БОБУР ВА НАПОЛЕОН
(Тарихий-қиёсий эссе)
20. АБАДИЯТ
Хотима ўрнида: Бобур – Парижда,
Наполеон – Самарқандда.
Аждодларимиз яратган бебаҳо ва нодир мероснинг фақат бир қисмига эгамиз. Миллий осори атиқаларимиз кенг жаҳоннинг минг бир минтақасида улоқиб юрибди ва таассуфки, улар бегона юрту элларнинг мулкига айланиб бўлган. Америка маънавият ғазналарида шундоқ кўҳна китобларимиз бор эканки, улар битилган даврда ҳатто бу қитъа кашф этилган эмас. Раҳматли устоз Ғайбуллоҳ ас-Салом (профессор Ғайбулла Саломов) ушбу хусусда армон ва куюнчаклик билан ёзиб, шундай хулоса қилганди:
Лекин кўзларга тўтиё қилмоққа муносиб ўша қўлёзмалар, дейликки, руслар юртимизни босиб олган 19-асрда ва 1917 йилдан кейинги қатағон буҳронлари чоғи шу ерда турганда-чи? Уларнинг тақдири не кечарди? Алҳазар деб айтаманки, не кечмоғи аниқ: ҳаммасини йўқ қилишарди, ерга кўмиларди, сувга чўктиришарди, ўтга ташлашар эди...
Бунчалар ҳақ, пурмаъни, пурҳикмат ва пурмантиқ мулоҳазага қўшилмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Шукурки, ўша дурдоналар у ёқларга қачон ва қай йўсинда бориб қолганидан қатъий назар, дахлсиз ва бешикаст сақланиб келди. Тарих долғаларидан омон қолган бизнинг қўлёзмалар Францияда ҳам анчагина.
Таниқли бобуршунос Неъматулла Отажонов Париж Миллий кутубхонасида сақланаётган Бобур асарлари қўлёзмалари сони ўнтага боришини кўрсатади ва уларнинг каталог рақамини, хат усулини, ҳажмини, китобнинг сақланиш сифатини ҳам таъкидлаб ўтади. Шу қўлёзмалардан бештаси “Бобурнома” бўлиб, иккитаси бизни қизиқтирган масалада эътиборга молик. Яъни Э. Блоше каталоги бўйича 559 ва 560-рақамли қўлёзмалар: биринчиси – 16-асрда кўчирилган, иккинчиси эса 17-асрнинг биринчи ярмига тааллуқли.
Албатта, бу китоблар Париж Миллий кутубхонасига қачон бориб қолгани, уларни Наполеон билгани ё билмагани, башарти билгани тақдирда ҳам, арабий алифбодаги, форсий ёки туркий тилдаги қўлёзмани тушуниши ёки тушунмаслиги – бу каби саволларнинг жавоби хийла мураккаб...
Расмий дипломатик алоқалар бўлмаса-да, Бобурийлар Ҳиндистони билан қироллар Францияси халқ дипломатияси туфайли 16-асрдаёқ яқинлашиб бўлганди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо-тижорат ва сайру саёҳат бунда катта аҳамият касб этган, албатта. Европа экспансиясининг бошланиши бу жараённи тағин ҳам жадаллаштирди.
Савдогарми, сайёҳми, ҳарбийми – Ҳиндистонга оёғи етган европалик борки, қўлига кирган нимаики нарсани ташиб кетаверди. Китоблар, суратлар, фил суяги, қоплон терилари, шоҳи-адрас... юзлаб, минглаб кемаларга юкланарди. Қафаслардаги сон-саноқсиз маймунлар, арслону йўлбарслар, фил ва каркидонлар, илон ва тимсоҳлар Европа ажойибхоналарини безади. Осонгина, енгилгина ўмариладиган мўмай бойликларга, алалхусус, Бобур авлодлари юз йиллаб тўплаган олтин-кумушларга, Голконда олмосларига халта-хуржун ҳам зарурмас, чўнтакка уриш ниҳоятда ўнғай. Алқисса, Европа саройлари Осиё ва Африканинг, жумладан, Ҳиндистоннинг жавоҳироти билан тўлиб-тошарди.
Энди Лиссабон ва Берлинда, Вена ва Голландияда, Англия ва Францияда ҳукмдорлар саройига шарқона зийнатлар кириб келди. Атлантика соҳилларидаги қирол ва императорлар лафзида “дурбар” атамаси пайдо бўлди, яъни дарбор демоққа тиллари айланмасди. Алалхусус, қиролича Викториянинг Лондондаги “дурбари” Европада кўп шуҳрат топди...
Ҳиндистон ва Франция ўзаро яқинлашиб бораркан, энг аввало бу жаҳонгашта сайёҳлар хизмати эди. Айни хусусда Жан Батист Тавернье номи алоҳида эътирофга муносиб. У 17-асрда Осиё бўйлаб олти карра саёҳат қилди: бобурийлар дарборидаги сийму зар ва ҳашаматлар довруғини даставвал Парижда овоза айлаган ҳам, Аврангзеб Оламгир жавоҳирлари вазни ва нарҳини аниқлаб берган ҳам ана шу Тавернье эди.
Франсуа Бернье эса Шоҳжаҳон, Аврангзеб, Доро Шукуҳ сингари Бобурзодалар билан шахсан таниш бўлиб, ўша даврдаги тож-тахт талашувлари унинг кўз ўнгида кечган. Бернье тўққиз йил (1658–1667) Аврангзеб хизматида юриб, маълум ва машҳур Кашмир сафари чоғи подшоҳнинг хос ҳамроҳларидан бири эди. Унинг хотираномаси мисоли бестселлер бўлдики, неча тилларга таржима этилиб, қайта-қайта нашр қилинди. Париж киборлари даврасида, Людовик Ўн тўртинчи саройида Франсуа Берньени “Буюк Мўғул” деб улуғлашарди. Негаки, европалик муаллифлар Бобурийларни ўша замондаёқ “Буюк Мўғуллар” деб тамғалаб қўйгандилар.
Асрлар ўтди. Таажжуб, жуда ҳам таажжуб ҳол: Ахсикентни илк бор тадқиқ этган археолог айнан Франциядан келганди. Ҳа, бу ўша Умаршайх Мирзо пойтахт қилган, Бобурга отамерос бўлган қадим шаҳар. Бу тарихий воқеага бир ярим аср бўлмоқда: Франция Институти йўллаган экспедиция Уйфальви Мезо Ковешд (миллати – венгер) раҳбарлигида Ахсикентга ташриф буюрди. Унга қадар бу кўҳна вайроналарга мутлақо илмий ёндошилмаган, археологларнинг қадами етмаган эди...
Бобур билан Наполеоннинг тарихи ва тақдиридаги аллақанча туташ нуқталарни кўрдик. Бу икки шахсни, улар тасарруф этган салтанатларни то бизнинг замонгача боғлаб турган ришталар ҳам бор. Қиёсий мантиқ назари билан қаралса, у яққол кўзга кўринади. Шубҳасизки, 1991 йилнинг 17-19-август кунлари мамлакатимиз мустақил ташқи сиёсатининг энг муҳим саналаридан бўлиб тарихда қолади. Негаки, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И. А. Каримов давлат раҳбари сифатида илк бор хорижга чиққан ва ташриф манзили Ҳиндистон бўлган эди. Ва худди ўша кунлари Собиқ Иттифоқ қулади. Қарангки, Ҳиндистон – Бобурийлар марказлаштирган давлат, Ҳиндистон мустақиллиги – Бобурийлар истаги, Ўзбекистон – Бобур Ватани, Ўзбекистон истиқлоли – Бобур ватандошлари орзуси эмасмиди? Худди шундай: Жавоҳарлаъл Неру 1947 йил 15 август куни Ҳиндистон миллий байроғини Қизил қалъада, яъни айнан Шоҳжаҳон бунёд этган Бобурийлар дарборида кўтарганига бутун дунё шоҳид.
Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тезда тан олган Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Бангладеш каби давлатлардан бири Франция бўлиб, 1992 йил 3 мартда ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Тошкентда (1992) Франциянинг, Парижда (1995) Ўзбекистоннинг элчихонаси очилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. Каримовнинг Францияга (1993, 1996) ва Франция Президенти Ф. Меттераннинг Ўзбекистонга (1994) расмий ташрифлари амалга оширилди.
1993 йил 26 октябрь – Парижда Ўзбекистон Республикасини ЮНЕСКО аъзолигига қабул қилиш маросими бўлди.
1994 йил 29 декабрь – Тошкентда ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия тузилди.
1995 йили Тошкентда Франция Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Марказий Осиёни ўрганиш институти фаолият бошлади.
1996 йил март ойида “Амир Темур ва Темурийлар тўғрисидаги илмий асарлар библиографияси” Парижда чоп этилди.
1996 йил 26 сентябрь – Самарқандда француз археологлари Афросиёбдаги қазишмаларда топган осори атиқалар намойиш қилинди.
1997 йил 27 июлда – Парижда Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги нишонланди.
1998 йилнинг апрель ойида “Ўзбекистон – Франция” дўстлик жамияти иш бошлади.
2002 йили Тошкентдаги Франция элчихонаси қошида Виктор Гюго номли француз маданият маркази ва Парижда Ибн Сино номли жамғарма очилди...
Айни хусусда мухтасар хулоса қилсак, ўзбек-француз дўстлиги Амир Темур (1336–1405) ва қирол Карл VI де Валуа (1368–1422) замонларидан бошланганки, бу кўҳна ва пойдор алоқалар абадий давом этмоғи муқаррар.
Париж бугун ҳам тарихий, ҳам жуғрофий жиҳатдан Ўзбекистон ва Бобурга шунчалар яқинки, шаҳарнинг 4-округидаги гавжум маданият маркази Beaubourg – Бобур деб аталади. Майдони 117 гектар бўлиб, унинг Помпиду маркази деган иккинчи номи ҳам бор. Негаки, Бобур даҳасининг замонавий зебо қиёфаси Бешинчи республиканинг 2-президенти Жорж Помпиду саъй ҳаракати билан боғлиқ. Ташландиқ ҳудудда Париж ҳуснига ҳолдай ярашиқли маданий-маънавий марказ қуришни кўзлаган президент халқаро конкурс эълон қилди. 1969 йилги бу танловда 49 мамлакат меъморлари 700 га яқин лойиҳа билан иштирок этишган. Жан Пруве раҳбарлигидаги халқаро ҳайъат англиялик Ричард Роджерс, италиялик Ренцо Пьяно ва Джанфранко Франчинилар лойиҳасини маъқуллади. Унинг ижроси Пьяно ва Роджерсга топширилиб, қурилиш олти йилдан ортиқ давом этди. Парижнинг Ле-Аль ва Маре даҳалари ўртасидаги Georges Pompidoy – Beaubourg (Жорж Помпиду – Бобур) маркази битиб, 1977 йил 31 январь куни очилиш маросими бўлди. Бироқ бу тантанани кўриш президент Помпидуга насиб қилгани йўқ, у 1974 йил 2 апрелда (63 ёшда) вафот этганди...
Томоша майдончаси, музей, 2 миллион жилдлик кутубхона, дизайн маркази, битта институт, концерт, кўргазма ва кинонамойиш заллари – бари меҳмонлар хизматида. Дастлабки йигирма йил давомида (1977–1997) Бобурни 150 миллион томошабин кўриб кетди. Марказ 1997–1999 йиллари таъмирлангач, имконияти янада кенгайиб, ҳар йили ўртача 3-4 миллион сайёҳни кутиб олмоқда. Бобур – Помпиду даҳаси серташрифлик бўйича Франциядаги тарихий-маданий муассасалар орасида Лувр музейи ва Эйфель минорасидан сўнг учинчи ўринни эгаллайди. Мец (Франция) ва Малага (Испания) шаҳарларида Бобур марказининг филиаллари очилган.
Ажабо, Бобур маркази – Парижда, Наполеоннинг хос мебели – Самарқандда! Французлар императорининг вензели (“N”) билан тамғаланган мебеллар Ўзбекистонга етиб келгунча камида икки аср йўл босган. Унинг замирида катта тарих ётибди. Эски қадрдоним, маърифатли тадбиркор Абдуваҳоб Аҳмедов, ҳаваскор ҳофиз Нарзимурод Қурбонов, Самарқанд ўлкашунослик музейидан Худойқул Холматов ва Салтанат Болтаева, меҳнат фахрийси Абдуали Бердиев, “Афросиёб” музейидан Самариддин Мустафоқулов ва бошқалар бу тарихни ойдинлаштиришда яқиндан кўмак беришди.
Қайнама қишлоғи Самарқанд шаҳрининг ёнгинасида жойлашган. Абдуали Бердиев шу ердаги Фотима Қосимова номли жамоа хўжалигида ўтган асрнинг охирги йиллари раис бўлиб ишлаган. Колхозга Наполеоннинг мебеллари келтирилганда у ўн яшар бола экан. Ўша пайтларни, айниқса, раис Исмоил Иброҳимовни яхши эслайди.
Раҳматли Исмоил бува 50-60 ёшларда бўлса керак эди, – дейди Абдуали ака. – Бўйдор, барваста, басавлат киши экани ёдимда. У пайтлари қишлоқда автомашина йўқ, раис икки ўринли, бир отли извошда юрарди. Кичик кўнгиллиги шунчаликки, биздақа ўқувчиларни файтунга миндириб оларди. Баъзан 10-15 бола тирмашамиз, аввал бизни мактабга ташлаб, кейин ишига кетарди. Бора-бора эс таниб, ақлим шунга етдики, оила пудрати деган усулни у киши 60-70 йил бурунлариёқ Самарқандда жорий этиб бўлган экан. Келажакни ўйлайдиган раҳбар эди...
Тарихий қиммати бебаҳо буюмларнинг қишлоққа келиб қолиши ҳам раҳматли раисдаги ана шу фазилатдан, албатта. Ахир, 1946 йил, уруш эндигина тугаган, у қолдирган жароҳатлар ҳали-вери битмайди, қимматчилик ҳамон давом этарди, одамларга нон-ош зарур! (Матбуот хабарларига қараганда, Наполеон шахсига тааллуқли буюмлар бугун ниҳоятда қиммат туради. Фонтенебло (Париж яқинида) кимошди бозорида марҳум императорнинг оқ рангли батист кўйлаги 63000 (олтмиш уч минг) еврога сотилган. Унда ҳам Самарқанддаги мебеллар каби “N” тамғаси бўлиб, вензель кашта билан чатиб қўйилган эди. Британиядаги Dominic Winter аукционида Наполеон Бонапартнинг бир дона тишига 22600 (йигирма икки минг олти юз) доллар тўлашган. Юқори жағнинг ўнг томонидаги қозиқ тиш кариес билан хасталангани ва Аё Елена оролида даволовчи врач томонидан суғуриб олингани ҳақидаги ҳужжатлар ҳам харидорга берилган. Франциянинг ўзида эса бир жуфт икки оёқли хонтахта қарийб бир миллион еврога пулланган. У қачонлардир Наполеонга тегишли бўлгани, машҳур мебелсоз Жакоб Демальте қизил тахтадан ясагани ҳужжатлар билан тасдиқланади.)
Шундай шароитда сен келтирган эски-тускиларга Қайнамада қайси бировнинг кўзи учиб турибди? Тўқсон минг рублни ҳавога совурибсан-ку!
Исмоил Иброҳимов бундай савол бермаслигига Арон Моисеевичнинг ишончи комил эдики, шунинг учун ҳам кўҳна мебелга харидор бўлди ва раисдан бесўроқ сотиб олаверди.
* * *
Гарнитур Петербургга Россия императори Александр Биринчи (1801–1825) томонидан жанговар ўлжа ёхуд Наполеон устидан қозонилган ғалабадан эсдалик сифатида олиб келинган. Подшоҳ кейинроқ уларни ўз яқинларидан бўлмиш Белинков деган кишига ҳадя этади ва мебеллар авлоддан-авлодга ўтиб, империя пойтахтида неча ўн йиллар сақланади...
Юқорида тилга олинган Арон Моисеевич Каплан Самарқанддаги Коганович номли колхозда экспедитор-таъминотчи эди. У урушдан кейин – 1946 йили Ленинград – Петербургга бир неча вагон майиз, туршак ва мева қоқилари оборади. У мебелларни қандайдир бева аёлдан 90 минг рублга сотиб олади ва Самарқандга олиб қайтади.
Ушбу хусусда аллақанча ҳужжатсиз (оғзаки) шаҳодатлар бор. Чунончи, сотган аёл қандайдир академикнинг (Белинковнинг) беваси эмиш, унинг мебелларига аввал кимсан Молотов харидор бўлган, сўнгроқ Ўзбекистон ҳукуматининг раиси ҳам ўз идорасига олишга уринган, саркаш Исмоил Иброҳимов ва экспедитор Каплан шуни деб қамалиб кетган, партиядан ўчирилган, унвон ололмаган, Ворошилов аралашган ва ҳатто Сталиннинг номи ҳам мебеллар тарихига қўшилиб кетган... Дарвоқе, Капланда мебелларни Эрон ё Афғонистонга опқочиш ғарази ҳам бор экан. Ёки Наполеоннинг тарихий буюмларини бева хотинмас, Давлат Эрмитажининг очарчилик азобини чеккан ходимлари сотишган... Ёки Капланга уларни Ленинград шаҳар ижроқўми раҳбарларидан бири ўз кабинетидан совға қилганмиш...
Орадан олтмиш йил ўтди, раислар алмашди, Фотима Қосимова қарийб йигирма йил (1953–1972) раҳбарлик қилди ва вафотидан сўнг колхозга унинг номини қўйдилар. Бу давр ичида Наполеоннинг гарнитури хонадан-хонага неча бор кўчди, уринди-суринди. Мебеллар гоҳ раис кабинетида, гоҳ қишлоқ шон-шуҳрат уйида “жон сақлаб”, 2007 йилга етиб келди ва республикамизда жамоа хўжаликлари тизимига барҳам берилгач, Қайнамада ҳам колхоз тугатилди. Ана шундагина тарихий гарнитур Самарқанд ўлкашунослик музейига топширилди ва давлат муҳофазасидаги ноёб экспонат сифатида эҳтиётланмоқда, намойиш этилмоқда.
Мебеллар қимматбаҳо қизил тахтадан ишланган ва 11 дона буюмдан иборат, жумладан, 1 та диван, 2 та кресло, 4 та стул, 2 та шкаф, 1 та доира стол, катта ёзув столи. Аксариятига Наполеоннинг “N” ҳарфли вензели муҳрланган.
Хўш, мебеллар чиндан ҳам французлар императорига тегишли эдими? Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Негаки, сўнгги пайтларда колхозга раис бўлган Фарҳод Муталлибов айни масалада Тошкентдан мутахассис таклиф этган. Пойтахтдан борган тажрибали эксперт Кузьма Ткаченко ҳам дангал тасдиқлашдан ўзини тийган. У мебеллар ўта бебаҳо эканини, қимматини ҳеч қандай пул билан қоплаб бўлмаслигини таъкидласа-да, “гарнитур Наполеонники бўлгани эҳтимолдан холимас” қабилидаги хулоса билан кифояланган.
Аммо шу ҳақиқат аниқки, бу тарихий буюмлар Наполеон даврига мансуб. Улар Бонапарт саройининг мулки бўлганини, Европа давлатлари Парижга бостириб киргач, мебеллар Россияга келтирилганини ва эндиликда улар Ўзбекистон Республикасининг мулки эканини ҳеч ким инкор этолмайди...
* * *
Француз футболчилари жаҳон чемпионатининг финал босқичига эришгани қанчалар ҳақиқат бўлса, Ўзбекистон ва Франция жаҳон тамаддуни бешикларидан бири экани ундан минг карра пойдорроқ ҳақиқатдир. Ўзбек ва француз халқларининг юзлаб, минглаб беназир фарзандлари борки, уларсиз башарият тарихи ғариб ва кемтик бўлиб қолур эди. Бобур билан Наполеон номлари ана шундай сиймолар силсиласида энг ўктам ўринларни эгаллашига шак-шубҳа йўқ.
Бобур ила Наполеоннинг таърифу тавсифи асрлар бўйи тинмайдики, икковнинг васфи то қиёмат бардавом бўлса ҳеч ажабмас. Биноан алайҳи, бу икки буюкнинг қиёсий ҳаётномасини биргина уринишда мукаммал баён этишни ҳеч бир муаллиф ўз зиммасига ололмайди...
Бобур ва Наполеон Худо сийлаган, зуваласини катта кесиб, Ўзи азиз қилган зотлар эди. Машрабнинг ушбу байти айнан улар учун айтилгандай туюлади:
Сен азиз этган қулингни ҳеч киши хор айламас,
Сен агар хор айласанг, ҳар ерга борса хордур.
Алқисса, неча юз йилдирки, Бобур билан Наполеоннинг номи муттасил эъзозда. Бугинамас, уларнинг мероси ва пойдор руҳи ўзбек-француз дўстлигини мустаҳкамловчи ришталардан бирига айланди...
Мен рисолани якунлаётган дамларда Франция – Хорватия беллашуви ниҳоясига етди. Наполеон мағлуб бўлган Москвада парижлик футболчилар ғалаба қозондилар ва жаҳон чемпиони бўлдилар. Ғолиб аждодларга хайрихоҳ кўнгил ила китобга сўнгги нуқтани қўйдим.
2016 – 2018 йил 15 июль, якшанба.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1