БОБУР ВА НАПОЛЕОН
(Тарихий-қиёсий эссе)
19. АВЛОДЛАР ДОВОНИ
Биродаркушлик ва ота-бола урушлари. Бобурийларнинг фожиона тақдири.
Жувонмарг Наполеонзода билан ўйноқи раққоса. Дантес – Пушкиннинг қотили эса-да, Наполеон Учинчининг дўстидир. Қамалдаги Парижда ит-мушук ҳам қолгани йўқ. Бизга замондош шаҳзода ва маликалар.
(Давоми.)
Буюкбританиянинг Ҳиндистондаги қуролли кучлари халқ қўзғолони арафасида 270 мингдан ошди: қирқ минги англиялик, 230 мингдан зиёдроғи сипоҳийлар. Улар уч округга бўлиниб (Бенгалия, Бомбей, Мадрас), ҳарбий-стратегик, жанговар-техник жиҳатдан Бенгалия армияси мустамлака раҳбариятининг бош таянчи эди, у сони бўйича ҳам (128 минг) устун турарди. Маҳаллий аскарларнинг ойлик маоши 7000 рупий бўлиб, у турмуш кечиришга бемалол етса-да, сипоҳийлар сафидаги оз сонли ҳинд ва мусулмон зобитларининг энг “юксак” унвони фақат субадор (капитан), погонига бундан ортиқ нишон берилмайди.
Ана шунда Ҳиндистон халқ қўзғолони (инглиз муаллифлари сипоҳийлар исёни деб ёзишади) бошланди. Унинг маркази Панжоб ва Бенгалия орасида бўлиб, дарҳақиқат, қўзғолоннинг қуролли ўзагини ҳиндистонлик аскарлар ташкил этарди.
Мирут (Мератҳ) шаҳридаги ҳарбий база англияликлар учун ўта стратегик аҳамиятли ҳисобланиб, халқ қўзғолонига айнан шу ерда “гугурт чақилди”. 1857 йил 10 май куни Бенгалия пиёда сипоҳийлари таркибидаги 11-, 20-полклар ва 3-енгил суворийлар полки бош кўтарди. Исёнчилар британиялик зобитлар қаршилигига парво қилмадилар, аксинча, уларга қарата ўт очдилар. Европаликлар амридан бўйин товлаганлар даставвал ҳеч қанча эмасди: 85 киши холос. Қўмондонлик ўз вақтида эҳтиёт чорасини кўрмагани ва муроса йўлини тутмагани туфайли норозилик қуролли можарога айланиб кетганди. Илк ўқ отилиши биланоқ сипоҳийлар қамоқхонага ҳужум қилдилар ва мингга яқин бегуноҳ маҳбусни озод этишди.
Қўзғолон учун миллий-сиёсий вазият етилган бўлса-да, бир баҳона топилмай турганди. Инглизлар ўзлари ўша баҳонани топиб беришди. Лондондан замонавий “Энфилда” милтиқлари келтирилган бўлиб, унинг қувури ва ўқининг қоғоз қобиғи ҳайвон ёғи билан мойланарди. Муаммо бунинг учун қўлланадиган чўчқа ва мол ёғидан чиқади. Энг қалтис жойи шундаки, милтиқни ўқлашда қўрғошиннинг мойга бўккан қобиғини тишлаб очиларди. Сипоҳийлар сафидаги мусулмонларга – чўчқа ҳаром, ҳиндлар учун – сигир муқаддас. Маҳаллий аскарларнинг вакиллари буни тушунтирмоқчи бўлсалар, европалик командирлар ҳарбий интизомни ва буйруқнинг мажбурийлигини маҳкам тутиб, сира ён беришмайди.
Индаллосини айтганда, Бобурийлар диний бағрикенглик билан тарозини тенг тутишгандики, инглизлар милтиқ мойи масаласида шу мувозанатни бузишганди. Бу беҳурматликни ҳиндлар ҳам, мусулмонлар ҳам ўз эътиқодлари учун қаттиқ ҳақорат деб билдилар. Инглизлар кейин тушунгандай бўлишди, лекин ғишт қолипдан кўчиб, энди қўзғолончилар Бобурий подшоҳ саройи сари кетиб борардилар. Уларга йўл-йўлакай ҳинду мусулмонлар ва Деҳлидаги қуролдошлари ҳам қўшилдилар. Қўзғолончилар минбаъд мустамлакачиларга бўйсунмасликларини ва Ҳиндистонда Бобурийлар салтанати тикланганини эълон қилишди. Сипоҳийлар ва мулкдорларнинг вакиллари Қизил Қалъага кириб, Баҳодиршоҳ Зафарга арзларини етказишди. Йигирма йилдан бери номига Ҳиндистон подшоҳи бўлса-да, инглизлар пенсияси билан кун кечирувчи ва амру фармони девор ортида бировга ўтмайдиган Сирожиддин Абулмузаффар Муҳаммад Баҳодиршоҳ шундай кунни орзиқиб кутган эмасмиди? У Ҳиндистонни озод қилиш ҳақидаги қўзғолончилар даъватномасига имзо қўйди, муҳрини босди. Асосий кучлар уч шаҳарда (Деҳли, Канпур, Лакҳнав) жамланганди. Деҳлида ҳокимият ягона бўлмаса-да, олий ҳокимият Баҳодиршоҳ қўлида эди, фақат шаҳар сипоҳийлари қўмондонлигини Бахтхон ўз зиммасига олди. Шиддат шунчаларки, ватанпарварлар икки ҳафтадаёқ Шимолий Ҳиндистонни тўлиқ эгаллашди.
Бахтхондан ташқари номи тарих саҳифаларига муҳрланган халқ қаҳрамонлари беадад: Нана Соҳиб, Тантиа Топий ва Ҳазрат Маҳал, Лакшми Баи каби ўтюрак аёллар, партизанлар...
Қўзғолон икки ярим йилдан ошиқ давом этди. Лорд Каннинг (аввал генерал-губернатор, 1858 йилдан вице-қирол) Калькуттада жуда катта куч тўплади, Англиядан ҳам ҳарбий мадад етиб келди. Устма-уст даҳшатли ҳужумга ўтган мустамлакачилар аввал Деканни бўйсундирдилар, сўнгроқ Банорас, Аллоҳобод, Деҳли, Калпи, Канпур, Гувалиёр – ҳаммаси таслим бўлди. Нана Соҳиб чангалзорлар ичкарисига чекинди, кейинги тақдири маълум эмас. Лакшми Баи 15 кун давом этган охирги жангларда ҳалок бўлди. Қўлга тушган қўзғолон раҳбарлари суд ҳукми билан олий жазога маҳкум этилди: улар, жумладан, Тантиа Топий ҳам замбаракнинг қувурига боғлаб отилди...
Ҳинд адабиётининг Амир Хисрав Деҳлавий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Рабиндранат Тагор каби буюк намояндалари қаторида турувчи Мирзо Ғолиб Лаъл Қалъага неча бор ташриф буюриб, тождор шоир Баҳодиршоҳ Иккинчининг илтифотига ва суҳбатларига муяссар бўлганди. Ўзи ҳам ажнабий золимлар зулмини чеккан Ғолиб (губернатор унинг марҳум отасидан мерос нафақани тўхтатиб қўйганди) нураб бораётган Бобурийлар интиҳосини изтироб билан кузатарди. Ватандошлари сулоласининг бардавомлигини ва алалхусус, валинеъмати Баҳодиршоҳнинг нашъу намосини орзу қиларди, албатта. Подшоҳга мен этурман жон нисор, деб ёзганди у.
Истагим шу Худодин: шуҳрат отида, Ғолиб,
Кўрсайдим Баҳодир – олийжаноб гуҳарни, – мисралари шоир қалбидаги ўша тилакнинг назмий изҳоридир.
Ҳам форс, ҳам урду тилларида ижод этган Баҳодиршоҳ Иккинчи Зафар (гоҳо Абу Зафар) тахаллусини қўлларди. Мирзо Ғолиб унинг қатор ғазалларига мухаммас боғлаган. Ана шундай мухаммаслардан бири ватанжудоликда кўз юмган подшоҳнинг вафотига ўзига хос марсия бўлиб, айниқса, унинг муқаддимаси эзгиндир:
Ярим қолди оёғингга ишқалангач кишан-занжир,
Энди йўқсан, ярим битган сағонангга керак таъмир,
Намозинг ҳам ярим қолди, ярим-ёрти дуо-такбир,
Токи маҳшар йиғлаб яшар қиндан ярим чиққан шамшир,
Ярим жонинг қолиб бунда, ярим жонинг олди тақдир...
Мустамлакачилар қўзғолончилардан беармон ўч олиб, энг шафқатсиз усулларни қўллашди. Баҳодиршоҳнинг асирликдаги икки ўғли ва бир набираси қатл этилди. Майор Уильям Ходсон учовининг ҳам қонли калласини подшоҳга (наврўз туҳфаси қилиб) жўнатган экан.
Аллоҳимга шукурки, – дейди оппоқ соқолидан ёш оқаётган Баҳодиршоҳ, – Темурий шаҳзодалар ҳамиша оталаридан бурун, Маҳшар сари йўлга тушардилар, мана, менинг жигаргўшаларим ҳам шу удумга содиқ қолдилар...
Ҳинд халқ қўзғолонидан британияликлар хулосаси: Бобурий подшоҳ мункиллаган бўлса-да, омманинг бошини қовуштирувчи ва олға етакловчи қудратдир. Демак, сулолага ва унинг салтанатига узил-кесил барҳам бериш зарур, Баҳодиршоҳни Ҳиндистондан олислатиб, босган ҳар бир қадамини кузатмоқ лозим. Мустамлака маъмуриятига сургун манзили сифатида Рангун жуда боп кўринди. Трибуналнинг ҳукми билан (1858 йил 9 март) Баҳодиршоҳ Бирмага қувиладиган бўлди ва инглиз ҳарбий кемаси “Магара” сўнгги Бобурий подшоҳни Рангунга обориб ташлади.
Атоқли жамоат арбоби ва тарихчи Тан Мьин У (БМТ собиқ Бош котиби бирмалик У Таннинг набираси) ёзадики, подшоҳ Рангунга ўз яқинлари, ўнлаб мулозим ва хизматкорлари билан келган. Уларни асосан мусулмонлар ғуж яшайдиган Мўғул кўчасига (биз ҳарчанд инкор қилмайликки, Бобурийлар дунё аҳлининг тилида ҳамон “мўғул” бўлиб қолмоқда) жойлаштиришган. У жуда хушманзара ва сўлим кўча бўлиб, қўни-қўшнилар буюк Бобурга қавм ё қондош эканларидан ҳозир ҳам фахрланишаркан...
Тахту бахти тортиб олинган, энг сўнгги курашда зафар насиб этмаган Баҳодиршоҳ Зафарнинг ёнида маликайи олия Зийнат Маҳал Бегим ва икки ўғли бирга эди: 17 яшар Мирзо Жавон Бахт (хотини 15 ёшли малика Шоҳ Замони Бегим билан) ва 13 яшар шаҳзода Мирзо Шоҳ Аббос. Улар муттасил капитан Нельсон Дэвис кузатувида: ана шу нозирнинг қарорига биноан подшоҳ оиласига ҳар бири каталакдай тўртта хона ажратилиб, ҳиндлардан тўрт хизматкор тайинланди. Тартиб-қоиданинг қамоқхонадан фарқи йўқ, шунчаликки, маҳкумларга қалам, сиёҳ, қоғоз бериш мумкинмас, ташқи дунё билан ҳар қандай алоқа тақиқланади. Ваҳоланки, Зафар (Абу Зафар) улуғ шоир эди, тасаввуф илмидан теран билим эгаси ва қилқалам хаттот эканини ҳамма тан оларди. Қизил Қалъадаги шеърий-мусиқий анжуманларнинг, ҳиндий, форсий ва урду тилларида кечадиган мушоираларнинг донғи довон ошганди. Ахир, шундай кишига қоғоз-қалам зарур эмасми?!
Бир замонлар Бобур (Самарқандни иккинчи бор ташлаб чиққач, ҳижрий 907 йили) алам ва хўрликлар жон-жонидан ўтиб, ушбу маҳзун рубоийни битганди:
Ёд этмас эмиш кишини меҳнатда киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатда киши,
Кўнглум бу ғарибликта шод ўлмади ҳеч,
Ғурбатда севунмас эмиш, албатта, киши.
Орадан уч ярим аср кечиб, улуғ бобокалони кўрган армонли кунлар, таассуфки, энди Баҳодиршоҳ Зафарнинг қисматига айланди. Ва таажжубки, сулоланинг хотимаси бўлган мағлуб ва мазлум подшоҳнинг мунгли бир ашъори сулолага пойдевор қўйган ғолиб ва шаънли подшоҳнинг мисраларига ҳамдарду ҳамоҳангдир:
Ул ватандан ғурбатларга кўчирдилар,
Куним – тунким, шамъи хонам ўчирдилар,
Булбулларни баҳоримдан учирдилар,
Тобут ичра ғариб бўлгум охир ул кун.
Мен – Зафарни барча бирдай унутган, оҳ,
Ғаним тиғлаб, мурда жисмим қурутган, оҳ,
Олтин тахтим оғочларин чурутган, оҳ,
Бебок ўтган бор умримдан оғир бул кун...
Рангундаги зулм остида подшоҳзодаларнинг, аввало, тўқсонни қоралаётган подшоҳнинг саломатлиги ёмонлашаверди. Чунончи, ёшгина малика Шоҳ Замони Бегимнинг аҳволи оғирлашиб, ахийри, иккала кўзи кўрмай қолганди.
Инглиз маъмурларининг бир хуфияномасига 87 ёшли чол ниҳоятда мункиллаб, ҳолдан тойиб бўлгани битилган. 1862 йил октябрь ойининг сўнгги кунларида у тўшакка михланиб қолгач, капитан Дэвис ёзадики: “бу ёққа қараши даргумон”. Қўл-оёғи ҳаракатсиз подшоҳни қошиқда овқатлантиришарди, лекин шунда ҳам қийинчилик билан юта оларди. Олтинчи ноябрь куни Баҳодиршоҳнинг томоғидан таом ўтмай қолди ва нозир-капитаннинг буйруғи билан подшоҳ ётган уйнинг ёнидан қабр кавланиб, ғишт ва оҳаккача ҳозирлаб қўйилди.
Эртасига (1862 йил 7 ноябрь, соат тонгги бешда) Ҳиндистоннинг сўнгги императори оламдан ўтди. Унинг жанозасида икки ўғли ва сургунда кулфатдош мулозимлар бўлишди, холос. Англияликлар Баҳодиршоҳнинг вафотини сир тутдилар, бундан Рангун аҳли неча кунлар ўтгачгина хабар топди.
Мустамлакачилар 1867 йили Бобурийларга “шафқат қилиб”, оз-моз енгилликлар беришди. Бари бир улар Рангун ҳудудидан чиқмасалар-да, шаҳарнинг бошқа ерларида яшамоқларига ижозат тегдики, дарҳол шаҳзода Жавон Бахт рафиқаси билан бўлак хонадонга кўчиб ўтди. Марҳум подшоҳнинг беваси маликайи олия Зийнат Маҳал Бегим эридан сўнг 20 йил ёлғиз яшади. У вафот этганда (1882), Баҳодиршоҳнинг қабрини тополмадилар. Мўъжаз ҳовлидаги бир дарахтни мўлжал қилиб, подшоҳнинг шу ерга кўмилгани тусмолланди-да, марҳумани эрининг ёнига дафн этишди. Икки йилдан сўнг шаҳзода Жавон Бахт оламдан ўтди, қирқ икки ёшга тўлмаганди. Уни ҳам ўша жойга қўйдилар. Равнақ Замони Бегим (Баҳодиршоҳнинг набираси) бу ҳовлидаги охирги қабрдан мангу қўним топди. Шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, сургундаги Бобурзодалардан Мирзо Шоҳ Аббосгина узоқроқ яшади. У Рангундаги маҳаллий мусулмон тужжорнинг қизига уйланиб, 65 ёшида қазо қилди...
Инглиз маъмурларига подшоҳнинг дафни ва қабри ҳам сиёсат ҳисобланиб, марҳум асосий ҳовлининг орқа тарафига кўмилган. Чуқур теварагига ғишт девор кўтарилиб, тупроқ ташлангач, устига шундай чим босилдики, қабр ер билан теп-текис бўлди. Бундан ташқари анчагина жойни бамбук ниҳоллари билан иҳоталаб, кўздан пана қилишганди. Капитан Дэвис жаноблари бошлиқларига шуни мамнуният билан ёзиб маълум қиладики, вақт ўтгани сайин ажриқ ҳамма ёқни эгаллайди ва бамбукзор орасидаги қабрни биров тополмайди. Бу англияликларга айни муддао: сўнгги Бобурий подшоҳ ётган жойни топиб бўлмаса ва у зиёратгоҳга айланмаса, жуда соз-да...
Сургунда Баҳодиршоҳ билан кимлар бирга бўлишгани ҳақидаги маълумотлар турли-туман. Чунончи, 1857 йили қатл этилган шаҳзодаларнинг учови ҳам Баҳодиршоҳнинг ўғиллари бўлган (Мўғул Мирзо, Хизр Султон Мирзо, Абу Бакр Мирзо) ва учовини майор Уильям Ходсон отиб ўлдирган. Валиаҳд Жавон Бахтнинг рафиқаси бўлмиш маликанинг исми Шоҳ Замони Бегим эмас, Заматри Бегим. Шаҳзода Жамшидбахт (1855–1921) эса подшоҳнинг ўғлимас, невараси эмишки, Рангун коллежида ўқиб, 1905 йили уйланган ва унинг Искандарбахт исмли ўғли борлиги маълум. Биз юқорида набираси деб ёзган Равнақ Замони Бегим Баҳодиршоҳнинг қизи экани ва 1930 йили оламдан ўтгани ҳақида маълумот бор. Маликайи олия Зийнат Маҳал Бегимнинг вафоти санаси ҳам баҳсли бўлиб, 1884 йил қайд қилинади.
Шунингдек, сургунга яна қуйидагилар жўнатилган дейишади: Гулсум Замони Бегим (подшоҳнинг қизи), Ҳофиз Муҳаммад Иброҳим Деҳлавий (Жавонбахтнинг устози), сарой аъёнларидан – Мумтоз Дўстхонбегим, Раҳима Ишратбегим, Руқиясултон бегим. Иброҳим Деҳлавий эса Рангунда имомат билан шуғулланган экан.
Бир гуруҳ ҳиндистонликлар 1903 йили Баҳодиршоҳнинг қабрини зиёрат қилиш учун Рангунга боришади. Бироқ орадан қарийб ярим аср ўтгандики, нафақат подшоҳ, ҳатто Зийнат Маҳал Бегим ва шаҳзодаю маликалар ётган жойни ҳам ҳеч ким аниқ кўрсатиб беролмайди. Майдон четидаги дарахтнинг ён-верида экани айтилади, холос.
Ана шу фожиагина (дарҳақиқат, бу фожиа эди) бирмалик мусулмонлар жамоасининг кўзини очади. Улар ҳиндистонлик диндошлари олдида изза тортиб, Буюкбританиянинг маҳаллий маъмуриятига ёзма равишда мурожаат қиладилар:
Майли, Баҳодиршоҳ ҳукмдор ва тарихий сиймо сифатида ҳеч ким бўлмасин, лекин Аллоҳ яратган ҳар бир банданинг хотираси эъзозга лойиқ-ку!
Улар Ҳиндистоннинг сўнгги императорига ёдгорлик тиклаш учун ер ажратишни сўрашганди. Бироқ инглизлар ҳақли талабни рад қилдиларки, натижада бирмалик мусулмонлар орасида норозилик бошланди ва тобора авж олаверди. Вазият мураккаблашгач, колониал ҳокимият муроса йўлини тутишга мажбур бўлди: мармар тош-лавҳага ижозат этилди. Лекин ёзиладиган жумлани ўзлари белгилашди: Ҳиндистоннинг собиқ подшоҳи Баҳодиршоҳ 1862 йил 7 ноябрь куни Рангунда вафот этди ва мазкур ҳудудга дафн қилинди. Кейинчалик Зийнат Маҳал Бегим учун ҳам ёзувли тоштахта қўйилди. Бора-бора Бобурийларнинг мангу оромгоҳида мақбара қад ростлади, Баҳодиршоҳнинг ўғли Мирзо Жавон Бахт, набираси Равнақ Замони Бегим ва бошқаларнинг номлари ҳам мармарга битилди. Мақбаранинг ўнг ва чап ёнига икки масжид қурилди: бири – эркакларга, бошқаси – аёллар учун.
Ваниҳоят, йигирманчи аср охирлади: Рангун ерости заҳоба шаҳобчасини тозалаш чоғи ғиштин қабр топилди. Узунлиги 9 фут, эни 6 фут ва баландлиги 7 фут ўлчамидаги бу қурилма бир метр чуқурликда бўлиб, Баҳодиршоҳнинг қабри эди. Мақбаранинг олд томонига зал ва марҳум подшоҳ зиёратига тушиш учун пиллапоялар қурилди. Ҳиндистон ҳукуматининг фаол иштирокида бунёдга келган янги мажмуа 1994 йил 5 декабрь куни тантанали маросим ва қорилар тиловати билан очилди. Унда Мьянма (Бирма) ҳарбий ҳукуматининг дин ишлари бўйича вазири Мьо Ньюн, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа жойларда яшаётган Бобурийлар, ислом жамоаларининг вакиллари қатнашдилар. Ана шу куни янгиланган мақбара қадамжо бўлиб қолажаги расман эълон қилинди. Девордаги арабий битиклардан биридаги мазмунга кўра, Баҳодиршоҳ ашъорлари билангина эмас, аввало, пойдор иродаси, собирлиги, марҳамати, ҳалимлиги ва охиратни чуқур ҳис этолгани учун тасаввуф алломаларидан бири сифатида Бирма мусулмонларига ҳамиша азизу мукаррамдир...
Деҳлидаги Mughal Trust (яна мўғул!) жамғармаси нуфузли ва бообрў ташкилотлардан бўлиб, исломий алломалар ва бизнес эгалари томонидан таъсис этилган. Жамғарманинг кенг кўламли дастур ва мақсадлари таҳсинга лойиқ: 16-19-асрларда Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган улуғ сулоланинг фаолиятини ўрганиш, подшоҳларнинг бугунги авлодларини қидириш, Баҳодиршоҳ Зафарнинг қабрини ота-боболари ватани, яъни Ҳиндистонга кўчириш, умуман, Бобурийлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни бор бўй-басти билан тиклаш... Ҳозиргача жамғарма олимларининг хайрли саъй-ҳаракати билан сулоланинг ворисларидан 270 дан ортиғи аниқланган.
Манбалардан Баҳодиршоҳ никоҳидаги маликаларнинг яна иккиси маълум: Роҳат Маҳал Бегим (Абдулло Мирзо билан Абубакр Мирзонинг онаси) ва Ишрат Маҳал Бегим – Мирзо Қуёш ёки Қурейшнинг волидаси. Ана шу Мирзо Қуёшдан Мирзо Абдулло туғилдики, у Мирзо Ғафурнинг отаси ва Лайло Уммахонимнинг бобоси бўлади.
Лайло Уммахоним – бизга замондош, “Ҳиндистонда Бобурийлар оиласи” (Ҳайдаробод) жамиятининг раисаси, Бобурзодалардан тўрт ўғил – Зиёвиддин, Масиҳуддин, Орифиддин (1986 йили Машҳадда ҳалок бўлган) ва Шажоуддиннинг онаси. Бу олийнасаб оиланинг икки навқирон фарзанди Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ғамхўрлиги туфайли Тошкент техника университетида олий маълумот олишга эришгандилар. Кексайиб қолган Лайло Уммахоним ўзи оғир хаста бўлиб, марҳум Юртбошимизнинг кўмаги билан шифо топди.
Ўшанда у ёқдан Ислом Каримов номига миннатдорчилик мактублари келди. Лайло Уммахоним бу номаларга чексиз эҳтиромини ва энг самимий дил сўзларини битганди.
Жаноби Олийлари, мен Сиз орқали Ўзбекистоннинг жами фарзандларига дуойи саломларимни йўллайман.
Яратган Аллоҳдан илтижо қилиб сўрайманки, ота-боболарим юртидаги ҳар бир тош, ҳар бир қум зарраси гуллаб-яшнаган чечакка айлансин ва бу гулзор чаманда элу элатларнинг, миллатларнинг дўстона ҳамкорлиги қулф урсин...
Бобурнинг бизга замондош авлодларидан опа-сингил икки хонимни эслаб ўтишга бурчлимиз. Тоҳира Султонбегим Лондон шаҳрида яшайди. У иқтидорли шоирадир, урду тилидаги шеърий тўплами Зокиржон Машрабов томонидан Андижонга олиб келинган. Китобни З. Машрабов бошлиқ экспедиция Ҳиндистонда бўлган чоғи шоиранинг Деҳлида истиқомат қилувчи синглиси Покиза Султонбегим ҳадя этади. Бу опа-сингил Баҳодиршоҳ Зафарнинг набирасига набира бўлишади, оналари Қамар Жаҳон Зебуннисобегим Баҳодиршоҳнинг эвараси экан.
“Бобурийлардан бири” (Қамчибек Кенжа) китобида ёзилишича, Аврангзеб Оламгирнинг шамшири асрлар ўтиб, шу оиланинг қўлига етиб келган ва улар қилични Ҳиндистон давлат музейига ҳадя этишган. Хонадон аҳли буюк аждодлари шарофати билан эҳтиром ва эътиборда турадилар.
Маълумки, Буюкбритания қироличаси Елизавета Иккинчи Ҳиндистонга уч марта (1961, 1983, 1997) ташриф буюрган. У илк ташрифи чоғи (албатта, эри, шаҳзода Филипп билан) Бомбай, Ченнаи, Калькутта шаҳарларида бўлган ва мамлакатнинг ифтихори ва рамзи мақомидаги Тож Маҳални зиёрат қилган эди. Қиролича ҳазрати олиялари ўшанда бугунги Бобурийлар ҳақида хабар топади-да, Қамар Жаҳон Зебуннисобегимни тантанали қабул маросимига таклиф қилади. Бу ҳам шарофатли авлод учун ўзига хос тарихий воқеа бўлганди.
Хонадон аҳли Ҳиндистон ҳукумати томонидан йўқлаб турилади. Дарвоқе, икки буюк арбоб – Жавоҳарлаъл Неру ва Индира Ганди ҳам бу хонадонга қадам ранжида қилишган экан...
Эндиликда подшоҳ Баҳодиршоҳ Иккинчи ҳазрати олийларининг Рангундаги абадият манзили ҳам Бобур қадамжоларидан бирига айланди. Алалхусус, Ҳиндистон ва Покистондан борадиган зиёратчиларнинг қадами узилмайди, бу икки давлатнинг етакчи арбоблари ҳам бориб туришади.
Қарангки, Баҳодиршоҳ бобонинг қабри бир асрдан зиёда муддат мобайнида номаълум бўлиб, топилган вақти айнан 1991 йил – Бобуршоҳ Ватани истиқлолга эришган сана эди. Мустақил Ўзбекистон вакиллари 2010 йилнинг 25 декабрида йўлга чиқиб, Баҳодиршоҳни йўқламоққа отландилар. Бу халқаро илмий экспедициянинг 17-сафари бўлиб, З. Машрабов ва С. Аҳмаджонов икков Ҳинди-Хитой ярим оролидаги Бобурийларга тааллуқли изларни қидирдилар, Куала-Лумпур ва Рангунга ташриф буюриб, Баҳодиршоҳ қабри пойида қуръон тиловат қилишди. (Малайзияда Шоҳолам шаҳри, Банорас ва бошқа жойларда Баҳодиршоҳ кўчалари бор.)
* * *
Бобурийларсиз Ҳиндистон тарихини хаёл этиб бўлмагани каби, Ҳиндистон жуғрофияси ҳам Бобурий топонимларсиз тасаввурга сиғмайди. Аввалидан бошласак, Харьяна штати харитасидаги (Панипат яқинида) Бобурпур шаҳарчаси: у саркарда бобомизнинг Иброҳим Лўдий устидан қозонган беназир ғалабасини беш асрдан бери ҳам эслатиб, ҳам олқишлаб турибди. Нафсиламрини айтганда, ярим оролнинг қай ҳудудида бу умрбоқий сулоланинг изи йўқ?
Деҳлидаги доимо гавжум, сайёҳлар ташрифи тинмайдиган ва маҳобатли обидалар асосан 16-18-асрларда бунёд этилган: Лаъл Қалъа (Қизил Қалъа), машҳур Жоме масжиди, Пурона Қалъа, Ҳумоюншоҳ мақбараси... Бугинамас, уч даҳадан иборат шаҳарнинг шимолий-шарқий мавзеси – Эски Деҳлини ҳиндлар Шоҳжаҳонобод аташади. Негаки, айнан Шоҳжаҳон (1648) пойтахтни Деҳлига кўчириб, мислсиз қурилиш ва ободонлаштириш ишларини юзага чиқарганди. Шунингдек, Уттар-Прадеш штатида ҳам Шоҳжаҳонпур шаҳри бор, Жаҳонобод эса Патнадан 80 километр жануброқда.
Таниқли урду шоири Назир Акбарободий (1740–1830) Акбаршоҳ каби диний бағрикенглик ва тенглик куйчиси бўлиб, худди ўша Акбарободда таваллуд топганди. Аврангобод бир эмас, иккита: биринчиси – Махараштра штатида, бошқаси – Бихарда. Махараштрада қачонлардир соҳиби тахт бўлган Фотиҳхон шаҳарни Фотиҳнагар аташни буюрганди, 17-асрнинг охиридан Аврангобод номини олган. Декан адабий муҳитида алоҳида ўрин тутувчи ва урдузабон шеъриятининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшган Вали Аврангободий шу шаҳарда туғилган. Аврангободда 17-18-асрларда қурилган қувурли сув тармоғи Бобурийлар давридаги юксак муҳандислик санъатининг ноёб обидаси бўлиб, шуниси ажабки, у ҳозир ҳам шаҳар аҳлининг корига ярамоқда. Қувурнинг даҳана бошидаги сув тиндиргичда (уни “осма ҳовуз” дейишади) тилла балиқлар тинимсиз ўйноқлайди. Ривоятга кўра, уларни Аврангзеб Оламгир ўз қўли билан кўпайтирган эканки, шу боис бу жониворларни табаррук биладилар, ҳамма эҳтиётлайди, ҳеч ким озор бермайди.
Тож Маҳал каби севги ва садоқат қасри бўлган Бибика мақбарасини ҳам Аврангободдан топамиз. Бу хобгоҳ Аврангзеб подшоҳнинг суюкли рафиқаси Дилрасбону Бегимнинг мангу оромгоҳидир. (Чехиялик ҳиндшунос Ян Марек ва “История Индии” дарслиги муаллифлари маликанинг исмини бўлакча – Робия Давроний ёзадилар.) Дилрасбонунинг ўн гулидан бир гули ҳам очилмаганди: у жуда ёш ва гўзал дамларида оламдан ўтган, унда Аврангзеб ҳали подшоҳмас, отаси Шоҳжаҳоннинг илтифоти билан Деканга ҳоким қилиб тайинланган эди... Бибика мақбараси маҳобат ва гўзалликда Тожмаҳалга тенглаша олмаса-да, зоҳирий сурати, рангларнинг мутаносиблиги, гумбаз ва миноралари билан анчагина ўхшаб кетади. Шу боис уни “Иккинчи Тожмаҳал” деб улуғлашади.
Кези келгани учун бир тарихий ҳақиқатни ҳам эътироф билан эслаш жоиз: яъни ёрининг ёдига ана шундай ёдгорлик бахшида этган Аврангзеб Оламгир ўзи дунёдан ўтгач, дабдаба қилмасликни буюрган экан. Дарҳақиқат, шон-шавкати беқиёс бу подшоҳнинг Хулдободдаги қабртоши зеб-зийнатдан холи бўлиб, асосий битиклар одмигина:
Ҳув ал ҳаййул қаййум. Абулмузаффар Муҳиййиддин Муҳаммад Аврангзеб Баҳодир Оламгир Подшоҳи Ғозийи Жаннатмакон. Таваллуд – санайи 1027, жулус – санайи 1068, вафот – санайи 1118.
Бир пайтлар Патна шаҳри Азимобод аталган. Бунинг сабабкори Аврангзебнинг учинчи ўғли – шаҳзода Азимушшаън эди...
Хуллас, Ҳиндистонда (Покистон, Бангладеш, Афғонистонда ҳам) Бобур ва унинг авлодлари исми билан аталувчи жой номлари, шаҳар-қишлоқлар, кўчалар, майдонлар беадад.
Ҳиндистон ярим оролида Бобурийлар номини абадийлаштириш ҳақида ҳукуматнинг расмий ҳужжати бор-йўқлиги хусусида муайян гап айтиш қийин. Лекин Бобурий подшоҳлар ҳиндий ва урдузабон адабиётнинг (фолькларнинг ҳам) етакчи персонажларига айланиб кетишган. Нобель мукофотининг Осиёдаги биринчи лауреати Рабиндранат Тагорнинг қатор асарлари айни шу мавзуда. “Шоҳжаҳон” балладаси, “Тожмаҳал” шеъри ана шулар жумласидандир.
Амри вожиб шоҳсан, Шоҳжаҳон ҳазрат,
Валекин қисматинг кўз ёшу ҳасрат.
Гўё бир ҳофиздир оппоқ ул мармар,
Қўшиғи ҳижрондан унсиз минг хабар.
Асрдан-асрга, йиллардан-йилга,
Тарқатар гулвафо бўйин ҳар дилга.
“Мумтозим” деб ўтдинг, ўтдинг Шоҳжаҳон,
Сен учун йиғлайман, йиғлайман гирён.
Р. Тагор, “Шоҳжаҳон”.
(Давоми бор.)

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1