«Ҳомиладор бўлолмаяпман, даволанишлар кор қилмаяпти. Асабий бўлиб қолганман. Нима қилай?..»
Ойлар, йилларни фақатгина бир илинж, умид билан ўтказиш, тинимсиз ва самарасиз ҳаракатлар, хавотир, қўрқув, кўз ёшлар, саросима, умидсизлик…Бу туйғуларнинг барчаси фарзанд кўриш илинжида шифокорнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир муолажасидан умидвор бўлган жуфтликларга яхши таниш. Худдики, чексизуммонда чўкиб кетаётган инсон осмонда учаётган қушдан ҳам ёрдам кутгани каби. Сиз ишонинг, ҳаммаси албатта яхши бўлади! Ўзингизни қўлга олинг! Умидсизликка берилманг! Ишонч, орзу ва сабр бизни таркэтмаса, ҳамма нарсага эришишимиз мумкин!
Сиз вақтингизни, маблағингизни ва энг қимматлиси асабларингизни организмингиздаги касалликларни даволашга сарфлаяпсиз. Лекин руҳий ҳолатингизни ҳам даволашни унутган кўринасиз. Узоқ даволанишлар, абадий давом этадигандек туюлувчи муолажалар, атрофдаги инсонларнинг гап-сўзи, ҳатто қарашлари, асабийлашиш ва тунда ёстиғингиз жиққа ҳўл бўлгунга тинмай кўз ёш тўкиш — буларнингбарчаси жисмонан ва руҳан толиқтиради. Лекин бу чарчоқ сизни енгишига ва умидсизлик устингиздан ғалаба қозонишига йўл қўйманг! Сизга далда берувчи инсонларнинг ёрдам қўлларини асло қайтармасдан, уларга ишонинг! Бефарзандликдан азият чекаётган инсон ёлғиз сиз эмассиз. Фарзандли бўлолмаётганидан тарки дунё қилган инсонни кўрганмисиз? Албатта, йўқ. Фарзандсизлик муаммосига дуч келган танишларим бор, уларнинг аксарияти иродасини мустаҳкамлаб, сабр билан орзуларига етишишга ҳаракат қилишади. Сизнинг ҳам улардан кам жойингиз ЙЎҚ!
«Фарзандли бўлолмаймиз, даволангандан фойда йўқ» каби фикрларни хаёлингиздан нари қувинг. Ёдингизда бўлсин, хаёл, фикр бир кун албатта моддийлашади. Шунинг учун фақат ва фақат яхши ният қилинг, ширингина миттивойингизни бағрингизга босиб, эркалаб ўтиришингизни хаёл қилинг.
Ривожланишлар асрида яшаяпмиз, замонавий тиббиёт учун бепуштлик муаммо эмас. Фарзандли бўлишни истовчиларга бир қанчаимкониятлар мавжуд. Асосийси, бепуштликниҳукм деб қабул қилманг, бу «фарзандли бўлолмайсиз» дегани эмас. Кўпинча бу гапнинг замирида «ҳомиладорлик амалга ошишини баъзи сабаблар қийинлаштираяпти» деган фикр ётади. Шунинг учун ишончингизни сўндирманг!
Руҳшунос маслаҳатлари
Саломатлигингизда жиддий муаммолар кузатилмаганда, руҳиятингиз устида ишлашни бошланг. Бунга турмуш ўртоғингизни ҳам жалбқилинг. Бунинг учун ўзолдингизга аниқ мақсад қўя олинг — «Биз албатта ота-она бўламиз!!!», «Авлодимиз давомчисини биз албатта дунёга келтирамиз», «Бизнинг юзимиз ёруғ бўлади» каби фикрлар бутун фикру зикрингизни эгаллаши керак.
Иғволар, фисқу фасод гапларга қулоқ солманг. Уларга асабингизни ҳам кетказиб ўтирманг. Ҳали асаблар фарзанд тарбиясида, уни катта қилишда жуда керак бўлади. Бу гапларга ўралашиб қолиб, турмуш ўртоғингизга нисбатан эътиборингизни сусайтирмасдан яшанг.
Ҳар қандай шароитда ҳам фарзанд кўриш, насл қолдириш, она ёки ота бўлиш хоҳиши сизни бир зум ҳам тарк этмасин. Ўзингизга бўлган ишончингизни йўқотманг. Иккиланиш,шубҳа-гумонлар сизни енгишига йўл қўйманг.
Имкон қадар бекорчи бўлмасликка ҳаракат қилинг. Фойдали, сиз учун мароқли, қизиқарли машғулотлар билан шуғулланишга ҳаракатқилинг. Атрофдагиларнинг назаридан қочаман деб,севимли ишларингиздан воз кечманг. Ёқимли машғулотлар руҳий вазминликка эришишга ёрдам беради. Бу эса сизга жуда керак.
Ён-атрофингиздаги фарзандли оилаларга ҳавас ҳисси билан қарашга, уларга ўхшашга ҳаракат қилинг. Сизнинг ҳам шундай бахтиёр, тўкис оилангиз бўлишини тасаввурингизда жонлантиринг.
Болаларни чин дилдан севинг. Шу болалар каби фарзандингиз бўлиши, келгусида у билан бирга мароқли дамларни бошдан кечиришни астойдил истанг.
Кўтаринки кайфиятда бўлишга ва бу қувноқ ҳолатингиз турмуш ўртоғингизга ҳам кўчишига ҳаракат қилинг. Сиз дунёдаги бахтли аёлардан бири эканлигингизни яхши биласиз. Атрофингиздагиларни кузатинг, сиздан ҳам тушкун аҳволдаги инсонлар борлигини кўрасиз. Бу дунёда ҳамма нарсанинг ажри, ҳар кимнинг ўзи учун аталган насибаси бор. Сизга ҳам оналик бахти албатта насиб этади. Бунга энг аввало ўзингиз ишонсангиз бас! Оптимистик кайфият устун бўлиши кераклигини унутманг.
Ғам-андуҳга берилманг,тўкис, яхши ҳаёт кечириш истаги, тўлиқ оила, болали бўлиш, келгусида шу фарзанд билан ҳаётни янада завқли қила олиш орзуси фикру зикрингизни тарк этмасин.
Турмуш ўртоғингизга суянч бўлинг. Сиз вақтикелганда йиғлаб оласиз. Ўзингизни қийнаётган муаммолар билан қайнонангиз, онангиз, опа-сингил, дугоналарингиз билан ўртоқлаша оласиз. У-чи? Унинг бирон марта йиғлаганини ёки дардини кимгадир айтаётганини кўрдингизми? Албатта, йўқ. Лекин у сиздан кам қийналмаяпти. Чойхонадаги дўстларининг ҳар хил бўлмағур гапларидан сўнг сизга жаҳл қилган бўлса ҳам, уни тушунишга ҳаркат қилинг. Бир-бирингизгадалда бўлинг.
Ишонч, хоҳиш, истак, тасаввур сизнинг «дўстингиз» бўлишига эришинг. Бирор жонивор ёки хонаки гулни парваришлашни маслаҳат берамиз. Унга бераётган меҳрингиз, парваришингиз, у ҳақда қайғуришингиз сизда оналикка жавобгар гормонни ишлаб чиқаришни кўпайтириш эҳтимоли бор.
Бир-бирингиз билан «мен ота бўлсам...», «мен она бўлсам...» дея порлоқ келажак ҳақида гаплашинг. Сизни қийнаётган муаммолар, хавотир, қўрқув, ҳаяжонни бир-бирингиз билан ўртоқлашинг. Суҳбат жараёни ўзаро тушунмовчилик юзага келмаслигини таъминлайди. Шу аснода жуфтингиз қандай далдага муҳтожэканлигини билиб оласиз ва шунга кўра муносабатда бўласиз. Яхши ва ёмон фикрлар доим қанот қоқади, деган гапни унутманг.
Жинсий ҳаётингиз издан чиқишига йўл қўйманг. Тинимсиз муолажалар, базаль ҳароратни ўлчаш, шифокор тақвими асосидаги жинсий ҳаёт сизни чарчатиб қўйган бўлиши мумкин. Лекинунутмангки, сизни аслида бир-бирингизга бўлган муҳаббат боғлаб туради. Эр ва хотин бир-бирини чин дилдан севиши, зерикмаслиги кераклиги ёдингиздан чиқиб қолмасин.
Эркакларга 5 маслаҳат
Бефарзандлик фақат аёлнинг эмас, эр-хотиннинг муаммоси. Шунинг учунбу дардга қарши биргаликда курашинг.
Бир-бирингизни эшитишга, тушунишга ҳаракат қилинг. Аёлингизга уни севишингизни, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёнида бўлишингизни доим эслатиб туринг.
Аёлингизнинг ҳис-туйғуларига аҳамиятсиздек қараманг, унинг ҳаяжони, хавотирига бефарқ бўлманг. Тинчлантириб, далда беришни ўрганинг.
Бефарзандлик муаммоси узоқ вақт мобайнида даволанадиган жараён эканлиги ёдингизда бўлсин. Шошма-шошарлик бу масалага умуман ёт. Сабрли бўлинг ва буни жуфтингизга ҳам ўргатинг.
Душман билан жанг қилишдан аввал у ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишингиз керак. Сизнинг душманингиз эса бефарзандлик. Бу борада етарлича маълумотга эга бўлишга ҳаракат қилинг.
Шахсий тажриба
«Руҳан хотиржам бўлишга ҳаракат қилиш керак экан»
— Мен бефарзандликни касаллик эмас, балки менга берилган жазо сифатида қабул қилгандим. Ўзимни тинимсиз айблардим, «тақдир нима учун менга бундай жазо берди?» деган саволданқийналардим. Ўзимни дунёдаги энг омадсиз, бахтиқаро аёл деб билардим. «Оиламдагилар, атрофимдаги инсонлар мен ҳақимда нима деб ўйларкан?» деган ўй доим хавотирга соларди. Турмуш ўртоғим мендан воз кечиши мумкинлиги ҳақида ўйласам, қўрқиб кетардим. Хавотирларим асоссиз бўлганини кейин тушундим. Ҳеч нимага аҳамият бермасдан, фақатгина ўз соғлиғим ва турмуш ўртоғим ҳақида қайғуришни бошлаганимда, менга омад кулиб боқди. 8 йилда ота-оналик бахтига мушарраф бўлдик! Иккита фарзандим бор. Ҳозир учинчи фарзандимга ҳомиладорман.
Мунира, Самарқанд шаҳри
«Умидингизни асло сўндирманг!»
— Мен аввалига йиғладим-сиқтадим, одамови бўлиб қолдим.Кўп даволанишдан ҳамбезор бўлдим. Кейин психологик китоблар ўқидим ва ўзимни қўлга олишни ўргана бошладим. Тушундимки, инсон омадга аввало ўзи ишониши керак экан. «Бачадондан ташқари ҳомиладорлик бўлиб қолМАсин-да», «ишқилиб, эрим ажрашамиз деб қолМАсин»га ўхшаш фикрларни бутунлай хаёлимдан чиқариб ташладим. Чунки китобларда ёзилишича,инсон мияси нима учундир «ма» қўшимчасини тушириб қолдирган ҳолда қабулқиларкан. Фикрлар эса моддийлашаркан, яъниёмон хаёлларга бориб, нохушликларни ўзимиз ўзимизга чақирар эканмиз. Аҳволи ўзимникидан баттарларга қараб шукр дедим, «вақти келиб албатта фарзандли бўламан» деган ишонч билан сабр қилдим. Яратганга беҳисоб шукр, 7 йил деганда эгизак фарзандларни дунёга келтирдим! Азиз аёллар, умуман тушкунликка тушманг!Билиб қўйинг, тушкунлик, асабийлик,умидсизлик, бесарблик, ношукрлик сизнинг энг катта душманингиз! Улар сизни эмас, сиз уларни енгинг!
Тошкент шаҳри
Психология фанлари номзоди, доцент Феруза АКРАМОВА тавсиялари асосида тайёрланди
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1