Қайнона… Уни кимдир мақтайди, кимдир йўқ. Рости, у ҳақда келинлар камдан кам яхши гап айтишади. Лекин «Қайнонали келин — қарқара келин, қайнонасиз келин — масхара келин», деган гап бор. Бекорга айтилмагандир…
Кўпинча шу ҳақда ўйлаб қоламан. Рости, қайнонам яхши кўраманми ёки йўқ буни ўзим ҳам билгим келади. Ногоҳ, янги келинлик давримни эслайман.
— Юринг айланай. Сизга бир-иккита нарсани айтиб қўйишим керак, — у киши мени ошхона томонга бошлаганди. Ҳайрон бўлгандим. «Менга картошка-пиёз қаерда туришини, қайси овқатга қанча масаллиқ солишимни ўргатса керак». Миямга шундан бошқа фикр келмаганди. Аммо у мени газ ёнида турган шкаф ёнига бошлаб деди:
— Мана бу ерда ҳар доим наъматак ва ўрик туршаги туради. Эрингиз ҳар куни эрталаб шулардан тайёрланган шарбат ичиб кетади. Кейин тухумдан кўра, қуймоқни яхши кўриб ейди. Суюқ овқатга гуруч ишлатманг. Ўша куни эрингиз оч қолади. Ишдан келганида ҳам тўғри ошхонага кирадиган одати бор. Стол устида ширинлик бўлиши керак. Ўзингиз пиширган бўлсангиз жуда яхши бўлади. Уйда пиширилган нарсаларни жон-жон деб ейди. Яна келганимдан менга шунча ишни юклаб ташлаяпти, деманг. Бу ишларни сингиллари қилиб ўрганиб қолган. Лекин энди сиз унинг аёлисиз. Сизнинг қўлингиздан еса бошқача-да!
— Хўп, — дедим. Аммо ичимда ёмон кўрдим албатта. Шуни эримдан сўраб билиб олардим. Ёки унинг ўзи айтарди. Биринчи кундан айтиши шартми?
Тушликка уринаётганимизда яна келиб деди:
— Тушликка овқатни синглингиз қилади. Сиз бирорта ширинлик пиширинг. Бирор соатда эрингиз ишдан қайтади. Ўшангача тайёр бўлиши керак.
Менинг пишириқ пиширишни билиш-билмаслигимни синаб кўрмоқчи шекилли. Шундай қойиллатайки, бошқа синов қилиб ўтирмасин. Ўша куни бор маҳоратимни ишга солиб пирог пиширдим. Истаганимдан ҳам зиёда чиқди. Тушлик қилиб бўлгач, чой билан дастурхонга қўйдим.
— Жуда мазали бўлибди. Кўп яшанг. Стол устига битта ликопчага солиб, устини ёпиб қўйиш эсингиздан чиқмасин. Ўғлим шунга одатланган. Болалигида боғчадан келса, кейин мактаб келганида столдан олиб ерди. Шу қилиғини ташламади. Ўтириб е, деб ўргатолмадим. Энди ишдан келиб, тўғри стол ёнига боради.
Энсам қотганини билдирмай, унинг топшириғини бажардим. Бир соатлардан сўнг эрим ишдан қайтди. Қайнонам айтгандек тўғри ошхонадаги стол ёнига борди:
— Ўҳў, бугун пирог ерканман-да!
— Жуда мазали бўлган, — ҳозиржавоблик қилди қайнонам. Ҳали пирогнинг «муаллифи»ни ўзгартириб юборса эди, миямдан яшин тезлигида шу фикр ўтди. Аммо акси бўлди: — Келинчагинг атай сен учун пиширди.
Мен хаёлимдаги фикр ва мақтовдан уялиб уйимизга кириб кетдим. Сал ўтмай ортимдан эрим келди:
— Пирог жуда ширин бўлибди. Раҳмат! Ширинликни яхши кўришимни қаердан билдингиз? Бунақа мени эркалатманг, баттар севиб қоламан, сизни…
Энтикиб кетдим. Қайнонамнинг бир оғиз гапи билан эримнинг менга меҳри жўшди. Мен уни нотўғри тушунибман. Кечки пайт у киши мени яна ёнига чақирди. Энди кийимлар турадиган шкаф ёнига бордик:
— Эрингиз бўйинбоғ бойлашни билмайди. Ҳар доим мен боғлаб қўяман. Ёки боғланган бўйинбоғни бузмай, эртасига яна тақиб кетади. Мана бу бўйинбоғни бир ҳафта олдин сотиб олгандим. Эртага эрталаб шуни ўзингиз боғлаб қўйинг. Боғлашни биласизми?
«Мунча ўғлини гапирмаса, бу аёл? Менга аста-секин сўзини ўтказиб, бутунлай бўйсундириб олмоқчими?» Ичимда яна ёввойи ҳис бош кўтарди. Афсуски, бўйинбоғ боғлашни билмасдим.
— Йўқ, — дея ерга қарадим.
— Унда ҳозироқ ўрганасиз. Мана қаранг… — у эҳтиёткорлик билан ўргата бошлади. Кейин мендан боғлаб кўришимни сўради. Албатта, меники унчалик чиройли чиқмади. Шунинг учун бўйин эгдим:
— Меники яхши чиқмаяпти. Сизнинг боғлаганингизни шу ҳолича олиб қўяман. Эрталаб тақиб кетади.
— Йўқ! — бирдан қаршилик қилди у. — Ёқасини ўз қўлларингиз билан кўтариб, чиройли қилиб боғлаб қўйишнинг гашти бошқача. Шу ерда бир соат қолсангиз ҳам мана бу эски бўйинбоғда чиройли боғлашни ўрганинг.
«Эй, Худо жуда инжиқ ва майдагап қайнонага тушганга ўхшайман. Ўзинг сабр бер. Бўлмаса, шу бўйинбоғ билан бир нима ўзгарармиди?»
Яна янглишган эканман. Ўзгарди. Рост! Эрталаб ишга шошаётган эримга қўлимда бўйинбоғ билан яқинлашдим.
— Ие, ўзлари боғлаб қўядиларми? Марҳамат, нафақат бўйнимиз ўзимиз ҳам сизнинг ихтиёрингизда!
Уялиб кетдим. Секин ёқасини кўтариб, бўйинбоғни боғлаб қўйдим.
— Бўлдими? — сўради эрим.
— Бўлди, — дедим қизариб.
У киши эса кетиш ўрнига мени маҳкам қучоқлади:
— Ўзимнинг билимдон келинчагим! Бугун бошқача ишлайман. Ахир бўйинбоғимни сиз тақиб қўйдингиз. — У пешанамга лаб босиб хайрлашди: — Келгунимча ўзингиздек ширин торт тайёрларсиз…
«Жоним билан», дедим ичимда. Ташимда эса жавобни кўзларим берди. Қайнонам билиб қиляптими ё ўзи билмаган ҳолда ўғлининг кўзига мени яхши кўрсатяптими? Ўз-ўзидан у кишидан миннатдор бўлдим. Энди у кишининг сўзидан чиқмайман, сўз бердим ўзимга. Ростдан ҳам у кишидан кўп нарса ўргандим. Лекин ҳамма инсон, фаришта эмас. Гоҳида бир-биримизни тушунмай қолардик. Бир куни эрим бозордан шафтоли ва олма кўтариб келди. Мен албатта кўпроқ шафтоли едим.
— Янгангга олма бер. Шафтолидан е сен, — деди қайнонам олмага қўл чўзаётган қайнукамга.
Бу менга жуда ёмон таъсир қилди. Ахир бу «янганг тинмай шафтоли еяпти, сенлар ҳам **** қолинглар», деган гапнинг юмшатилган кўриниши эмасми? «Қайнона қайнона-да, барибир. Икки оғиз гапига «эриб» онангдай кўриб ўтирибсан, манна қайноналигини қиляпти-ку!» Индамай дастурхон бошидан турдим. Аммо жим кетолмадим:
— Узр, сал кўп **** қўйдим…
Ҳамма менга ажабланиб қаради. Уйга кириб йиғлаб юбордим. Улар нариги хонада ўтиргани учун гаплари менга аниқ эшитиларди.
— Нима бўлди? — деди қайнонам. «Айёр, энди ўзини билмасликка оляпти», дедим ўзимга ўзим.
— У шафтолини яхши кўриб еётганди. Сиз олма есин, дедингиз. Шафтолини қизганди деб ўйлади, — изоҳ берди эрим.
— Вой, мен укангни уришдим. Индамасам, ҳамма олмани ерди. Хотининг ҳомиладор. Унга олма фойдали. Қонини кўпайтиради. Шунга кўпроқ есин, дедим. Шафтоли қон босимини тушириб юборади унинг. Уканг еса ҳеч нарса қилмайди.
— Нима бўлганда ҳам аразлади… — кулди эрим.
— Ҳечқиси йўқ. Ўзига келади, ҳали. Ҳозир унда шунақа давр. Инжиқ бўлиб қолади. Кўнглига қараб туришимиз керак. Бор ўзинг кўнглини олиб чиқ, — бу қайнонамнинг гаплари эди.
Барибир мен буни қайнонамнинг айёрлиги деб тушундим. Аммо эртасига ҳаммаси ўтиб кетди. Ростдан ҳам менда шунақа давр экан. Вақт ўтгани сайин биз бунақа воқеаларнинг кўпини кўрдик. «Қари билганни пари билмас», деганидек, кўп бора қайнонамнинг ҳақлигига амин бўлдим. Охирги марта ростдан у кишини жуда ёмон кўргандим. Чунки, эримнинг бир қиз билан гаплашиб юрганини сезиб қолдим. Аввал ўзим жанжал қилдим. Фойдаси бўлмади. Мени, болаларини жондай азиз билгувчи турмуш ўртоғим ўзгариб қолганди. Чидолмай, қайнонамдан аламимни олдим:
— Ўғлингиз бир қизга илакишиб юрибди. Бизни тергашни биласиз, у билан ишингиз йўқ. Сиз ҳам гапирсангиз, уришсангиз бўлади-ку!
— Уни бу йўлга шайтон солган. Худонинг ўзи инсоф бермаса бекор. Ҳозир мен, сиз гапирганимиз бир тийин. Уйдан бездирганимиз қолади. “Уйга борсам, онам билан хотиним минғирлайди”, деб ўшанинг ёнига боришни афзал кўради. Бутунлай ажраб қолишни истамасангиз, озгина сабр қилинг. Ўзингизга қаранг.
— У болангизда, ёмон гапиргингиз келмайди. Мен бировнинг боласиман, азоб чексам, шарманда бўлсам нима бўлибди! Тўғрими?
— Қани шарманда бўлганингиз? Агар шунақа жанжал қилиб, бақираверсангиз, қўшнилар эшитади. Ўзингизни ўзингиз шарманда қиласиз.
Роса унга бақиргим, ёмон кўришимни билдиргим келди. Аммо ўзимни босдим. Барибир менга боласининг ёнини олганини алам қилди. Эртасига қайнонам мени ёнига чақирди:
— Юринг, икковимиз бозорга тушамиз. Бозор аёл кишининг асабларини тинчлантирувчи жой. Сизга чиройли кўйлак сотиб оламиз. Сиқилаверманг, ўғлим ҳали эсини йиғиб олади. Ўша қиздан сизнинг афзал томонларингиз кўплигини англайди. Сизнинг энг катта ютуғингиз — учта болангиз. Улардан воз кечолмайди. Кейингиси, мен яъни онаси сиз томондаман. Кейингиси, ҳалиям чиройлисиз. Фақат бу чиройни яна бир юзага чиқариш керак. Бугун шу учунчи ютуқни юзага чиқарамиз.
Доимгидек у кишига бўйсундим. Бозорга бориб хоҳлаганча харид қилдик. Кейин соч бўятдим. Кечки пайт келинчаклардек ясаниб-бўяниб эримни кутиб олдим. Қайнонам айтганидек «чақмасликка» ҳаракат қилдим. Албатта, бу осон бўлгани йўқ. Катта сабр ва бардош талаб қилди. Аммо бесамар кетмади. Икки ойдан кейин эримнинг ўзи менинг олдимда ўша қизга телефон қилди:
— Мени тинч қўй. Менинг оилам, болаларим бор. Улардан ҳеч қачон воз кечмайман.
Мен яна қайнонамни яхши кўрдим. У киши бўлмаганда нима қилардим? Масхара келинга айланмасмидим?! Худога шукр, қарқара келинман.
Наргиза Усанбоева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев