Рухсатимсиз овқати бемаза бўлса бўладики, кўчамиздаги Зайнаб кампирнинг дўконидан бориб туз олмайди. Аслида унчалик қаттиққўл ҳам эмасман, лекин ҳар қалай хотин эрнинг гапига кириши шарт, деб ҳисоблайман.
Хуллас, оила қурганимизга анча йил бўлиб қолди. Ҳозир ҳам онасиникига бормоқчи бўлса, бир ҳафта менга ялиниши, мазали таомлар тайёрлаб, атрофимда гирдикапалак бўлиши шарт. Шунда ҳам она уйига боришига рухсат бераманми йўқ, ўша пайтдаги кайфиятимга боғлиқ. Аниқроғи, унинг бу одатини сезиб қолганимданми, хушомадни бошлагани ҳамон кайфиятим йўқолади… Атайин шундай қилмайман, шунчаки, шартли «рефлекс».
Бир сафар онасининг туғилган кунига рухсат сўради. Тушунмайман, ёши саксонга яқинлашиб қолган қайнонамнинг қизига кўзи учиб турибди, дейсизми? Бечора кампир болаларидан қутулганига хурсанд. Ўзидан тинчиб кетсин-да дея дуо қилишнигина билади. Мақсадим битта, қайнонамнинг дардини камайтириш. Афсуски, бу «ўқимаган»га шуни тушунтиролмай ҳалакман. Онасиникига қўймаганим учун хафа бўлди. Энди унинг кайфияти йўқолди… Қанийди, бу қабоқ яқин-ўртада очилса!
Яқинда уйга – хотиннинг қўл телефонига қўнғироқ қилдим. Кўтармади. А, нима бало ҳалиям ухлаб ётибдими? Ёки бирорта қўшни хотин билан ғийбат кўчасини чангитаяптимикан? Қайта рақам тердим. «Дут-дут-дут…» яна жимлик.
Чамаси ярим соатлар ўтиб яна қўнғироқ қилдим. Барибир гўшакни кўтармади. Хавотир ола бошладим. Тинчликмикан, ишқилиб. Бунақа одати йўқ эди-ку. Уйда ҳатто менинг телефоним жиринглаб қолса ҳам онаси қўнғироқ қилаётгандай мендан олдин ёпишарди. Аввалига бу аёл онасини шунчалик яхши кўрадими, деб ўйлаб юрардим. Кейин билсам, менга қўнғироқ қилаётган ким – аёл кишими ёки эркак, шуни билиш учун телефонга югурар экан.
Чалғиб кетибман. Энди тинимсиз қўнғироқ қилавердим. У ҳам атай қилгандай кўтармади. «Бу гаранг телефонини йўқотиб қўйдимикан» ўйладим ўзимча. Йўқ, ўзи йўқолиб қолса ҳам нарса йўқотадиган хотин эмас у.
Энди ўғлимга телефон қилдим. Шунчалик хавотир олганимдан туман марказида ишлайдиган ўғлимни ишни ташлаб уйга боришга мажбур қилдим. Қанчалик малол келса ҳам уйга борди. Аммо онасини тополмагач Комилжон ҳам хавотир билан менга телефон қилди.
– Аям уйда йўқ!
– Қўни-қўшниникини сўрадингми?
– Ҳа, ҳеч ким кўрмапти. Укам ҳам йўқ...
Хайрият-е, бир ўзи эмас экан. Кенжатойни ёнига олган бўлса, келиб қолар… Барибир кўнгил хотиржам топмади. Яна хотиннинг рақамини тераётган эдим ўзи қўнғироқ қилиб қолди:
– Дадаси, дадаси, кечиринг, эшитмай қопман, шовқинда эшитилмабди… Фалон бўпти, пистон бўпти. Бир дақиқада мингта сўз айтиб ташлади-ёв. Изоҳ ва кечиримнинг адоғи кўринмайди. Шартта гапини бўлдим:
– Қаерда эдинг?!
– …бозорга борувдим…
– Кимдан сўраб?
– …
– Борай, гаплашамиз…
«Борай, гаплашамиз!» Эҳҳе, бу гапнинг тагида нималар ётибди. Бунинг маъноси ҳазилакам эмас-да ахир. Хотин борки, бу сўздан қўрқади. Тасаввур қилдим, ҳозир ранги учиб кетди. Энди у қўнғироқ қилишни бошлади.
– Ҳа!
– Эшитинг, аввал…, – йиғламоқдан бери бўлди. Рўзғорлик қилиш учун борувдим. Бекордан бекорга борганим йўқ-ку.
Жаҳли чиққан, қолаверса, хавотир олган эркакни бу гаплар юмшатмайди, албатта, биласиз. У томондан ҳиқиллаб йиғлаётган овоз эшитилди.
– Э, бўлди қиле, борай…, – яна ўша гап. Хотин «тамом» бўлди.
Уйга важоҳат билан кириб бордим. Шумшайибгина бош кийимимни олди. Бечора, йиғидан кўзлари қизариб кетибди. Бунчалик ҳам қўрқмаса бу. Йўқ, тезда «эриш» ярамайди. Шекспирми, ишқилиб кимдир айтган эди: «Эркакни аёл йиғисидек қуролсизлантирадиган ҳеч бир восита йўқ» деб. Йиғига ишонмаслик керак!
– Нима, бир оғиз сўраб бозорга бориш ёки огоҳлантириб қўйиш мумкин эмасми?
– …кечиринг, дадаси, сизга «сюрприз» қилмоқчи эдим. Бугун эрталаб сиз чиқиб кетганингиздан кейин телевизорда бир аёл эрини «Эркаклар байрами» билан табриклади. Мен ҳам сизга совға оламан деб…
Аҳ, хотин-а. «Эркаклар байрами» эмиш…
Ўзи шунақа, ўзбек аёллари сизнинг дардингиз учун ҳам қурбон бўлади-ю ўзини айбдор санайди.
Муаллиф: Исомиддин ПЎЛАТОВ


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 12
» RAYXON G'ANIYEVA 65 TA.
» ZARINA NIZOMIDDINOVA 125 TA.
» ASAL SHODIYEVA 10 TA.
» SHAXZODA 278 TA.
» SEVINCH MO'MINOVA 157 TA.
» SHAXZODA MUHAMMEDOVA 55 TA.
» RAYXON ULESENOVA 24 TA.
» NILUFAR USMONOVA 29 TA.
» MUNISA RIZAYEVA 235 TA.
» TAMILA 5 TA.
» YAGONA 3 TA.
» KIRING KO'RING VA GUVOH BO'LING.
http://m.ok.ru/dk?st.cmd=altGroupJoin&st.groupId=53186383380728&st.page=1&st.frwd=on&_prevCmd=altGroupMain&tkn=4554