Термулар сўлғин қалб олисга маъюс,
Нигоҳин қаъридан инграр бир нидо.
Жон қуши бахт гулин қучмоққа ожиз,
Дардманднинг дардига шифо бер, Худо!
Оҳ чекса оламни ўртар ноласи,
Қабоғин абрида титрар жоласи
Жовдирар онаю, бир жуфт боласи.
Дардманднинг дардига шифо бер, Худо!
Йўқ наҳот бир илинж, бирор бошпана,
Ғам кўнгил қасрида тузмиш тантана,
О, бироз яшамоқ истар у яна,
Дардманднинг дардига шифо бер, Худо!
Майлига, тоғлардек қоматин керма,
Юлдузлар бағрига шуҳратин терма,
Майлига, тилло, зар, мансабин берма,
Дардманднинг дардига шифо бер, Худо!
Шукрона айтар у дард чекиб маъсум,
Ютганча бор ашкин, айлаб табассум.
Фарзандин бахт тўйи янаги мавсум,
Дардманднинг дардига шифо бер, Худо!
Демишсан, дард борки, битилгай дармон,
Ситам ҳам бир сабоқ, илоҳий фармон,
Қалбида минг орзу, ҳали минг армон,
Дардманднинг дардига шифо бер, Худо!
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев