
Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар, Расулига кўпдан-кўп салавоту саломлар бўлсин...
Мана, кечагина интиқлик билан кутганимиз муборак Рамазон ойи ажру савоб умидида кундузларини рўзадор, кечаларини намозларда бедор ўтказган миллионлаб мусулмонларга йўл-йўлакай ажру савоблар улашганча ўтди-кетди...
Унга қанчалар интиқлик билан ошиққан бўлсак, бугун ўшанча ўкинч билан ортидан кузатиб қолмоқдамиз, ўксик қалбларимиз унга яна бир бор етишиш истаги билан ёнмоқда...
Ҳа, бу кунларга етганлар ҳам бўлди, етмаганлар ҳам... Табиийки, келгуси Рамазонга етишиш бахти ҳам кимларгадир насиб бўлади, кимларгадир йўқ...
"Ер курраси" аталмиш мактабда Рамазон исмли муаллим бу йил ҳам бизларга тўла бир ой дарс ўтди. Унинг дарсларига биз ўқувчилар, одатдагидек, ҳар хил муносабатда бўлдик. Кимлардир дарслардан кеч қолди, кимлардир дарсларга бепарволик билан қатнашди. Кимлардир Унинг дарсларидан "қочди". Аълочилар ҳар сафаргидек, бу йил ҳам аъло баҳолар олиш учун тер тўкдилар. Дарсни бузиб танбеҳ олганлар ҳам, сабоқдошларини дарсдан чалғитишга уринган ноқобил ўқувчилар ҳам бўлди...
Ҳа, масжидларимиз намозхонлар билан тўлиб-тошди. Рамазон зийнати бўлган хатми Қуръон овозлари чор атрофда янгради.
Мусулмонлар қалбида ҳиммат ва саховат туйғулари жўш урди. Саховатпешалар бева-бечораларнинг ҳолларидан хабар олдилар, муҳтожларга қўлдан келганича ёрдам кўрсатдилар. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат бажо келтирилди.
Жаннат дарвозалари кенг очилган, дўзах қопқаларига дамба урилган, шайтонлар занжирбанд этилган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳмат ва мағфирати мўл-кўл ёғилган муборак кунлар – Рамазон ойи ўтиб, мана, муқаддас динимиздаги икки улкан байрамнинг бири саналмиш Ийд ул-Фитр – Рўза ҳайити байрами ҳам етиб келди.
Бугун бутун мусулмон оламида байрам шукуҳи ҳукмрон, диллар қувончга тўлган, барча бир-бирини байрам билан қутлаган...
Мана, Қуръон нозил бўлган, Аллоҳ розилигини қўлга киритиш учун моддий ва маънавий амаллар мусобақаси уюштирилган муборак ой ҳам ниҳоясига етди.
Биз «Ислом Нури» таҳририяти ўлароқ, Ер юзидаги барча мусулмонларни кириб келган Ийд ул-Фитр байрами билан муборакбод этамиз.
Аллоҳим, барча мўмин-мусулмон бандаларингнинг ушбу ойда қилган тоат-ибодатларини, сиём, қиём ва тиловати Қуръонларини Ўз даргоҳингда мақбул айла!
Аллоҳим, Ислом ва мусулмонларга иззату нусрат ато эт!
Аллоҳим, золимлар қўлида иймон синовига кирган муслим ва муслималарнинг барчасини иймонларида собитқадам, дуоларини мустажоб, қалбларини хотиржам, жисмларини саломат қил!
Аллоҳим, Ер куррасида яшаётган мусулмонлар ҳаётини осуда, баракали ва тотув қил!
Аллоҳим, иймон билан яшаб ўтган аждодларимиз, хеш-ақраболаримиз ва мўмин-мусулмон биродарларимизни Ўзинг раҳмат қил!
Аллоҳим, келгуси Рамазонга Иймон, Ислом ва солиҳ амаллар билан етиб боришга насиб эт!
Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин, азиз диндошлар!
Кундузлар оч-наҳор, кечалар бедор,
Ибодатга машғул дўстга Аллоҳ ёр!
Унга берилажак ноз-неъмат бисёр,
Неъматингни дариғ тутма, Аллоҳим!
Райён дарвозаси очилган кунда,
Рўзадор шодлигин сиз кўринг шунда.
Нуқсонли этсакда тоатни бунда
Раҳматингни дариғ тутма, Аллоҳим!
Рамазон ўргатган эзгу хислатлар,
Саховат, қаноат каби сифатлар
Қалбларга ўрнасин, бўлсин одатлар.
Нусратингни дариғ тутма, Аллоҳим!


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев