НОМЛИ ТАРИХИЙ-ҚИЁСИЙ ЭССЕСИГА
Т А Қ Р И З
Таниқли журналист, адиб ва таржимон, “Турон” Фанлар академиясининг академиги Рустамжон Умматов қалами остидан чиққан асарлар (публицистика, шеър, ҳикоя, қисса, роман, таржима) ҳечқачон ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Айниқса, унинг кейинги йилларда амалга оширган бадиий таржималари таҳсинга лойиқ. Бу ўринда ҳаммасини санаб ўтишга жой йўқ, рақам келтира қоламиз – 5-6 йил ичида у европа классикасидан 8 та романни ўзбек китобхонларига туҳфа қилди, яна 4 таси нашрга тайёрлаб қўйилган.
Интенсив таржимонлик ўқувчилар учун кутилмаган ҳолда қўшимча “маҳсулот” ҳам бериб қолди – яқинда Р. Умматов “Бобур ва Наполеон” номли эссе жанрида битилган каттагина тарихий-қиёсий тадқиқотни ниҳоясига етказди.
Бу асарни бежиз таржимонликнинг қўшимча маҳсули демадик, зеро биз юқорида айтган 8 романдан 2 таси француз адиби Шарль Лораннинг “Наполеоннинг жосуси” ва “Наполеонзода” номли романларидир. (Иккови ҳам: Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2016.) Уларни она тилимизга ўгириш жараёнида талайгина қўшимча адабиётларни кўриб чиққан синчков таржимон Ўртаер денгизидаги Корсика оролида кун кечирган камбағал дворян фарзанди дунёнинг энг гўзал пойтахтларидан бўлган Парижда император даражасига эришиб, Францияни бўйсундирган, бутун Европани зир титратган, айни пайтда 18 йил Ҳиндистон орзусида яшаган, аммо унга етолмай, Атлантиканинг олис жанубидаги Аё Елена оролида танҳолик ва ғарибликда дунёдан кўз юмган Наполеоннинг ҳаёти, жанговор йўли ва қисматида ҳамда Ўрта Осиёнинг тоғлар орасига яширинган Фарғона водийсида таваллуд топиб, Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида пойтахт қуриб, “Буюк мўғуллар империяси”ни барпо этган ва ҳотиржам дунёдан кўз юмган темурийзода Бобур тақдири ўртасида ажойиб такрорлар ва бир-бирига ўхшаш тафовутлар борлигини кашф этади.
Ҳайратомуз деса бўладиган бу ҳодисалар тадқиқот муқаддимасидаёқ санаб ўтилиб, асосий қисм (икки китоб) да батафсил ёритилган.
Асарнинг жанри муаллиф томонидан тарихий-қиёсий эссе деб белгиланган. Мазкур атама тадқиқотнинг барча ғоявий-мазмуний ўзига хослигини ҳамда Р. Умматовнинг муаллифлик позициясини ўзида мужассам этиб, ифодалаб турибди.
“Эссе” сўзи лотинчада “ўлчамоқ”, “чамаламоқ”ни англатади. Бугунги луғатимизда мазкур атама кўпинча муаллифнинг у ёки бу ижтимоий аҳамиятли муаммо бўйича шахсий фикрлари, тахминлари ифодаланган назарий, фалсафий, адабий-танқидий мақола, очерк деб изоҳланади. Амалиётда кўпинча оддий эсдаликлар, ёдномаларни ҳам эссе деб аташади. Бу нотўғри, албатта.
Р. Умматовнинг эссе жанри талабларига тўла мос келадиган ушбу асарида, бир томондан, фактларгагина суяниб фикр юритувчи, хулоса чиқарувчи тарихшунос, историографни кўрамиз. (Фойдаланилган адабиётлар рўйхатида 223 манба номи қайд этилганлиги ҳам эътиборга лойиқ.) Айниқса, тарих илмида фақат факт рол ўйнаши ҳаммага маълум. Тадқиқотчи ҳар икки буюк шахс ҳаёт йўли, тақдирини ёритишга батафсил, муҳими эса ишонарли далиллар асосида ёндошади.
Иккинчи томондан эса, Наполеон ва Бобур таржимаи ҳолларидаги ғаройиб ўхшашликлару тафовутларга нисбатан ўзининг шахсий фикрини, изоҳ ва тахминларни ҳам дадил, шу билан бирга, мантиқ тақазо этганда изчиллик тамойилидан чекиниб бўлса-да, эркин тарзда баён этаётган ижодкорни кўрамиз. Тақдирий ўхшашликлар ва ўхшаш тафовутлар замирида тарихий, айни пайтда, сирли қонуният ётади, деб ёзади Р. Умматов.
Эсседа муаллиф позицияси доимо лирик кайфият ва публицистик кўтаринкилик билан йўғрилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Қодиржон НОСИРОВ,
Наманган Давлат университети доценти,
халқаро Пушкин танлови ғолиби.
(2018 йил 11 август.)

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев