Савол: Ассалому алайкум. Шеър ёзишнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Ва алайкумус салом. Шеър ёзиш, уни эшитиш ҳақида турли қавллар айтилган. Уламолар наздида, агар шеърда фаҳш ва шариат ман қилган нарсалар бўлмаса, уни ўқиш ва эшитиш жоиз. Шеър шундай нарсаки, унинг яхшиси яхши, ёмони ёмондир. Яъни, шеър мутлоқ ёмон нарса эмас. Агар унда ҳикмат ва панд-насиҳат бўлса, шеър ёзиш ва эшитиш мубоҳ, балки мустаҳаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ҳассон” (Ибн Собит) исмли шоирлари бўлган. У мушрикларни ҳажв қилиб, уларга раддия сифатида шеър ёзган.
Яна шеърда мадҳнинг жуда кўпайиб кетмаслиги, ёлғон ва фаҳш сўзларнинг бўлмаслиги шарт қилинган.
Қуръони каримни тафсир қилиш ва ҳадиси шарифларни шарҳлашда жоҳилият даврида ёзилган шеърлардан фойдаланилади. Бунда мақсад тилни билиш, Каломуллоҳда келган бирон сўзнинг асл маъносини аниқлашдир. Жоҳилият давридаги шеърларнинг сурати олинади. Уларнинг маъносига эътибор берилмайди.
Баъзи фақиҳлар: “Жоҳилият даври ва мухазрамларнинг шеъриятини ўрганиш фарзи кифоядир. Сабаби унда араб тилининг қоидалари мавжуд. Маълумки, Қуръон ва ҳадис араб тилидадир. Шариат ҳукмини билиш, ҳалол ва ҳаромни ажратиш учун шариат аҳкомларини ўрганиш матлубдир”, дейишган.
Демак, Аллоҳнинг зикри, Расулига салавот ва саломлар айтиш, панд-насиҳат, яхшиликка чақириши ва ёмонликдан қайтаришни ўзида жамлаган шеърларни ўқиш, ёзиш ва эшитиш мустаҳабдир.
Хамр ичиш ва бошқа ҳаром ишларга даъват этувчи, мусулмонларни масхаралаб ёзилган, фаҳш ишларга тарғиб қилувчи шеърларни ўқиш ва эшитиш ҳаромдир.
Шеър ёзишга муккадан кетиш ва оқибатда Аллоҳнинг зикридан чалғиш, шаръий илмларни ўрганишдан машғул бўлиб қолиш макруҳдир. Валлоҳу аълам!
Манба: muxlis.uz
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев