Инсон ҳамиша ўз қалбини эгасини кутиб яшайди. Токи уни топмагунча. Уни учратганда эса, ҳаёти буткул ўзгариб кетади. Ўша кун Берта қизил кўйлакда эди. Ҳа, ўша кун аниқ эсимда. Уни малла сочлари ва мовий кўзлари тарифлаб бўлмас гўзал эди. Бертани илк бор кўрганимдаёқ бутун умр қидирган инсонимни топганимни тушундим...
Агар сиз муҳаббатсиз шунчаки мажбуриятлар юзасидан оила қураётган бўлсангиз, никоҳ маросимида сиз ўзингизни аслида бу маросимда ортиқчадек, ҳуддики бировнинг никоҳ маросимида қатнашаётгандек сезасиз. Аксинча ўз суйган инсонингиз билан оила қураётган бўлсангиз, никоҳ маросими сиз учун ҳаётингиздаги энг бахтиёр онлар бўлиб қолади. Ўша кун суюклигим Берта ҳам, мен ҳам бахтдан сархуш эдик.
Инсон бир орзусига эришса унда бошқа орзу пайдо бўлади. Ва у янги орзу сари интила бошлайди. Берта ёнимда экани, бутун умр менга боғлангани, менда бошқа орзуга интилишни кучайтирди. Яъни, ишда муваффақият қозониб, таниқли шахс бўлиш орзуси сари интила бошладим.
Ишга эрта кетиб кеч қайтардим. Шундай кунларнинг бирида Берта мени саволга тутди:
- Мен сен учун кимман? - У жиддий қиёфада, бироз асабий эди.
- Берта азизам...
- Мен рафиқанг эмас, уйингдаги бир буюмман тўғрими? Шунчаки керакли буюм...
- Азизам ахир биласанку, ишламасам бўлмайди. Ўша тун Берта бошқа ҳеч нарса демади.
Омад бир келса қўш келади, дегани айни ҳақиқат. Энди мен бутун мамлакат таниган ишбилармон эдим. Ҳар-ҳил тадбирлар, байрамлар, буларни Берта ҳушламас эди. Табиийки атрофимда гўзал қизлар, ҳушбичим аёллар талайгина эди. Мен бу мавқейимда ҳатто Бертадан ҳам яхшироғига муносибман деб ўйлай бошладим. Шу тариқа ҳаётимда Сандра исмли мафтункор аёл пайдо бўлди...
Кунларнинг бирида тонгда уйга қайтдим.
- Мен ҳаммасини биламан, деди Берта ёш тўла кўзларини менга тикиб.
- Азизам нима ҳақида гапиряпсан, дедим ҳотиржам.
- Сен, сен ўта кетган тубансан. Қандай қилиб? Ахир қандай қилиб?... Бертани жазаваси тутар, хонадаги буюмларни ҳар тарафга улоқтирар эди...
Бир тун аллақандай товушдан уйғониб кетдим. Қаршимда Берта, қўлида ошхона пичоғи. Чамаси у мени ўлдирмоқчи эди. Менга қўлидаги қуролдан ҳам оғирроқ ботгани кўзларидаги нафрат эди. У менга дунёдаги энг жирканч ҳашоратга қарагандай қарар, энди жар солмас, бақиришга ҳам ҳоли қолмаган, аччиқ алам билан йиғлаганча:
- Сендан нафратланаман. Сендай инсонни севганим учун ўзимдан ҳам нафратланаман. Сен ҳатто ўша суюқоёқ Сандрага ҳам арзимайсан...
Ўша тунги воқеадан сўнг бироз вақт уйга қайтмадим. Ҳатто Бертанинг ҳолатидан, мендан қасос олиш ниятида эканидан бироз чўчидим ҳам. Табиийки ўша тунларни Сандра билан ўтказдим. Ҳафтанинг охири, якшанба куни уйга қайтдим.
- Яхши келдингми? - Сўради Берта. У анча ҳовуридан тушган эди.
- Азизам кечир! Иш юзасидан сафарда эдим.
- Биламан азизим, ишинг кўп. Ҳозир иккимизга қавҳа тайёрлайман, деди-ю ошхона томон юзланди. Бертанинг ўзгариб қолгани мени ҳайратга солди. Менимча у мени йўқотишдан қўрқан. Келмаган тунларим соғинган, деб ўйладим. Аммо, Бертанинг юз-кўзидан нимани ҳис қилаётганини англаб бўлмас эди. Жуда кучли муҳаббат ва унданда кучлироқ нафрат...
У билан бирга қаҳва ичдик. У негадир ҳаяжонланар, қаҳва тутган қўллари титрар, ранги бирдан бўзариб кетди. У ўрнидан турмоқчи эдиҳамки гурсиллаб йиқилди.
- Берта-а-а-а... азизам сенга нима бўлди? Уни юзлари кўкариб кетган, аъзои-бадани татрар, нафас олишга қийналарди. - Мени кечир азизам сени ортиқ ҳафа қилмайман, мени қўрқитма! Унинг кўзлари нафратга тўла эди. Бертанинг сўнгги сўзлар шундай бўлди: - Минг лаънат сенга. Қаҳва чашкаларини адаштириб юбордим!...
© Оқил Тўрақул
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев