Ибрат
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): «Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир» (Луқмон сураси, 13-оят).
Луқмони Ҳаким ҳақида қисқача маълумот. Оятда таъкидланганидек, Луқмон – ҳаким бўлган доно бир шахс. “Ҳаким” деб, сўзи ва ишида ўта аниқлик бўлган кишига айтилади. У зот Луқмони Ҳаким номи билан шуҳрат қозонган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) таъкидлашича, Луқмони Ҳаким ҳабаший қул бўлган. У хожасининг берган саволига жавобан: “Энг ширин гўшт ҳам, энг бемаза гўшт ҳам, юрак ва тилдир”, деб айтган ҳикматли сўзи ривоят қилинади. Отаси Боуро. У Озар (Торах) авлодидан бўлиб, Айюб (алайҳиссалом)нинг синглиси ёки холасининг ўғлидир. Луқмони Ҳаким минг йил умр кўрган. У Довуд (алайҳиссалом) замонигача яшаган ва у зотдан илму ҳикмат ўрганган. Луқмони Ҳаким Довуд (алайҳиссалом) пайғамбар бўлгунга қадар, муфтийлик қилган. У зот мингта пайғамбарга шогирд бўлган. Шунингдек, яна бошқа мингта пайғамбарга устозлик қилган. Қайси ҳунар билан шуғуллангани ҳақида ихтилоф бор: тикувчилик ёки дурадгорлик ёхуд подачилик. У зотнинг пайғамбар ёки валий экани борасида турли қарашлар бор. Жумладан, Имом Икрима, Суддий ва Шаъбий (раҳимаҳумуллоҳ) Луқмони Ҳаким пайғамбар бўлган, десалар, қолган уламолар у ҳаким бўлган, дейишган. Зеро, у зот тўғрисида Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам, аниқ маълумот келмаган. Фақат Қуръони каримдаги бир сура у зотнинг номи билан аталган ҳамда айнан ўша сурада ўз ўғлига қилган насиҳатлари келтирилган, холос. Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: «Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир»(Луқмон сураси, 13-оят).
(Луқмон яна деди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир. Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир» (Луқмон сураси, 16–19-оятлар).
Демак, мазкур ояти карималарда Луқмони Ҳакимнинг ўз ўғлига қилган тўққизта насиҳати келтирилган: “Эй ўғилчам,
Аллоҳга ширк келтирма.Намозни баркамол адо эт.Яхшиликка буюр.Ёмонликдан қайтар.Ўзингга етган (балолар)га сабр қил.Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин.Ерда керилиб юрмагин.(Юрганингда) ўртаҳол юргин.Овозингни паст қилгин”.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев