ОНА
Осмон сархуш боқар, кечалар узун,
Ноласини сўйлаб йиғлайди Она.
Ёмғирлар ҳавода тўхтайди бир зум –
Алласини куйлаб йиғлайди Она.
Онанинг хаёли болада, дерлар,
Боланинг хаёли далада, дерлар.
Зириллаб кетади ногаҳон ерлар –
Боласини ўйлаб йиғлайди Она.
Гўдакка фарқи йўқ – ўйнаб ўсади,
Сочлари қошини чангдан тўсади.
Дард нима билмайди, кўча кезади...
Боласини пойлаб йиғлайди Она.
Хатоси ўтганда жим қарар бола,
Ўзича ер чизар, йўл қарар бола.
Ва дарҳол эсидан чиқарар бола,
Лекин неча ойлаб йиғлайди Она.
Билади – боласи кўрсатар кучин,
Сезади – ташвишга тўлади очун,
Ҳали кўп тўкади боласи учун –
Кўз ёшин авайлаб йиғлайди Она.
Ўғил катта бўлар орқада қолмай,
Онаси кўз юмар бахтга етолмай...
Қаро заминда ҳам жим ёта олмай,
Кулиб, сездирмайлаб йиғлайди Она.
Маҳшаргоҳ! Сочилар савобу хато,
Эътибор топмайди бирор бир садо.
Ўғлининг гуноҳин олмоққа ҳатто
Ёлвориб, «худой”лаб йиғлайди Она.
Буюк Зот бу ҳолга кўрсатар эъзоз,
Мезон палласида кўнгил тилар роз –
Ўғлини жаннатда кўргачгина рост,
Тўхтайди йиғидан, тўхтайди Она
Ва тўхтаб, шодликдан йиғлайди Она!�
☘☘☘☘☘☘☘☘☘


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев