Бир манзилдан фойда топиб ўн томонга сарфлаш нақадар аламли эканлигини зўрға кун кечираётган инсон тушунади. Собиқ иттифоқ бизга бир хилликда яшашни ўргатиб кетди. Асосий рўзғор харажатларни халқимиз онгида белгиланган ҳолда шакллантириб қўйди. Ёғ, гўшт, ун, шакар, гуруч, картошка, пиёз, туз ва гугурт ҳар бир оиланинг асосий истеъмол товарлари ҳисобланади. Уларнинг нархи қандай эканлиги бевосита турмуш тарзимиз ва ҳаётимиз мазмунига чамбарчас боғлиқдир. Оддий оиланинг бозорга чиқиб харид қиладиган маҳсулотлари асосан шулардан иборатдир. Ҳамёнимизга қарамасдан балки онгимизда ўрнашиб қолган дастур асосида ҳаракат қиламиз. Жаннатмакон диёр фарзандлари ушбу дастурга мос равишда йиллар давомида ўргатилди. Чуқурроқ мазкур масалага эътибор қаратсак, собиқ иттифоқнинг узоқни кўзлаб амалга оширган сиёсати ҳатто халқимиз нима ва қандай таъом истеъмол қилишини ҳисобга олганлигини гувоҳи бўламиз. Бу билан халқни доимий назоратда ушлаб туриш учун зарур бўлган истеъмол товарларини қўл остига олиш эканлигини тушуниш лозим. Кенгроқ ўйлаб кўрайлик, кундалик пиширадиган овқатларимиз сони қанчалик бир хилликка эга эканлигини тушунамиз. Йигирмата оиладан ташкил топган кўчага кириб ҳар бир хонадонга кириб кўрсак, камида бештаси кечки овқатга мастава пиширганини исботини топамиз. Балки оғизни тўлдириб, якшанба ва пайшанба кунлари ош қиламиз деб, мақтаниб ҳам қўярмиз. Нима бўлган тақдирда ҳам бизнинг жамият ташқи ва ички кучлар томонидан ўз вақтида фермадаги товуқ каби тарбияланганлигини инкор этмаслигимиз лозим.
Юқорида келтирилган маълумотни ўқиб, Нахотки?! Бўлиши мумкин эмас! Дарҳақиқат! Қойил! Сафсата! ва бошқа фикрларга боришингиз мумкин. ELMADAD ташкилотининг ушбу мавзуга эътибор қаратишида етарли даражада маъно мужассам. Ён атрофга боқамиз! Яшаш учун кураш авжига чиққан замонда яшамоқдамиз. Тўйиб овқатланиш нарх-наво кўтарилган пайтда кўпчиликни қийнаб қўйиши мумкин ахир!? Серқуёш ҳур ўлкам элга бахт нажот... деб бонг урмасдан ўша нажотни англашимиз ва ундан фойдаланиш бўйича амалий ишларни йўлга қўйишимиз керак эмасми?! Қачонгача меҳнат қилиб топган пулимизни асосий қисмини нархи ўта баланд “керакли маҳсулотлар”га сарфлаймиз?! Овқатланиш рационларимизни турли туман маҳсулотларга боғламасак, катакдаги товуқ каби белгиланган нархларга тобеъ бўлиб яшаб юраверамиз. Қора қозон юқорида келтирилган товарлардан ташқари арзон ва ҳалол бўлган бошқа миллий маҳсулотларда ҳам қайнашини унутмаслик лозим. Бугунги кунда бозорларда айрим полиз экинлари ўз харидорини топмасдан чириб кетмоқда. Ўрганиб қолган таъомларимизга бўлган садоқатимиз туфайли уларни увол қилишгача бормоқдамиз. Мисол учун бир кг гўштни ўрнига олти кг қўзиқорин олишга ақлимиз етмай қолади. Балки гўштни таъмини бермас, лекин унга яқин бориши мумкин. Хуллас, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин аслида. Ривожланган давлатларда яшаётган халқларнинг овқатланиш маданиятига баҳо берайлик. Талаб кўпайган вақтда таклиф камаяди азизлар! Маълум маҳсулотлар атрофида айланмасдан, балки барча маълум ва номаълум маҳсулотлар тановули ҳақида ўйлаш вақти келганини айтмоқчимиз.
Халқимизнинг тўкин дастурхони баракали бўлсин! Юртимизда яшаётган барчанинг қорни доимо тўқ бўлсин! – деганлар мазкур мавзуни яқин инсонларига улашишини хоҳлаган бўлардик. Яхши яшашга ҳақли эканлигимизни унутмайлик!
Мардон Аслонов
www.elmadad.uz
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев