БОБУР ВА НАПОЛЕОН
(Тарихий-қиёсий эссе)
19. АВЛОДЛАР ДОВОНИ
Биродаркушлик ва ота-бола урушлари. Бобурийларнинг фожиона тақдири.
Жувонмарг Наполеонзода билан ўйноқи раққоса. Дантес – Пушкиннинг қотили эса-да, Наполеон Учинчининг дўстидир. Қамалдаги Парижда ит-мушук ҳам қолгани йўқ. Бизга замондош шаҳзода ва маликалар.
Бобур “Вақоеъ”да Алишер Навоийни эслаб, қаламидан бол томаркан, ул зоти шарифнинг оилавий аҳволини шундай тилга олади:
Ўғул ва қиз ва аҳлу аёл йўқ, оламни тавре фард ва жарийда (танҳоликда) ўткарди.
Бугинамас, башариятни ул беназир аллома билан сийлаган, туркий тилнинг буюк пешвосига оқ сут берган ҳиротлик онахонимизнинг исмидан ҳамон бехабармиз. Ҳазратнинг таржимаи ҳолида Давлатбахтдан ўзга аёлнинг номини учратиш амри маҳол. (Аслида Хадичабегим жўнатган ва Навоий хонадонида тунаб қолган ўша канизнинг ҳам шоир шахсига ҳеч-ҳеч тааллуқи йўқ эди.)
“Бобурнома”нинг муаллифи эса Соҳибқирон бобоси ва барча Темурий ҳукмдорлар каби замона подшоҳи бўлиб, соҳиби ҳарам эди, албатта. Шоҳ ва шоирнинг шон-шавкатини оламга таратган, сулолани бардавом қилган Бобурзодалар ана шу гўшада дунёга келишган. Бобур Ҳиротдан қайтиб, Кобулдаги фитнани бостирган кунлар ҳақида ёзаркан, Гулбадан Бегим шундай давом этади:
Ўшанда йигирма уч ёшда бўлиб, фарзандсиз эдилар. Фарзанд кўришни жуда орзу этардилар. Худойи таоло Кобулнинг олинишини муборак қилиб, ўн саккиз ўғил-қизни ато этди.
Ойшасултон Бегимни аввалроқ айтдик, Зайнабсултон Бегим, Моҳим Бегим, Маъсумасултон Бегим, Гулруҳ Бегим, Дилдор Бегим, Афғоний Оғача ёхуд Биби Муборика, яна неча канизагу чўри қизлар – бари Бобурнинг хасмида эдилар. Биби Муборика бефарзанд бўлса-да, ҳарамда энг ўктам маликалардан саналарди. Худди шу аёл кейинчалик (1540) Бобурнинг хокини Аградан Кобулга кўчирган. Бобуршоҳ оламдан ўтганида таъкидланган ўн саккиз фарзанддан саккизи ҳаёт эди: 1532 йили вафот этган Моҳим Бегимдан – Ҳумоюн Мирзо (1508–1556); Гулруҳ Бегимдан – Комрон Мирзо (1509–1557) ва Аскарий Мирзо (1512–1558); Маъсумасултон Бегимдан – Гулранг Бегим, Гулчеҳра Бегим, Ҳиндол Мирзо (1518–1551) ва Гулбадан Бегим (1522–1603). Номлари тилга олинган шаҳзодаю маликалар кўҳна тарихнинг безаги эдиларки, уларнинг иштироки бўлмаса, 16–19-асрларнинг қиёфаси ғариб кўриниши турган гап.
* * *
Ҳумоюннинг салтанати Бобурнинг васияти билан бошланади. Бу ҳақда Гулбадан Бегим айтади:
Эртасига барча амирларни чорлаб буюрдилар: «Неча йиллардан бери подшоҳлигимни Ҳумоюнга бериб, ўзим Зарафшон боғининг бир чеккасида узлатга чекинсам деб кўнглимга тугиб юрардим. Лекин шу иш таним соғлигида муяссар бўлмади. Ҳаммангиз Ҳумоюнни менинг ўрнимда кўринглар ва унинг давлатини қўллаб-қувватлашда ҳимматингизни кам қилманг, у билан ҳамжиҳат ва ҳамнафас бўлинг. Ҳақ субҳонаҳу таолодан умид қиламанки, Ҳумоюн ҳам раъиятга адолатда бўлади. Энди, Ҳумоюн, укаларингни, барча қариндош-уруғ ва халқни сенга, сени эса Худога топширдим...»
Шу ойнинг тўққизида, жума куни (1530 йил 30 декабрь) Ҳумоюн подшоҳ ҳазратлари тахтга ўтирдилар.
Ҳумоюн Мирзо падар амрига биноан иш тутди. Салтанатини кенгайтиришга саъй қиларкан, ўзи Бобурийлар давлатига қўшиб олган янги ҳудудларни васиятга риоя ўрнида яқинлари тасарруфига берди. Чунончи, Гужаротнинг маркази Аҳмадободга укаси Аскарийни, Патанга амакиваччаси Ёдгор Носир Мирзони (Носир Мирзонинг ўғли), Баҳрайижга Қосим Ҳусайн Султонни (Ҳусайн Бойқаронинг набираси) ҳоким қилиб тайинлади. Орадан кўп ўтмай Ҳумоюн Мирзо Чанода ва Банорасни ҳам қўлга киритди, унинг давлати бундан кейин ҳам ривож топавериши, зафарли юришлари жанговар ғалабалар билан безанавериши ҳеч гап эмасди.
Бироқ Ҳумоюншоҳ бошини силаганлар бўйсунмаслик ҳаракатига тушиб қолдилар. Аскарий Мирзо билан Ёдгор Носир Мирзо икков Аграни кўзласа, Ҳиндол Мирзо Деҳлини қамалга олди. Бу хабарлардан ичи қизиган Комрон Мирзода ҳам подшоҳлик даъвоси пайдо бўлди ва қуролланган ўн икки минг суворий билан Деҳли фатҳига отланди...
