БОБУР ВА НАПОЛЕОН
(Тарихий-қиёсий эссе)
17. МАҒЛУБИЯТЛАР АЛАМИ
Бобур шиа мазҳабини қабул қилган эмас. Қароқчи мўғуллар.
Гвардия жондан кечади. Саркардаларнинг энг буюги. Ё император, ё ўлим!
Панипат ва Аустерлицдаги зафарлар Бобур ила Наполеоннинг қуролини шон-шарафга буркагани рост. Бироқ бу икки саркарданинг Кўли Малик ва Ғиждувондаги (Бобур – 1512), Арси-Сюр-Об ва Ватерлоодаги (Наполеон – 1814, 1815) ўкинчли мағлубиятлари ҳам ёлғон эмас-да!..
Бобур қаерда бўлмасин, Мовароуннаҳр, Фарғона ва Самарқанд соғинчи, орзуси билан яшаганига “Бобурнома” гувоҳлик беради. Айниқса, сиёсат ва ҳарб майдонида Исмоил Сафавий баралла бўй кўрсатиб, Шайбонийхон маҳв этилгач, Бобур Мирзодаги ўша орзу туғёнга келди. Натижада Исмоил Сафавий билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузилди.
Бироқ бу воқеалар тафсилотини “Вақоеъ”дан тополмаймиз: 1508/09 – 1518/19 йиллар солномаси асарда узилиб қолганки, на Кўли Малик, на Ғиждувон жангларининг тасвири йўқ. Бу хусусда “Тарихи Рашидий” ишончли манба бўла олади, шунингдек, Пиримқул Қодиров томонидан ҳам (“Юлдузли тунлар”) тасвирланган. Кўли Малик жанги Гулбадан Бегимнинг “Ҳумоюннома”сида тубандагича эсланади:
Мовароуннаҳр саккиз ой у киши (Бобур) қўл остида бўлди. Ака-укалар ўртасидаги муросасизлик ва мўғул аҳлининг мухолифлиги натижасида Кўли Маликда Убайдуллахондан мағлуб бўлдиларки, бу вилоятда ортиқ қололмадилар. Сўнгра Бадахшонга, кейин Кобулга жўнадилар ва минбаъд Мовароуннаҳр орзусини хаёлдан чиқардилар.
Бобур шиа мазҳабини қабул қилмагани аниқ, бироқ Эрон шоҳининг кўмагисиз Самарқанд тахтини ололмасдики, шунинг учун ҳам ўн икки ўрамли қизил салла ўрашга мажбур бўлди. Бу шунчаки муроса, ҳатто ўзига хос ҳарбий ҳийла эди, холос. Таассуфки, мазҳабпараст “қизилбошлар” ўзим – хон, кўланкам – майдон қабилида иш тутиб, ҳаддидан ошди, суннийларни таҳқирлай бошлади. Уларнинг жабр-зулми қонли тўқнашувларга сабаб бўлди. Эронийлар жонидан тўйдирган аҳли Самарқанд қалбида келгиндилар иттифоқчиси Бобурга нисбатан ҳам гина-кудурат туғилганди. Хулласи калом, ана шундай тарихий-сиёсий вазиятда Бобурнинг ҳукмронлигини мустаҳкам деб бўлмасди. Устига-устак, кўкламнинг ўрталарида (1512) шум хабар келди:
Шайбонийлардан Убайдуллахон Бухорога қўшин тортди.
Бобур разведкаси келтирган маълумотга кўра, ёв аскари ҳеч қанчамас, нари борса, 4-5 минг киши, холос. Самарқандда эса катта куч тўпланган. (Бобур қўшини ҳақида манбалардаги рақамлар турлича: 40 минг, 60 минг, ҳатто 70 минг нафар.) Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Аёзийнинг ёзишича, Убайдуллахоннинг армияси уч мингдан ошмаган. У киши ёзади:
Бу тарихқа тўққуз юз ўн саккизда, моҳи сафарда воқеъ бўлди.
Олимларнинг ҳисобича, бу 1512 йил 28 апрелга тўғри келади. Кўли Малик жангида Бобурнинг қўшини Убайдуллахонга нисбатан 15-20 баробар ортиқ бўлгани ҳолда, қаттиқ шикаст еди. Бу мутлақо таажжуб ва ҳамиша музаффар Бобурга номуносиб мағлубият эди. Шундай тахмин борки, Кўли Малик сайҳонлик бўлиб, даштларда урушиб ўрганган Шайбонийлар ва саҳрода чиниққан отлар учун қулай эди. Қолаверса, уларнинг “тўлғама” усули Бобурга ёмон панд берди. У ноилож қолиб, Бухородан Самарқандга чекинди, бир қисм оиласи ҳам ёнида, оз сонли аскари билан қалъа деворларини ҳимоя қилиш осон эмаски, чор-ночор Ҳисор сари йўл олди. Ҳайдар Аёзий ёзади:
Подшоҳ (Бобур) пайдар-пай ўз элчиларини Исмоилнинг олдиға йиборди. Унга ҳолини баён қилиб, кўмак илтимос этиб эрди. Сафавий ўз умароси Мир Нажмни олтмиш минг лашкар бирла йиборди ва икков шул зимистоннинг (қишнинг) аввалида ўзбек (Шайбонийлар) устиға юрдилар.
Кўли Малик мағлубиятидан сўнг орадан ойлар ўтган, дарҳақиқат, қиш яқинлаша бошлаган пайт эди. Аслида “қизилбошлар” билан алоқасини узишни кўнглига туккан Бобур ҳақ экан, негаки, дастлабки зафар боис ўпкасини босолмай қолган Мир Нажм – Нажми Соний Қаршини фатҳ этгач, хунрезликка зўр берди. Шаҳарда қатли ом эълон қилган эронлик саркарда ҳаммани қиличдан ўтказди. (Буюк форс-тожик шоири Камолиддин Биноий ана шу қирғиннинг қурбони бўлганди.)
Ҳеч шубҳасиздирки, иттифоқчи кучлар томонидан қилинган бу қонхўрликни Бобур ўз шаънига доғ деб билди. У чуқур мулоҳаза қилиб кўрди: ахир, ашаддий ғаними Шайбонийхон ҳам ҳеч бир шаҳар аҳлини ёппасига қирган эмасди. Нажми Соний суннийлар қонини тўкиб, лаззат олаётганини у кўзлари билан кўриб турарди. Бу руҳий азоблар гўё кам бўлиб, Нажми Соний Бобурдан шубҳаланар ва ҳатто танбеҳ ҳам берарди. Энг ачинарлиси шуки, давом этаётган уруш Бобурнинг бобомерос тож-тахт учун курашидан кўра, шиа-сунний талашувига, мазҳабпарастлик қирғинига айланиб қолганди.
Айтинг-чи, – деди Нажми Соний маслаҳат чоғи, – Мовароуннаҳр қўрғонлари тўғрисида қанчалик тасаввурингиз бор?
Бобур унинг саволига жавобан Самарқанд, Бухоро, Ҳисор, Қундуз ва бошқа қалъалар ҳақида маълумот берди.
Ғиждувон-чи?
Бобурнинг жавобидан Нажми Соний ўзича хулоса қилдики, демак, Ғиждувонни қўлга киритиш осонроқ. Ўзбек султонларининг ҳар бири биттадан истеҳком ҳимоясига машғул бўлиб, Ғиждувоннинг қўмондонлиги Жонибек Султонда эди. (Ҳужум арафасида Бобур урушни тўхтатиб, қиш тараддудини кўришни таклиф этса-да, Нажми Соний кўнмагани ҳақида ҳам тарихий маълумотлар бор.)
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шаън-шавкатига эп келмаган Ғиждувон жанги 1512 йил 24 ноябрь санаси билан ҳарб тарихига кирди. Мутлақо табиийки, Шайбонийларнинг айғоқчилари Бобур билан эронийлар йўлга тушгандаёқ юришнинг мақсади хусусида султонларни воқиф этишганди. Ҳамма шайбонийзодалар тун зулмати остида Ғиждувонга етиб келиб, саф тортдилар ва тонгга қадар жанг тадоригини кўриб бўлдилар. Улар маҳалланинг ўртасига жойлашиб олишганди. Иттифоқчилик аҳдини босқинчилик қуролидай тутган Нажми Сонийнинг масаласи бир соатдаёқ ҳал бўлди. Ҳайдар Аёзий ёзади:
Исломнинг байроғи баланд мартабаға етиб, аҳли бадъат ва аҳли зулмнинг байроғини туфроққа тенг қилиб, баякбора (эронийлар) шикаст топди ва андоқки, аларнинг барини ўлдирдилар. Подшоҳ (Бобур) қочиб, Ҳисорга келди.
Алқисса, Мирзо Бобурга ҳам Нажми Сонийнинг касофати урганди. Пиримқул Қодиров ёзади:
Нажми Соний оғиздагина Бобурга ёрдамга келган холос. Бироқ аслида у Бобурга жазо бермоқчи эди. У қизилбош қўшинларининг Самарқанддан тез қайтариб юборилганидан норози. Бобур Мовароуннаҳрда мустақил давлат тузаётганини, унинг шиаларга ён босиши эса муваққат чора эканини хуфиялар Шоҳ Исмоилга аллақачон етказган эдилар. У Мовароуннаҳрга оид ҳамма ишларни Нажми Сонийга ишониб топширганди. Нажми Соний шайбонийзодаларни бартараф қилгандан кейин Бобурни ҳам ҳокимиятдан четлатиши ва Самарқанд тахтига бошқа ишончли одамни ўтқазиб, Мовароуннаҳрда қизилбошлар ҳокимиятини узил-кесил барқарор қилиши керак эди.
Бу режа қаттиқ сир тутилар, Бобур билан иттифоқ ҳозирча давом этар, аммо калондимоғ Нажми Соний Бобурни ҳам, унинг ўн мингтагина қолган аскарларини ҳам назар-писанд қилмаслиги ошкора сезилар эди.
Бобурни икки томондан чирмаб келган икки даҳшатли қилич Ғиждувонда бир-бирига зарб билан урилди. Нажми Сонийдан ихлоси қайтган Бобур шайбонийзодаларнинг қўли баланд келаётганини сезди-ю, қонли қиличлар орасидан чиқиб, яна Ҳисор томонга чекинди.
Босқинчи қўшин саркардаси Нажми Соний Ғиждувон жангида ўлдирилди. Қизилбошлар тор-мор бўлди, олтмиш минг қўшиннинг бир қисми ўлди, бир қисми асир олинди, қочганларини эса ғолиблар Амударёгача қувиб бордилар ва чўктириб юбордилар.
Ғиждувон мағлубиятининг бир сабабини айтдик: “қизилбошлар”нинг ўта шафқатсизлиги, айниқса, Қаршидаги каллакесарлиги Бобурнинг ҳафсаласини пир қилганди. Иккинчиси шуки, мўғул қавми у кишига деярли умр бўйи панд берди ва Ғиждувон жанги ҳам бу хиёнатдан мустасно эмас. Айни кори ҳол шарҳидан бурун, келинг, “Бобурнома”га бир нигоҳ ташлайлик:
Мўғул черигиким, кўмакка келиб эди, (аммо) урушурға худ тоқатлари йўқ эди. Урушмоқни қўюб, бизнинг элни ўқ талаб, оттин тушура киришдилар. Бир бу эмас, бадбахт мўғулнинг одати ҳамиша ушмундоқтур. Босса ҳам ўлжа олур, бостурса (енгилса) ҳам ўз элини талаб ўлжа олур.
Мўғуллар Бобурга нисбатан яна хоинлик йўлини тутдилар, унинг жонига қасд қилишгача бордиларки, подшоҳни бу хусуматдан Худо бир асради. Айюб Бекчик ва Мирмуҳаммад Ёдгорнинг қўл остидаги кўрнамаклар беш минг кишидан иборат қуролланган мўғул аскарлари эди. Улар тил бириктириб, шундай ҳужум уюштирдики, Бобур Ҳисор қўрғонига яширинишдан ўзга чора топгани йўқ. Мўғуллар қалъа ташқарисидаги қўлга илинадиган буюмларнинг барини шип-шийдон қилиб кетди. Шунинг устига мўғул бекларидан Назар Мирзо тунда пинҳона келди-да, Ҳисор аҳлини ўққа тутиб қолди. Бобур тасарруфидаги куч билан ҳужумни қайтаролмади ва Қундузга йўл олди. Ҳисор вилояти батамом мўғуллар қўлига ўтди: жабр-зулм, фисқу фужур шўрлик фуқаронинг насибасига айланди. Ҳайдар Аёзийнинг ёзишига қараганда, “ғолиб” мўғул бекларига маҳаллий бойларнинг мол-мулки маош сифатида тақсимлаб берилган, муайян бек ўша хонадонда истаган номаъқулчилигини қилишга ҳақли. Биров унинг мушугини “пишт” дейишга ҳақли эмас.
Ўшандай “мўътабар” мўғуллардан бирининг ўз иқрори:
Мен ўзимга улуш қилинган уйга тушдим ва рўзғорбошига масалани баён қилдим. У икки юзга яқин от, туя ва қўйни бериб, уйидаги борлиқ асбоб-анжомини ҳам ҳадя этди ва шундай деди:
Илтимосим шудирки, бек жаноблари, мана шу бойликларни ва кўнглингиз нималарни кўтарса, уларнинг барини бемалол олаверинг, фақат фарзандларим ва аҳлу аёлим билан озод қўйсангиз кифоя.
Ваҳоланки, мундай сарҳисоб қилиб кўрсам, менга топширилаётган нарсалар унинг жонбадали эвазининг нисфини – ярмини ҳам қопламас экан...
Алалоқибат, Ҳисорда ўлат ва очарчилик авж олдики, бундан бузғунчи мўғулларнинг ўзи даҳшатли азоб чекди, аксарияти ўлиб кетди. Қолганлари ва аёллари Шайбонийлар қўлига тушди, жонига ҳеч ким оро киргани йўқ.
Нимаики, улар Ҳисор халқиға қилиб эрди, Аллоҳнинг қудрати Абдуллахон (Шайбоний) воситаси бирла уларға қайтарди. Билжумла, ул қавмнинг (мўғулларнинг) шумлуғидин Ҳисор Подшоҳнинг (Бобурнинг) қўлидин чиқиб, Қундузға жўнади. Бироқ Мирзо Бобурдан кўп яхшиликлар кўрган Мирзохон унинг истиқболига шаҳар дарвозаларини очгани йўқ.
Ғиждувон жанги ва Нажми Сонийнинг бешафқатлиги Зайниддин Восифий билан Хондамир томонидан ҳам муфассал ёритилган. Қаршида 15 минг аҳолини ёппасига қиличдан ўтказган Нажми Сонийнинг қонхўрлиги бутун Мовароуннаҳрда ваҳимали овозага айланиб бўлганди. Самарқандга унинг шундай дағдағаси ўзидан бурун етиб келди:
Самарқандни фатҳ этиб, ер билан яксон қиламан, тупроғини шудгорга айлантириб, зироат уруғларини экаман, қовун етиштириб, шоҳ Исмоилга жўнатаман! Сўнгра хитойликлар устига лашкар тортаман!
Қизилбошлар Қаршини босганда, Убайдуллахон ва Жонибек Султон Кармана тарафларда, Кўчкинчихон (Кўчимхон) билан Темур Султон Миёнколда эдилар. Уларни таслим бўлиш ниятидан Мир Арабнинг астойдил ундови ва далдасигина қайтарди. Ғиждувон қароргоҳидаги Нажми Соний шод-хуррамлик билан андармон, гўё унинг зафари кафолатлаб қўйилган. Базм ва кўнгилхушликдан ўзгасига фурсати ҳам йўқ: Ҳиротдан келган икки шоир, сатранж ва нарда устози – Дўстий билан Барноча ҳамиша қўмондон хизматида. Ана шундай кунлардан бири: Барноча нарда ўйини ҳақидаги қувноқ чистонларни ўқимоқда, амир Нажм қаҳ-қаҳ уради. Шунинг устига тўсатдан шовқин-сурон бошланди, карнайлар ғатиллаб, жанговар ур-сур кучаяверди. Кимдир қичқирди:
Ўзбеклар!
Нажми Соний буюрди:
Бошқасини не қилсаларинг майли, фақат Убайни тириклайин тутасанлар, мен уни Исмоилшоҳ ҳазратларига топшираман!
Иш қўлдан кетиб бўлди, тақсир, карранда гапларингизни йиғиштириб, тезроқ отга мининг, – дейишди унга.
Бир амаллаб бош яланг, ич кўйлак ва ковуш кийган Нажмни ўрнидан қўзғотишди, у истар-истамас узангига оёқ қўяркан, ҳамон кеккаярди:
Улар отга минишимга ҳам арзимайди, ахир!
Лекин ҳарбий салоҳиятдан маҳрум, ўзгани одам ўрнида кўрмайдиган қўмондоннинг куни битиб бўлганди. У ҳали эгарга ўрнашиб улгурганича йўқ эдики, Убайдуллахоннинг аскарлари ўраб олишди ва ерга тушириб, бошини кесдилар-да, найзага илиб, юқорига кўтаришди...
Абдуллахоннинг Ғиждувондаги ғалабаси Сафавийлар тажовузининг Мовароуннаҳрдаги жабр-зулмига чек қўйди. Лекин бу Нажми Сонийнинг қилмишларига ярашур алқасосгина эмас, афсуски, Бобуршоҳнинг мағлубияти ҳам эди. Эл бошига қора кунларни солган Нажми Сонийнинг ўлимига заррача ачинмасак-да, шоҳ ва шоирнинг ўз ватанидан батамом жудо бўлишига дунёча куйинамиз, албатта...
Ноумид шайтон ҳикматини тутган Бобур Кобул сари йўл олди. Хўш, у ерда ҳам нохуш қаршилашса-чи, ёпиқ эшиклар очилмаса-чи? Шаҳар аслида ўзиники экани ҳақ, лекин Самарқанд тахти учинчи бор муяссар бўлгач, Бобур укаси Носир Мирзога Кобулни бериб эди. Ҳайтовур, кичик шаҳзода туғишганлик расм-қоидасига амал қилиб, келаётган акасига пешвоз чиқди ва таъзим бажо айлади:
Ҳазратим, хизматингиздаги ходимларнинг ковушларни бошимга тож ўрнида кия олсам, сарафрозу бахтиёр бўлур эдим. Подшоҳи олам сафар остонасида ўзларигина ҳақли салтанатни мен бандага топшириб кетгандилар, энди чархнинг тақазоси боис Кобулни тағин қўлларингизга топширмоқ фарзимдир. Лозим кўрсангиз ва агар ҳукм қилсангиз, мен асл жойим Ғазнага қайтсам...
Бу инсоний муомала ва мутавозеъликдан беҳад мутаассир Бобур укасини бағрига босди, фурсат бўлгач, Ғазна шаҳрининг ихтиёрини унга топшириб, йўлга тушишга изн берди. Таассуфки, Носир Мирзо Кобулни тарк этишга улгургани йўқ, бемаҳал келган қазо унинг ёқасидан олди, 25 ёшда эди...
* * *
Ватерлоо жанги ҳақидаги китоблар сон-саноқсиз: бир муаллиф ундай деса, бошқаси бундай дейди. Наполеон ҳамиша қўшиннинг ҳисобини олган, бу – аниқ, лекин на озлигига, на кўплигига жиддий аҳамият берган эмас, у айнан Бобур каби камсонли армия билан урушнинг кўзига тик боқа оларди.
1815 йил 10 июнь куни Наполеон қўлида 198 минг қуролли куч бўлиб, бунинг учдан бири Вандеяда эди. Хуллас, у душманга қарши 128 минг аскар қўя оларди, холос. Ваҳоланки, инглизлар, пруссияликлар, австриялик ва руслар қўшини 700 мингга яқин бўлиб, унга яна 300 минг қўшилиши мумкин. Ватерлоогача ҳам йўл-йўлакай катта-кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди ва императорнинг қўли баланд келди деса бўлаверарди. Масалан, Линьидаги (16 июнь) қақшатгич жанг генерал Блюхернинг мағлубияти билан якун топди: пруссияликлардан 20 минг, французлардан 11 минг киши сафдан чиқди.
Наполеон 17 июнь кечки пайт Ватерлоонинг жанубига келиб ўрнашди: унинг қўлида 72 минг, Веллингтонда эса 70 минг аскар бор. Император маршал Грушининг 33 минг киши билан етиб келишини кутарди. Инглиз фельдмаршали Веллингтон эса Блюхернинг (40-50 минг) йўлига илҳақ. Бонапартнинг артиллериядан умиди катта: унинг замбараклари – 240 та, англияликларда – 150 та. Аммо инглизлар тепаликка жойлашган, французлар эса хийла паст ва текис ерда...
Туни билан ёмғир тингани йўқ, аравалар то ўқигача лойга ботди, от абзаллари сувга бўккан, ёпқичлари шалаббо. Ҳар қандай уруш нимаси биландир қуюнга ўхшаб кетади. Тушга яқинлашган чоғи Наполеонга зафар кулиб боққандай эди, соат тўртларда инглиз армиясининг ҳоли тангликка юз тутди ва пала-партиш чекина бошлашди, уларнинг ортидан французлар тўпга тутиб турибдилар.
Улар қочмоқда! – хитоб қилди Наполеон ва маршал Нейга томон шодон қийқирди. – Бугунги юз имкониятдан тўқсонтаси бизники!
Маршал Сульт мамнун жилмайди:
Веллингтонга ажойиб “тўй”ни кўрсатамиз, ҳазрати олийлари.
Зафар нашидаси Бонапартнинг кўзларида олов ёққанди ва ўша ондаёқ қатъий қарорга келди: Веллингтонни Суань ўрмонига қувлайди. Французлар императори узангида тик турди ва қамчисини эгарга қадаганча амр қилди:
Мило, суворийларингизни Мон-Сен-Жан сайҳонлиги сари олға бошланг!
Наполеон жанг майдонини, яқин атрофни синчиклаб ўрганган эди-ю, таассуфки, йўлдаги жарликни кўрган эмасди. Ана шунда жар мудҳиш тузоққа айланди: олдинги сафдаги отлар тубсиз қаър лабида таққа тўхтаб, орқа оёғида тик турди ва ортидаги арғумоқлар зарбидан табиий тузоқ домига отилиб тушаверди. Саноқли сонияларда жарлик икки минг нафар суворий ва икки минг жониворнинг ўлик-тирик жуссаси билан тўлди. Бу қонли “кўприк” устидан кейинги эскадронлар бемалол олға отиларкан, тақали туёқлар остида янчилаётган отлар ва жангчиларнинг сўнгги ноласи Ватерлоо осмонини сирқиратарди.
Елдай учаётган французларни ўн уч каре – сафга уюшган инглизларнинг ўқ ёмғири ва олтмиш тўпнинг ваҳшатли наъраси қарши олди. Наполеоннинг батальонлари сийраклашган эса-да, йигитларнинг мардлик ва матонати бир зарра шикастланмаган эди. Инглиз найзаси бир француз солдатининг оёғини тешиб ўтиб, отнинг биқинига ҳам анчагина ботган, найзанинг узун сопи кўндаланг ҳолда саланглаб боради. Чавандоз на йиқилмоқчи, на чекинмоқчи эмас, яланғоч қиличини қаршидан чиққан душман сари сермайди, от ҳам бўш келмайди. Англиялик пиёда аскар бошини яширмайди-да, от ва устидаги инсонни яхлит вужудга айлантирган найзанинг сопига ёпишади: учов ҳам ҳалок бўладилар: от, инглиз ва француз ботирлари.
Икки соат мобайнида французлар 12 ҳужумни қайтардилар. Маршал Ней минган тўрт от ўлди ва бешинчисининг узангисига оёқ қўяркан, ҳайқирди:
Мени тинчроқ ўлишга қўясанларми-йўқми?
Фельдмаршал Веллингтон ҳам роҳат-фароғатда эмас: полковниклару генералларининг қанчасидан айрилди, бош штаби ҳувиллаб бўлди, 30-пиёдалар полкининг 24 зобити тупроққа бош қўйди, 2-гвардиячи полкдан 5 полковник қонга беланиб йиқилди...
Виктор Гюгонинг ўлмас қалами армон билан ёзади:
Ана шундай французларга ана шундай инглизларгина тенг кела олмоқлари мумкин. Аммо бу икки номдор эл нима учун урушадилар, а?..
Кун охирламоқда, Наполеоннинг вақти чоғ, инглизлар ваҳимада. Полковник Гаке қўмондонлигидаги ганновер гусарлари полки жанггоҳга терс ўгирилди-да, оёғини қўлга олганча қочаверди. Бугинамас, талвасадаги полк то Брюсселгача мағлубият уруғини сочиб берди:
Французлар қувлаб келмоқда!
Кейинчалик полковник Гаке бунинг учун ҳарбий трибуналга топширилди ва қаттиқ жазоланди. Нафсиламрини айтганда, Веллингтоннинг ҳоли хароб, соат бешда у оғир оҳ чекди ва иқрор бўлди:
Ё кун ботади, ё Блюхер келади, билъакс, бизга бўлак нажот йўқ!..
Олис-олисда чанг-тўзон кўринганига анча бўлганди, ғубор орасида элас-элас найзалар ҳам ярақларди.
Сульт, Шапель-Сен-Ламбер тарафга қаранг-чи, келаётган ким ўзи? – сўради Наполеон.
Тўрт-беш минг аскар, ҳазрати олийлари, – деди дурбинни қўлига олган маршал Сульт. – Ҳа, ҳа, бизникилар, гумоним йўқки, Грушининг худди ўзи...
Йўқ, бу Груши эмас, аксинча, Веллингтон кутаётган Блюхер – Бонапартнинг фожиаси эди. Ватерлоо жангги энди терс ва тенгсиз тус олди: тутдай тўкилиб бўлган француз армияси погонига гард қўнмаган ўттиз минг прусс аскарига ва саксон олти замбарак оташига йўлиқди. Маршал Ней остидаги бешинчи от ҳам қулади, у энди яёв қолган, терга ботган, кўкси очиқ, ярақлаган орденларини ёв ўқига нишон қилиб олға боради:
Кўриб қўйинг! Франция маршали қандай жон беришини томоша қилинг!
(Лекин у жангда эмас, кейинроқ ўлади, суднинг ҳукмидан сўнг инглизмас, француз аскарлари ўз маршалининг бағрини поралайди.)
Афсус, “Яшасин, маршал Ней!” деган аввалги олқишлар қани? Бирор жангчининг “Яшасин, император!” дегани ҳам эшитилмайди. Кимдир француз тилида чинқирарди:
Сотқинлик! Жонинг борида қочиб қол!
Орқа-олдига қарамай ўз боши қайғусида чопқиллаётган французлар бири-бирини аямай босиб-янчиб боради. Бу бандаларининг аянч ҳолига Худонинг раҳми келарди, лекин 73 ёшлик генерал-фельдмаршал Блюхер раҳм қилгани йўқ. Мўйсафид ва шуҳратманд саркарданинг ўзига номуносиб буйруғини муаллифлар икки асрдирки, ачиниш ва алам билан қаламга оладилар:
Қочаётганларнинг барини қиличдан ўтказинг, бирортаям француз тирик қолмасин!..
Ватерлоода икки тарафдан 60 минг киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг 32 минг нафари Наполеон солдатлари эдики, бу жангга кирган французларнинг 60 фоизи деган сўз!..
1815 йил 18 июнь куни император енгилди, бу – айни ҳақиқат, лекин соат саккиздан ўтганда ҳам Ватерлоо қирғини давом этарди, негаки, француз гвардиячилари ҳали таслим бўлишмаган. Уларнинг қўмондони камтарин генерал Пьер-Жан-Этьен Камброн эди. Ўликлар сони тириклардан ортиқ, тўрт қатор ғов фақат мурдалардан тикланган, замбаракларга қарши қарсиллаётган милтиқларнинг ўқи ҳам саноқли, гвардиячиларнинг Ватерлоо шамолида ҳилпираётган байроғи увада лахтакнинг ўзгинаси... Кун ботади. Ажал олдида ҳамма бош букади: жон берса-да таслим бўлмаётган французлар матонати, бу матонатнинг илоҳий улуғворлиги шунчалар эдики, инглиз тўпчиларининг қўл-оёғига ўз-ўзидан кишан урилди. Замбараклар гулдуроси тинди. Гўё атрофни руҳлар измига олган, артиллериячилар бошида Ватерлоо қурбонларининг безовта арвоҳи сарсон кезарди. Лаҳза ўтди, инглизлар яна тўпларни ўқлай бошлашди, пиликчиларнинг қўлида ловуллаётган тутантириқлар зулумотдаги бўри кўзларига ўхшарди. Ана шунда англияликлар тарафдан титраган ва ҳаяжонли, бўғиқ ва шафқат тўла садо эшитилди, у ҳатто ёлворганга ўхшарди:
Эй мардона йигитлар, эй Франциянинг азаматлари, қаршиликни бас қилиб, таслим бўла қолинг-да!
Тарихчилар бу овоз кимники экани устида бир тўхтамга келган эмаслар: икки инглиз генерали – ё Кольвиль, ё Метленд, ёки полковник Хелькетт, фельдмаршал Веллингтон ўзи бўлиши ҳам мумкин.
Французлар томондан кимдир бақирди:
Vive I`Empereur! – Яшасин, император!
Эзгин таклиф яна такрорланди:
Таслим бўлинг, лочинлар!
Генерал Камброн қаддини ростлаб, илма-тешик француз байроғини боши узра кўтарди:
Гвардия ҳеч қачон таслим бўлмайди!1
Айтинг, сизга не керак?
Ўлим! – Merde! Жанг майдонида мардона ҳалок бўлмоқ!
Тангрининг ҳузурига чоғланган француз баҳодирларини шон-шарафдан маҳрум этишга ҳақи йўқлигини Веллингтон англади. У бошини буккан кўйи тўпчиларга имо қилдики, инглиз артиллерияси Камброннинг гвардиячиларига абадий барҳаёт қолмоқ имконини ҳадя этди...
Наполеонда не сир бор эди?
Йўқ, император бўлса-да, у ҳам Худонинг хом сут эмган бандаси эди, – деб қўя қолиш осонроқ, албатта.
Лекин... Бонапарт Эльбани тарк этиб, Жуан қўлтиғида соҳилга қадам қўйган куни Корсика аниқ кўринган, буни талайгина балиқчилар тасдиқлашган экан. Аммо Корсика ороли билан Франция орасидаги масофа 200 километр-ку!
Бельгиянинг Вервье шаҳридан эса Ватерлоога қадар 105 километр: 1815 йил 18 июнь куни Вервье осмонида жангу-жадаллар тасвири намоён бўлган. Кимдир артиллериячиларни, ҳатто бир замбаракнинг ғилдираги синганини ҳам кўрибди. Француз астрономи Камиль Фламмарион шу ҳақда ёзган (“Атмосфера”, 1910) ва аниқ мисолларни келтирган... Бу сароб ҳодисаси эдими?..
Наполеонда ғойибона хислат бор-йўқлигидан қатъий назар, Ватерлоо жанги бой берилди ва 21 июнда император пойтахтга қайтди. Ўша куни, тунда ва 22 июнь кечга қадар ҳам Париж чўп суқилган ари уясидай гувилларди. Намойишчилар кўчаларни тўлдириб ҳайқиришади:
Яшасин, император!
У тож-тахтдан кечмасин!
Сотқинлар йўқолсин!
Ё император, ё ўлим!
Император ва ватан мудофааси!
Лекин халқнинг талаби ва пэрлар палатасидаги Лазар Карнонинг таклифи иш бергани йўқ...
Франция – мағлуб, еттинчи коалиция – ғолиб: рус подшоҳи Александр Биринчи раҳнамолигидаги музаффар иттифоқчилар Парижга кириб келишди. Уларнинг умумий адади бир миллионга яқин: Австриядан – 230 минг, Россиядан – 250 минг, Пруссиядан – 310 минг, Англиядан – 100 минг зобит ва аскар.
Наполеон эса Аё Елена оролига сузиб кетди...
Ўтган асрнинг 80-90-йилларида Сталиннинг “авра-астарини” ағдариш хуружи бошланганда, унга ҳам Наполеонга тақлидчиликни тақашарди. Бошқа бировлар: «Йўқ, Сталин унга тақлид қилмасди, шон-шуҳратига ғайир кўз билан қарарди», – дейишарди.
Наполеонга тақлид қилган, унинг собиқ империяси ҳудудини тасарруфига олишга уринганлардан бири Гитлер эдики, бунга у ўзи ҳам иқрор бўлган. Уруш арафасида бу даъво Сталиннинг қулоғига тушиб, қай бир йиғилишда киноя қилган эмиш:
Мушукбола арслонга қанчалик ўхшаш бўлса, фашистлар диктатори ҳам Наполеонга ўшанчалик ўхшайди-да...
Наполеоннинг ашаддий душмани фельдмаршал Веллингтон эса 1815 йилдаёқ эътироф этганки:
Ҳозир ҳам, ўтган асрларда ва келгуси замонларда ҳам Наполеон Бонапарт саркардаларнинг энг буюги бўлиб қолаверади.
* * *
Императорларнинг мағлубияти билан якунланган Ғиждувон ва Ватерлоо жангининг уйғун оқибати шуки, ундан сўнг ҳар икки ҳукмдорга ўз пойтахтининг эшиклари ёпилди. Бобурга – Самарқанд ва Мовароуннаҳрни, Наполеонга – Париж ва Францияни қайта кўриш насиб этгани йўқ. Ватандошлари Бобурни ҳам, Бонапартни ҳам вафотидан сўнггина муносиб шарафлай олдилар.
(Давоми бор.)

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев