БОБУР ВА НАПОЛЕОН
(Тарихий-қиёсий эссе)
16. ҚОТИЛЛАРНИ ДОҒДА ҚОЛДИРГАН ИМПЕРАТОРЛАР
Аламзада “илон” товоққа заҳар солади. Кобулда давлат тўнтариши.
Театр йўлидаги бомба. Ёлланган қотил Наполеонга етолмади.
Императорнинг васиятномаси. Бонапартни заҳарлашганми?
Хастаҳол Бобурнинг салтанатидан баҳарнав кўнгли тинган. Энди кўпроқ фарзандлари ғамида. Ётган жойида Моҳим Бегимга тайинлайди:
Гулранг Бегим ва Гулчеҳра Бегим икковини узатиш лозим.
Гулбадан Бегим ёзади:
Шу орада отамнинг қорин оғриқлари кучайди. Ҳумоюн ҳазратлари буни кўриб, ҳакими ҳозиқларни чақиртирдилар.
Бизнинг толеимиз пастлиги шундаки, – дейишди бошларида парвона табиб ва ҳакимлар, – ҳеч бир дори-дармон кор қилмай қолди. Ёлғиз умидимиз Аллоҳдан, фазли карами билан шифойи комил ато этса ажаб бўлмағай.
Улар подшоҳ падаримнинг томирларини ушлаб кўриб, армон билан бош чайқашди:
Шубҳасизки, бу ўша Султон Иброҳимнинг онаси берган заҳарнинг асоратидир.
Надоматларким, подшоҳ ҳазратлари у юзи қаро Байдани онам дегандилар, ер-мулклар марҳамат қилиб, тайинлагандиларки, мени ўз ўғлинг Иброҳим ўрнида кўргин. Аммо ул хотинда жаҳолат устун келиб, бу иззат-икромларни назарга олмади. Қазисан, қартасан – асл зотингга тортасан деганларидай, ошпазга оғу бериб, падаримни заҳарлатди. Ўша овқатдан тотинган отамлар кун-бакун озиб-тўзиб, дардлари зўраяверди, ранглари синиқиб борарди...
Кейин 937-сана жумод ул-аввалнинг бешинчисида (1530 йил 26 декабрь, душанба) бошимизга қора кунлар тушди, зор-зор йиғлаб, дод-фарёд солганча етимлик кунжида қолавердик.
Ҳинд баковулларини сарой ошхонасига Бобур ўзи саралаб олганди. Малика Буъа – Байда бундан воқиф бўлгач, Атовадан аввалги бош ошпаз (чошнигир) Аҳмадни чақиртиради ва 8-10 грамм (бир тўла) оғуни ана шу Аҳмадга бир чўри воситасида етказади. Аҳмад чошнигир тўртта ер-мулк (паргана) ваъда қилиб, қоғоздаги заҳарни Бобур қўлида ишлайдиган ошпазга беради. Қотилларнинг режаси пухта эди: малика Буъа бошқа бир чўрини назоратчиликка ҳам ёллайди, яъни кўргай, ул заҳрни берадурму ё йўқму?
Буюртма бажарилади, албатта. Лекин заҳар қозонгамас, товоққа солинади. Шунинг учун ҳам қозонга сололмайдики, подшоҳ баковулларга ҳиндистонликлардан ҳазир бўлишни тайинлаганди ва ҳатто таом тайёр бўлгач, уларнинг ўзига едириб ҳам кўриларди. Бироқ ўша куни ош тортарда бизнинг бедавлат баковуллар ғофил бўлурлар. Ҳайтовур, оғу қайла остида қолганди. Агар қайла устиға ё қозонға солса эди, ёмон эди. Шошганидан (даст-поча бўлуб) заҳрнинг улуғ ярмини (кўпроғини) ўчоққа ташлар.
Кечки пайт шоҳона ошлар тортилди. Бобуршоҳ ундан-бундан тотинди, қоқ гўштдан сўнг кўнгли бесар бўла бошлади, аввалига парво қилмади. Қараса иложи йўқ: охир кўрдумким, бўлмас, қўптум. Обхонаға борғунча йўлда бир навбат қусаёздим. Обхонаға кириб, қалин қустум. Кўнглумға шубҳа кечти. Султон Муҳаммад бахшиға буюрдимким, бовурчини ҳибс қилғай.
Ўша ошдан кимки ебди – барининг ҳоли хароб. Заҳарланганлар ва Бобур омонлик топишди. Лекин дафъи заҳар жараёни осон кечгани йўқ. Бобур бошқа муолажалар қатори уч кун (шанба, якшанба, душанба) муттасил сут ичди. Душанба – 24 декабрь куниси Бобур Мирзо аркони давлатни девонга тўплади. Унинг амрига биноан обдан қийноққа солинган (ўзидан кўрсин!) қотилларни ҳам олиб киришди. У икки эр киши баёни воқеани шарҳи ва басти била айттилар. Ул (Аҳмад) чошнигирни пора-пора қилдурдум, бовурчини тириклай терисини сўйдурдум. Ул хотинлардин бирисини фил остиға солдурдум. Бирисини эҳтиёт қилдурдумки, ул ҳам жазосиға етқусудур.
Бобуршоҳ оғунинг оғриғидан беш кунда фориғ бўлган эса-да, табиийки, подшоҳни заҳарлашгани ҳақидаги шумхабар ҳамма ёққа тарқаб кетганди. Росту ёлғон овозалар Кобулдагиларни ортиқ хавотир қилмаслиги учун Бобур хат йўллаб, бор кўргилигини муфассал баён этди: шукр тенгриғаки, яна кун кўрарим бор экандур. Хайр-хўблуқ била ўтти. Ҳеч дағдаға ва тараддуд хотирларингизға кечурманг...
Бироқ қотилларни оёқлантирган кампир-чи, у жазосиз қолаверадими? Бобур мурувватпеша ва иложи борича ҳаммани кечирувчи подшоҳ бўлган. Иброҳим Лўдийдай душманнинг ҳам онасини, ҳам боласини бағрига олгани айнан шу фазилати туфайли эди, албатта. Подшоҳ фарзанд доғида куйган кампирни бу гал ҳам авф этди, лекин на Байдага, на Бобур ҳимоясидаги унинг набирасию авлодларига минбаъд саройда ўрин йўқ. Маликанинг мол-мулки мусодара қилинди ва Иброҳимнинг ўғлини Комрон Мирзо ихтиёрига юборилди.
“Бобур энциклопедияси”да ёзилишича, Буъанинг кейинги тақдири номаълум.
Бадиий тафаккур ҳақиқатни аниқлашга қодир. Бунинг мисоли кўп, чунончи, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Ойбекнинг “Навоий”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романларида мозий муҳити ва тарихий шахслар сиймоси кўз олдимизда ёрқин суратдай кўринади.
Шу нуқтаи назардан ўша қотил кампирнинг кейинги қисматини ниҳоятда билгимиз келса, бу хусусда Пиримқул Қодировга мурожаат қилиш айни муддаодир.
Орадан икки кун ўтгач, Бобур тантанали маросимларда киядиган кийимларда девони омга чиқди. Баланд тахтнинг икки томонида тизилиб турган юздан ортиқ амирлар, саркардалар, вилоят ҳокимлари таъзим бажо келтириб бўй эгдилар. Бобур шошилмай жойига ўтиргач, иккита навкар малика Байдани пойгаҳдаги эшикдан олиб кирди.
Кампир ҳиндлар одатига кўра, ҳали ҳам бошдан-оёқ оқ кийиб, ўғли Иброҳимга аза тутиб юрар эди. Фақат қадди аввалгидан бир оз букчайганроқ. Лекин кўзлари Бобурнинг юзига тушганда, унинг оғир касалга ўхшаб сарғайиб қолганидан қаноат ҳосил қилгандай мамнун йилтиради.
Суиқасд эмас, бу интиқом! – деди малика. – Мен аёл кишиман, қилич кўтариб жанг қилолмайман! Ана ўша заҳар – менинг қиличим эди. Фотиҳлар Панипатда минг-минг одамларнинг ўлимига сабаб бўлди! Бу мамлакатнинг яна кўп жойларига ажал уруғини экди! Мен каби минглаб оналар ҳозир мотам тутиб, кўз ёши тўкиб юрибди. Қанча-қанча келинчаклар бева қолиб, ўзларини эрларининг жасадлари билан бирга оловда ёндиряпти! Мен берган заҳар ана ўша ажалнинг уруғидан тайёрланган! Унга бева-бечораларнинг аччиқ кўз ёшлари ҳам қўшилган эди!
Маликанинг сўнгги сўзлари фотиҳ бекларга ҳам тегиб кетди. Серсоқол бир бек ўрнидан сакраб туриб, Бобурга таъзим билан мурожаат қилди:
Ҳазратим, бу ялмоғизнинг тилини суғуриб олмоқ керак! Шундай малъунлиги устига яна бунча гап!
Майли, мени қиймалаб ташласинлар! – қичқирди Байда. – Мен қўрқмайман!
Бобур Байдани беклар истагандек қийноқларга солиб ўлдиртирса, эл-улус нима дейишини ўйларди.
Жаноб беклар таклиф қилган жазолар барчаси асосли, – деди у. – Бироқ хиёнатчи маликага буларнинг ҳаммасидан ҳам оғирроқ бир жазо борки, барча молу дунёсини мусодара қилиб, Жамна бўйида хайр-эҳсон уйи қурдиринг, мулозимлари ўша даргоҳ хизматида бўлсин, бутун бойлигини етим-есирларга улашсинлар.
Бош устига! – деб Абдукарим бу фармонни таъзим билан қабул қилди.
Маликани то умри етгунича тирик сақлаш ҳам сизга топширилур, жаноб Абдукаримбек!
Тирик?! – ҳайрон бўлиб сўради шиғовул.
Бошқа аъёнлар ҳам таажжубланаётганини кўрган Бобур овозини кўтариброқ гапирди:
Малика бизнинг бундан кейинги зафарларимизни ҳам кўрсин. Ёмонликка яхшилик қилиш мард кишининг қўлидан келишига амин бўлсин. Ўғли қилмай кетган ишларни биз қилганимизни кўриб виждони азоблансин. Агар виждони бўлмаса, ичида фақат бахиллик чаёнлари бўлса, бу чаёнлар ўзини чақиб ётаверсин. Маликага бундан ўзга жазо муносиб эмасдир!
Бек ва аъёнларнинг пичир-пичирлари орасидан аллакимнинг:
Ҳазратим тантилик қилдилар! – деган қувончли хитоби эшитилди.
Ўз ўлимини ўткир бир қуролга айлантирмоқчи бўлиб келган малика Байда бу қуролидан ҳам айрилганини сезди. Шу пайтгача у ажали етганига шубҳа қилмас эди. Энди бирдан яна яшаш умиди пайдо бўлди. Маликанинг ўлим совуғидан музлаган қалбига ҳаётнинг илиқ нафаси тегди-ю, кўнглини бўшаштириб юборди.
У юзини қўллари билан тўсиб, елкалари силкина-силкина йиғлай бошлади.
* * *
Бобуршоҳ 935-санада шаъбоннинг 25-куни (1529 йил 4 май, сешанба) артиллериячилар устида бўлиб, Устод Алиқули ва Мустафонинг фарангийси тўрт душман кемасини ғарқ этганини ёзади. Кеч бўлгач, катта замбаракни қулай жойлаштириш ва ҳимоялаш учун Мулло Ғулом бошлиқ кишиларни қўйиб, ўзи “Осойиш” кемасида тунаб қолади, “Фармойиш” ҳам унинг ёнгинасида эди. Кечанинг уч посиға ёвуқ сурон ва ғавғо чиқти. Бобур кўрсаки, тансоқчиларнинг ҳар бири кеманинг биттадан ёғочини (эшкак бўлса керак) олиб, “ур-ур” деб қичқиришмоқда. “Фармойиш”даги соқчилардан бири айни вақтида уйғониб қолади ва қараса, подшоҳ ётган “Осойиш” кемасига бегона одам осилиб чиқмоқчи. Ҳалиги ҳушёр соқчи хавфдан ўзгаларни огоҳлантиради ва ўзи шубҳали шарпанинг устига отилади, аммо у ҳам бўш келмайди: дарёга бир шўнғиб олади-да, қилич уриб, тунқаторнинг бошини жароҳатлайди ва сув оралаб тезда ғойиб бўлади. Тунги ғавғо бу жиҳаттин экандур.
Арзирли хизматни ҳадясиз қўймайдиган Бобур ўша тунқаторни ҳам, ярим кечада ҳаётини сақлаб қолган бошқа қўриқчиларни ҳам бенасиба қолдирмаган, олди олинган суиқасд юзасидан тафтиш ўтказган бўлиши ҳам керак. Лекин “Вақоеъ”да бу ҳақда ҳеч гап йўқ. Нега? Негаки, бундай суиқасдлар Бобурнинг хавф-хатарли умрида одатий ҳол бўлган. Қолаверса, подшоҳ ўзи хусусида нимани ёзиш-ёзмаслик меъёрини аниқлаб олгандики, шу меъёрнинг риоясини ҳеч унутмаган, “Бобурнома” бу фикрнинг ҳужжатли далилидир. Бошқачасига, масалан, замонамиз жайдари таърифида айтсак, у киши ўзини “реклама” қилавермаган. Ахир, Ҳиндистондек кенг мамлакатни фатҳ этган ғозий Бобуршоҳ дейдики:
Бу давлатни ўзумизнинг зўр ва қувватдин кўрмасбиз, балки Тенгрининг маҳзи лутф ва иноятидиндур.
Яна шуни ҳам эслатамизки, 4 май тунидаги оддий “сурон ва ғавғо” баёнида ўқувчи сезиб-сезмай ўтадиган битта жумла бор. Лекин эътибор беришга, фикр юритишга жуда арзийди.
Мунирдин келган кечаси ҳам кеманинг яқинидан тунқаторлар бир неча ҳиндустонийни қувлаб, икки қилич ва бир ханжарларини келтуруб эрди. Тенгри таоло сақлади.
Мунирга Бобур бир ҳафтача бурун, 28 апрель – чоршанба куни борган. Мунир таассуротлари “Бобурнома”да ярим саҳифадан ошади: подшоҳ нилуфарзорни томошалаб, обдан ҳузурланди, Шайх Яҳёнинг мозорини тавоф қилди, Сўн дарёсидан ўрдагача бўлган масофани аниқлатди. Ахийри, кечанинг аввалғи паҳридин олти гирий бўлуб эдиким, ўрдуға келилди.
Ўқиймизки, ҳаммаси бор, ўрдага кечанинг алламаҳалида қайтилгани ҳам битилган. Бироқ ўша тунда суиқасд бўлаёзгани, тажовузкорлар қувлангани, қилич ва ханжарлар ўлжа олингани ҳақида бирор сўз тополмаймиз, 4 май воқеасини ёзаркан, муаллиф уни шунчаки эслайди холос...
Заҳириддин Муҳаммад Бобур исмли жажжи шаҳзода Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлди ва ўттиз олти ярим йил неча-неча юртларни сўраб, зарби зўр ғозий мақомига эришди. Унинг қиличи қошида Самарқанд, Бухоро, Ҳисор, Бадахшон, ҳозирда Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Бангла Деш аталадиган мамлакатлар бош букди. У неча минг чақирим фатҳу нусрат йўлини от ўйнатиб кечаркан, Ҳазрати Ҳизр жиловдори эди. Таассуфки, бу шон-шавкат масофасининг бирор қаричи ёвлар пашшахўрдалигидан озодмас. Отамерос тахт соҳибининг қонига кимлар ташна эмасди дейсиз: Аҳмад Танбал, Шайбонийхон ва унинг ворислари, ўз амакилари, жондай жигарлари, энг яқин қариндошлари, таниш-нотаниш дўсту душманлари, афғон хожалари, ҳинд рожалари... Ҳаммаси Бобурга хундор, ҳаммасига Бобурнинг тиригидан ўлиги аъло, ҳаммасига Бобур яхшилик қилади, ҳаммасидан Бобурга ёмонлик қайтади.
Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму,
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?
Ушбу матлаъ айтилган фурсатга бир назар соламиз. Бу мисраларга сабаб бўлган воқеалар ҳам умидли, ҳам таҳликали эдики, муфассал баёни “Вақоеъ”да битилган.
Ушбу маҳалларда (1506 йилнинг эрта кўкламида) Султон Ҳусайн Мирзо Шайбонийхон устиға азм-жазм қилиб, тамом ўғлонларини тилатти, мени доғи Сайид Султон Али Хоббиннинг ўғли Сайид Афзални йибориб тилаб эрди. Султон Ҳусайн Мирзодек Темурбек ўруниға ўлтурғон улуғ подшоҳ атроф ва жавонибдин ўғлонларини ва бекларини тилатиб, Шайбонийхондек ғанимнинг устиға озим бўлғонда, эл оёқ била борса, биз бош била борғайбиз, эл таёқ била борғонда, биз тош била борғайбиз. Муҳаррам ойида (1506 йил, май-июнь) Хуросон азимати қилилди. Афсуски, йўлимизда Султон Ҳусайн Мирзонинг фавтининг хабари келди. Зулҳижжа ойида (1506 йил, апрель-май) Султон Ҳусайн Мирзо Шайбонийхон устига черик тортиб, Бобо Илоҳийға етганда, Тенгри раҳматиға борди. Биз Хуросон жонибиға мутаважжиҳ бўлдик, ул фурсатта мирзолар Мурғобға келиб эдилар. Душанба куни жумод ул-охирнинг секкизида (1506 йил 26 октябрь) мирзолар била мулоқот бўлди. Андоқ қарор топтиким, бу қиш мирзолар ҳар қайси бир муносиб ерда қишлаб, эрта ёз бирикиб, ғаним дафъиға юрғайлар ва менга ҳам Хуросон навоҳисида қишламоқ таклифи қилдилар. Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Мирзо Ҳирийға азимат қилдилар, мен ҳам Ҳирийға мутаважжиҳ бўлдум.
Барча амма бегимлар Султон Ҳусайн Мирзонинг мақбарасида эдиларким, бориб кўрдум. Аввал менга Боғи Навда юрт тайин қилиб эдилар. Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай, Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар. Ҳирийдан чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим. Алишербекнинг ўлтурур уйлариким, “Унсия” дерлар, мақбараси ва масжиди жомеъиким, “Қудсия” дерлар, мадрасаси ва хонақоҳиниким “Халосия” ва “Ихлосия” дерлар, ҳаммом ва доруш-шифосини “Сафоия” ва “Шифоия” дерлар, барини сайр қилдим.
Қиш бўлуб, орадағи тоғларда қорлар ёғди. Кобул тарафидин хавотирим кўпрак эди. Охир зарурат бўлди Ҳирийдан шаъбоннинг еттисида (1506 йил 23 декабрь) чиқиб, ҳар юртта бирар – иккирар кун тўхтаб-тўхтаб, Кобулға томон борур эдук.
Ашаддий ғанимига қарши Ҳусайн Бойқаро қўмондонлигида юрмоқ умиди барбод бўлиб, Кобулга қайтаётган Бобурни олдинда яна ҳам каттароқ ғам-ғурбат кутарди. Аввало, қиш чилласининг илк кунларида бошланган сафар чўзилиб, икки ойга яқин давом этди. Йўл ёмон, тор ва хавфли, қор ниҳоятда қалин, совуқ шунчалар қаттиқ эдики, Бобурнинг қулоғига, кўп ҳамроҳларининг қўл-оёғига таъсир қилди. Андоқким, борчаға ўлум ваҳми бўлди. Аммо ҳали булар ҳолваси экан: сафар охирлаб қолган эди, Бобур қароқчи ҳазораларни бартараф қилган куни салтанатидан ваҳимали хабар келди.
Муҳаммад Ҳусайн Мирзо яна Султон Санжар барлос Мирзохонни подшоҳ қилиб, Кобулни қабабтурлар. Эл орасида бу хабарни солубтурларким, Бадиуззамон ва Музаффар подшоҳ Бобурни тутиб, Ҳиротнинг Ихтиёриддин қалъасиға ҳибс қилибтурлар. Кобулдағи содиқ бекларға етиб келғонимизни битиб, ушмундоқ нома йибордукким, Манор тоғидин ўтгач, улуғ ўт ёндурғумиздур. Сизлар ҳам арктағи эски кўшк устида ўт ёндурунғиз, то билғайбизким, бизнинг келғонимизни билибсизлар. Биз бу соридин етгач, сиз ҳам ичкаридин илгингиздин келганича саъй қилинг.
Ҳайтовур, юборилган нома эгаларга вақтида етди ва содиқ беклар подшоҳ айтгандай қилишди. Кобул қалъаси ишончли қўлларда эди: Мулло Бобойи Пошоғарий, Муҳиб Али Қўрчи, Ахмад Юсуф, Аҳмад Қосим Кўҳбур Бобур Мирзога қондош бўлмасалар-да, жондошлик ва жўмардлик азмини тутдилар.
Аммо фитнабошилар етти ёт бегонамас, бемурувват ва ҳақношунос қариндошлар: қилғилиқни қилиб қўйиб, энди Бобуршоҳнинг кўзига боқиш тугул, унга рўпара келгудай, лоақал қўлини қимирлатгудай қувват ва журъати ҳам йўқ эди. Латта-путталар орасига яширинган Муҳаммад Ҳусайн Мирзони хонимлар тўшакхонасидаги тугундан, Мирзохонни қочиб бораётган йўлидан тутиб келдилар. Подшоҳнинг риояти туфайли Нингнаҳор туманини **** ётган (қондош) Султон Санжар барлос ҳам қўлга олинди, албатта.
Лекин бунга қадарлик ўтган ўша кунги қисқа фурсатда Бобур икки ўлимдан қолди: Дўст Сарипулий бошига қилич чопди, томдаги бир мўғул эса камондан ўқ узмоқчи бўлди, фақат бу тарафдин “ҳай-ҳай, подшоҳ ҳазратлари-ку” дейишгани учунгина отолмади. Ўша мўғул Бобурнинг ўз навкари бўлиб, таниб тургани ҳолда нишонга олганди, шукурки, Тенгри инояти эди, кор қилмади.
Подшоҳ Бобур ҳаммасини кечирди: холасининг эри Муҳаммад Ҳусайн почча эдики, аввалгидек, ўрнидан туриб таъзим қилди, холаваччаси Мирзохонни эса ёнига ўтирғизиб, шарбат тутди. (Заҳар деб ваҳималанмасин учун аввал ўзи ичиб, кейин унга берди.) Ота-бола турлук-турлук азобу уқубат била ўлмакка сазовор бўлса-да, озод этилди, лекин уларнинг минбаъд Кобулда бўлмоғи маъқул эмасдики, икковга бир неча кундин сўнг Хуросон сари рухсат берилди...
Қиссадан ҳисса шулки, Бобуршоҳ то умрининг охиригача суиқасднинг таъқибидан халос бўлган эмас. Мана шу нуқтада Заҳириддин Муҳаммад Бобурга хос жасорат ва матонатнинг улуғ қирраларидан бирини таъкидлагимиз келади: у киши ҳаёти фақат жанггоҳда кечса-да, ҳамиша қотилларни доғда қолдирган ўлмас саркарда, бомурувват подшоҳ эди.
* * *
1799 йил 9-10 ноябрдаги (VIII йил 18-19 брюмер) давлат тўнтаришидан кейин Франция ва унинг барча мустамлакалари Наполеоннинг измига ўтди. Бонапартга 1800 йили февралнинг охирларида ғалати нома келтиришди. Муаллиф – қатл этилган қиролнинг укаси граф Прованский. (У 1814 йилда Людовик Ўн саккизинчи номи билан тахтга ўтиради.)
Муҳтарам биринчи консул жанобларига самимий салом ва ниятлардан сўнгра ўтинчимиз шулки, – деб ёзарди бўлажак қирол, – тасарруфингизда бўлмиш жафокаш ватанда Бурбонлар салтанатининг тикланмоғига саъй қилсангиз. Камина эса ушбу оғир дамларда тож-тахт мажбуриятини зиммамга олиш учун ҳозирман. Бу эзгу хизматингизга ҳадя ўрнида олдиндан ваъда қиламанки, шахсан Сизга, аъёнларингиз ва хешу ақраболарингизга қанча ё қандай тиласангиз, ўша мукофот таъминланади. Бу кори хайр эвазига миннатдор авлодларнинг дуосини ҳам оласиз ва барча Бурбонлар Сиз амалга оширажак улуғ савобни абадул-абад унутмагайлар.
Бонапарт илтимосномага мутлақо эътибор қилмади. Даъвогарлардан эса уринишлар тўхтагани йўқ, биринчи консул ва унинг рафиқаси Жозефинага даъватлар, таклифлар, ўша мазмундаги мактублар келиб турарди. Моренго (1800 йил 14 июнь) зафаридан сўнг ҳамманинг ақли етдики, энди тамом, Францияда фақат Наполеоннинг амри вожиб, у нимани хоҳласа, ўша иш бўлади. Ана шунда граф Прованский яна эски дарди билан мурожаат қилди. Бонапарт унга биринчи ва охирги марта жавоб қайтарди:
Номангизни олдим. Шаънимга айтган илтифотли сўзларингиз учун ташаккур. Сиз Францияга қайтмоқни хоҳламаганингиз дуруст, билъакс, бу йўлда минглаб мурдаларни босиб ўтишингизга тўғри келади. Франциямиз тинчлиги ва саодати учун ўз орзуларингизни қурбон қилганингиз маъқулки, бу ҳимматингизни тарих асло унутмайди.
Монархистлар шунда англадиларки, Наполеон ҳеч қачон бировнинг чизган чизиғидан юрадиган одаммас. Демак, сўнгги чора қолди: уни ўлдириб қутулган афзал.
Полиция вазири Фуше 1800 йилнинг апрелида Наполеонга ташвишли хабар берди:
Якобинчилар қандайдир фитна бошлашмоқчи, ўйлайманки, улар сизнинг жонингизга қасд қилиш қутқусида.
Бу гап рост эди, чунки, шундан сўнг устма-уст сирли воқеалар бўлаверди.
1800 йил 10 октябрь (18 вандемьер) куни биринчи консул Опера театрига ташриф буюрди. Томоша чоғи Наполеоннинг ложасига яқинлашаётган шубҳали шахслар қўлга олинди. Ҳаммаси дудама ханжарлар билан қуролланган бақувват йигитлар эди. Тергов чоғи аниқландики, улар якобинчилар бўлиб, тўрт киши экан: Арена, Черакки, Топино-Лебрен, Демервиль. Ҳибсга олинганларнинг бирортаси ҳам ўз қилмишидан тонгани йўқ.
Биринчи консулнинг кўксини пораламоқчи эдик, – дейишди улар...
Кейинги суиқасд ҳам Опера театри билан боғлиқ: 1800 йил 24 декабрда (3 нивоза) Бонапарт Сен-Никез кўчасидан бастакор Гайдн яратган янги оратория премьерасига кетиб турувди. Карета саноқли сониялар бурун ўтган муюлишдаги даҳшатли портлашдан ер силкиниб кетди. Ваҳима, дод-фарёд, йиғи-сиғи, қасур-қусур бошланди, отлар тинимсиз кишнарди. Чанг-тўзон сал тарқагач, ёнаётган ёғоч-тахта, қонга ботган отлар, темир парчалари, ағдарилиб ётган девор, ойна синиқлари кўринди. Бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб ярадорлар ёрдам сўраб чинқиришади. Башарти, кучер отларни бунчалар шиғаб чуҳламаганда, Наполеоннинг ўлиши аниқ эди.
Биринчи консулдан ўзгалар бари саросимада.
Йўлда давом этамиз, театрдан кечикмайлик, – буюрди у.
Парда очилмасидан салгина бурун эр-хотин ложага кириб боришди. Жозефина кўз ёшларини тўхтатолмасди. Наполеон эса хотиржам, сиртдан қараганда, у мусиқа оҳангларидан мутаассир қиёфада. Суиқасд хабари етиб келиб, томошабинлар унга қараб давомли қарсак урдилар, олқиш устига олқиш янгради. Бонапарт салгина қўзғолиш ва енгил таъзим билан кифояланди.
У Тюильри қасрига қайтгачгина ғазабига эрк берди. Фушега буюради:
Суиқасдчилар ким ўзи? Топасан! Рўйхатини кўрсат, қатл этилсин, сургун қилинсин!
Анча-мунчаси беайб, фитнага дахлсиз бўлса-да, 130 гумондор ҳибс қилиниб, сургунга – Сейшел оролларига юборилди.
Янги йил арафасида Наполеон Редерерга ҳасрат қилди:
Тўрт тарафимда ёвлар ҳалқаси!
Модомики, давлат бошлиғи шунчалар душман қуршовида экан, полиция ва агентура кучайтирилиши аниқ. Стендалнинг ёзишича, Наполеон бири-бирини назорат қилувчи бешта полиция маҳкамасини тузган: полиция вазири, жандармериянинг бош инспектори, пойтахт полицмейстери, почта ва биринчи консулнинг хавфсизлик хизмати доимий назорат остида тутилган. Бироқ 20-асрнинг охирида аниқланган тарихий маълумотларнинг шаҳодатига қараганда, Наполеоннинг полиция идоралари бундан икки ҳисса кўпки, Стендаль санаганлар ёнига яна бештаси қўшилади: сарой ички полициясининг, ҳарбий полициянинг, ташқи ишлар вазирлиги полициясининг ва бошқаларнинг босган ҳар қадами ўлчаб турилган.
Наполеон 1800 йили эмигрантларга нисбатан қаттиқ тутилган сиёсатни ўзгартирдики, бу ўзига хос тактика натижасида суиқасдлар вақтинча бўлса-да, ҳайтовур тўхтади. 1789 йилда бошланиб, узоқ давом этган инқилобий қатағонлар бездирган бутун бир қатлам Францияни тарк этиб, хорижда жон сақлаб турарди. Биринчи консулнинг буйруғига биноан тузилган рўйхатда 145 минг қочоқнинг номи қайд этилганди. Махсус авфномага биноан мавжуд давлат тузумига садоқат юзасидан қасамёд қилган ҳар қандай эмигрант Францияга қайтиб келиш ва яшаш ҳуқуқига эга. Дарҳақиқат, камида 141 минг чет эллардаги францияликлар бу имкониятдан мамнунлик ила фойдаланишди. Рухсат эмигрантлардан фақат 3373 кишига берилгани йўқ. Чунки, уларнинг етакчилари асосан Англияда бўлиб, аксарият суиқасдларнинг илдизи ўша шахсларга бориб тақаларди.
Чунончи, террорчилик ва Наполеонга қарши суиқасдларда айбланганлардан бир қанчаси 1804 йили ҳибсга олинди. Генераллардан Жан Виктор Моро (15 февраль) ва Пишегрю (28 февраль) жинояти исботланган ҳолда ушланган эса-да, енгилроқ жазо берилди. Жорж Кадудаль 9 март куни қамалди ва суд ҳукми билан 28 июнда қатл қилинди. Тўқайга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар дейдиларки, шаҳзода Энгиенский каби бегуноҳлар ҳам ялпи қатағоннинг қурбони бўлди...
1809 йил кузида Наполеон Венада эди, 14 октябрь куни сулҳ тузилди. Гвардиячиларнинг саф кўриги чоғи нотаниш, аммо башанг кийинган бир йигит французлар императори билан шахсан сўзлашмоқчи бўлаверадики, ҳарчанд тушунтирсалар ҳам фақат ўзиникини маъқуллайди. Унинг ҳаракатлари генерал Раппга шубҳали туюлди-да, ушлашни ва тинтиб кўришни буюрди. У Фридрих Штапс экани, руҳоний оиласидан бўлиб, талабалиги ва ўн етти ёшга тўлгани аниқланди. Ёнидан бир қизнинг суратини, баҳайбат ва ўткир рўзғор пичоғини топишди. Рапп сўради:
Бунчалар катта пичоқни нима қиласан?
Шу билан Наполеонни ўлдирмоқчи эдим, – йигитчанинг ҳеч балодан тоймаслиги кўриниб турарди.
Уни императорнинг ҳузурига келтиришди.
Мени ўлдиришнинг сизга нима кераги бор? – ҳайрон бўлиб сўради Бонапарт.
Нимагаки, сиз менинг юртимга бахтсизлик келтирдингиз.
Шахсан сизга бирор ёмонлик қилдимми, йигит?
Қилдингиз, ҳамма немислар сингари мен ҳам жафокаш ва жабрдийдаман-да.
Штапснинг ўта хотиржамлигидан император шунчалик ҳайратга тушдики, Корвисарга буюрди:
Текшириб кўринг-чи, эси жойидами, жинни-пинни эмасмикан?
Салдан сўнг врач хулоса берди:
Соппа-соғ, руҳий хасталик аломатлари йўқ.
Ҳақлигига ишончи комил йигитча Наполеонга ўт-олов ёшлигини эслатиб, нимагадир ёқиб қолганди. У сал-пал жилмайишга уриниб, Фридрих Штапсга қўл узатди:
Кел, ёш экансан, ҳаётингни сақлаб қоламан, фақат айбингга иқрор бўлсанг ёки салгина бош эгиб, мендан шафқат сўрасанг кифоя.
Йўқ, у французлар императорининг илтифотига жавобан қўл чўзмади. Аксинча, янада мағрур қиёфага кириб, ҳар бир сўзни чертиб-чертиб шундай деди:
Шунисидан чексиз армондаманки, зиммамдаги вазифани адо этолганим йўқ, афсус...
Ҳой жин ургур! Жиноят қилиш ҳавас бўп қолдими ҳали? – тутоқди Бонапарт.
Сизни ўлдириш – жиноят эмас, бурч-ку!
Ҳозир қўйиб юборсам, нима қиласиз, яна мени ўлдиришга уриниб кўрасизми?
Жуда оғир сукунат узоқ давом этди. Анчадан сўнг Штапс бошини кўтариб, Европанинг ҳукмдорига тик боқди:
Тағин бир уриниб кўраман, зоти олийлари.
Аъёнлари ҳузурида ҳеч бунақа мулзам тортмаган Наполеон жинқарчадай болани руҳан енгмаса иложи йўқ эди. У бошқа ваъдаларни ҳам бериб кўрди, қайсар ўсмир баридан бош тортди.
Кечки пайт ҳарбий-дала судида ушбу жиноят иши муҳокама этилиб, Фридрих Штапс олий жазога ҳукм қилинди ва 17 октябрь куни отиб ўлдирилди. Қатл взводи нишонга олаётган чоғи маҳкум бор овозда қичқирди:
Яшасин озодлик! Яшасин Германия! Босқинчиларга ўлим!..
Наполеоннинг қонига ташна аъёнлардан бири Талейран эди. 1814 йили император тахтидан кечган апрель кунларида бу одам такрор-такрор айтган битта жумлани муаллифлар жуда кўп хотирлашади:
Башарти, император ўлса борми, ҳайтовур, ана ундагина...
Дарҳақиқат, Талейран учун Бонапартнинг тиригидан ўлиги хушроқ бўлиб, тунлари яхши ухларди-да. Наполеоннинг собиқ вазири яккаш орзулар асири бўлавермасдан, уни амалга ошириш йўлини ҳам топа оладиган уддабурролардан эди. У граф де Мобрей деган кимсани ёлладики, бундан ўткир қароқчи ва қотил Францияда бошқа йўқ. Хуллас, ушбу нусхага буюртма шундай: Фонтенебло саройига кириб, Наполеонни ўлдиради. Талейраннинг тарафдорлари оёқ тирайдиларки, бу воқеа уйдирма, уни исботловчи ёзма ҳужжат йўқ. Гап шундаки, Мобрей ўзи судда иқрор бўлган:
Мени Сен-Флорентан кўчасидаги Талейраннинг кошонасига чақиришди. Фонтенеблога бориб, Наполеонни ўлдириш буюртмасини шу уйда олдим. Қасрнинг эгаси қўшни хонада бўлиб, топшириқни бошқалар, лекин Талейран номидан беришди.
Наполеон Эльбага жўнаб кетгач, Талейран Мобрейни яна чорлатди:
Ортидан қувиб етасан!
У синалган каллакесарлари билан отга минди. Изидан тушган туёқлар дукури Наполеонга эшитилган бўлса ҳам керак. Бироқ йўл-йўлакай мўмай ўлжа чиқиб қолди ва Мобрей олисдаги буғдойнимас, яқиндаги сомонни танлади. Вестфалиянинг собиқ қироличасига тегишли олмосларни осонгина киссасига урган Мобрей бахтиёр эди, албатта. Шу аснода кемага ўтирган Наполеон қотилнинг ханжарини ноумид қилиб, Эльба сари сузиб борарди.
* * *
Бобуршоҳни йиллар бўйи емириб, ахийри йиқитган оғу Наполеонни аяб қўймаганди.
У Москвани тарк этаркан (1812 йил 19 октябрь), алам билан бақирди:
Кимки олдимни тўсмоқчи бўлса, ўлдим деяверсин, тирик қўймайман!
Кутузов армияси унинг йўлига ғов солди, Малоярославецда энг қақшатқич жанглардан бири бўлдики, шаҳар саккиз марта қўлдан-қўлга ўтди. Эртасига (25 октябрь) тонг чоғи Наполеон русларнинг жойлашувини чамалаб кўриш учун Городни қишлоғидан чиқди. Қўққисдан, ҳеч кутилмаганда атаман Платовнинг казаклари ўраб олишди. Қуршов чорак соатча давом этди: Бертье, Коленкур, Рапп, Мюрат, Бессер ва саноқли зобитлар ҳамроҳлигидаги императорнинг асир олиниши ёки ўққа учиши ҳеч гап эмасди. Наполеоннинг атрофига жонли қўрғондай тизилган французлар қиличларини яланғочлаб, ҳимояга ўтдилар. Ана шу таҳликали дамда поляк суворийлари ва егерлар гвардиясининг худди осмондан тушгандай пайдо бўлиши асл мўъжиза эди.
Французлар императори ўзининг ёв қўлига тушиши мумкинлигини ўшангача ҳеч хаёлига келтирган эмасди. Бугун эса шундай кулфатга, йўқ, бадномликка бир баҳя қолди, фақат тасодифгина уни бу исноддан сақлади. Наполеон ўзича сабоқ чиқарди-да, гвардия врачи Юванни чақиртириб буюрди:
Менга ниҳоятда ўткир заҳар тайёрлаб, пухта идишга жойлаб беринг. Уни доим ёнимда олиб юраманки, бугунгидай хатарли дамда асирликдан халос этсин...
Лекин ўз жонига қасд қилишни Наполеон инсоний заифлик ва иродасизлик намойиши деб, буни ҳеч ёқламас эди. Чоғи орадан икки йил ўтгач, у ўзининг бу ақидасини унутганди.
1814 йил 11 апрель, Фонтенебло қасри, олти кун бурун тож-тахтидан воз кечган собиқ императорни Эльба оролига жўнатишмоқчи. Бонапартнинг ичи тўла армон, борлиғи ғам-алам оташида: унга Эльбагина эмас, икки дунё бир қадам! Ана шу қалтис хаёл ўтмишнинг қалтис бир кунига бошлади: ахир, Малоярославецда доктор Юван “ҳадя этган” ўткир заҳар ҳамон ёнида-ку! У идишни очиб, оғунинг ҳаммасини ичиб юборди.
Бонапартнинг жони даҳшатли азобда, Коленкур нариги хонадаги врачни чақиртирмоқчи эди, Наполеон ғазаб билан бақирди:
Асло! Чақира кўрманг!
Лекин вужудига оғу тарқаган Бонапартнинг аҳволи шунчалар оғир эдики, Коленкур тезда докторни уйғотди, бу ўша Юваннинг ўзгинаси. Стол устида бўш идишни кўрган заҳотиёқ врач Малоярославецни эслади ва ҳаммасини тушунди. Эси бор-йўқ Наполеон унга иддао қилди:
Заҳарингиз ё сохта, ё ўта заиф чиқди, менга дарҳол бошқасини топинг!
Ҳеч қачон! – бош чайқади доктор. – Ундан кўра мен сизга дафъи заҳар қўллайман.
Йў-ўқ!..
Азоблар тағин бир неча соатга чўзилди. Чамаси икки йил бурунги суюқлик хийла кучини йўқотганди, бемор омон қолди. У сал-пал ўзига келиб, эс-ҳуши жойига тушгач, Коленкур ва Юванга буйруқ-илтимос оҳангида тайинлади:
Мен икковингизга ишондим, ёпиғлиқ қозон – ёпиғлиқ, бу ҳақда бировга тишингизни ёрмайсиз!..
Олимларнинг бир неча авлоди собиқ императорнинг ўлими билан боғлиқ сир устида бош қотирадилар. Наполеон билан Аё Елена оролида бирга бўлган шифокорларнинг ёзма хулосасига кўра ошқозон саратони зўрайиб, унинг ҳаётига нуқта қўйган. Тарих фани то ўтган асрнинг ўртасигача шу расмий нуқтаи назарга таянарди. Ҳолбуки, Наполеон вафот этган кунданоқ у заҳарлаб ўлдирилгани ва бунда Англиядаги маълум доираларнинг қўли борлиги ҳақидаги миш-мишлар бутун дунёнинг оғзига тушганди. Келинг, масаланинг шу тарафларига таҳлил кўзи билан қараб кўрайлик.
Миллий ғурурни ҳамма нарсадан юқори қўювчи француз қаламкашлари оғриниб ёзадиларки, инглизлар айнан Аё Еленани не учун танлашгани аён: улар оғир шароитда Наполеон ўлиб кетади деб ўйлашган, албатта. Бироқ Аё Еленада одамни ўлдирадиган иқлим йўқ, ҳавоси ниҳоятда тоза. Ёз чилласида ҳам ҳарорат +25 даражадан ўтмайди, қишнинг қирчилламасида эса +18-19 даражага тушиши мумкин. Ҳамма ёқ ям-яшил, атроф ўт-ўлан ва яйлов, бутазор ва ўрмонларда шикорбоп жониворлар етарли, суви тотли ва шифобахш, хуллас, Аё Елена деганлари оролмас, жаннатнинг ўзи эди.
Наполеон Бонапарт у ерга борганда, куч-мадори ва ақл-идроки камолда бўлиб, ўта соғлом эканига, бир кеча-кундузда 18-20 соат ишласа-да, чарчашни билмаслигига шаҳодат берувчи адабиётлар жуда сероб. Таассуфки, шу музболтадай одам табиий жаннат иқлимида узоқ яшагани йўқ, 6 йилдан сўнг – 52 ёшида оламдан ўтди. Нега? Оддийгина жавоб қайтариш мумкин: Худо берган ажал...
1819 йил баҳорида Аё Еленадан келаётган хабарлар дудмол ва узуқ-юлуқ бўлиб қолганди. Императорнинг ҳамроҳларидан Лас-Казни губернатор Густон Лоу оролдан ҳайдаб юборган, Гургога Наполеон ўзи рухсат берган. Ирландиялик доктор О`Мира эса тиббиётдан кўра айғоқчилик билан жиддий шуғулланиб, Лонгвудда кўрган-билганини ипидан-игнасигача чақиб турардики, ҳайтовур, у ҳам Европага қорасини ўчирди. Сўнгги икки йилда Наполеон билан мулоқотда бўлган шахслар саноқли: Бертран, Монтолон, бир ҳовуч хизматкорлар ва Франциядан юборилган врач Франсуа Антомарки. Дарвоқе, кейинчалик сохта мемуарнавис сифатида оғизга тушган бу одам аслида врачмас, ўтарчи, яъни отларни даволайдиган ҳайвон дўхтири, мурдаларни ёриб тирикчилик қилиб юрган валакисаланг эдики, император “кўзимга кўринмасин” деб, яқинига ҳам йўлатмай қўйганди. Юқоридагилардан хулоса қилиб айтамизки, сургундаги олампаноҳ теварагида жосуслар камайиб кетгани учун ҳам Европа бу шахс ҳақида етарли маълумот ололмаётганди...
Наполеон Бонапарт ўша 1819 йил ёзидан тез-тез касалланиб қоларди. Битта гапни бошларди-да, тўсатдан мавҳум нуқтага тикилганича тураверарди, ахийри, ҳалиги жумла якунига етмасдан ўй-хаёли уйқашиб кетарди. Аравачада айланишни 1820 йил охирларида бас қилди, отни эса аллақачонлардан буён минолмасди. Сўнгроқ (1821 йил, март) ичидаги оғриқ ўқтин-ўқтин шундай хуруж қилардики, нафас ололмасди.
Доктор Арнотт 5 апрель куни (1821) Бертран ва Монтолонни жиддий огоҳлантирди:
Императорнинг дарди ниҳоятда оғир, ҳазир бўлишимиз керак.
Оғриқ оз-моз чекинган кезлари Наполеон ўзига келгандай бўлиб, аввало, мулозимларининг кўнглини кўтаришга, далда беришга уринарди. Ҳатто ўз касалига ишора қилиб, ҳазиллашганини ҳам эслайдилар:
Саратон – ичимдаги Ватерлоо жанги, холос.
У 13 апрель куни граф Монтолонни чорлатиб...
(Давоми бор.)

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев