БОБУР ВА НАПОЛЕОН
(Тарихий-қиёсий эссе)
МУНДАРИЖА
БИРИНЧИ КИТОБ
Қисмат
Муқаддима ўрнида: Бобур – мўғул ё ҳиндмаски, Наполеон ҳам француз ё италиялик эмасди.
1. Бобуршунослик ва Наполеоншунослик
Ҳинд дарёси Ҳиндистонда эмас. Бобуршунослик чўққиси. Бонапарт ҳақида 200 минг китоб. Тарихга тош отувчилар. Наполеон оқми ё қорами?
2. Армон эди Ҳиндистон
Американи Ҳиндистон деб ўйлаган сайёҳ. Подшоҳнинг роса йиғлагани хусусида. Ҳиндистонга ҳужум режаси. Ушалмаган орзулар ва бўғиб ўлдирилган подшоҳ.
3. Падаркуш валиаҳдлар, жувонмарг шаҳзодалар
Разолат, хусумат, адоват ва шаҳиди аъло. Кўнгли қора бургутлар. Подшоҳларни чопган қиличлар. Ярим кеча бўлса, бировнинг уйида бало борми?
4. «Аёл макрининг бир учқуни – сиёсатда зўр ёнғин...»
Ёмон хотиндан Худо сақласин. Қотил малика авф этилди. Жозефина бевафо эдими? Полинанинг “садоқати”. Қиролича Луиза ва жигарсўхта Наполеон.
5. Замонлари бўлак – зафарлари муштарак
Айғоқчининг ҳийласи. Императорни сомонга ўраб қўйдилар. Бобурнинг маршаллари. Наполеонга тарвуз едирган аскар. Хосиятли ҳасса ва шайхнинг каромати.
6. Қотилларни доғда қолдирган императорлар
Аламзада “илон” товоққа заҳар солади. Кобулда давлат тўнтариши. Театр йўлидаги бомба. Ёлланган қотил Наполеонга етолмади. Императорнинг васиятномаси. Бонапартни заҳарлашганми?
7. Мағлубиятлар алами
Бобур шиа мазҳабини қабул қилган эмас. Қароқчи мўғуллар. Гвардия жондан кечади. Саркардаларнинг энг буюги. Ё император, ё ўлим!
8. Тож кийган дипломатлар ва сотқин вазирлар
Дипломатия Шарқда яратилганди. Москвадаги Аврангзеб ёрлиғи. Наполеон – ўткир дипломат. Европа бирлашиб, Францияни бўғмоқчи. Порахўр вазир. Кутузовнинг туркларни чув туширгани хусусида. Иттифоқчиларнинг хиёнати.
9. Императорлар флоти
Ахси бандаргоҳи. Акбаршоҳ кемалари океанга чиқди. Арслон ва наҳанг. Пароход Наполеонга насиб этмаган экан.
10. Кўприклар
Кўприкка тиқилган амаки. Фил кемани чўктириб юборди. Бобур понтонлари. Қонга бўялган кўприк. Дарё ёқасидаги ҳарбий ҳийлалар.
ИККИНЧИ КИТОБ
11. Хазина: ҳам ҳақиқат, ҳам афсона
Бобур ва йўлбарс болалари. Олтинбешикхон ёхуд Бобурзода Муҳаммад Муқим Мирзонинг Фарғонага келиши. Ғарқ этилган тиллолар. Кремль дафинаси хусусида. Наполеон ва Стендалнинг ўлжалари.
12. Ҳазратларга ҳасрат бўлган олмослар
Осиё Европадан кичкина эмиш. “Кўҳинур”нинг аччиқ тақдири. Кўзи ўйиб олинган олампаноҳлар. Элчининг ўлдирилиши. Мурдалар орасидаги чўнтаккесар ёхуд кафан ўғриси.
13. Ҳикмат излаганга – ҳикмат бу дунё
Жинлар ўғирлаган инсон. Хайрли ва шумнафас кароматлар. Лойқага ботган кема ва отдан йиқилган император.
14. Муҳаббат қиссалари
Ошиқ подшоҳ қашшоқ ва дарбадар эдики, бир дона анорга қодир эмас. Укалари томонидан хўрланган ака. Гўдак шаҳзодани тирик қалқон қилдилар. Жигарсўхта император эрли аёлни севиб қолди ва ўғил кўрди.
15. Тўйлар эди шоҳона
Амир Темур ўн бир яшар Улуғбекни уйлантиргани хусусида. Кўз очиб кўрган ёр армони. Лўлилар ҳиндистонликми? Асранди қизнинг бахти. Аразлаган зоти олиялари. Келинчак Наполеондан новчароқ эди.
16. Дафн ва қатл гулханлари
Маҳатма Ганди 13 ёшида уйланган. Тириклайин ёндирилган 3226 аёл. Дафн гулханидан Соҳибқирон Амир Темур ҳам даҳшатга тушганди. Инквизициянинг одамкуш ханжари. Насронийлар пешвосининг балойи нафси.
17. Илҳом парисининг ғуломи бўлган ҳукмдорлар хусусида
Жанггоҳларда битилган ашъорлар. Ватани ҳалок бўлди – Наполеон туғилди. Келажак ва бахт – китобда. Романнавис императорнинг асарлари 32 жилд эди.
18. Ўзбекнинг тилшунос подшоҳи ёхуд Наполеон ва Шампольон
Исрофгар икки ҳарф: “ы” ва “ъ”. Ихтирочи подшоҳ. Бобур ва юзта диссертация. Номзодлар орасида ягона ғолиб император. Тошбитикдаги баёнот.
19. Авлодлар довони
Биродаркушлик ва ота-бола урушлари. Бобурийларнинг фожиона тақдири. Жувонмарг Наполеонзода билан ўйноқи раққоса. Дантес – Пушкиннинг қотили эса-да, Наполеон Учинчининг дўстидир. Қамалдаги Парижда ит-мушук ҳам қолгани йўқ. Бизга замондош шаҳзода ва маликалар.
20. Абадият
Хотима ўрнида: Бобур – Парижда, Наполеон – Самарқандда.
Манбалар
ЁЗУВЧИ РУСТАМЖОН УММАТОВНИНГ «БОБУР ВА НАПОЛЕОН» РИСОЛАСИГА ТАҚРИЗ
Заҳириддин Муҳаммад Бобур инсон ва адиб, давлат арбоби ва саркарда, эътиқоди бутун тақводор ва шоҳ, ростгўй адабиётшунос ва меҳрибон ота мақомида бағоят мураккаб, зиддиятлар тўла тақдир соҳиби эди. Бобур Мирзони умр бобида “қисган” Парвардигори олам унга саҳий қалб, улкан юрак, сеҳргар қаламу кескир қилич ато этди. Айни иноятлар унинг ҳаёт саҳифаларини жонлантирди, теран моҳият ва маъно бағишлади.
Асрлар тўфонию буҳронини писанд қилмай, инсониятнинг янги-янги авлодларига етиб борувчи шон-шавкатни унинг насибасига битиб қўйди. Асрлар ва насллар ўтади, Бобур Мирзонинг мангулик карвони ўз қўнғироғини жаранглатиб, боқийлик манзили сари интилишда безавол давом этаверади.
Бошқа одамларникидан деярли фарқ қилмайдиган мўжазгина кўксида шернинг юраги ва журъатини кўтариб ўтган бу мукаррам зот ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар билан юзма-юз яшаб ўтди, ўзидан талайгина маънавий хазина ва ном қолдириш учун курашди.
У яхшилик шайдоси эди. Сўнгги нафасигача эзгулик яловини баланд тутди, фарзанди Муҳаммад Хумоюн Мирзога ҳам шу ҳақда васият қилди. Айниқса, Бобурнинг махфий васиятини эслайлик. У мард ва тадбиркор, дипломат ва дилбар шахс эди.
Император Наполеон. Аждодлари юрт сўрамаган, болалиги қийинчиликда кечган, хамиша муҳтож, қисқаси, тафовутларнинг саноғи йўқ. Ҳайратангиз сирли қонуниятлар... Икки буюк шахснинг қисматидаги муштарак жиҳатлар, тақдирларидаги ўхшаш томонлар ҳар қандай шахсни лол қолдиради. Ҳар икки саркарданинг хотираси абадий эъзозда.
Таниқли журналист ва адиб, публицист, моҳир мутаржим, бир қатор тарихий ва бадиий асарлар, пухта таржималар муаллифи Рустамжон Умматовнинг “Бобур ва Наполеон” эссесини ҳайрат билан ўқиб, муаллиф келтирган қиёсий таҳлилларда беназир “Бобурнома”ни ва император Наполеонни қайта кашф этгандай бўлдим. Бундай асарни ўзини илмга, ижодга батамом бағишлаган кишигина ярата олади. Асрий қадриятларни юзага чиқариш ҳам, тарихий чалкашликларга аниқлик киритиш ҳам шундай муаллифнинг қўлидан келади.
Америкада ҳам Бобур шахсига, ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш кучли. Кўҳна Шарқ ҳақидаги бир қатор асарлар муаллифи Ҳарольд Лэмбнинг “Бобур – йўлбарс” китоби шоҳ ва шоир ватандошимизга эҳтиром руҳи билан йўғрилган. Бироқ Ҳ. Лэмб бир ўринда Ҳумоюн Мирзони маломат қилиб, ҳатто унга қўрқоқлик иллатини ёпиштиради. Р. Умматов “Бобур ва Наполеон” эссесининг 14-бобида Ҳумоюнга нисбатан бундай буҳтон мутлақо асоссиз эканини далиллаб, шаҳзода хотирасини мароқ билан ҳимоя қилади.
“Айбсиз – Парвардигор” дейилганидек, “Бобур ва Наполеон”да ҳам баҳсли ўринлар йўқ эмас. Лекин бу жузъий ҳолатлар асарнинг юксак қимматини ва ўқувчиларга етказиш заруратини заррача ҳам камайтирмаслигини таъкидлайман. Зеро, эссенинг ҳар бир боби ҳақиқат ва чуқур таҳлил билан суғорилган. Кимки, Бобурни – Наполеонга ва Наполеонни – Бобурга боғловчи тарихий ва қиёсий ришталарни кўрмоқ истаса, тез орада чоп этиладиган ушбу асарни ўқисин, албатта.
“Бобур ва Наполеон” мутолааси жараёнида ўзим ҳам талайгина охорли далил ва маълумотларга эга бўлдим. Янгиликлар бисёр, шу боис уни ҳеч иккиланмасдан нашр қилиш ва китобхонлар қўлига етказиш лозим деб ҳисоблайман.
Нематилла ОТАЖОНОВ,
профессор, филология фанлари доктори,
халқаро Бобур мукофоти совриндори.

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев