3-қисм.
Битта ҳовлида икки хил муҳит, мен қийналиб кетганимдан эрим ҳаёт бўлганларида эди, майли бемор бўлиб ётган ҳолларида бўлса ҳам хизматларини малолланмай қилардим.
Кўча - куйдаги маломатлар, камситишлар ва номард кимсаларнинг "илмоқли" гаплари бўлмасмиди, чунки эри бор деб сал бўлсаям хайиқишарди.
Овсиним эса эрининг ҳар куни ичиб судралиб ёки судраб олиб келиб уйга ташлаб кетаверишларидан безор бўлганидан "шу ер ютгур ё одам бўлмади ё ўлмади"-деб зорланарди.
Аввалига қайнимнинг бу қилиқларига кўниколмай шартта болаларни олиб ота ҳовлимга чиқиб кетгим келди.
Афсуски ота - онани вафотларидан кейин ўз туғилиб ўсган уйингга ҳам меҳмондай кириб чиқаркансан холос.
Хўп, укам бизни бағрига ҳам олар, икки қизимниям турмушга берарман, аммо икки ўғлимни қаерга уйлантираман. Иложи йўқ, бир илож қилиб шу ҳовлида яшашимиз шарт.
Шундай қийинчиликлар билан ойлар кетидан ойлар ўтаверди, атрофимдаги маҳаллаларда тўй - тўноқларда қизим билан идиш ювиш ёки ҳовли йиғиштиришларга чиқиб рўзғорни тебратиб турдик.
Ўғилларимни бирини мошина тузатадиган устага, иккинчисини нонвойга шогирдликка бердим.
Бир куни қайним эртароқ ишдан қайтиб ташқарида сўрида ўтирган экан, мен ҳам қизим билан қўшни маҳаллада тўйда идиш ювиб уйга қайтдик.
Қайнимни уйда кўриб қўрқиб кетдик, ишқилиб маст бўлмаса бўлди дедикда салом бериб хонаммизга кириб кетдик.
- Ҳой келин, чой - пой тайёрлаб беринг, анави "қизтуғар" манжалақи ишдан қайтмабди.
Қизим амакисини олдига дастурхон солиб чой дамлади ва тўйдан "насиба" деб берилган икки дона нон ва ширинликларни қўйди.
- Онангни чақирвор.
Қизим қўрқиб кетди:
- Бирор нарса керак бўлса менга айтаверинг амаки.
- Чақирвор дегандан кейин чақирда, гапим бор.
Дераза пардаси ортидан қайнимни гапини эшитиб қўрқиб юрагим тез ура бошлади. Шошиб қайнимни олдига чиқдим:
- Тинчликми, нима гапингиз бор эди?
Қайним қизимга қараб:
- Бор сен ичкарига кириб тур, катталар гаплашганда ёш болалар эшитмаслиги керак,-деди.
- Қизим ёнимда туради, нима гапингиз бўлса гапираверинг,- дедим қизимни елкасидан қучиб маҳкам ушлаб олдим.
- Яхши, қизинг ҳам бир томондан эшитиб қўйгани яхши.
Кўчада сен ҳақингда гапиришаяпти, кимлардир сенга "оғиз солибди" сен кўнмаётган экансан, ўзи эрга тегиш ниятинг борми?
- Бу нима деганингиз, мен бирор кишига эрга тегаман дебманми, уялмайсизми шу гапларни менга гапиргани.
- Эйй, сан қизишма, бидирламай гапимни эшит. Ёшсан, чиройлисан, бир умр бева ўтиб кетиш ниятинг йўқдир.
- Бўлди қилинг, эрга тегаманми ё йўқми бу мени ишим, алҳамдулиллаҳ номусимни жонимдан кўра қадрлироқ биламан, ҳозиргача авлодимни юзини ерга қаратадиган қадам босмадим, ин ша Аллоҳ келажакдаям ўзимни ва авлодимни лаънатлайдиган йўлга қадам босмайман.
- Эйй, сан мани гапимни бўлмай охиригача эшит. Кароче, менга эрга тегасан, ўғлим йўқ, менга ўғил туғиб берасан, менга тегсанг кўчадаям бирортаси лишний гап қилолмайди, мен домла олиб келаман, никоҳимизни ўқиб қўяди.
Ичимдаги қўрқувни ўрнини ғазаб ва нафрат эгаллади, қизим юзларини амакисига тескари қилганича мени маҳкам қучоқлаб дир - дир титрарди.
- Қизим қўрқма, мени қўйиб юбориб тур, мен ҳозир, дедимда ошхонага югуриб кирдим, кўзим хонтахта устидаги ошпичоққа тушди, ошпичоқни қўлимга олдимда ошхонадан ўқдай отилиб қайним томонга бордим.
Ошпичоқни олишга олдиму аммо анави ифлос қайним қўлимдан олиб қўйиб ўзимга зарар келтирсачи.
Нима бўлса бўлар, бундай хўрликдан кўра ўлиб кетсам ҳам майли, ҳеч бўлмаса болаларим иснодда яшашмайдику.
Хаёллар билан бўлиб сўрида ёнбошлаб ётган қайнимни олдига етиб бордим:
- Манга қара мараз, агар яна бир бор шу гапингни такрорласанг сени чопаман, менга ва болаларимга умуман гапирма.
Иложи бўлса кўчиб йўқолиб кет, бу ҳовлини эрим биз учун қурган тушундингми?
Қайним қўлимдаги чопқини кўриб ўрнидан туриб олди:
- Ия, сан ҳали менга угроза қилаяпсанми, қани ўлдирчи, духинг етадими, писмиқ десам жинни ҳам экансанку, ҳовли қурилишига мениям пулларим ишлаган, керак бўлса сени ва анави етимчаларингни кетларингга тепиб ҳайдаб юбораман.
- онамга бақирманг, овозингизни ўчиринг, ҳозир тоғаларимни чақираман,- дея қизим йиғлаб юборди.
Чопқини огородга отиб юбордимда қизим билан хонамга кириб кетиб қайнотамга телефон қилдим, аммо хотин қилиб оламан деганини айтишга бетим чидамади.
Қайнотам бир зумда етиб келдилар:
- Сани дастингдан ҳеч ерда хотиржамлик йўқ эканда, сан қанақа ўғилсан, сени бу ерда етимларга бош бўласан деб кўчиргандим, сан нималар қилаяпсан?
Ҳовлига кирибоқ ўғлини сўка бошлаган қайнотамни кўриб ўзини оқлай бошлади:
- Бу алвасти сизга нималар деди билмадиму, мени назарига илмаяпти, чой таёрлаб беринг десам - "чойни хотининг таёрласин, мен хизматкоринг эмасман"-деб урушиб кетди, кейин мен ҳам қаттиқ гапирдим.
- Ҳой бадбахт бола, шу хотин тўрт йил акангни касалини боқди, болаларини оқ ювиб оқ таради, сан эса ичиб - чичиб ҳамма жойда мени юзимни ерга қаратдинг.
Яна бир марта шуларни оғринтирсанг мен сендан кечаман, тур йўқол кўчага, қачон хотининг ишдан келса кейин кир ҳовлига.
Қайним индамай кўчага чиқиб кетди.
- Қизим қанисан, қани буёққа чиқчи.
- Ассалому алайкум дада, яхшимисиз, узр, қўрқиб кетганимдан сизни чақирдим.
- Тўғри қилибсан, бу ўғлим одам бўлмайди шекилли, энди озгина сабр қиласан, ҳа демай ўғилларинг ҳам катта бўлиб қолади, нариги томонга уй қуриб ўртадан девор олиб қутуласанлар.
Қизингга совчилар келаяпти деб эшитдим, ҳали ёш эмасми?
- Қизим шу йил мактабни битиради, ҳамма жойдаям битириш арафасида келин танлаш учун совчилар айланиб юришадида.
- Майли, ўзинг биласан, ишларинг нима бўлаяпти.
- Алҳамдулиллаҳ, рўзғорни эплаб турибмиз.
- Пенсиямдан оз - оздан қилиб йиғиб қўйганим бор, шуни санга берсам, қизингни бирор камига яраб қолар.
Қайнотам рўмолчага ўралган пулни олдимга қўйдида хайрлашиб чиқиб кетди.
Шундан кейин қайним бир ойча гапирмай юрди, овсинимгаям жанжал ҳақида индамадим, чунки шундоқ ҳам эрининг қилиқларидан безор бўлиб юрибди.
Қизим мактабни битирди, уйдан совчиларни кети узилмай қолди, деярли ҳар куни совчи кузатаман.
Кунлар исиб кетди, энди қайним уйдалигида ҳовлидаги сўрига шортик ва майкада ўтирволишни одат қилиб олди.
У сўридалигида биз ташқарига чиқолмай уй ичида ўтиришга мажбур эдик.
Охири чидамай овсинимга эрига кийиниб ўтиришини айтиб қўйишини айтдим.
- Опаа, кошкийди мени айтганимни қулоқларига олсалар, кўраяпсизку, бирор баҳона топилса дарров уришга бошлайдилар.
Кечки пайт катта ўғлим ишдан қайтди, катта ўғлим 16 га кириб анча улғайиб қолганди.
Амакисининг ярим ялонғоч сўрида ётганини кўрдида:
- Амаки, хафа бўлмангу, бу ерда бундай ётишингиз нотўғри, ахир онам ва сингилларим бор, сал кийиниб ўтирсангиз бўларди, деди.
- Ҳой тирранча, энди сан қолувдинг манга ақл ўргатмаган, бор уйингга кир, ҳе ўша.....
Жанжал чиқмасин деб ўғлимни ичкарига чақириб олдим.
Қайним асаб билан ўрнидан турдида кўчага чиқиб кетди.
Ярим тунда овсиним эшигимни таққиллатиб қолди.
Уфф, яна нима бўлдийкан деб эшикни очдим.
- опа, ўғлингиз билан "гўзал" болницага бориб келайлик, бир ўзим боргани қўрқаяпман.
- Вой тинчликми, ярим тунда нима бор, бирор жойиз оғриётган бўлса дўхтир чақира қолайлик.
- Йўқ, Худога шукур соғман, анави ер ютгурни мошина уриб кетибди, яна итдай ичгандирда, ичмай ўлгур, "гўзал"дан телефон қилиб тез келинг дейишди.
Ўғлимни уйғотдим, икковлари йўлга отланишди.
Овсиним: - " шу мошинаям тузукроқ уриб босиб кета қолмабдида, ўларди қутулардим",-деб ўзига ўзи гапириб кўчага чиқиб кетишди.
Мен ҳам уларни етиб бориб ҳолат ҳақида хабар беришларини кутиб ўтирдим.
Бўлган воқеа.
4-қисм.
Бир оздан сўнг ўғлим телефон қилди:
- Онажон ухлайверинг, амакимни мошина уриб юбормаган экан, уйга борганда айтиб бераман,-деди.
Ўғлим ва овсиним ярим соатдаёқ қайтиб келишди.
- Эй опажоней, бу ўлгурни мошина урмаган экан, ичиб олиб боши билан лоток ариқни қирғоғига қаттиқ йиқилибди, дўхтирларга мошина урворди,-дебди.
- Хайриятее, мен мошина ҳайдовчисига нима бўларкин энди деб хавотир олиб ўтирибман.
- Буниям ёнидаги шериги гапирди холос, болницага мелисалар келди, ўзлари аниқлаб олишади, биз эса индамай орқага қайтдик, баттар бўлсин.
Уйқумиз келмай гаплашиб ўтирдик, овсиним ҳам ичи дарга тўлиб кетганидан тинмай дардини тўкиб солди.
Тонгга яқин қайним боши битн билан боғланган ҳолда кириб келди.
- Мени ғийбатимни қилиб ўтирибсанларми, ёки мендан қутулдим деб хурсандчилик қилаяпсанларми.
Овсиним эрини кўриб менга пичирлаб:
- Бу сассиқни касалхонаям қабул қилмаганини қаранг опа, ҳеч бўлмаса бирор ҳафта қулоғим тинчир дегандим,- дедида эрини етаклаб хонасига олиб кириб кетди.
Уч кун овсиним ишга бормай эрига қаради, қайним ҳам деярли уч кун уйидан чиқмади.
Тўртинчи кун қайнимни "шишадош" улфатлари келиб олиб кетишди.
Эртасига тўрт киши чойхоначини уришгани ва катта жанжал бўлгани тўғрисидаги хабар маҳаллада тарқади.
Жанжалда қайним ҳам қатнашган экан, тўртовларини қамаб қўйишибди.
Овсиним ишхонасидан телефон қилиб:
- Опа дуо қилиб туринг, энди эрим ҳеч бўлмаса бирор йилга қамалсин, зора қамоқда ичмай шу ароқ ўлгурдан қутулиб одам бўлса.
- Қамалмасдан одам бўлсин илойим, тузалмайдигани қамоқдаям тузалмайди.
Овсиним билан гаплашиб бўлдиму ўйладим.
Бир томондан қамалса бизга ҳам яхши, чунки совчилар келганда қайним маст ҳолда келиб қолмасин деб юрак ҳовучлаб тураман.
Баъзи яхши жойдан келган совчилар шу савилни алкашлигини билиб қайтиб келишмади, чунки ҳамхонаси алкаш хонадонга қуда бўлишни ор деб билишганди.
Орадан бир ой ўтди.
Қайнимни қамалиши деярли ҳаммани хурсанд қилди, чойхона эгаси ҳам аризани қайтиб олмай маҳкам туриб олди.
Суд бўлди, судга қайнотам ва овсиним боришди, 3 йилга қамоқ жазоси беришибди.
Овсиним хурсанд кириб келди, хайрияте, энди уч йил хотиржамман, онамникида яшаб тураман, ишхонамгаям яқин, сиз эса хотиржам совчиларни кутиб олаверинг.
Кечга яқин овсиним қизлари билан енгил кўчларини олиб онасини уйига кўчиб кетди.
Тўғриси мен ҳам енгил нафас олиб алҳамдулиллаҳ дедим, энди ҳовлида бемалол юраман, совчилар келса ҳадиксирамайман.
Бир яхшигина хонадондан келган совчилар қизимга маҳкам "ёпишиб" олишди.
Биз ҳам куёв тарафни суриштирдик, ибодатлик яхши оила экан, биз томондан на мебел ва на пардалар қилишимизга рухсат беришмади.
Тўйни оддий ва ортиқча олди - бердиларсиз ўтказиб олдик.
Ўғилларим ҳам - "онажон энди сиз ишламанг, мен энди бемалол рўзғор қила олаяпман, укам ҳам устозидан фотиҳа олиб энди шогирд эмас, усталардай яхши маош олишни бошлади, сиз бизни дуо қилиб турсангиз бўлди,- деди.
Орадан бир йил ўтиб набиралик бўлдим, энди мен аввалги йиғлоқ она эмас, балки мулойим ва меҳрибон бувижонга айландим.
Қайнотам ўғиллари қамоқдан чиққунича яшамадилар, набирамни кўриб қолиш ниятига ҳам етмадилар, юрак хуружидан вафот этдилар.
Чет элдаги ўғиллари ҳатто отасини жанозасига ҳам келмади, уйдаги кенжа келин эса кўч - кўронини олиб онасиникига кетиб бўлганди.
Катта ҳовли бўм - бўш бўлиб ҳуввилаб қолди.
Аммаларим (қайнотамни сингиллари) бир куни мени чақириб қўлимга бир варақ қоғоз беришди:
- Рахматли акам -" шу васиятномани мен ўлиб қолсам катта келинга берасизлар",-деб бизга бир йил олдин омонат қилиб бергандилар, ма қизим, энди бу ҳовли ҳам сенга.
ВАСИЯТНОМА.
Мен фалончиев Абдуллоҳ фалон манзилдаги ҳовлимни катта келинимга мерос сифатида қолдирдим, бу ҳовлида иккинчи ва учинчи ўғилларимни хақлари йўқ. Ҳовли ўзимни номимда ва мени вафотимдан сўнг катта келиним ўзини ёки неварамни номига расмийлаштириб олишига розиман деб, (имзо)
Гувоҳлар: ( гувоҳлар деган жойида икки аммаларим ва маҳалла раисининг имзолари бор эди.)
- Ўқидингми қизим, энди қайниларингни кенжаси бошқа юртлик бўлиб кетди, катта қайнинг эса қамоқдан чиқса ўша участкада яшайверади.
Эртадан ҳовлига кўчиб келиб яшайверасан. Ўғилларингни уйлантиришга ҳам хоналар етарли.
Биласанми нега акамиз бу ҳовлини сенга қолдирдилар?
Мен индамай пастга қараб ўтиравердим.
- Сен эрингга садоқат билан қарадинг, бирор марта шикоят қилмадинг, доимо ибодатда бўлдинг, эрингни вафотидан кейин ҳам оилангни ору номусини қаттиқ ҳимоя қилдинг.
Булар ҳаммаси сенга Аллоҳнинг бу дунёдаги мукофоти бўлса керак, охиратдагиси эса ин ша Аллоҳ жаннат бўлади.
Акамизни хаққига намозларингда дуода бўл қизим. Мана биз омонатни эгасига топширдик, биздан ҳам рози бўлгин, тарбия қилган ота - онангга раҳмат, илоҳим жойлари жаннатда бўлсин.
Аммалар ўрниларидан туриб уйларига кетишди.
Ҳовлини аста айлана бошладим.
Кечагина шу хонадонга келин бўлгандим. Шу хонада эрим билан чой ичиб гаплашиб ўтиргандим.
Болам туғилганда эрим роддомдан олиб келиб шу шийпонда хурсанд бўлиб ўйинга тушганди.
Ҳамма ҳаммаси худди кечагина бўлиб ўтгандек эди.
Қайнотам ҳам ўғилларини ёмон бўлсин демаган эдилар, аммо қандайдир хато сабаб ўғилларни яхшиси эрта кунда бу дунёни тарк этди, иккитаси эса тириклайин "ўлди".
Шундай катта оила қисқа вақт ичида пароканда бўлди.
Майли, ўтганларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Овсинимни чақирдим ва васиятномани кўрсатдим.
- Арзийсиз опа арзийсиз, буюрсин, мен чин дилдан хурсандман.
Энди участка сизларга қолади, биз эртага катта ҳовлига кўчамиз.
- Йўқ опажон, мен энди у билан яшай олмайман, қамоқхонадан хат келганди, передача олиб кел ёки посилка қил,- деб ёзворибди.
Мен бормайман ҳам, посилкаям қилолмайман, болалардан орттиролмаяпман,- деб жавоб ёзворувдим.
- Хўш?
- Келмайдиган бўлсанг уч талоқсан, кўчларингни олиб уйингга кет, мен яқинда озодликка чиқиб онаси ўпмаганига уйланаман,-деб ёзворибди ер юткур.
- Балки инсофга келгандир, ҳеч бўлмаса озроқ бўлсаям посилка жўнатиб қўймабсизда, ҳар ҳолда болаларингизни отасику.
- Болларим ҳам безор, йўқ бўлиб кетсин, ҳовлисиям керакмас, кўчларимни олиб кетаман, дарвозани калитини сизга қолдираман, келса бериб қўярсиз.
Овсиним ҳам ҳамма кўчларини йиғиштириб кетди.
Биз ҳам катта ҳовлига кўчиб ўтиб яшай бошладик.
Қайнимни озод бўлишига оз муддат қолганида қамоқхонадан биннима деган хат келди, хатда қайнимни исм фамилияси ва оғир касаллик сабаб вафот этгани хабари ёзилган эди.
Уч кун деганда қариндошлари қайнимни жасадини олиб келишди, енгил жанозасини ўқиб дафн қилиб келишди.
Жанозасига ҳам йигирмага яқин одам келди холос.
Овсиним, қизлари ва қариндошлари таъзияга ҳам келишмади. Ҳеч ким майитни орқасидан йиғлаб кузатмади ҳам.
Бор гап шу.
Саломат бўлинглар.
Тугади.
Муҳаммад Икром.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5