Шаҳзодалар орасидаги ана шу ноаҳиллик ва жиққамуштдан ютган киши фақат Шерхон Сур бўлди. Унинг икки тўқнашувдаги устма-уст (1539, 1540) ғалабасидан кейин Ҳиндистон Бобурийлар қўлидан чиқиб кетди. Ана ундан сўнг Ҳумоюн подшоҳнинг саргардонлиги бошланиб, 1555 йилдагина тахтни қайтадан эгаллай олди. Бу орада Бобурзодалар бошига не-не яхши-ёмон кунлар тушди. Комрон Мирзонинг кўзларига мил тортилди, Аскарий Мирзо икков ҳаж зиёратига жўнатилиб, Арабистонда қолиб кетишди. Панада пайт пойлаган қотил Ҳиндол Мирзони шаҳид этди. Хуллас, фитна-фасод ва тож-тахт талашувларидан Бобурзодалар қаттиқ шикаст топдилар...
Ваниҳоят, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга вафо қилмаган тож-тахт Носириддин Муҳаммад Ҳумоюн подшоҳга ҳам вафо қилгани йўқ. Падари фожиона ҳалок бўлганда (1556) валиаҳд Акбар Мирзо (Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳ) 14 яшар эди. У бобоси ва отасидан кўра хийла узоқ умр кўриб, пайғамбар ёшида (1605) вафот этди ва ярим аср Ҳиндистон ҳукмдори бўлиб, Бобурийлар шарафини осмонларга кўтарди.
Акбаршоҳнинг буюклиги шундаки, у Панипатни иккинчи бор Бобурийлар зафарномасига киритди: ўттиз йил бурун бобоси ғалаба қозонган тарихий жанггоҳда асосий ғаними Хемунинг катта қўшинини енгди. Таъкидлаймизки, ўшанда у 15 ёшга ҳам тўлган эмасди. Шундан аёнки, Акбар ҳукмронликни шаҳд ва шиддат билан бошлаб, 18 ёшидаёқ бекатка Байрамхон измидаги давлат тизгинини ўз қўлига олди. У дарҳол англадики, Ҳиндистон шароитида тож-тахт барқарорлиги учун фақат мусулмонларга эмас, ҳиндларга ҳам таяниш зарур. Бу хулоса Акбаршоҳ умрбод амал қилган диний бағрикенгликнинг пойдевори эди. Ҳинд халқига ва эътиқодига ҳурмат маҳаллий аҳолининг подшоҳга ва умуман, Бобурийларга ишончини орттирарди, албатта. Лекин бу мураккаб муаммо бўлиб, ҳар икки дин вакиллари орасида ҳам янгича сиёсатнинг кучли мухолифлари йўқ эмас. Чунончи, Ман Сингх қўмондонлигидаги ражпут суворийлари Акбаршоҳ армиясига қўшилгач, мутаассиб ражпутлар норози бўлишди: “Акбар саройидаги хизмат ўз динидан қайтишга баробардир”. Ёки ҳиндларга ибодат эркинлиги бериш, жузъя солиғини бекор қилиш ислом уламоларига асло ёқмасди.
Бугинамас, ўғлидаги эътиқод масаласи ҳатто онасини ҳам ҳар хил ўйларга олиб борган: дини илоҳий, европалик католиклар, шоҳ саройида турли-туман ғайридинларнинг ош-қатиқ бўлавериши – булар бари Ҳамидабону Бегимни хавотирга соларди, албатта.
Лекин у бари бир буюк Акбар эди: бобосидан қолган ғарбий ҳудудлар ва Ҳиндистоннинг ярмидан кўпи энди унинг қўлида. Кашмир батамом бўйсундирилди, Акбаршоҳ Кашмирни жуда севарди. Бошқарув тизими мукаммал (Бобурийлар саройида бўлган европалик миссионерлар ҳам ҳавас қилишарди), ҳинд ҳаётининг ҳамма жабҳаларида ислоҳотлар йўлга қўйилган. Акбаршоҳ даврида кемасозлик юксак даражага кўтарилди, Сурат бандаргоҳида қурилган кемаларни португалиялик корчалонлар бажонудил сотиб олишарди. У Фатҳпур Секридай улуғвор шаҳарни бунёд этди: ҳамиша янгиликка интилган подшоҳ Акбар бу ерда ҳамма нарсани ҳисобга олганди, фақат сув таъминоти унутилган. Ҳозир уни шарпалар шаҳри десалар-да, Бобурзодалар бунёдкорлигининг ҳайкалидай жаҳон сайёҳларини имлаб турибди. Аслида Акбар қурган меъморий обидаларнинг саноғи йўқ, ижод, тасвирий санъат (хусусан, миниатюра) гуллаб-яшнади, подшоҳнинг кутубхонасида 24 минг китоб бор эди. Жалолиддин Акбаршоҳ даврида яратилган асарлар ҳам анчагина. Чунончи, “Акбарнома”, “Ойини Акбарий”, “Иншойи Абул Фазл”, “Руқъати Абул Фазл”... Бу қимматли китоблар муаллифи салоҳиятли саркарда, беназир муаррих ва энг муҳими подшоҳнинг яқин дўсти, ишончли ва доно мушовури Абул Фазл эди. Таассуфки, олимнинг ўлими фожиона: валиаҳд шаҳзода Салимнинг (бўлғуси Жаҳонгиршоҳ) амри билан қатл этилган...
Бобуршоҳнинг йирик тилшунос экани аён, Акбаршоҳнинг тилшунослик илми олдидаги хизмати ҳам кичкинамас. Бу машъум бир тажриба билан боғлиқ. Рус адиби Владимир Мезенцевнинг ёзишича, Акбар кунлардан бир куни дарборидаги донишмандларга савол беради:
Башарти, чақалоқ таваллуд топган куниёқ одамлардан мутлақо ажратиб, бирор сўз эшитишига асло имкон қолдирилмаса, у улғайгач, қайси тилда гапиради?
Олампаноҳ, – дейишади алломалар, – ҳеч ким ўргатмасинки, бари бир, ҳар қандай инсон отаси ва онасининг тилида сўзлайверади. Ҳиндистонлик – ҳинд тилида, непаллик – непал тилида, эронлик – форсча гапиради-да.
Унақа бўлмаса керак, – дейди ишонмаган подшоҳ ва махсус фармони билан бир неча гўдакни унинг назорати остида парваришлай бошлашади. Болалар учун алоҳида жой ҳозирланиб, белгиланган мураббийларнинг тили кесиб олинади. (Хоналарнинг калити Акбаршоҳнинг киссасида.)
Шу зайлда орадан етти йил ўтади, айни муддат мобайнида болалар ҳалиги мураббийлардан ўзга кишини кўрмаган ва битта ҳам сўз эшитган эмас. Тақиқланган эшиклар очилади: етти яшар норасидалар ҳамон тилга кирмабди, имо-ишорани, маъносиз вағир-вуғурни билади, холос. Бу даҳшатли тажриба ривоят ё ҳақиқат эканидан қатъий назар, “тил – ижтимоий ҳодиса” ақидасининг амалий исботи эди...
Акбаршоҳ замони даъвогар шаҳзодалар зиддиятидан холи эмасди. Ҳинд қизи Жодҳа Байдан туғилган валиаҳд Салим Мирзо, ундан ташқари яна икки ўғил – Мурод ва Дониёл. Кейинги иккаласи ноқобил чиқди, улардан Акбарнинг ҳафсаласи пир бўлган, бироқ Салимдан ҳам умид қилиш қийин. (Салим Мирзо бола эканлигида Акбаршоҳ уни “Шайх Бобо” деб эркаларди.) Энди тахт набирага қоладими? Ана шу қалтис савол оромини олган валиаҳд Салим Мирзо падарига қарши бош кўтарди...
Акбаршоҳ 1605 йили қазо қилди, шаҳзода Салим Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ номи билан тахтга чиқди. У диний сиёсатда падари каби бағрикенг эмасди. Бу ҳиндлару мусулмонларнинг маълум қисмида норозилик уйғотди, боз устига подшоҳнинг валиаҳди Хисрав Мирзо Панжобда қўзғолон бошлади. Ота-ўғил муҳорабаси исёнкор шаҳзоданинг мағлубияти билан якунланди ва Хисравнинг кўзларига мил тортилди.
Жаҳонгир зарби зўр подшоҳ эди, 1614 йили Меварни қўшиб олди, бир йилдан кейин Кангра, сўнгроқ Киштвар ҳам қўлга кирди. Европаликлар Ҳиндистондан тобора мўмай бойликларни исташарди. Ички низолар ёнига улар билан тўқнашувлар ҳам қўшилди. Айниқса, португалияликлар тажовузидан Жаҳонгиршоҳ флоти кўп шикаст еди ва подшоҳ инглизлар билан иноқлашув йўлини тутди. Англия қироли Яков Биринчининг элчиси Томас Ро уч йил (1615–1618) Жаҳонгир саройида турди.
Бенгалия ҳам нотинч: бу ҳудуд Акбар замонида эгалланган бўлса-да, Мусохон ва Усмонхон раҳнамолигидаги қуролли қўзғолонларни (1608, 1612) бостириш хийла қийин кечди. Юсуфзайлар, сикхлар ҳам тек туришмасди. Бари бир таъкидлаш зарурки, Жаҳонгир даврида Бобурийлар ҳудуди кенгайди, торайгани йўқ, унинг қўшини 1621 йили Аҳмаднагарни забт этди, Декан ҳудудидаги учала давлат ҳам йирик миқдорда хирож тўлашни ўз гарданига олди.
Бобурийлар давлатида Гужаротнинг иқтисодий салоҳияти ва тараққиёти энг юксак даражада эди. Шундай йирик тужжорлар бўлардики, ҳар ишга қодир ва моҳир: чунончи, Виржа Бохрани Жаҳонгиршоҳ замонида дунёдаги энг бадавлат одам ҳисоблашган. Аҳмадобод, Агра, Бурҳонпур, Голконда ва Деҳлида юзлаб гумашталар унинг сармояси билан иш юритардилар. Виржа Бохра Гужарот–Малабар савдоси тизгинини ўз қўлида тутиб, ажнабий молларнинг устама нарҳини шахсан ўзи белгиларди.
Бу пайтларда шаҳзода Хуррам Мирзо Гужарот ҳокими бўлиб, Декандаги ғалабалар суюнчисига Жаҳонгир томонидан Шоҳ Жаҳон номи берилганди. Ҳоким йигит Виржа Бохра каби бойлардан ундирилган солиқлар эвазига Гужаротда йирик хазина ва черик тўплади-да, отасига қарши исён кўтарди. У ўгай онаси Нуржаҳон Бегимнинг таъсири остида валиаҳдлик қўлидан кетишидан, Ҳиндистон тахти ё Шаҳриёр, ё Доварбахшга (Хисравнинг ўғли) қолишидан гумонсирарди. Икки қўзғолон ҳам Шоҳжаҳонга зафар келтиргани йўқ, ғолиб ота барибир ўғлини кечирди, аммо Гужарот ҳокимлигини тортиб олиб, Декандан кичик бир ҳудуд тасарруфини берди...
Сарой мусаввири Абул Ҳасан яратган Жаҳонгиршоҳ портрети бор: қай бир чизгилари биз билган Бобур сиймосини эслатади, фариштали ва шоҳона суратидан қудрат тўла сийрати ҳам намоён. У саройидан Жамна соҳилигача етадиган “Адолат занжири” боғлатди, 30 газ узунликдаги олтин занжирни эҳтиёжманд фуқаро тортса, 30 жуфт тилла қўнғироқ жарангларди ва унинг арзи Жаҳонгир подшоҳга етарди. Тамға, мир баҳри солиқлари, маҳкумларнинг қулоқ ва бурунларини кесиш жазолари Жаҳонгир замонида бекор қилинган.
Ҳиндистон тарихида янги-янги саҳифалар очиб, Бобурийлар солномасига ўз дастхатини битган Жаҳонгиршоҳ 1627 йилнинг октябрида оламдан ўтди ва 1628 йил бошида Шоҳжаҳон ота тахтига ўтирди. Тарихий адолат юзасидан айтиш зарурки, бунга қадар бир неча даъвогар, жумладан, Шаҳриёр ва Доварбахш ўз бошидан айрилди.
Бобурийлар дарбори Шоҳжаҳон замонигача бунчалар ҳашаматни ҳам, бунёдкорликни ҳам кўрган эмасди. Ҳиндистон подшоҳлари силсиласида армияси мукаммал ва кўп сонли Бобурзодалардан бири ҳам Шоҳжаҳон эди. Лекин унинг салтанат суриши енгил-елпи кўчгани йўқ: аввало, бобоси ва отасининг қиличи остида бўйин эгиб, эндиликда саркашлик йўлини тутаётган маҳаллий рожаларни бўйсундиришни уддалади. Чунончи, Декан қайта фатҳ этилгач, ҳокимликка ўғли Аврангзебни қўйди. Шунинг устига Португалия интервенцияси тағин хуружга келди. Айниқса, Бенгалияга мустаҳкам ўрнашиб олган португаллар Шоҳжаҳоннинг фуқароларига жабр-зулмни ҳаддан ошириб юборишганди. Масалан, ҳалигача ҳеч замонда кўрилмаган тамаки солиғини ўшалар жорий этишди, ҳинду мусулмонларни мажбуран чўқинтириш, масжид ва ибодатхоналарни таҳқирлаш, шаҳар-қишлоқларга талончилик уюштириш, қўлга олинганларни Европа қул бозорларида сотиш... Айтаверса адо бўлмайдиган бу бедодликларга мазлум халқ ҳам, Ҳиндистон подшоҳи ҳам ортиқ тоқат қилолмасди. Унинг қўшини Хугли шаҳрини португаллардан озод қилиб, тўрт минг душманни асир олди. Асирлар Аграга олиб келинди ва Шоҳжаҳон зўравонлик билан насронийликни тиқиштираётган португалияликлардан уларнинг ўз усули билан ўч олди:
Ё ҳамманг исломни қабул қиласан, ё ҳамманг қатл этиласан!..
Тарих асрлар бўйи шоҳидки, Бобур авлодлари фақат фотиҳ ва саркарда эмас, ислоҳотчи, яратувчи ва меъмор бўлиб ўтишди. Хусусан, Ҳиндистоннинг шимоли ва ҳозирги Покистонда улар тиклаган обидаларни санаб саноғига етиш мушкул. Масжидлар, мадрасалар, қалъалар, шаҳарлар, анҳорлар... Лоақал Қизил Қалъа – Лаъл Қалъа ва Тожмаҳал мақбарасини эслайлик: бу мўъжизавий иншоотлар ҳақида китоблар ёзилган, иккови Ҳиндистоннинг фахригина эмас, миллий рамзига айланиб кетган.
Воқеаларни илдамлатиб, 1947 йилга келамиз ва Ҳиндистон истиқлолининг илк кунига назар соламиз. Буюкбритания қироллик ҳукуматида Ҳиндистонни иккига бўлиш ва икковига доминион ҳуқуқини бериш ҳақидаги декларация (1947 йил 3 июнь) имзолангач ҳам, Лондонда баҳслар давом этаверди. Ваниҳоят, августнинг илк кунларида парламент мазкур ҳужжатни тасдиқлади ва у “Маунтбэттен режаси” номини олди. (Чунки, уни амалга ошириш Ҳиндистон вице-қироли Л. Маунтбэттен зиммасига юклатилганди.) Янги қонун 15 августдан кучга кирди ва Жавоҳарлаъл Неру худди ўша куни Лаъл Қалъада Ҳиндистон миллий байроғини кўтарди. Бу кошона Шоҳжаҳондан ёдгорлик эди ва Ҳиндистон мустақиллиги айнан Акбаршоҳ бошлаган ва уч ярим аср давом этган тарихий курашнинг адолатли хотимаси бўлганди...
Соҳибқирони Соний – Шоҳжаҳон қартайиб борарди, 64 ёшида (1656) унга оғир дард ёпишиб, анча вақт тўшакка михланиб қолди. Соппа-соғ падарига қарши қўшин тортишдан уялмайдиган шаҳзодаларга мўйсафид отанинг хасталиги айни муддао эдики, Темур авлодидаги касал (Ойбек таърифи) Соҳибқирони Соний саройида “қайтавуллади”. Қиссаси узун ва фожиона ўша биродаркушликнинг мухтасари шуки, Аврангзебнинг тож-тахти оға-инилари қонига беланди. Хуллас, Аврангзеб Оламгир 1658 йили Ҳиндистон тожини кийди ва Шоҳжаҳондай қиблагоҳини зиндонбанд этди...
Ярим аср ҳукмронлик қилган Аврангзеб шахси ўта мураккаб: уни кўкларга кўтармоқ учун истаганча фазилат топса бўлади, айни чоғда қусур ва иллатлари ҳам бор. Аврангзеб даврида Бобурийлар салтанати шу даражада кенгайдики, унгача ва ундан кейин ҳеч бир Ҳиндистон подшоҳи бунчалар йирик ҳудудни қаламравига олган эмас. Қандаҳордан ташқари афғон ерлари, ҳозирги Покистон ва Бангладеш, шимолда Кашмирдан то жанубий Ҳиндистондаги Пеннар ва Тунгабхарда дарёси ёқаларигача – ҳаммаси Аврангзеб Оламгир қўлида. Армиясидаги суворий аскарлар сони 170 мингдан ошиб кетганди. Табиийки, Аврангзеб бунга темир интизом, қаттиққўллик ва бақувват хазина билан эришди. Подшоҳ нимаики ният қилса, амалга оширарди: унинг ислоҳотлари ўзигагина хос бўлиб, ҳеч бир монеликни писанд этмасди. Акбаршоҳ қонунига биноан ер солиғи ҳосилнинг учдан бир улуши миқдорида бўлиб, Аврангзеб буни ҳосилнинг ярми даражасига кўтарди. У ниҳоятда тақводорлик билан йўлни тор оларди: шаробхўрликни, гиёҳвандликни, шиаларнинг мазҳабий айёмларини тақиқлаб қўйди. Подшоҳнинг амри билан ҳиндлар фил миниб юрмайдиган бўлишди, уларнинг ибодатхоналари бузилиб, ўрнига масжид-мадрасалар тикланарди. Ваниҳоят, 1679 йили Аврангзеб ҳиндларнинг жузъя солиғи тўлаши ҳақида фармон чиқарди. (Буни Акбар бекор қилган эди.) Деҳли, Гужарот, Бурҳонпурда, айниқса, маратхилар тарафда аксилҳокимият низолар бош кўтарди.
Ҳукуматнинг исёнкор ва талончиларга, даъвогар ва талабгорларга қарши кураши ўн йиллаб давом этди. Ҳали Маҳараштра ва Биржапур, ҳали Гужарот ва Карнатик, ҳали Голконда ва афғон юсуфзайлари устига қўшин тортган Аврангзеб Оламгирнинг соч-соқоли жанггоҳларда оқарди. Бунақанги юришларнинг аксарияти зафарли якун топса-да, ҳинд муаррихларидан бири ёзганидек, Аврангзебнинг ғалабалари тезкор кеманинг изига ўхшарди, кема ўтиши биланоқ безовта мавжлар яна асл жойига тушарди. Аммо ҳеч муболағасиз таъкидлаш зарурки, журъат ва жасоратда Аврангзебдай марди майдон ҳукмдорлар тарихда камёб. У ҳамиша ўт-олов ичида эди, ўзини панага олмаган ва душманнинг унча-мунчаси олдида қўл силтаб кетавермаган, доимо ғалабага интилган. У 1707 йили бир кам тўқсон ёшда бўлиб, ҳамон қилич қўлида, арғумоқ остида: навбатдаги ҳарбий юришни якунлаб, Бурҳонпурга қайтарди. (Аврангзеб пойтахтни бу шаҳарга 1681 йилда кўчирган.) Йўлда мўйсафид подшоҳнинг тоби қочди, бир амаллаб Аҳмаднагарга етказдилар, лекин кун-соати битган экан...
Агарда, Зебуннисо Бегимнинг (1639–1702) порлоқ сиймоси эсланмас экан, нафақат Аврангзеб Оламгирнинг, балки бутун Бобурийлар сулоласининг тарихи кемтик бўлиб қоларди. Шоиранинг онаси Дилрасбону бўлиб, Бобурнинг қизи Гулбадан Бегим унинг катта момосидир. Аврангзеб ундаги ноёб истеъдодни барвақт пайқагач, Мулло Муҳаммад Ашраф Исфахонийни мураббий қилиб тайинлаган. Шунингдек, у Ҳафиза Марям Бону ва Мулло Жавондан ҳам таълим олган. “Ўзбек шоиралари” асарида Тўхтасин Жалолов ёзади:
Зебуннисо Бегимнинг ҳаёт йўли романтик бир қиссадир. Ҳусну латофат ва фазлу малоҳатда беназир маликага муносиб умр йўлдоши насиб этмаган. (Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ягона қизи Зебуннисо тарбиясида камолга етган шоира эди.) Бегимдан сўрабдилар:
Оила қурсангиз бўлмасмикан?
Жавоб:
Менинг эрим ҳам, бахтим ҳам, ҳатто жаннатим ҳам китобдир!
Зебуннисонинг Оқилхон Розий деган йигитга муҳаббат қўйгани ҳақида ривоят бор, лекин ошиқни ёшлигидаёқ ўлдириб юборишган... Махфий тахаллусини Зебуннисога нисбат берсалар-да, мўътабар муаррихлар бу фикрни рад этадилар. Махфий деганлари аслида Бегимнинг хизматидаги мулозим-шоирнинг тахаллуси эди. Бобурий маликалардан Нуржаҳон Бегимнинг ҳам Махфий тахаллуси билан шеър ёзганлиги маълум, лекин у қайси подшоҳнинг хотини экани ҳақида мантиқсиз ихтилоф бор. Чунончи, “Тазкирайи Ҳусайний” ва “Машҳур аёллар”нинг муаллифлари Нуржаҳоннинг эри Жаҳонгир десалар, Ҳакимхон тўра (“Мунтахабут-таворих”) Шоҳжаҳон дейди.
Сарой хонимларидан Махфий тахаллусини олган яна бир шоира Салима Бегимдир. У Ҳумоюн подшоҳнинг набираси бўлиб, Гулруҳ Бегим исмли қизидан туғилган...
Хуллас, бир даврда икки шоира (Нуржаҳон Бегим ва Салима Бегим), уч шоир (Зебуннисо Бегимнинг мулозими, Тароштий ва Раштий) Махфий тахаллуси билан ижод қилишган. Лекин Зебуннисо бу тахаллусни олган эмаски, бинобарин, “Махфий” мақтаъли ғазалларни Зебуннисо Бегим девонларига киритилиши ғалат машҳурдир...
Малика Зебуннисонинг мунгли ва давомли қиссасини мухтасар қилиб, Бобурий подшоҳларнинг кейинги тарихига қайта қоламиз. Аврангзеб Оламгирдан сўнг сулоланинг зафарли юришлари аввалгидай давом этгани йўқ. Таассуфки, Бобурийлар саройида тож-тахт талашуви ниҳоятда авжига чиқди, ҳамжиҳатлик чекинди. Бобуршоҳ вафотидан сўнг 177 йил (1530–1707) давомида бешта подшоҳ ўтди: Ҳумоюн (1530–1556), Акбар (1556–1605), Жаҳонгир (1605–1627), Шоҳжаҳон (1627–1658), Аврангзеб (1658–1707). Улар жуда катта ҳудудни бирлаштириб, давлат бошқарувини мукаммал ҳолга келтиргандилар. Ана ундан кейинги бир ярим аср (1707–1858) ичида Бобурдан мерос табаррук тахтга соҳибу даъвогарларнинг сонини санашда янглишиб кетасиз. Ҳиндистонга неча кун, неча ой подшоҳлик қилганлар бўлди, эссизки, қанча Бобурзодаларнинг боши кесилди. Европаликлар тажовузи ҳам улуғ империяни емирувчи асосий омилга айланиб, инқирозни жадаллатди.
Бенгалия иқтисодий бақувват музофотлардан бири эди. Бобурий ҳукмдор Аҳмадшоҳ тайинлаган Бенгалиянинг навоби (ҳокими) Муршид Қулихоннинг кўнгли мустақил бўлишни тусаб қолди-да, Жагат Сетх исмли олғир банкирнинг мададига суяниб, армия ва хазинасини мустаҳкамлади. Банкир аслида Ост-Индия манфаатларига хизмат қилувчи гумашта, аниқроғи, хоин эди. Аҳмадшоҳнинг кўзига (1754) мил тортилиб, ўрнини ўғли Оламгир Иккинчи олгач, Бенгалияда жиққамушт бошланди ва Сирожуд-Давла навоблик тахтига эришди. Унинг рақибларидан бири Калькуттага қочиб, инглизлардан паноҳ топганди, янги ҳоким талаб қилди, аммо инглизлар сотқинни унга қайтаришгани йўқ. Натижада Сирожуд-Давла уруш очиб, Калькуттани босиб олди. Адмирал Уотсон ва капитан Клайв бошчилигида Мадрасдан денгиз орқали борган ҳарбий мадад Плессида навоб устидан ғалаба қозонди. Бунда банкир Жагат Сетх билан Сирожнинг бош қўмондони Мир Жаъфарнинг хиёнати етакчи восита эди. Ваҳоланки, бенгалияликлар армияси 50 минг пиёда ва 18 минг суворий, Клайвнинг қўшини эса 3 мингдан ошмасди, европалик солдатлар 800 киши холос. Плессидаги ўша ғалабага эришилган кун – 1757 йил 23 июнь Англия тарихидан Ҳиндистон фатҳ этилган сана бўлиб ўрин олди.
Инглиз муаллифлари бу ҳужумни Ост-Индия компаниясига қарши исён деб баҳолашади. Дарҳақиқат, Сирожуд-Давла Калькуттани забт этгач, 146 англияликни Уильям фортидаги ҳарбий турмага қамайди. Авахтахонадаги ўта бўғиқ ҳаво туфайли тутқунлардан 123 нафари бир кечадаёқ ҳалок бўлади. Ана шундан сўнг Лондонда бу турма қора зиндон номини олади.
Инглизлар Жаъфарни сотқинлиги учун навоб қилиб қўйишди, лекин тезда унинг думини тугиб, ўрнига куёви Мир Қосимни (1760) ўтирғиздилар. Бунинг учун у Бенгалия губернатори Г. Ванситтартга 200 минг фунт-стерлинг “ҳадя” берганди. Бироқ сотиб олинган амалнинг соҳиби валинеъматларига ҳам вафо қилгани йўқ. У инглизларга қарши қўзғолон кўтариб, дастлаб Патнани забт этди. Лекин ҳар хил қаланғи-қасанғилардан (асосан европалик қочоқлар ва муттаҳамлардан) иборат армияси кейинроқ иш бермади ва енгилди. Ана шунда Мир Қосим Шоҳолам Иккинчига (Жалолиддин Абулмузаффар Алигавҳар) ва Ауднинг навобига ёлворди. Шоҳолам бошлиқ бирлашган қўшин Патнага (1763) кирди, инглиз армияси оғир аҳволда қолганди. Таассуфки, Буксордаги ҳал қилувчи жангда Роберт Клайв ғолиб чиқди. Мир Қосим Деҳлига қочиб қутулди, Шоҳолам Иккинчи асир тушди. Клайв уни озод қиларкан, Ост-Индия компаниясига молиявий ҳуқуқлар берувчи фармонга мажбуран имзо қўйдирди ва Ҳиндистон подшоҳига минбаъд сиёсий-ҳарбий ишларига аралашмаслик шарти билан нафақа тайинлади. Шунингдек, Клайв Кора ва Аллоҳобод музофотларини ҳам Шоҳолам тасарруфига берганди.
Ост-Индия компанияси Бобурийлар империясининг, умуман, Ҳиндистон мустақиллигининг кушандаси бўлганди десак, тўппа-тўғри чиқади. Компания аввалбошда савдо ташкилоти мақомидаги хусусий муассаса бўлиб, бора-бора ҳарбий-сиёсий ва маъмурий аппаратга айланди-да, Ҳиндистондаги монополистик фаолияти икки ярим асрдан ортиқ (1600–1858) давом этди. Англия парламенти қабул қилган қатор меъёрий ҳужжатларда (1773, 1784, 1813, 1833, 1853) Ост-Индиянинг ваколатлари белгилаб берилган. Компания 1858 йили тугатилиб, пайчиларга (3 миллион фунт-стерлинг) улуш тўланди. Энди Ҳиндистонни бошқариш Лондондаги алоҳида вазирнинг ва Калькуттадаги (кейинчалик Деҳлидаги) вице-қиролининг ваколатига ўтди...
1773 йилдаги низомга биноан Англия парламенти генерал-губернаторни ва унинг тўрт маслаҳатчисини тайинлайдиган бўлди. Уоррен Хейстингс (1732–1818) Ҳиндистоннинг биринчи генерал-губернатори эди. У 1750 йилдан буён Ост-Индия хизматида бўлиб, 11 йил Калькутта ва Мадрасда колониал кенгаш аъзолигига, 1772 йили Бенгалия губернаторлигига тайинланди ва сўнгроқ мамлакат генерал-губернатори сифатида 11 йил ишлади. Хейстингс Ҳиндистондаги узоқ фаолияти давомида икки марта судланди ва ҳар иккисида ҳам сувдан қуруқ чиқди. Бенгалияда губернаторлик пайтида кенгашнинг тўрт аъзосидан уч киши (лорд Клевринг, полковник Г. Монсон, Ф. Фрэнсис) унга қарши чиқишди, Калькуттанинг талай аҳолиси порахўрлигидан шикоят қилишди. “Адолат” шу бўлдики, бош судья Импей мактабдош дўстини оқлади. Сўнгра айбланувчи даъвогар бўлиб, шикоятчиларнинг раҳнамоси бадавлат браҳман Нант Кумарнинг олти йил бурунги “жиноий иши” қўзғолди. Губернатор Хейстингс ҳақ чиқди: браҳман Нант Кумар суд ҳукми билан Калькуттанинг бош майдонида дорга тортилди. Тез орада Монсон ва Клевринг ҳам ўлди-да, Уоррен Хейстингс Бенгалиянинг ягона хожаси бўлиб қолди ва ҳатто кўтарилиб кетди.
Кейинги суд Лондонда бўлиб, яна порахўрлик, шунингдек, қонун бузиш ва шафқатсизлик масалалари кўтарилди. Хейстингснинг жиноятларини яхши билган Ф. Фрэнсис ҳужжатларни жуда пухта тайёрлаганди. Судлов лордлар палатасида ниҳоятда жиддият билан бошланиб, Англиянинг энг сўзамол нотиқлари Э. Берк, Р. Шеридан ва бошқалар айблов нутқи билан чиқдилар, жиноятлар, далиллар аниқ, гувоҳлар етарли. Суд Хейстингс ишини 8 йил (!) атрофлича муҳокама қилди (ёки чўзди) ва... истеъфодаги генерал-губернаторни 1795 йили мутлақо айбсиз деб топди. Тарихчилар таъкидлайдиларки, башарти, 35 йил Ҳиндистонда “тер тўккан” арбоб жиноий жавобгарликка тортилса борми, унақа ҳукм Англиянинг бу юртдаги мустамлакачилик сиёсатини қоралашнинг ўзгинаси бўлур эди.
Айни ўринда биз бу шахснинг номайи аъмолига шунинг учун тўхталдикки, Бобурийлар сулоласининг инқирозига “ҳисса қўшган”лардан бири айнан Хейстингс бўлган. Алалхусус, Аҳмадшоҳ, Оламгир Иккинчи ва Шоҳолам Иккинчи ундан жабр кўришди. Чунончи, Хейстингс (Бенгалия губернатори бўлган чоғи) Шоҳоламнинг нафақасини батамом тўхтатди, устига-устак Ҳиндистон подшоҳи измидаги Кора билан Аллоҳободни Аут рожасига 50 лакка (беш миллион рупия) сотиб юборди. Орадан ўттиз йил ўтиб, инглиз колониал маъмурияти янгилангачгина, Шоҳолам уларнинг эсига тушиб қолди: пенсиясини тиклаб, гўё Деҳли тахтини ҳам қайтариб бердилар. Бироқ кўзларига Амирхон Рохилл мил торттирган сўқир ва кекса подшоҳнинг ҳукми Қизил Қалъадан ташқарида ўтмасди. Кейинроқ, Акбар Иккинчи (Абунаср Муиниддин Акбари Соний, 1806–1837) даврида Деҳли ҳам батамом англиялик генерал-губернатор ихтиёрига ўтиб кетди. Сўнгги Бобурий подшоҳ Баҳодиршоҳ Иккинчи қўлида фақат ўша Лаъл Қалъа қолганди, холос. (Бу ҳақда бобнинг ниҳоясида тўхталамиз.)
Алқисса, Бобур подшоҳ бунёд этган империя хомталаш қилинаверди: маҳаллий рожаларга, Эрон подшоҳи ва афғон қабилаларига, инглиз ва французларга, португал ва голландларга – ҳаммасига Ҳиндистондан мойли ўлжа керак. (Боз устига Англия ва Франция бу жафокаш мамлакатни талашиб, фақат халқни қийнардилар.) Уларга қарши майдондорлик қила олувчи Акбаршоҳдай, Аврангзеб Оламгирдай подшоҳлар қани?..
Дарвоқе, Аврангзебнинг эвараси Фаррух Сияр 1717 йилиёқ қирққа яқин шаҳар-қишлоқни Ост-Индияга хатлаб берган. Махсус фармон имзолаб, инглиз товарларини божхона чиқимидан озод қилдики, ўз хазинаси нақд 3 миллион рупия йиллик даромаддан маҳрум бўлди. Аврангзебнинг учинчи ўғли Азимушшаън эса Хугли дарёсининг чап соҳилидан Ост-Индияга ер ажратиб, бепул бериб юборган. Инглизлар бу жойга Уильям фортини қургандилар...
Тўғри Аврангзеб Оламгирнинг валиаҳди Баҳодиршоҳ Биринчи (асл исми Муаззам) аввалроқ бир бор ғалаба қозонди ҳам. У 1711 йили рожа Банданинг 70 минг кишилик қўшинини енгган ва сикҳлар пойтахти Сирҳиндни эгаллаб, ғанимларини Ҳимолай этакларига улоқтириб ташлаганди. Афсуски, бундай зафарлар энди ниҳоятда тансиқ бўлиб, Бобурийлар ташқи душманга қарши кураш ва салтанат яхлитлигини ҳимоялаш ўрнига биродаркушликка машғул бўлдилар. Баҳодиршоҳ қазо қилгач, ҳамма ўғиллари тахт талабгори бўлиб, Жаҳондоршоҳ зўр чиқди ва бир йилгина подшоҳлик қилиб, жияни Фаррух Сияр томонидан ўлдирилди. 1719 йилнинг ўзида Баҳодиршоҳнинг бир эмас, яна икки набираси (Рафиъуд-Давла ва Рафиъуд-Даража) вақтинча тож кийди, ўша йили Ҳиндистон подшоҳи бўлган Муҳаммадшоҳ тўртинчи набира эди...
Боз устига маратҳилар тобора кучайиб, Ҳиндистонни батамом эгаллаш қутқусида. Муҳаммадшоҳ эса буюк бобокалони Бобур Мирзо зафар қозонган Панипатда Нодиршоҳдан (1739) мағлуб бўлди. Қандаҳорни пойтахт қилган Аҳмадшоҳ Дурроний эса чорак аср мобайнида Ҳиндистонга беш марта лашкар тортди: 1748, 1750, 1752, 1756, 1758. Таассуфки, уларга Бобурийлар эмас, сикҳилар қўшини мардона курашарди...
Бобурийлар давлатини талашаётган икки мамлакат – Англия ва Франция зиддияти узоқ давом этди. Ярим оролнинг соҳилбўйи ҳудудларидан анчагинаси французлар қўлида эди. Инглизларнинг ғалабасидан сўнг (1759) Франция ихтиёрида бешта шаҳар қолди. Аммо Париж ўлжасидан осонгина кечиб қўя қолмасди, Англиянинг Майсурдаги экспансияси чоғи французлар тинч туришгани йўқ: аввал Ҳайдар Алига, у ҳалок бўлгач, ўғли Типу Султонга иттифоқчилик қилдилар. Канада устидаги можаро барҳам топиб, Англия–Франция сулҳ тузгач (1783), французлар Ҳиндистондан умид узгандай эдилар. Лекин Наполеон ҳокимият тепасига келгач, эски даъво яна оёқланди. Бу қарама-қаршилик ҳатто французлар императори Аё Елена оролига сургун қилингач ҳам давом этаверди. Панжоб унда Англия томонидан бўйсундирилмаган бўлиб, маҳарожа Ранжит Сингҳ катта кучга айланиб, армиясини европача андозада тузишга киришди. Бунда Наполеоннинг собиқ зобитлари Панжоб ҳукмдорига яқиндан ёрдам беришарди...
Бобурийлар салтанатида исёну қўзғолонлар тўхтамасди: айниқса, ражпутлар, маратхилар, сикҳилар, шимолий-ғарбдаги бир қатор афғон қабилалари қайта-қайта бош кўтаришарди. Нарнол шаҳридаги бўйсунмас жатлар ҳатто Аврангзебни тахтдан ағдаришмоқчи (1672) эди. Подшоҳ ўзи ўн минг кишига бош бўлиб, шаҳарга кириб борди ва исённи аёвсиз бостирди. Лекин жатлар 1685, 1704 йиллари Чаураман раҳнамолигида яна қўзғолон кўтардилар. Таъкидлаймизки, бу ҳаракатларнинг аксарияти тож-тахт учун кураш эди.
Аммо Ҳиндистон янги тарихий босқичга қадам қўйиб, европаликларнинг бу ярим оролга тажовузи кучая бошлагач, халқ ҳаракатлари мустақиллик учун кураш тусини олаверди. Чунки, марказлашган Ҳиндистонга асос солган Бобурийларнинг давлат бошқаруви халқчил бўлиб, давр синовидан ўтган. Энг муҳим жиҳати шуки, мамлакат бойликларини Бобур авлодлари ҳеч қаёққа ташиб-ташмаламасдилар. Акбар замониданоқ ҳинду мусулмон диний жиҳатдан тенг тутиларди. (Аврангзебгина бундан мустасно.) Қолаверса, Ҳиндистон подшоҳлари табиий офат бўлса ёки нарҳ-наво кескин тушиб кетса, солиқларни камайтиришар ё заминдорларга давлат хазинасидан моддий кўмак беришар эди.
Англиялик мустамлака маъмурларининг сиёсати мутлақо бўлакча: қатъий миқдордаги тўлов албатта ундирилади, ҳеч қачон, ҳеч кимга имтиёз йўқ. Алалхусус, деҳқонни иқтисодий асоратга солувчи райятвари ва мавзавар усуллари ҳатто йирик феодалларга ҳам малол келарди. Негаки, бу асрлар давомида Бобурийлар такомиллаштирган ер-сув эгалиги тизимига зид эди.
Саноат ва ҳунармандчиликдаги иқтисодий шартлар ҳам оғир. Биттагина мисол: илгари Ҳиндистон газмолларини оладиган инглиз тужжорлари кейинроқ фақат ипга харидор бўлиб қолдилар. Натижада ҳинд тўқимачилиги, алалхусус, Банорас (Варанаси) ҳарир матолари касодга учради. Инглизлар Калькутта кемасозлигига ҳам халақит қила бошладилар... Мухтасар айтганда, асоратга солинган Ҳиндистон халқи чекаётган азоб-уқубатнинг адоғи йўқ эди.
Натижада жабр-зулм жонидан ўтган эл уйғона бошлади. Хусусан, 18-асрнинг иккинчи ярмидан то 1947 йилгача, қарийб икки аср давомида озодлик учун жанглар тўхтагани йўқ. Аввалига тартибсиз ва режасиз бошланган бу кураш ўн йиллар давомида уюшган ҳаракат тусини олаверди...
Колониал ҳокимиятнинг халққа қарши курашида асосий куч сипоҳийлар армияси эди. Бу инглиз-ҳинд қўшинининг миқдори 1830 йили 223,5 минг кишига етди. Дастлаб шахсий таркиб 1:6 нисбатида, яъни бир англиялик ва олти ҳиндистонлик тартибида тузиларди...
(Давоми бор.)

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев