«БОБУР ВА НАПОЛЕОН» РИСОЛАСИГА
Т А Қ Р И З
Заҳириддин Муҳаммад Бобур инсон ва адиб, давлат арбоби ва саркарда, эътиқоди бутун тақводор ва шоҳ, ростгўй адабиётшунос ва меҳрибон ота мақомида бағоят мураккаб, зиддиятлар тўла тақдир соҳиби эди. Бобур Мирзони умр бобида “қисган” Парвардигори олам унга саҳий қалб, улкан юрак, сеҳргар қаламу кескир қилич ато этди. Айни иноятлар унинг ҳаёт саҳифаларини жонлантирди, теран моҳият ва маъно бағишлади.
Асрлар тўфонию буҳронини писанд қилмай, инсониятнинг янги-янги авлодларига етиб борувчи шон-шавкатни унинг насибасига битиб қўйди. Асрлар ва насллар ўтади, Бобур Мирзонинг мангулик карвони ўз қўнғироғини жаранглатиб, боқийлик манзили сари интилишда безавол давом этаверади.
Бошқа одамларникидан деярли фарқ қилмайдиган мўжазгина кўксида шернинг юраги ва журъатини кўтариб ўтган бу мукаррам зот ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар билан юзма-юз яшаб ўтди, ўзидан талайгина маънавий хазина ва ном қолдириш учун курашди.
У яхшилик шайдоси эди. Сўнгги нафасигача эзгулик яловини баланд тутди, фарзанди Муҳаммад Хумоюн Мирзога ҳам шу ҳақда васият қилди. Айниқса, Бобурнинг махфий васиятини эслайлик. У мард ва тадбиркор, дипломат ва дилбар шахс эди.
Император Наполеон. Аждодлари юрт сўрамаган, болалиги қийинчиликда кечган, хамиша муҳтож, қисқаси, тафовутларнинг саноғи йўқ. Ҳайратангиз сирли қонуниятлар... Икки буюк шахснинг қисматидаги муштарак жиҳатлар, тақдирларидаги ўхшаш томонлар ҳар қандай кишини лол қолдиради. Ҳар икки саркарданинг хотираси абадий эъзозда.
Таниқли журналист ва адиб, публицист, моҳир мутаржим, бир қатор тарихий ва бадиий асарлар, пухта таржималар муаллифи Рустамжон Умматовнинг “Бобур ва Наполеон” эссесини ҳайрат билан ўқиб, муаллиф келтирган қиёсий таҳлилларда беназир “Бобурнома”ни ва император Наполеонни қайта кашф этгандай бўлдим. Бундай асарни ўзини илмга, ижодга батамом бағишлаган кишигина ярата олади. Асрий қадриятларни юзага чиқариш ҳам, тарихий чалкашликларга аниқлик киритиш ҳам шундай муаллифнинг қўлидан келади.
Америкада ҳам Бобур шахсига, ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш кучли. Кўҳна Шарқ ҳақидаги бир қатор асарлар муаллифи Ҳарольд Лэмбнинг “Бобур – йўлбарс” китоби шоҳ ва шоир ватандошимизга эҳтиром руҳи билан йўғрилган. Бироқ Ҳ. Лэмб бир ўринда Ҳумоюн Мирзони маломат қилиб, ҳатто унга қўрқоқлик иллатини ёпиштиради. Р. Умматов “Бобур ва Наполеон” эссесининг 14-бобида Ҳумоюнга нисбатан бундай буҳтон мутлақо асоссиз эканини далиллаб, шаҳзода хотирасини мароқ билан ҳимоя қилади.
“Айбсиз – Парвардигор” дейилганидек, “Бобур ва Наполеон”да ҳам баҳсли ўринлар йўқ эмас. Лекин бу жузъий ҳолатлар асарнинг юксак қимматини ва ўқувчиларга етказиш заруратини заррача ҳам камайтирмаслигини таъкидлайман. Зеро, эссенинг ҳар бир боби ҳақиқат ва чуқур таҳлил билан суғорилган. Кимки, Бобурни – Наполеонга ва Наполеонни – Бобурга боғловчи тарихий ва қиёсий ришталарни кўрмоқ истаса, тез орада чоп этиладиган ушбу асарни ўқисин, албатта.
“Бобур ва Наполеон” мутолааси жараёнида ўзим ҳам талайгина охорли далил ва маълумотларга эга бўлдим. Янгиликлар бисёр, шу боис уни ҳеч иккиланмасдан нашр қилиш ва китобхонлар қўлига етказиш лозим деб ҳисоблайман.
Неъматилла ОТАЖОНОВ,
профессор, филология фанлари доктори,
халқаро Бобур мукофоти совриндори.
(2018 йил 10 август.)

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2