраб қолди.- Ҳозир дадангизни кўрсангиз таний оласизми?
-Йўқ, охирги марта кўрганимда беш-олти ёшларда эдим.
-Излаб топишга ҳаракат қилмадингизми?
-Йўқ.
-Нега?
-Чунки менинг бошимга шундай кунлар тушишига унинг ҳам айби бор деб ўйлайман. Ойим шундай қилган экан, бизда нима гуноҳ? Мен унга керак эмас эканман. Бўлмаса бир марта излаб келган бўларди.
-Балки ундай эмасдир, дадангиз ҳам сизни кўргиси келаётгандиру, лекин қандайдир сабабларга кўра иложини қилолмаётгандир,- деб Нилуфар сўради.- Агар дадангизни учратиб қолганингизда нима қилар эдингиз?
Билмадим, деб Самандар елка қисиб ўйга толди. У буни ҳақиқатдан ҳам билмасди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганди. Бундай қисматга дуч келишида балки унинг айби ҳақиқатдан ҳам йўқдир. Ҳозир ўзи қаерда экан? Ёки аллақачонлар... Нималар деяпман, ҳали анча ёш-ку. Тасодиф рўй бериб учратиб қолар? Балки учратгандир ҳам? Ахир ҳаётда нималар бўлмайди? Кўрса танимайди-ку. Юз тузилиши ҳам эсида қолмаган. Ғира-шира эсида қолгани, баланд бўйли, буғдойранг юзли. Бир жиҳатдан директор Искандар акага ўхшаб кетарди. Ҳатто бир неча марта шу менинг дадам эмасмикан, деган хаёлга ҳам борганди. Бунга дадасининг ҳам исми Искандарлиги сабаб бўлганди.
Нилуфар унинг ўйланиб қолганини кўриб ҳалақит бермаслик учун индамай борарди. Уйга яқин қолганида тўхтаб хайрлашиш учун қўл узатди.
-Рахмат кузатиб қўйганингиз учун. Демак юборасиз-а?
-Ҳа, албатта,-деди Самандар қизнинг нима ҳақда айтаётганини тушуниб,
-Уйда ойимлар «гўримга ғишт қалаб» ўтиргандирлар,-деди Нилуфар.
-Ҳа энди ойингизнинг ҳар қандай гапини кўтарасизда,-деди Самандар кулимсираб. -Фақат босиқлик билан тушунтиринг. Хафа қилиб қўйманг. Кўнглингизга олманг-у, феълингизни яхши билганим учун шундай деяпман.
Бу билан Нилуфарнинг назарида, нима бўлганда ҳам ойингиз менинг ойимга ўхшамайди-ку, деётгандай бўлиб кўнгли алланечук бўлиб кетди. Буни сездирмаслик учун ҳазиллашган бўлди.- Майли, кўрсатмангизга амал қилишга ҳаракат қиламан. Яхши дам олинг. Тушингизга бўлмағур нарсалар кирмаслигини тилайман,- деб чиройли табассум қилганича уйига қараб кетди. Анча жойга борганида ҳалиям жойидан жилмаган Самандарга яна бир марта қўл силкиб хайрлашди.
Давоми бор...
АНВАР ШОДМОНОВ.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2