Ҳолиқ Таъолога йиғлаб сиғиндим.
Ул тенгсиз даврга арзимасам ҳам
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Дард ечилмай қолмиш дил тугунида,
Маънодан асар йўқ ўтган кунида,
Асри қабоҳатнинг совуқ тунида
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Мусулмон дўстининг ғамин еёлган,
Дунё лаззатидан ўзин тиёлган,
Ўлимни ҳақиқий ҳаёт деёлган
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ҳа, улар жамики инсонлар тузи,
Тополмассиз чироқ ёқиб кундузи!
Одам болаларин терма юлдузи
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ҳақиқий мўминлар ожизлигидан
Қийналар умматнинг ножинслигидан.
Ёвуз асримизнинг ёвузлигидан
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Амалсиз сўзласам, сўзим кулгили,
Сўзимдан ҳам кўра ўзим кулгили,
Кўзгуга қарасам, юзим кулгили,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Таваккул айламай баъзан Раззоққа,
Бардош беролмам нафс отлиғ тузоққа!
Ҳаёл маркабини ҳайдаб узоққа
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Истасангиз агар мен билан юринг,
Сафар мобайнида дўст бўлиб туринг,
Минг бор эшитгандан ўзингиз кўринг
Асри саодатни қаттиқ соғиндим:
Билолнинг ҳидини ҳидлаб тўяй деб,
Ётган асосини бир бор суяй деб,
Ҳолид яраларин боғлаб қўяй деб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Кўрсаму йиғласам саҳоба зотин,
Ўрганиб ҳаётга тутсам ҳаётин,
Сийпалаб Жаъфарнинг қонли қанотин
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Умму Саламадан кўрсатма олиб
Ҳаёт жадалида югурсам ғолиб,
Уйғониш асри ҳам бир четда қолиб,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ибни Умми Мактум тутган таёқлар
Вазнига тенг эмас бугун оёқлар.
Кўзи юмуқ, аммо қалби уйғоқлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Чарчаб нигоҳ ташлаб ботиналарга,
Етолмай турмушда хотималарга,
Аёлим бошлабон Фотималарга
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Лабларга озуқа илоҳий ўзан,
Бир ёнда қизимга жилмаяр Ҳусан,
Боламнинг оғзига тупурса Ҳасан
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Кунларим тунлардан фарқи йўқ, нетай,
Ўн беш аср ортга тик учиб кетай.
Ҳаёл қанотида манзилга етай:
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ҳамзанинг соқолин бир силаш бахти
Ҳар қайси мўминнинг жаннатий аҳди.
Замонлар йиғилса, барининг тахти –
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ваъзлар ўқиганда воизлар ёниб
Негадир бу юрак тўёлмас қониб!
Мусъаб даъватини тинглаб тўлғониб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ибодат лаззатин қилиб хуморлар,
Ухласа, намозда кўзни юмарлар –
Отасига тортган ибни Умарлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Абу Ҳирр сўзласа ҳадислар қовий,
Қарши сўзламакка топилмас ёвий.
Ўртада биронта бўлмаса ровий...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бугунги ҳофизлар очишса гар лаб
Турфа хил услубда ўзгаради таъб.
Қуръон ўқиб берса Убай ибн Каъб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бугунги ҳолатга изоҳни сўйлаб
Қолгаймиз разолат ичида бўйлаб...
Солмонга ўхшаган амирни ўйлаб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Жами кўрсатмаси исломга зидлар
Кўнглимни эзғилар аҳли фосидлар...
Уҳуддан оғирроқ ибни Масъудлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Дунёлардан кўра ҳақни қучсайдим,
Охират юртига кулиб учсайдим,
Сайд ибн Омирга мурид тушсайдим...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Сифатлардан ҳақир бўлган рақамлар,
Саройлардан гўзал томи пастқамлар,
Уйимдан ҳам сокин “дорул Арқам”лар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бугун қалбни тирнар ўй, эхтирослар,
Қайларгадир қочиб кетмиш ихлослар,
Жиянин опичлаб ўтган Аббослар...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Олтиндан қурилган водийлари бор,
Аммо ҳақни излар ходийлари бор,
Хотамдан ҳам хотам Адийлари бор
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Дунёлардан тамом нигоҳ ўгириб,
Тақводан мустаҳкам арқон йигириб,
Уккоша ортидан терлаб югуриб,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Худодан устунроқ саналса мансаб,
Кўнгиллар зулмга кетганда юмшаб,
Усома ибни Зайд қўшинин қумсаб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Қаранг, бир термулинг, дунё бандига -
Иймонин алишган қуртдек қандига!
Бугун ҳамма муҳтож Миқдод пандига,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Асрларни отиб, тезлик-ла қўпиб,
Ҳақиқат аҳлини шод бўлгум топиб,
Ибни Ҳузофанинг бошини ўпиб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Чўлоқ оёқ билан жаннатни босган
Ибни Жамуҳларни қўл ёниб ёзган!
Қиёматдан қўрқиб намозда озган
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Умарлар соғинган Абу Убайда
Айтинг, энди, айтинг, дўстларим, қайда?
Гуноҳни демаган катта ё майда,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бугунги ҳолимни айладим ғорат,
Йигит бошим билан йўқдир ҳарорат,
Ҳафсанинг кўзида ёнган жасорат
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бугун фикр йўқдир, фақат иқтибос,
Тафсирлар турфа хил, баъзи раъйга мос.
Ҳаммасин ром айлар ёш ибни Аббос,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Абу Дардоларни қувган бу дунё,
Ибни Авф қалбини ювган бу дунё,
Абу Зарр остида юган бу дунё,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ёшларнинг қалбини тутган қафаслар –
Бугун чолларни ҳам эзар ҳаваслар!
Юзга кириб ақли бутун Анаслар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ҳаббоб елкасида қизарган темир,
Бас, етар, бўлди қил! Тоғларни емир!
Эй кўнглим, бул оби раҳматни симир,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ул куннинг ёниқ бир саҳифаси бор,
Жанозадан қайтган халифаси бор,
Сир билан кўмилган Ҳузайфаси бор
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бугун юрсак ҳамки дўстларни сизлаб,
Мушкул он қўямиз уни ёлғизлаб,
Итоат бобида Муозни излаб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Соҳталик бўлмаган шу бугунчалик –
Ёлғон саломларга ёлғондан алик!
Ростликни ўргатсин Каъб ибн Молик,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Энг буюк зотларга қилмас ҳасадлар
Росулуллоҳ суйган ўлик жасадлар
Жаннатий Фотима бинти Асадлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Суҳайбур Румийни елкалаш учун,
Қалбий риёларни тилкалаш учун,
Саъднинг камонини бир силаш учун
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Одамлар малакдан фарқ қилмас пайтлар
Ҳассондан таралган илоҳий байтлар,
Тўртта ёнингизда жаннатий Зайдлар,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бир боғнинг жаннатий гул дарахти бор,
Қиёмат келмасдан кўриш нақди бор,
Талҳанинг боғида ухлаш бахти бор
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Бугуннинг кунида бечора қолиб,
Фахрланиш недир шажара солиб,
Абу Аюб уйин ижара олиб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ташкил этсам ҳамки кўп сайрларни,
Қайтаман тополмай бир хайрларни,
Қайдан топай бугун Зубайрларни,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Маслаҳат бобинда дилга ҳамхонам –
Завжидан ҳадислар сўзлар кўзда нам
Онамга ҳам она Ойиша онам
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Икрима бахтидан қарз олай, дея,
Ўтган умрим учун арз олай, дея,
Ваҳшийдан мардликни дарс олай, дея
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Яҳудлар қўлида бугун мўминлар,
Юракни фалокат сари таъминлар,
Амр ибн Ос каби аҳли тамкинлар –
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Илм бўстонида бўлмайин нобуд,
Изғисам бешикдан то манзил тобут,
Қўлимдан ушласа Зайд ибн Собит
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Жавобини топган саволлар даври,
Жаҳолат тамоман заволлар даври,
Абу Суфён деган рижоллар даври
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Чарчаган онимда шеър, қофиядан
Асҳоб ўртасида ҳилофиядан...
Сўровим бор эди Муовиядан
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Диллари шод гарчи қўллар қадоқда
Завжининг меҳрига юрак дудоқда
Зайнаб бинти Жаҳшлар энди қаёқда...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Ул давр тақдири – юрмоқ пиёда,
Ҳатто амирлари устун ҳаёда!
Қўрқмас Баролари мингдан зиёда
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Алининг ҳикматли сўзларин тинглаб,
Ўзимнинг кимлигим тополсам англаб,
Илм дарвозасин остида хўнграб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Қонига бўялган Қуръоним, дея,
Фитналарга қарши қўрғоним, дея,
Малаклар уялган Усмоним, дея
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Умарнинг нигоҳи кўнглимни ютар,
Адолат боғида қўлимни тутар,
Шайтонлари бошқа кўчадан ўтар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Абу Бакр бўлиб сувни тиндирган,
Қалбига ғайбларни кулиб қўндирган,
Иймони тарозни босиб синдирган
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Буёғига қўлим қалтироқ босар,
Росулуллоҳ сўзин қанақа ёзар?
Бошқа замонларда йўқ ўринбосар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев