5-қисм.
Яна баҳор келди. Ҳаводан янги унган майсаларнинг ёқимли ифори келади. Дарахтлар куртак ёзди, айримлари чаман бўлиб гуллади. Ҳаёт нақадар гўзал. Шу гўзаллик ичра яна бир саодат бор.
Кумуш она бўлади! Бу қандай бахт. Кечагина ғам-ғуссадан эзилиб, кўнгли тусаганига қўли етмай, турмушидан ажраб, ёмонотлиқ бўлган у эмасмиди?
Оз қолди, узоғи бир ойда фарзандини қўлига олади.
Отабек шу кунларда чет элга кетишини айтганди. Лайло билан кетса керак. Ёлғиз ўзи дам олмаса керак, ҳар ҳолда. Майли, чақалоғини дунёга келтирар чоғи ёнида бўлса, бўлди. Қаерда бўлса ҳам омон бўлсин. Бирам меҳрибон. Кеча ҳовли-жойларни саришта қилиш кераклигини эслатганда кўп уринмаслигини, ёрдамчи жўнатишини билдирди. Иккита жувон келиб, ҳамма жойни ярақлатиб кетди.
—Машинани мен бошқараман, сиз бироз бўлса ҳам дам олинг,-деди Лайло, —ҳали самолётда учишимиз ҳам бор. Кеча кеч келдингиз. У бир-биридан чиройли кийинган, хушсурат болаларини орқага ўтказди, ўзи бошқарувни қўлга олди. Отабек ўриндиққа суянганча кўзларини юмди.
У Кумушга илк уйланган кунлари Лайлога қарашга ботинолмай, нигоҳларидан қўрқиб юрди, аммо боладек беғубор аёли умуман шубҳа қилмаётганини билгач, бора-бора ҳаликсирамай қўйди. Эҳтиёткорликни эса сира унутмади. Ўзи хотиндан омадим бор экан, бири биридан яхши, бири биридан меҳрибон, одамлар битта хотини билан чиқишолмай ҳасратидан чанг чиқса, у аёлларининг бирор марта аразлаганини, ё йиғлаганини, ёки ҳаётидан нолиганини эшитмади.
Йигитнинг кўзлари ўз-ўзидан юмилиб кета бошлади.
—Келдик, бегим, бегижон, келдик.
Лайлонинг овозидан кўзларини зўрға очди у. Кўзмунчоқдек болакайлар, гўзал жуфтлик ҳамманинг ҳавасини келтириб, "Малдив" оролларига учиб кетди.... Лайло бу гўзал онларни ўз ижтимоий саҳифасига жойлашга ҳам улгурди.
Кумушда тўлғоқ бошланди Оғриқ аввал белида кечди. Бир оғрийди, бироз ўтиб тинади, ярим соат жони ором олади, яна ярим соат ўтиши билан оғриқ қайтадан келади, бора-бора оғриқ вақти тезлашиб, тин олиш мудлатлари камайиб борди. Бир ҳафтадан бери ёнидан жилмаётган онасига жавдираб қарайди, худодан мўъжиза юз бериб боласининг отаси етиб келишини худодан сўрайди. Охири чидолмади. Тез ёрдамга қўнғироқ қилмоқчи бўлди, шу пайт Отабек қўнғироқ қилиб қолди. "Аллоҳ оҳимни эшитди", йиғлаб юборди аёл.
—Тез етиб келинг, дардим бошланди, —деди у инграб.
Отабек уч ўғилнинг отаси бўлди. Аёлини ўша куни ўзи олиб борди туғруқхонага, чақалоқ туғилгач унга иссиқ овқат, егуликлар, дори-лармонларини етказиб бергачгина уйига кетди....
Кумуш бахтли эди. Гарчи чақалоғини туғруқхонадан дабдаба билан олиб чиқмаган бўлса-да, гарчи унга деярли ёлғиз ўзи парвона бўлаётган бўлса-да ҳаётидан мамнун эди у. Рўзғоридан ками йўқ, кир машина, идиш товоқ ювадиган машина, чангютгич-у, замонавий қулайликларнинг бари муҳайё эди. Отабекнинг меҳри олам-жаҳон, икки аёлига ҳам етиб ортарди. Укасининг шартнома пулини тўлаган ҳам, ота-онасининг рўзғорига пул ажратган ҳам у эди.
Катта ўғли бир ёшга тўлганида Кумуш яна фарзанд кутаётганини маълум қилди.
Лайло ижтимоий тармоқ юлдузига айланди. Уни бир миллионга яқин обуначи кузатар, фарзандларини айлантиргани олиб борадими, қозонга овқат соладими, дўкон айланадими, ўзига либос сотиб оладими, барчаси ўзбек аёлларининг нигоҳида эди. Аввалига ҳавас билан бошланган бу ҳаракатлар бора-бора Лайлош номи билан унга машҳурлик ва каттагина даромад келтира бошлади. Унинг рекламалари ҳам барчани хайратга солар, ҳаётига ҳамманинг ҳаваси келарди.
Тили ширин, лутфи бетакрор эди унинг. Мухлисалари маҳлиё эдилар.
Шу даражага борди-ки, Отабекнинг даромади Лайло ва унинг рекламалари орқасидан деган овозалар тарқаб кетди...Йигит бу гапларга эътибор бермас, у фақат аллақачон машҳури жаҳон бўлиб кетган биринчи аёлини бу йўлдан қайтара олмас, ўзи билан тушган расмларини қўйишни тақиқлар, аммо аёл, ширин лутфи билан уни ҳам авраб қўйганини билмай қоларди.
Лайло блогер бўлиб, ўзига ўзи маҳлиё бўлиб юрган кунлари Отабек вақтини кўпроқ Кумушга бағишлай бошлади.
6-қисм.
Кумушнинг иккинчи фарзанди ҳам ўғил бўлди. Отабек энди тўрт ўғилнинг отаси эди. Кейинги вақтларда салга чарчаб қолаётган Кумушга ёрдам беришга ошиқар, унга талпиниб турадиган жажжи ўғлининг ёнида бўлишга ҳаракат қиларди.
—Азизларим, мани меҳрибонларим, ваъда қилган жонли мулоқотимизни бошлаймиз! Саволлар келишни бошлади. Хўш? Опа, қайси бренддан кийинасиз? Жавоб: ҳамиша ҳар хил, биттасини айта олмайман.. Савол... Эрингизни яна битта оиласи борлигини биласизми? Кулади. Йўқ билмайман, Бегим садоқат тимсолилар-ку, борлиғим, жону-жаҳонимлар-ку!
Яна ўша аёлдан. Опа, эрингизни бошқа аёли, ундан иккита ўғли ҳам бор, шахсийда гаплашайлик.
Суҳбат қовушмади... Лайло Отабекка ўзидан ортиқ ишонса-да кўнглига ғашлик тушиб қолди. Ёмон кўп, кўролмаслар кўп.
Жонли эфири тугамасидан опаси телефон қилди.
—Лайлош, қўй шу блогерлигингни, ҳаётингга кўз тегмасин, синглим. Кўз бор нарса. Бир бурда нонга пул топомаётган одамларга сен жойлайдиган хилма хил овқатлар ёқади деб ўйлайсанми? Қўй, жон синглим. Бугун кузатдим, Отабек ҳақида ёзди биттаси...
—Опа, шу ростмикан? Ичимга ўт тушиб қолди.
—Худо асрасин, тавба де, синглим.
Кумуш Отабекни тез-тез чақириб ола бошлади. Бирпасда чарчаб қолар, болаларига қарашга ҳоли етмасди. Бир куни Отабекнинг кўз олдида ҳушидан кетиб қолди аёл. Сув сепса ҳам ўзига келмасди Кумуш.
—Ҳозироқ дўхтирга борамиз,- деди Отабек, қаергадир қўнғироқ қилиб болаларга кўз қулоқ бўлиб турадиган аёл топди, кейин Кумушни шифохонага олиб кетди...
Аёлнинг таҳлил натижаларининг чиқиши Лайлонинг сирдан воқиф бўлиши билан бир кунга тўғри келди.
Ўша куни Отабек туш кўрди. Алоқ-чалоқ эди туши. Қоп-қора итлар икки аёлини икки ёққа қараб тишлаб судрар, у ҳеч нарса қилолмас, ҳали унисига, ҳали бунисига қараб югурарди. Кумушнинг таҳлилини олиб чиққач машинасига зўрға етиб келди. Сўнг бошини машина чамбарагига қўйиб йиғлаб юборди. У ҳўнграб йиғлар, ёшгина жувоннинг бедаво дардга чалинишини қабул қила олмасди.
Ана, Кумуш кўринди, ранги бир ҳолатда, юзлари шишиб кетганидан янада қисилиб қолгандек эди.
—Ҳа, дадаси, дўхтир нима деди?
—Бу аёл ҳали сизни кўп қонингизни ичади, деди, кейин ўзини мажбурлаб кулди, айтарлик касалинг йўқ экан, шамоллабсан, сал қаттиқроқ...
—Вой худога шукур, нимагадир жудаям қўрқдим-а! У машинага ўтирар экан, эрининг қўлларини ушлади. Қайноқ эди қўллари, қизиб турарди мисдек.
Машина оҳиста юриб кетди. Анча юрганларидан сўнг Кумуш тилга кирди.
—Ҳаёт жудаям гўзал экан, дадаси, буни сизни учратганимдан сўнг тушундим. Менга энг олий бахтни оналик тахтини берганингиз учун, тўкин ҳаёт қандай бўлишини кўрсатганингиз учун, дунёларга сиғмас, барчага бирдек етадиган меҳрингиз учун, раҳмат... Яхшиям сизни учратдим...
Отабек кўз ёшини тўхтата олмай қолди.
Уйга боргунча бошқа гаплашмадилар.
Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Машинадан оҳиста тушган Кумуш биқинига тушган тепкидан учиб кетди, ўрнидан турмасидан устига кимдир ўтириб олди, дуч келган жойига ура бошлади. Бошига, юзига келиб тушаётган тарсакилардан ҳушини йўқотган Кумушни Лайлонинг чангалидан Отабек зўрға ажратиб қолди. У Лайлони маҳкам қучиб олган, қўйиб юбормасди. Лайло бақирар, сўкинар, атрофни томошаталаблар ўраб борарди.
Ичкаридан битта болани етаклаб, биттасини кўтариб энага аёл чиқиб келди. Кумушнинг ҳушсиз ётган аҳволини кўргач, уйга кириб болани аравачага солиб чиқди, сўнг Кумушни ердан кўтарди.
Лайло эрининг қучоғидан силтаниб чиқди-да ҳайқирди.
—Ҳозир уни талоқ қиласиз. Ҳозироқ! Ё мени танланг, ё уни.
—Унақа қилолмайман, Лайло!
—Нега, нимага? Уни нимасига учдингиз? Турқини қаранг. Мени шунга алишдингизми? Лайло аламдан, рашкдан ёниб кетгудек бўлар, овозининг борича бақирарди.
—Талоғини беринг уни, ҳозироқ воз кечинг!
Эркак индамай тураверди.
—Унда мени қўйиб юборинг. Мен сизни бўлишолмайман. Бунга чидолмайман. Мени талоқ қилинг унда. Сизга айтяпман, танланг биттамизни.
—Лайло, қўй, ўзинг ақллисан-ку, қийнама мени, юр уйда гаплашамиз.
—Йўқ ё уни денг, ё мени!
Кўзини очган Кумуш энаганинг қўлида инграб ётар, икита боласи дунёни бошига кўтариб йиғларди.
7-қисм.
Лайло ғазабдан қалтираганча яна Кумушга отилди.
—Тегма унга! Отабек деярли ҳайқириб юборди. У—касал. Саратон! Уни даволатишим керак. Илтимос бошқа урма, мени ур! Қанча урсанг, мени ур! Кумушни тўсди эркак, Лайлони қучмоқчи бўлиб.
Лайло эрини итариб юборди, кейин гандираклагудек бўлиб машинаси томон кета бошлади.
Машинанинг эшигини очаркан Отабекка қаттиқ тикилиб
—Уйга қайтиб борманг, барибир, киргизмайман. Сизни ҳеч қачон кечирмайман —деди. Охирги сўзларни айтаётганида товуши титраб кетди. Машинани мардона бошқариб катта йўлга чиқиб олган аёл озгина юрмасидан йиғлаб юборди. Дод солиб йиғлади. Бақириб-бақириб йиғлади.
—Менга кўз тегди, Художон, бахтимга кўз тегди, Худойим....
Кумуш ётиб қолди, Отабек аёлни даволатгани чет элга олиб кетди, аммо куни битган экан Кумушнинг ўзга юртда жони узилди. Ҳали ўттизга ҳам кирмаганди аёл. Иккита боласи онасини тузук-қуруқ танишга ҳам улгуролмай қолди. Охирги дақиқаларда тилаб олган болаларининг юзини ҳам кўролмай қолди аёл.
Кўнгил сўровчилар камайиб, одамлар келиши тўхтагач, Отабек сағирларини уйига олиб келди.
—Лайло, кел, уларга оналик қил, хатони мен қилдим, болаларда нима гуноҳ, ўз онасини эслолмайди улар, сени онам деб улғайсин—деди.
Лайло қимирламай ўтирар экан бошини кўтарди.
—Биласиз, қизғанчиқман. Ҳеч нимани бўлишмайман. Меҳримни ҳам! Улар бу ерда қолса, онаси ёдимга тушиб ўлдириб қўйишим мумкин. Яхшиси сиз ҳам кетинг!
Сизни, барибир, кечиролмайман!
Рози бўлсангиз, шу уй-жойларни бизга беринг, аммо ўзингиз қадам босманг, йўқса, бу уйдан ҳам чиқиб кетаман. Энди иложи бўлса манавиларингизни ҳам олиб, тезроқ чиқиб кетинг! —деди.
Отабек Кумуш билан яшаган уйига қайтди. Лайло билан ярашишга кўп ҳаракат қилди, бари бесамар кетди.
Кейин Кумушнинг ўзидан ёдгор қилиб бу ёруғ дунёга ташлаб кетган болалари билан қолди. Бошқа уйланмади.
Ҳозир ўғиллари анча катта бўлиб қолган. Отабек ҳар куни эрталаб ўғилларининг каттасини мактабга, кичигини боғчага ташлаб, кейин ишга кетади. Ўтган ҳаётида кечирганлари тушга ўхшайди. Уни бу дунёда битта нарса ушлаб тургандек гўё. Ўша ўзга юртнинг шифохонасида қўлларини ушлаб зўрға гапирган аёлига берган ваъдасини бажариши керак. Болаларини вояга етказиши, уларга Аллоҳни танитиши, сўнг катта ҳаётга кузатиб қўйиши керак....
Лайло ҳамон блогер. Эрининг хиёнати ҳақидаги лавҳаси уни янада машҳур қилиб юборди. Кузатувчилари сони кун сайин ошиб бораётган Лайлошкага энди Отабекнинг кераги ҳам йўқ эди.
Тамом.
Феруза Салходжаева.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3