
Бўзтўрғай
Дашт ҳавоси ҳаволатган димоғим -
Энди аксин топар фақат сўзларда.
Узоқ кетдим. Кенглик очмас қучоғин...
Бўзтўрғайим бўзлаб қолди бўзларда.
Қават - қават кўкка ўрлаб ҳар сафар -
Жовилларди тинмай тонгдан шом қадар.
Борлиғимни боғлаб кундан- кун баттар -
Бўзтўрғайим бўзлаб қолди бўзларда.
Ҳавас билан қараб - қараб қолардим,
Шавқин кўриб, ўзим ҳам завқ олардим.
Эрк нелигин ўйлаб ўйга толардим...
Бўзтўрғайим бўзлаб қолди бўзларда.
Эл эркининг ёви тушиб қасдимга,
Занжир боғлаб оёғимга, дастимга -
Сиғдирмади ўзим ўсган даштимга...
Бўзтўрғайим бўзлаб қолди бўзларда.
Ваҳм солди ҳатто қушнинг парвози,
Дашт ҳавосин зориллатган овози,
Жўрлашганда энди дилнинг навоси -
Бўзтўрғайим бўзлаб қолди бўзларда.
Ёт элдаман. Бўғилсам ҳам куйлайман,
Дашт ҳавоси, дашт осмонин ўйлайман,
Ҳасрат билан кўринганга сўйлайман...
Бўзтўрғайим бўзлаб қолди бўзларда!


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев