БОБУР ВА НАПОЛЕОН
(Тарихий-қиёсий эссе)
18. ТЎЙЛАР ЭДИ ШОҲОНА
Амир Темур ўн бир яшар Улуғбекни уйлантиргани хусусида. Кўз очиб кўрган ёр армони. Лўлилар ҳиндистонликми? Асранди қизнинг бахти.
Аразлаган зоти олиялари. Келинчак Наполеондан новчароқ эди.
Бор мақтанса ярашур дебдиларки, Соҳибқирон Амир Темур бошлаб берган ҳашаматли тўйлар сулоланинг давомчилари учун анъанага айланди. Умри жангу жадалларда ўтган, беш йиллик, ҳатто етти йиллик сафарларда кечган, ҳаётномасидаги зафарлар шодасига барча подшоҳлар ҳасад қиладиган Жаҳонгир қартайди. Кимсан Елдирим Боязидни ҳам тиз чўктириб, Эрон тоғлари орқали Самарқандга қайтди. Шунда музаффар кўнглининг сўзига юриб, бир йўла беш набирасини уйлантиришга азм қилди. Бу аслида ғолиб шаҳаншоҳнинг Ғалаба байрами эди. Ана шунда Конигил тўйхона бўлди.
Чодир ёнига чодир тизилиб, бу маҳобат эни ва бўйига ўн фарсанг масофани қоплаганди. Зийнатли саропардалар тиклангач, шоҳи, атлас, ҳарир якандозлар тўшалиб, камёб хитойи идишлар қўйилди. Ким нимаики ҳунарда устоз эса, ўзини намоён этди. Соҳибқирон қирқ кеча-кундуз тўю томошо бердиларким, бу ҳашаматни кўрса, Жамшид таҳайюр бармоғини тишлаб, рашк ўтида куймоғи муқаррар эди. Ғарибу ғурабо, мусофир ва масокинга мўл-мўл нону ош тортилди. Етти иқлим акобирлари ва амирзодаларидан етти юз тўқсон олти арбоби хосга шоҳона сарполар кийдирилди.
У ўзининг беш неварасини бир кунда уйлантириш тараддудига тушиб қолди. Буюк бобо ўн бир ёшга қадам қўйган Улуғбекка ўзи тенги ёш Ўгибегимни келинликка танлади. Ўгибегим марҳум Муҳаммад Султон Мирзонинг қизи эди, Улуғбек унга уйлангудек бўлса, кўрагон деган фахрий унвонга сазовор бўларди.
Обираҳмат сойининг қирғоқлари бўйлаб чўзилган ям-яшил водий сайилгоҳга айланди. Бир кечада бу ерда сон-саноқсиз ранг-баранг чодирлар тикилиб, бутун бошли шаҳар бунёдга келтирилди. Ҳамма савдогарлар Самарқанддаги ўз дўконларини ёпиб, чуғурчуқдек бу ерга ёпирилган эдилар. Ҳар тарафдан:
Кеп қолинг кобили паловга!
Мана жиққа мой сомса!
Жигар кабоби бу ёқда! – деган чақириқлар ҳавода янграрди.
Водийнинг энг чеккасига қурилган Темурнинг чодири ниҳоятда улкан, баландлиги уч найза бўйи, кенглиги эса юз одим эди. Гумбазсимон шипини ипак-шойилар билан ўралган ўн икки устун кўтариб турарди. Чодир атрофига баланд миноралар ўрнатилиб, соқчилар қўйилганди.
Атроф-теваракдаги кўк, яшил, сариқ капаларга Темурнинг хотинлари ва яқин қариндошлари жойлашганди. Шамол эсгудек бўлса бу чодирлар елкандек шишиб, худди аллақандай сирли ўлкаларга жўнамоқчи бўлиб турган кемаларга ўхшаб кўринарди...
Саройлардаги тўйлар, зиёда дабдабасидан қатъий назар, ўзига хос тарих эдики, бу ҳақда юқоридагиларни ёзган Муиниддин Натанзий каби муаррихлар бизга қимматли маълумотларни қолдиришган.
Бобур Ойшасултон Бегимга уйланганда, жуда ёш йигит, ўспирин эди. Ўша тўй қандай ўтганди? “Бобурнома”да бу ҳақда бирон гап йўқ. Лекин илк турмушнинг оқибати не кечгани китобхонга аён:
Ойшасултон калтабинлиги боис эрининг оғир кунларида суянчиқ бўлишга яраган эмас, опаси Робиясултон Бегим қутқу солгач, Бобурдай йигитдан юз ўгирган. Уни анча кейин “Ҳумоюннома”да учратамиз: Ойшасултон орадан неча ўн йиллар ўтгач, чоғи Бобур Мирзонинг вафотидан сўнг, Ҳиндистонга бориб қолган ва Бобурийлар саройида эъзоз топган эди. У Ҳиндол Мирзо уйланганда “Тилсим” тўйхонасидаги энг мўътабар маликалар сафидан жой олди, зеб-зийнат ва сарполарга ҳам муносиб кўрилганди. Ойшасултон ҳатто Бобурнинг сингиллари Шаҳрибону Бегим ва Ёдгорсултон Бегимларга (иккови ҳам Умаршайх Мирзо вафотидан сўнг туғилган) тенг тутилдики, уларнинг ёнида ўтиришга мушарраф бўлди.
“Бобурнома”даги бир тўй саҳнасида 16-асрдаги Ҳиндистон лўлилари тўғрисида ноёб шаҳодатни кўрамиз.
Лўлиларнинг асл ватани Ҳиндистон экани мантиқий фараз эса-да, ҳар ҳолда шу тахмин маълум даражада исботланган ҳисобланади. Лекин уларнинг миграцияси устида олимлар якдил тўхтамга келишган деб бўлмайди. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида бир нав хулоса чиқаришга асос бор дейиш мумкин. Тўғри, достонда Сосоний ҳукмдорларнинг анчагинаси тилга олинса-да, асарни Эрондаги машҳур сулоланинг хронологик солномаси ўрнида қабул қилиш қийин. Аёнки, воқеалар асосан буюк Фирдавсий тафаккурининг меваси ва бадиий ифодасидир. Бироқ шартли равишда “Шоҳнома”да 3–7-асрлардаги салтанатлар қаламга олинган дегимиз келади, негаки, Баҳром Гўр, Хусрав, Яздигард каби персонажлар айни ўша давр ҳукмдорлари эдилар.
“Шоҳнома”да Баҳром Гўр ҳинд рожаси Шангулнинг қизи Сапенудга уйланган. Қайнота куёвининг тилагига биноан хушовоз ва барбатнавоз (созанда) лўлилардан ўн мингини Эронга юборади. Шоҳ Баҳром Гўр уларни яхши кутиб олиб, ер, ҳўкиз (сигир), хачир (эшак) ва минг хирмон буғдой берди, экиб-тиксин, ҳосил олсин деганди. Шоҳнинг наздида лўлилар шу воситада тирикчилигини ўтказиб, куй-қўшиғи билан эронликларга бемузд (пулсиз) хизмат қилиши лозим эди. Бироқ бир йил ўтиб, “санъаткорлар” титраган-қақшаган кўйи Баҳромнинг қошига кириб борадилар: экадиган уруғни ҳам, ер ҳайдайдиган қорамолни ҳам **** битиришибдики, уларга яна текин нон-ош зарур.
Бунақа “беминнат” фуқарони ўз қаламравида ҳеч кўрмаган ҳукмдор ҳайрону лол эди.
Шоҳ деди: «– Ер ҳайдаб ва сепиб уруғ,
Ҳосил олмоқ бўлмади йўриқ.
Фақат эшак қолди, эгарлаб уни,
Дарбадар кезингиз юртни ҳар куни.»
Шундан бери бўлиб лўли овара,
Олам кезиб юрар, излар бир чора.
Шарқда лўлилар ўтмишини китоб қилган Фирдавсийдан бўлак муаллифлар ҳам бор: Абул Ғозий Баҳодирхон, Ҳофиз Таниш ал-Бухорий ва бошқалар. Бироқ Бобур айни хусусда ёзаркан, ўз кўзи билан кўрган аниқ воқеани тарих мулкига айлантирган. Лўлилар томошаси 1528 йил 18 декабрь, шанба санаси билан қайд этиладики, айни мавзуда бунчалар аниқ маълумотлар яна қаерда бор?
Ойнинг олтинчисида, шанба куни тўй бўлди. Қизилбош, ўзбак ва ҳиндуларнинг элчилари бў тўйда қатнашдилар. Қизилбош элчиларини ўнг қўлга – ўзимиздан етмиш-саксон қари узоқроққа шомиёна ўрнатиб, ўтқаздик. Беклардан Юнус Алига қизилбошлар билан бирга ўтириш ҳақида фармон бўлди. Чап қўлда худди шу тартибда ўзбак элчилари ўтқазилиб, беклардан Абдуллоҳга улар билан бирга ўтириш учун фармон берилди. Мен янги солинган саккиз қиррали, усти хас билан ёпилган толорнинг шимол тарафида ўтирдим. Ўнг қўлимда – мендан беш-олти қари нарида – Тўхта Бўға Султон, Аскарий, Ҳазрати Хожанинг фарзандлари Хожа Абдушшаҳид, Хожа Калон, Хожа Ҳусайний, Халифа ва яна Самарқанддан келган хожага қарашли ҳофиз (қори) ва муллолар ўтиришди. Чап ёнимдан беш-олти қари нарида – Муҳаммад Замон Мирзо, Тонготмиш Султон, Саййид Рафиъ, Саййид Румий, Шайх Абдулфатҳ, Шайх Жамолий, Шайх Шиҳобиддин араб ва Саййид Дакний ўтирдилар. Барча султонлар, хонлар, улуғлар ва амирлар ошдан бурун олтин, кумуш, мис пуллар ва кийимлик матолар тортиқ қилдилар. Олдимга бир гиламча устига тўкдилар. Матолар, кийимликлар ва бадраларни (олтин, кумуш ақча солинган халтача) унинг ёнига тўдалаб қўйдилар.
Ошдан бурунроқ совға тақдим этиш чоғида маст туяларни ва филларни қаршимиздаги оролда урушга солдилар. Бир нечта қўчқорни ҳам уруштиришди. Улардан кейин курашчи полвонлар кураш тушдилар.
Катта ош тортилганидан кейин Хожа Абдушшаҳид билан Хожа Калонга авраси туя жунидан тўқилган қундуз тўнлар муносиб сарполар билан кийдирилди. Мулла Фаррух ҳамда ҳофиз бошчилигида келганларга чакмонлар кийдирилди. Кўчумхоннинг элчисига ва Ҳасан Чалабийнинг укасига ҳам ипак, бош кийим (бошлик), тугмалик қундуз тўнлар ва шунга яраша сарполар инъом бўлди. Абдусаид Султон, Меҳрибон хоним ва унинг ўғли Пўлод Султоннинг элчиларига ва Шоҳ Ҳасаннинг элчисига тугмалик чакмонлар, ипак тўнлар инъом бўлди. Икки хожага ҳамда икки катта элчи – Кўчумхоннинг навкари ва Ҳасан Чалабийнинг укасига кумуш тоши билан олтин ва олтин тоши билан кумуш тортилиб, инъом қилинди. Олтин тоши беш юз мисқолга тенг бўлиб, Кобул тоши билан бир сер келади, кумуш тоши эса икки юз эллик мисқолга тенг келиб, Кобулнинг ярим серига тўғри келади. Хожа Мир Султонга ва унинг ўғилларига, Ҳофиз Тошкандий ва Мулла Фаррух бошчилигидаги Хожанинг хизматидаги кишиларга ҳамда бошқа элчиларга ҳам олтин ва кумуш ёйлар туҳфа этилди. Ёдгор Носирга камар-ханжар совға бўлди. Мир Муҳаммад жолабонга ҳам Ганг дарёси устига яхши кўприк солгани учун мана шундай муносиб совға инъом бўлди. Мир Муҳаммадга, милтиқчилардан паҳлавон Ҳожи Муҳаммад, паҳлавон Баҳлул ва Вали Порсийга якка ханжар инъом бўлди. Устод Алиқулининг икки ўғлига ханжар инъом бўлди. Яна Саййид Довуд Гармсерийга олтин-кумуш пуллар тортиқ қилинди. Яна қизим Маъсуманинг ва ўғлим Ҳиндолнинг навкарларига тугмалик чакмонлар ҳамда шойи сарполар инъом қилинди. Мен билан Андижондан келиб, жойсиз, ватансиз юрганларга, Сўх ва Ҳушёрдан келганларга ҳам чакмонлар ҳамда ипак сарполар, олтин, кумуш, кийимлик ва бошқа нарсалардан инъомлар бўлди. Қурбон билан Шайхнинг навкарларига, Коҳмард аҳолисига ҳам шу усулда иноятлар қилдик.
Ош тортилганидан кейин Ҳиндустон бозигарлари келиб ўйинларини кўрсатсинлар, деган фармон бўлди. Лўлилар келиб томоша кўрсатдилар. Ҳиндустон лўлилари шундай томоша кўрсатдики, бизнинг вилоятлардаги лўлилардан бундай ишларни кўрган эмасдик. Масалан, бири шундайки, улар етти ҳалқани олиб, биттасини пешанасига ва иккитасини тиззасига жойлаштиради. Қолган тўртта ҳалқадан иккитасини қўлининг бармоқларига, иккитасини оёғи бармоқларига кийдириб, тез ва тўхтовсиз айлантиради. Яна бири – товусюриш усули бўлиб, унда лўли бир қўли билан ерга таяниб, бошқа қўли ва икки оёғини юқорига кўтаради ва уларнинг ҳар бирига ҳалқа кийдириб, бу уч ҳалқани тез ва тўхтовсиз айлантиради. Яна бир томошаси шундаки, бизнинг ўлкалардаги лўлилар икки ёғочни оёқларига боғлаб, “пойи чўбин” – “ёғоч оёқ” қилиб юрадилар. Ҳиндустонлик лўлилар эса бир оёғи билан “ёғоч оёқ” қилиб, уни ҳатто оёқларига боғламасдан ҳам юра оладилар. Яна бири буки, икки лўли бир-бирини ушлаб, бизнинг ўлкаларда икки хил чайқалади, Ҳиндустон лўлилари бир-бирига осилиб, уч-тўрт хил кўринишда чайқаладилар. Яна бири буки, бир лўли олти-етти қари келадиган ёғочнинг бир учини белига тик тутиб туради, бошқа бир лўли шу ёғочга чиқиб, ёғоч устида ўйинлар кўрсатади. Яна бири буки, кичкина лўли катта лўлининг бошига чиқиб тик туради, пастдаги лўли у ёқ-бу ёққа тез-тез бориб-келиб томоша кўрсатаётган чоғда, бу кичкина лўли ҳам унинг бошида тебранмай туриб, томошалар кўрсатади.
Тарихчи ва элшунос Заҳириддин Муҳаммад Бобур нимаики ёзибди, барчаси ҳақиқат, унинг бирор сўзи иштибоҳли эмас. Бу луқма шунинг учунки, у киши берган маълумотлар мўл-мўл фазилатлари устига ўта камёб. Демак, 16-асрнинг биринчи ярмида ҳам лўлилар Ҳиндистонда бор эди ва худди Фирдавсий ёзганидек, уларнинг ҳунари ўша-ўша кўча томошалари ва акробатлик бўлган.
Аградаги мазкур тўй тасвиридан Бобурнинг Сафавийлар ва Шайбонийлар тарафдан келган элчиларга, ўз аъёнлари ва оддий йигитларига муносабатини билиб оламиз. “Бобурнома”нинг ушбу хусусдаги саҳифаларида замонга хос уст-бошлар ва қурол-яроқлар ҳақида ҳам ёрқин маълумотлар битилган. Меҳмонлар хизмати, мақоми ва даражасига муносиб ҳадялар ва сарполар билан сийланди, либосларнинг анча-мунчаси тугмали эди. Бу шунга далилки, Бобур ўз саройи ва салтанатида тугма қадалган кийим-кечакларни урфга кирита бошлаган. Ҳолбуки, тугмали уст-бошга 19-асрда ҳам ҳамманинг қурби етавермаган. Бунинг мисоли кўп бўлса-да, Муқимийнинг икки байтини келтириш билан кифояланамиз:
Келса олдингизга бой суврат, яқоси тугмалик,
Иззат ила шод миннатдор қилмоқ шунчалар.
Гарчи келса эски тўн, биздек дуогўйи фақир,
Камбағалнинг хирқасидин ор қилмоқ шунчалар...
Бобур Маъсумасултон Бегимни никоҳига олганда ҳам шунақанги шоҳона тўй қилган бўлиши керак. Аввалроқ эсланган Ойшасултон ҳам, бу Маъсумасултон ҳам Султон Аҳмад Мирзонинг она бўлак қизлари эдики, Бобур амакисига икки карра куёв – зуннурайн бўлган. Бироқ олдингисидан оғзи куйди, зотан, “онасини кўриб, қизини ол” деганларидай, Ойшасултоннинг бадкирдори аввало волидаси Қутлуғ Бегимдан юққанди. Султон Аҳмад Мирзо севиб олган ва ҳарамининг арзандаси бўлган бу суюкли малика чоғир ичур эди, яъни шаробхўрликка иштаҳаси хийла бор...
Энди бу гал Бобур ошиқмади: қиз ва унинг онаси Ҳабибасултон Бегим билан икки карра кўришди, махфий кишиларни юборди, аммаси (тўғрироғи Умаршайх Мирзонинг аммаси) Пояндасултон Бегимни орага қўйди ва обдан маслаҳатлашди. Ана шундан сўнггина бир қарорга келди ва Маъсумасултон Бегимни (1508) ақд қилди, яъни никоҳига олди.
Ўша йилнинг (ҳижрий – 913) охирида ва баҳорнинг аввалида – 1508 йил 6 март куни Ҳумоюн Мирзо таваллуд топди. Сешанба кечаси зулқаъда ойининг тўртида офтоб хут буржида эди. Ҳумоюн валодатидин беш-олти кун сўнг Чорбоққа чиқиб, Ҳумоюннинг валодат тўйини қилдик. Бек ва бегот улуғ-кичик сочиқ (совға) келтирдилар, қалин оқ танга уюлди, ондин бурун онча қалин оқ тангани бирор ерда кўрулмайдур эди. Хейли яхши тўй бўлди...
Ҳиндистон подшоҳи Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан қолган анъанани Бобурийлар асрлар бўйи давом эттиришди. Ана шундай шодиёналарнинг тарихий тасвирини “Ҳумоюннома”да кўрамизки, Бобурнинг Аградаги тўйидан қолишмасди...
Хонзода Бегим жияни Ҳумоюншоҳни холи топиб, секингина сўрайди:
Мирзо Ҳиндолнинг тўйини қачон қиласиз?
Олдин “Тилсим”нинг зиёфатини берай, сўнг тўй-тўйга уланиб кетаверади, – деди у. – Ёки амма ҳазратим бўлак нима десалар...
Хонзодабегим бош ирғаб маъқуллади:
Аллоҳ муборак ва бохайр қилсин!
“Тилсим” маҳобатли тўйхона: саккиз бурчакли катта ва кичик залнинг ўртасида яна бир зал: шарқ томонида – боққа, қибласида – девонга, жануб ва шимолида – катта ва кичик залга очиладиган эшиклар бор. Заллар анвои безаклар билан зийнатланган ва алоҳида номланган: “Давлат хонаси”, “Саодат хонаси”, “Мурод хонаси”. Меҳмонлар мақомига қараб жойлашган: мирзолар, амирлар, вазирлар ва ҳарбийлар Давлатхонага таклиф этилди, Саодатхона арбоблар, аъёнлар, уламолар, зоҳидлар, шайхлар, дарвишлар, фақиру мискинлар учун ажратилди.
Бош тантана саккиз бурчакли катта залда, яъни Муродхонада бўлиб, ўртадаги ҳовуз ҳам, шу сув устидаги қимматбаҳо гилам тўшалган супа ҳам саккиз бурчакли эди. Ҳумоюннинг амрига биноан супадан аксарият ёш-яланг, соҳибжамол қизу жувонлар, созанда ва хонандалар ўрин олишди.
Залнинг тўридаги жавоҳирлар қадалган тахтга Ҳумоюншоҳ, унинг олдидаги алоҳида зардўзи тўшакка Хонзода Бегим ўтиришди. Ҳумоюн Мирзо ёши улуғ аммабегимларни (бобокалони Абусаъид Мирзонинг қизлари), Темурий ҳамда Бобурий хонимларни ва ўзига яқин аҳли аёлларни ўнгу сўлига таклиф этди. “Ҳумоюннома”да ёзилишича, тўйхонадаги жами бегимлар адади тўқсон олти киши ва бир қанча бошқалари ҳам бор эди. Тўйда Гулбадан Бегим подшоҳ акасининг чап томонидан жой олганди.
Муродхонадаги чорпояга энг қимматбаҳо тошлар қадалган, идиш-оёқлар жилваси ақлни лол қилади, кўрпачалар ва дастурхонларнинг бари зарбоф газмолдан: алвон мевалар ва анвои шарбатлар ва барча айшу тараб ва егуликлар муҳайё эди.
Энди ҳимматли мирзолар, бегимлар ва амирлар бари ҳадя тайёрласинлар! – буюрди тўйбоши Ҳумоюн подшоҳ.
Туҳфалар уюлгач, ҳамма хонадаги меҳмонлар совғалар билан сарафроз этилди.
Шундан сўнг подшоҳ ҳазратлари Ҳиндубекка буюрдилар:
Бу Давлатхонадагиларнинг ҳиссаси, бир товоқ ашрафий ва икки товоқ шоҳрухий тангаларни мирзолар, амирлар, вазирлар ва сипоҳийларга улашинг! Бул эса Саодатхона аҳлига, акобир, аъёнлар, уламо ва солиҳлар, зоҳидлар, машойих, дарвишлар, обидлар, фақиру мискинларга ҳам бир товоқ ашрафий ва икки товоқ шоҳрухий танга тақсимлансин!
Мулло Муҳаммад Фароғий ҳазратимнинг бу амрларини адо этгач, подшоҳ дедилар:
Энди гал бизга – Муродхонага ҳам сочқи келтиринг, бир товоқ ашрафий ва икки товоқ шоҳрухийни бегимлар қошига олиб боринг, сиқимларига сиққанча олсинлар!
Тўйхонада ҳеч ким насибасиз қолмаганди, ҳар бир меҳмон камида 100-150 танга пул олди. Ҳали ҳовузга сув очилган эмасди, Ҳумоюншоҳ Хонзода Бегимга қаради:
Ҳазрати аммабегим ижозат этсалар, энди ҳовузга сув қуйилса.
Жудаям соз, – дедилар бегим ва ўзлари зинанинг тепасига чиқиб ўтирдилар. Ҳамма ғафлатда қолиб, қўққисдан шаррос сув қуйилди. Ёш-яланг бирданига қий-чув солишди. Подшоҳ ҳазратлари:
Уларни ўз ҳолига қўйинг, – дедилар.
Тўй оши тортилгач, одамларга тағин инъом ва сарполар улашилди.
Келин-куёв учун ажратилган кўшкда адрас кўрпачалар, бешта тўшак, беш ёстиқ, бир катта лўлаболиш, иккита думалоқ қўшоқболиш, чимилдиқ чодири, тағин уч дона тўшак ва пардалар (бари зардўзи) муҳайё эди. Ҳиндол Мирзонинг сарпосида заррин тождан то дастрўмолгача – ҳаммаси бор. Келинболага буюртирилган тўққиз нимчадаги тугмалар асл жавоҳир: лаъл, ёқут, зумрад, феруза, забаржад ва ҳоказо. Сўнгра келинчакка тўққиз шода гавҳар, бир зебигардон, дур ва лаъл кўзли тўрт узук, учта елпиғич, шоҳона шамсия, чироқ ва Хонзода Бегим йиғиб-терган рўзғор анжомлари, сеп-сидирғалар пешкаш бўлди. Келин бўлмиш Султоним Бегимни Хонзода тарбиялаб, вояга етказган ва энди марҳум укаси Бобурнинг ўғлига узатмоқда эди.
Хонзода Бегим ягона фарзанди Хуррамшоҳдан айрилгач, бошқа бола кўрмаган. У Шайбонийхон ва Ходихожадан сўнг Маҳдихожага никоҳланиб, шу (охирги) эрининг синглиси Султонимни ва ўғли Жаъфархожани боқиб олганди. Хонзода қизни ўз фарзандидай суяр ва тўйига деб, хийла тараддуд кўрган эди.
Подшоҳ ҳазратлари шундай бир тўй қилдиларки, раҳматли падаримизнинг бирор фарзандларига унақа тўй муяссар бўлган эмас. Атаган ҳамма туҳфаларини Ҳиндол Мирзога топширдилар. Инчунин, эгар-жабдуғига бебаҳо тошлар қадалган тўққизта арғумоқ, олтин-кумуш идиш-оёқлар ва ҳар бир тоифаси тўққизтадан турк, черкас, ўрис, ҳабаш қулларни бердилар.
Подшоҳ отамнинг поччалари Маҳдихожа Ҳиндол Мирзога ушбу нарсаларни ҳадя қилдилар: бир тўққиз тўбичоқ отки, зару жавоҳирли эгар-жабдуқ ва тилла-кумуш асбоб-анжомлари билан; яна икки тўққиз юккаш отларки, музайян эгар-жабдуқлари ва португал мовутидан ёпқичлари билан; турк, ҳабаш ва ҳинд қулларики, ҳаммаси уч тўққиздан, уч занжирбанд фил ҳам бор эди.
Ҳиндол Мирзо билан Султоним Бегимнинг никоҳ оқшомини батафсил баён қилган Гулбадан Бегим ана шу саноқли саҳифаларда жуда катта тарихий маълумот қолдирган. Масалан, у бир юз элликка яқин кишининг номини тилга олади. Уларнинг аксарияти Темурийларга мансуб, Султон Ҳусайн Бойқаронинг авлодлари, Умаршайх Мирзонинг жиянлари, Юнусхоннинг невара-чеваралари, Бобур ҳарамидаги аёллар, унинг ота ва она томондан қариндошлари – ҳамма шу ерда. Айни тўй саҳнасида Бобурийларга хос талай фазилатлар яққол намоён: хешу ақраболарга мурувват, паноҳ излаб борганларга бағри кенглик, аёлларни алоҳида эъзозлаш, шоҳона тўйларга мискин ва ғарибларнинг иштироки, саховат... Айни чоғда от ва филлар қаторида қуллар – тирик одамларнинг ҳам совға қилиниши юракларни сирқиратади, лекин начора, бу ҳукмдорлар учун оддийгина удум, ўша замонанинг зайли ва тақазоси эди.
Тарихий шахслардан ташқари жуғрофий номлар, давр меъморчилиги ва хос либослар, пул муомаласи, қурол-аслаҳалар, қимматбаҳо тошлар, тўйдаги урф-одатлар борасида ҳам ноёб хабарлар турибди “Ҳумоюннома”да. Ёки ўшанча меҳмонга нон-ошдан ташқари яксара сарпо ва танга тақсимлаш-чи? Бу бетимсол ҳотамликнинг боиси шундаки, тўйбоши кимсан Бобуршоҳнинг валиаҳди Ҳумоюн подшоҳ эди.
* * *
Энди улкан бир тантана ҳақидаги бўлак тарихий асарнинг шарҳига ўтамиз. Парижда яратилиб, “Тож кийиш” деб номланган бу дурдона буюк мусаввир Жак Луи Давид мўйқаламига мансуб. Шу рассомнинг борига ва санъатига шукурки, 1804 йилнинг тарихий 2 декабрь кунида жамланган юз чоғли кибор хониму жанобларнинг чеҳрасини ва кайфиятини, бўй-басти ва уст-бошини, мақом ва даражасини бугун ҳам Лувр музейида кўрмоқ мумкин. Ранглар шунчалар табиий ва уйғунки, кимнингдир эгнидаги барқут – айнан барқутга, шойи – шойига айланган, олтин тож сурати эса заргар қўлидан ҳозиргина чиққан каби товланади. Мусаввир тасвиридаги арбоблар, ялтир-юлтур мундирли генералу маршаллар, сенат аъзолари, сарой хонимларининг тиниқ юзлари, чақноқ кўзлари гўё жонланадики, суратдан олдимизга чиқмоқчидай биз томон интиладилар. Табиийки, бу санъат асарининг марказида икки шахс – Наполеон ва Жозефина: кўҳна Рим ҳукмдорлари либосидаги император навқирон, жисмидан ёшлик нафаси, ғайрат ва қудрат уфуриб турибди, у қўлидаги олтин тожни қошида тиз чўккан маликаси бошига кийдирмоқчи...
Сурат Наполеонга жуда-жуда ёққанди.
Сизга тасанно, Давид, – илтифот қилди у ва буюрди: – Тож кийиш тантанасида онам иштирок этмади, уни ҳам киритиб қўйинг, албатта.
Она-император Летиция Буонапарте ҳазрати олиялари марказнинг сўл тарафидан ўрин олди. Тўғри, унинг қиёфаси тундроқ, бахтиёрлик аломатлари деярли сезилмайди. Давиднинг мўъжизакор санъатига ва содиқ реалист эканига тасанно: Летиция хонимнинг Жозефинага тоб-тоқати йўқ, боз устига подшоҳ ўғли ини-сингилларига бемурувватки, бундан ранжиган кампиршо маросим арафасида аразлаб кетворганди...
Хуллас, 1804 йилга келиб, император Наполеон Рим империяси анъаналарини тиклаш иддаосига тушди. 1792 йил 10 августда бунёд этилган республика 1804 йил 18 май куни монархияга айланди ва Наполеон Бонапарт французлар императори деб эълон қилинди. Албатта, содиқ республикачилар мундоқ кўргиликка осонгина кўна қолганлари йўқ. Бу янгиликни эшитиб, буюк бастакор Бетховен ҳам норози бўлиб, Наполеонга бағишлаб “Зафар симфонияси”ни ёзганидан жуда афсус чекди.
Наполеон ўз маросими билан бутун жаҳонни қойил қолдирмоққа жазм қилган, ҳатто рим папасини чақиртирди. Пий Еттинчи ўзини у ёқ-бу ёққа ташлаб кўрди, мушовурларига маслаҳат солди, аммо рад жавоб йўллашга юраги йўқ. Чунки, Римнинг шимолида ҳам, жанубида ҳам қўр тўккан француз қўшинлари бир зарбада Ватиканни империяга қўшиб олиши ҳеч гапмас. Аслида папанинг Наполеонга керагидан даркори йўқ: лекин ўша руҳонийга ишонадиган, ҳатто сиғинворадиганлар кўриб қўйсинки, Пий ҳам французлар императорига бўйсунади. Алқисса, папа Парижга беҳурмат бўлиб келди ва шу беҳурматлигича кетди. Бонапарт уни шикор кийимида, овчилар, тозилар ва итбозлар ҳамроҳлигида Париж яқинидаги Фонтенебло ўрмонида кутиб олди. Католиклар пешвосининг истиқболига лоақал бир қадам босгани йўқ, йўлнинг нариги бетидаги ҳазратни бу тарафга чақиртирди ва лўмбиллама извошида бемалол ўтирган кўйи ёнига таклиф этди.
Маросим Нотр-Дам ибодатхонасида ўтдики, дабдабаларнинг муфассал баёнига фурсат ва сўз етказолмаймиз. Модомики, папа чақиртирилган экан, кўҳна ақоидларга биноан тожни у кийдириши лозим эди. Бироқ бу шараф ҳазрати бузрукка насиб этгани йўқ. Негаки, Наполеон фақат ўз билганича иш тутиб одатланган ва бу феъли ҳақида бировлар не дейиши уни мутлақо қизиқтирган эмас. Ўша декабрь кунида (1804) ҳам шундай бўлди: империяни ўзи яратган бўлса, ҳамма шон-шуҳрат ва мол-давлатга ўзи эришган бўлса, хўш, олтин тожни нега кимдир кийдириши керак экан?
Императорнинг бу “осийона” хаёлларидан хабарсиз папа олтин тожни қўлига тутиб, тарихий масъулият ижросига ҳозиру нозир эди. Қўққисдан тахтдаги Наполеон Бонапарт ўрнидан қўзғолди-да, уни ҳазратнинг қўлидаги юлиб олиб, бошига кийди ва Жозефинага ҳам ўзи кийдириб қўйди...
Маросим якунлангач, аркони давлат ва меҳмонлар ўтирган сонсиз экипажлар Тюильри қасри сари йўлга тушди. Пойтахт кўчаларидаги ва қишлоқлардаги шодиёналар яна бир неча кун давом этди. Ҳамма ёқда машъала ва гулранг чироқларки, тунлари ҳам ерга тушган игнани топиш мумкин. Мусиқий наволар тинмайди, черков қўнғироқлари жаранглайди, ҳар замон-ҳар замонда Париж гарнизонининг ўнлаб замбараклари “салом беради”...
Наполеоннинг умри меҳнат-машаққат ва жангу жадалларда ўтгани қанчалик рост бўлса, базму зиёфат ва айшу ишратда кечгани ҳам шунчалик ҳақиқат. Унинг таржимаи ҳолида аёл зотининг ҳар тоифасидан борки, саноғи йўқ. “Гарем” тутмоқ бобида французлар императори Шарқ султонларидан ўтса-ўтганки, асло қолишган эмас. Бу ҳақда шаҳодатлар сероблигидан “Наполеон ва интим” мавзуси неча жилдларга сиғмайди. Илк муҳаббати Дезире Клари, Сурия саҳросида йўлиққан Полина Фуре, Пруссиянинг соҳибжамол қироличаси, польшалик бобойнинг рафиқаси, альбионлик Марианна д`Ассельна, Москва театридаги Луиза Бигар, қандайдир Элеонора ва ҳоказо...
Унинг Жозефина Богарнедан ажрашуви тож-тахт тақазоси ва бардавом сулола эҳтиёжи эди. Нимага десангиз, малика зоти олиялари то ҳануз император Наполеонга оталик бахтини ҳадя этгани йўқ. Энди ёши элликка бормоқдаки, бундан кейин ҳам туғиш-туғмасини Худо билади. Император бўлак ҳаракатини қилиши керак, ҳукмдорга валиаҳд зарур. Инчунин, ўртада дарз пайдо бўлиб, эр-хотинни истиқболда айрилиқ кутаётгани анчадан бери аён эса-да, масала 1809 йил кузида жиддийлашди. Тараддуд бошлангач ҳам икков ҳамиша бирга эдилар, Жозефина эрининг бир қадам нари кетишини истамасди, Наполеон эса унга муҳаббат изҳор этишдан чарчамасди.
Ахийри, аркони давлат ва Бонапартлар оиласи иштирокида ажралиш ҳужжати расмийлашди (1809 йил 15 декабрь). Наполеон собиқ рафиқасининг “ҳазрати олиялари” рутбасини сақлаб қолиб, Мальмезон қасрини ҳадя этди ва ўша манзилга “муҳаббатнома”лар йўллашни канда қилгани йўқ.
Диний никоҳни бекор қилиш учун эса Рим папасига нома йўлланди. Бунақа ишни ҳамиша пайсалга солиб, ойлаб (ҳатто йиллаб) чўзадиган пешво дарров қоғоз битди ва зудлик билан Парижга жўнатди.
Французлар императорининг Жозефинадан ажрашгани ва бирор маликага уйланажаги Европада ҳамманинг тилига тушди. Наполеон қай подшоҳнинг қизига оғиз солади? Пруссия саройида балоғатга етган номзод йўқ, Лондон билан муроса қочган, демак, ё Австрия, ё Россия. “Куёвбола”нинг ўзига қолса, рус императори билан қариндошлашгани обрўнинг каттаси эди: унинг икки синглиси тайёр. Петербургда буни фаҳмлашди-да, буюк княгиня Екатерина Павловнани шоша-пиша эрга бериб юборишди. Бонапарт ундан кичкина Анна Павловнага иштаҳа сақлаб турди, аммо қизалоқ эндигина 16 ёшга тўлганди, холос.
Франция элчиси Коленкур Александр Павловичга юзма-юз бўлиб, Наполеоннинг ниятига шама қилди. Рус императори Бонапартни куёв сифатида бажонудил қабул этажагини, аммо синглиси жуда ёш эканини ётиғи билан айтиб, охирида шундай деди:
Аслида буюк княгинянинг инон-ихтиёри волидам ҳазрати олияларида.
Бироқ Павел Биринчининг беваси Мария Фёдоровна бу масалада ҳеч кимни ёнига йўлатгани йўқ.
Ие, ҳали ўша махлуқ, динфуруш муртад менга куёв бўлармишми? Қизим кўчада тушиб қоптими? – қабилидаги қарғиш-койишлар билан зоти олиялари масалага чек қўйди.
Наполеонга жуда алам қилди. Аркони давлат 1810 йил 28 январь куни Австрия маликасини келин қилиш қарорига келди. Французлар томони илк оғиз очгандаёқ австрияликлар “хўп-хўп” дейишди. 7 февралда никоҳ шартномаси тузилди ва қоғоз Венага етиб бориши биланоқ (22 февраль) Франц Биринчи уни ратификация қилди, 11 март куни Австрия пойтахтида тўй бўлди. Бир-икки кундан сўнг Мария-Луизанинг юзга яқин извош ва саф-саф суворийлардан иборат карвони Париж сари йўл олди. Маликадан биров розилигини сўрагани йўқ, келин-куёв кўришмадилар, Наполеон қайнотаси ҳузурига боришни ҳатто хаёлига келтирмади. Унинг ўрнига бош штаб бошлиғи маршал Бертье бориб, келинни олиб қайтди.
1810 йил 2 апрель. Компьен йўли ёқасидаги Курсель қишлоғи, қоп-қора тун, шаррос ёмғир ёғиб турибди. Чакка томаётган кўҳна ва ташландиқ черковда икки киши ғўнғир-ғўнғир гаплашмоқда: император Наполеон Бонапарт ва унинг куёви (синглиси Каролинанинг эри), Неаполитания қироли, Франция маршали Иоахим Мюрат.
Шу ерда кутиб оламиз! – императорнинг овози буйруқдай жаранглади.
Нега энди, сир? – деди плашининг бари билан бошидаги жиғали қалпоғини паналаган маршал. – Дурустроқ жой топсак бўлмайдими?
Сендай баҳодир саркарда бир неча томчи совуқ сувдан қўрқиб ўтирса-я!
Жоним учун қўрқмайман. Аммо манави укпар, дазмоли таранг мундирим шалаббо бўлса, маликайи олиянгга сувга пишилган макиёндай кўринаманми?
Макиён? Аслида олифталикни лоақал шу бугун йиғиштириб, соддароқ кийинсанг бўларди, маршал жаноблари. Мендан ибрат ол.
Дарҳақиқат, Австриядан келаётган келинболанинг ташрифига интизор куёв-император жайдари либосда эди. Мюрат унга бир қараб олди-да, норози оҳангда сўради:
Демак, шу ерда кутамизми?
Албатта. Жа-а афтингни буриштираверма... Жим! Қулоқ солгин.
Ҳа-а, – бир зум сукут сақлаган Мюрат бош ирғади, – аравалар сурони, отлар ва оломон шовқини.
Неаполитания қироли ана шундай деб, катта “жасорат” билан ёмғирга чиқди ва қайноғасини ҳам олға бошлади:
Карвон, ҳазратим, рафиқангиз карвони етиб келди. Ана дастлабки гусарлар ҳам кўринди, сир, муборак бўлсин!
Наполеон йўлнинг ўртасида тўхтади ва ўнг қўли амирона кўтарилди. Европада барчага таниш сиймо қаршисида австриялик суворийлар отлар жиловини тортишди. Оҳиста жимлик чўкиб, немисча ҳитоблар эшитила бошлади:
Император!
Наполеон Бонапарт!
Бизни император ўзи кутиб олмоқда!..
Карвонбоши югуриб келиб сўрашмоқчи эди, Наполеон парво ҳам қилгани йўқ. У тобора шиддатли тус олаётган ёмғирга қарамай саккиз от қўшилган зарҳал эшикли каретани кўзлари билан топди ва шошқин борди-да, пиллапояга шаҳдам кўтарилиб, эшикни очди. (Одатда бу юмушни шотирлари бажаришарди.) Ўриндиқдаги икки аёлдан бири – Наполеоннинг синглиси Каролина шоша-пиша қўзғолиб, таъзим бажо қилди:
Бу киши император зоти олийлари бўладилар.
Мария-Луизанинг кулча мисоли тип-тиниқ юзидан балоғат нафаси уфуриб турарди. Лекин мовий кўзлари ҳиссиз, лаблари ва узун бурнида латофат йўқ ҳисоби. Боз устига либослари ҳам ярашиб-ярашмаган ва ёшига нисбатан тўлишиб кетган эди. (Тағин беш-ўн йил ўтиб, бақ-бақалоқ бойхотинга айланиб қолмаса бўлгани.)
Бекам, васлингизга мушарраф бўлганимдан чексиз бахтиёрман, – ҳовлиқди терисига сиғмаётган Наполеон ва аёллар қаршисига ўтираркан, камергерга буюрди: – Тўппа-тўғри Компьенга! Ҳеч қаерда тўхташ йўқ! Айт, қамчи боссин!
Аммо, сир, – эътироз билдирмоқчи бўлди онабоши мақомидаги Каролина, – бизни Суассонда кутишаётган, акобирлар бари ўша ерда, зиёфат ҳам...
Бизларсиз ҳам томоқларидан таом ўтиб қолар ўша акобирларнинг. Хоҳлайманки, йўқ, буюраманки, малика шу кечанинг ўзидаёқ келин-куёв хосхонасида бўлиши зарур!
Тамом! Тўй карвони Компьен сари йўлга тушди: Наполеоннинг ортидан эргашган кареталар сони саксон учта, суворий ва пиёдаларнинг саноғи йўқ.
Императорнинг Компьенда тунаши Парижга яшин тезлигида тарқаганди, ёмғир ҳам тўхтаб, шаҳар кўчалари одам билан тўлди, келинга ажратилган оппоқ қаср неча минг томошаталаб қуршовида...
“Қарс-қарс” қадам товушлари ва қуроллар жаранггосидан ҳамма ҳушёр тортди: ҳовлидан гренадёрлар гвардияси чиқиб келарди. Қомати қиличмонанд бу бургутларнинг бурчи осойишталик ва тартибни дахлсиз сақламоқ. Улар саноқли лаҳзаларда совуққонлик ва кескирлик билан шундай саф тортдиларки, оломон ўртасида кўчадан ҳам кенгроқ йўл очилди ва олға интилишга ҳеч кимнинг ҳадди қолмади.
Шу пайт карвон кўринди, олдинда оқ арғумоқли башанг чавандозлар, ярақлаган қиличларни тик тутиб олишган. Ундан кейин катта извош: отларнинг бари ғоз тўшидай оппоқ. Оқ кабутарлар учирилди, гвардиячилар ҳайқириғи юракларни ларзага солди:
Яшасин император!
Лента тортилган саҳнадаги дирижёр таёқчасини силкиди, оркестр мусиқа бошлади: Бетховеннинг Наполеонга бағишланган 5-симфонияси, уни “Зафар симфонияси” дейдилар. Кейин карнайчилар ҳавони зир титратиб, “Императорга шону шараф” маршини чала кетишди...
Икки югурдак шоҳона экипаж эшикларини очди: ҳамманинг қадди эгилди, ҳамма бошлар букилди. Аввал Наполеон ерга оёқ қўйди ва зинадаги келинчакка қўл узатди. Орадаги икки тафовутнинг бири сезилди, бошқаси деярли билингани йўқ. Келин-куёв қўлтиқлашиб ёнма-ён боришаркан, Мария-Луиза Австрийская Наполеондан ярим қарич новчалиги яққол кўриниб турарди. Аммо келинчак ўта елкадорлиги боис эридан 23 ёш кичик экани деярли кўзга ташланмасди...
Кейинги тантаналар Елисей майдонида давом этди. Бу деярли ҳарбий намойишнинг ўзи: сафларнинг аввалида князь Понятовский етакчилигидаги поляк аскарлари, улардан сўнг Миср мамлуклари – баданларини офтоб тоблаган, бошларида салла, қўлларида кумушдай ханжар, эгарларга қоплон териси тўшалган – гўё “Минг бир кеча”даги кўҳна Шарқ бугун Парижга кўчиб келган. Улар ортидан драгунлар, 36 та очиқ каретада қоматини ғоз тутган фахрий гвардия, маршаллар, генераллар – империянинг шавкати ўтиб бормоқда. Буларни аҳли Париж яхши танийди: Дюрок, Мессена, Лефевр, Бернадот, Мюрат – зулукдай қоп-қора арғумоқ устидаги маршал шаънига олқишлар янграйди. Собиқ маликайи олия Жозефинанинг ўғли генерал Евгений Богарне ҳам шу ерда, у Наполеоннинг асрандиси ва арзандаси, гвардия бугун унинг қўмондонлигида майдонга тушган. Ёзадиларки, Жозефинанинг қизи Гортензия ҳам (Луи Бонапартнинг хотини) ўша куни Елисей майдонида бўлган экан...
Ўн саккиз яшар маликага уйланган Наполеон аввалига бир яшнаб олди. Лекин Мария-Луиза унга ҳеч исигани йўқ. Ўғил туғиб берса-да, ҳамхоб бўлса-да...
(Давоми бор.)

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев