1.
– Маҳзуна! Қаердасан, дайди? Яна уйда эмассан, шекилли?
Даҳлиздан бўш челакнинг даранглатиб тепилгани эшитилди.
Боласини эмизаётган Маҳзуна бешик ёпинчиғини ёпди-ю, ирғиб ўрнидан турди.
– Илҳомжон, сен бешикни тебратиб тур, даданг келди!
Маҳзуна шошилиб даҳлизга чиқди.
– Уйдаман, дадаси, Мафтунангизни ухлатаётувдим.
– Мафтунангиз дема! – ўшқирди оёғида зўрға турган Аббос. – У сенинг Мафтунанг, сеники.
– Хўп, дадаси, иккимизники, секинроқ гапиринг, уйғотиб қўясиз.
– Иккимизники эмас, сеники! – Маҳзунанинг юзига шапалоқ тортиб юборди Аббос. – Сен уни отангникида туққансан!
– Уялинг, дадаси, дадамникига кетганимда Мафтуна қорнимда тўққиз ойлик эди, ўшанда ўлгудек дўппосламасангиз, уйда туғардим.
– Фарқи йўқ, – ғудранди Аббос. – Отангникида туққанмисан, бўлди-да.
– Илҳомжонни ҳам отамникига кетганимда туққанман, дадаси, – яна қўл кўтарган эринининг зарбасидан юзини тўсди Маҳзуна.
– Ўғлинг ҳам, қизинг ҳам бировдан бўлган, ҳароми!
Аббос Маҳзунанинг қорнига тепди. Маҳзуна букчайиб қолгач, боши-ю, елкаларига аямай муштлай бошлади.
– Ҳали кимдан эканини ҳам бўйнингга қўйиб бераман, сен суюқоёқнинг!
– Бўлди қилинг, жон дадаси, болалар қўрқади!
– Қўрқсин! Ўлиб кетсин! Ҳамманг ўлиб кет!
Аббос Маҳзунанинг сочидан бураб, юзига ура бошлаган эди, ичкаридан Илҳомжон югуриб чиқди.
– Дадажон, урманг аямни! Аям сизга нима қилди? Нимага ҳар куни урасиз?
– Оғзингни юм, итвачча!
Аббос ўғлининг ёқасидан чангаллаб, даст кўтариб олди. Бирпас унинг юзига пишиллаб қараб турди. Уни ҳам урмоқчи бўлиб, қўлини ўнглаган эди, Маҳзуна қўлига ёпишди.
– Болани урманг! Қанча урсангиз, мени уринг!
Аббос Илҳомжонни унга қараб отиб юборди.
– Боланг каллангни есин!
Аббос сўкина-сўкина, нариги хонага ўтиб кетди. Унинг диванга гупиллаб ўзини ташлагани эшитилди.
– Йиғлама, болам! – Илҳомжонни қучоқлаб олган Маҳзуна ўзининг кўз ёшларини тия олмас эди.
Она-бола анча вақт бир-бирини қучоқлаб, унсиз йиғлаб ўтиришди. Мафтуна ингалаб йиғлаб қолгунича шу алфозда ўтиришди.
– Чоп, бешикни тебрат! Синглинг йиғламасин! Йиғлаганини эшитса, даданг ҳаммамизни дўппослайди, – ўрнидан турди Маҳзуна. – Мен сенга бирор нима пишириб бераман.
– Хўп, аяжон!
2.
Маҳзуна ошхонага ўтди. Ўзининг оч қолгани эсига ҳам келгани йўқ, ўғлига бир нима пишириб бермоқчи бўлди. Аммо ошхонадан ўша бир нима топилмади. Гўшт, ёғни кўрмаганига бир ой бўлди. Сабзавот қайнатиб, бирор овқат қилай, деганди, на картошка, на сабзи, на шолғом толпилди. Уч кундан бери эрига тайинлайди, кошки бир нима кўтариб келса. Ўзи улфатлари билан кун бўйи кўчада, чойхонада қорнини тўйғазиб, ичиб, алламаҳал кириб келади. Хотини, болалари нима ****, нима ичаяпти, сўрамайди ҳам, хотини айтса, олиб келмайди ҳам. Ҳадеб сўрайверса, калтаклайди.
Маҳзуна моллардан хабар олди. Сигирининг охурига емиш ташлади. Бузоғининг арқонини бўшатди. Сигир соғди. Озгина қуруқ хас еган сигир бир косагина сут берди. Товуқхонага ўтди. Эски сандиқдан бир ҳовуч маккажухори олиб сепди. Сомон устида уч дона тухумни кўриб, севинди. Иккитасини олиб, ошхонага қайтди.
Маҳзуна сутни пишириб, тухумларни қайнатиб келгунича ўғли бешикнинг ёнида ухлаб қолибди. Сочларини силаб, уйғотди.
– Тур, Илҳомжон, қара, сенга нима пишириб келдим?
Илҳомжон кўзларини уқалаб, онасининг ёнига ўтирди.
– Олдин тухумни **** ол, ўғлим, кейин сут ичамиз.
Илҳомжон тухумнинг иккинчисини емади.
– Ўзингиз емадингиз-ку? Бунисини сиз енг!
– Меҳрибонимдан айланай, майли, мен ҳам ейман, – деди Маҳзуна. – Сен сутдан ич!
– Нон тўғраб беринг!
– Нонимиз қолмабди, сутнинг ўзини ичиб тур, эртага, албатта, нон ёпаман.
Маҳзуна ўғлини алдади. Эртага нонни нимадан ёпади? Ун тугаганига беш кун бўлган. Охирги яримта нонни эрталаб, сутга тўғраб ейишган.
Эртага отасидан ёрдам сўрамаса бўлмайди. Бир хамирлик ун, озгина ёғ, шакар олиш учун пул сўрайди. Отаси Маҳзунани кўриб, хурсанд бўлмайди. Эридан аразлаб борганларида ҳам қайтариб, ортига ҳайдайди. «Ғор бўлса ҳам уйинг, айиқ бўлса ҳам эринг», дейди. «Нима бўлсанг, уйингда бўл, қизи қайтиб келибди, деган гапни кўтаришни истамайман», дейди. Отасиникига боришдан Маҳзунанинг юраги безиллайди, аммо бо
шқа қаерга ҳам боради?
Болаларини ухлатган Маҳзуна ана шуларни ўйлай-ўйлай, энди кўзи илинган экан, ёқасидан кирган қўл кўксини чангаллади.
– Келмайсанми энди, қачонгача кутаман? – деган эри уни нариги хонага судради…
3.
Урайимжон ака бир даста беш юз сўмлик пулни Маҳзунанинг олдига қўйди.
– Ҳадеб келаверма! Эрингни менга ёмонлагунча, ўзинг йўлга солсанг бўлмайдими? Э, лапашанг!
– Ҳадеб Маҳзунани уришаверманг! – қизининг ёнини олди Ҳанифа опа. – Ўша куёвингизни йўлга солиб бўладими? Ўз ота-онасининг гапини олмайдиган куёвингиз Маҳзунанинг гапига қулоқ солармиди?
– Одамлар айиқни қўлга ўргатаяпти! – овозини кўтарди Урайимжон ака. – Филни ўйнатаяпти, йўлбарсни, шерни ўйнатаяпти! Куёвинг алвасти эмас-ку?
– Сиз ҳам эркак-да, эркакнинг ёнини оласиз, – ўрнидан турди Ҳанифа опа. – Ўз қизингизга, ҳеч бўлмаса, яхши гапингизни гапирсангиз, нима қилади?
– Маҳзунадан бошқа болаларим ҳам бор, – деди Урайимжон ака. – Чиққан қиз чиғириқдан ташқари.
– Майли, бора қол, қизим, – деди Ҳанифа опа Маҳзунанинг рўмолини тўғрилаб қўйиб. – Ҳамма эркак шу, уларга доим биз, аёллар айбдор.
Она-бола ташқарига чиқишди.
– Аяжон, бу кетишда бир куни куёвингиз мени ўлдириб қўяди, – пиқиллади Маҳзуна. – Ҳалиям бўлса, …
– Ундай дема, қизим, – Маҳзунани гапиргани қўймади Ҳанифа опа. – Чиқиб келсанг, бу кунинг ҳам йўқ, болам. Бошқани қўявер, акаларинг, янгаларинг қолиб, отангнинг ўзи сенга кун бермайди. Камига мени ҳам **** қўяди. Ўз уйингда тинч бўл, қизим!
– Майли, аяжон, невараларингиздан хабар олиб туринг!
– Бориб хурсанд бўлсам экан, қизим. Эринг итдек беҳурмат қилади. «Нега келдинг»дан бошлаб, «Қачон кетасан»дан тугатади.
– Шунга мени сиз бергансиз-ку, аяжон?
– Даданг, қизим, – деди Ҳанифа опа. – Жўрам яхши одам, деди. Ўғли бунақа бўлишини ким билибди, дейсан?
– Мен билдим, аяжон, мен билдим.
Маҳзуна бир-бир босиб, уйига қараб кетди.
Эллик минг сўмга нима берарди? Ўзи айтганидек, бир хамирлик ун, бир кило шакар, бир шиша ёғ, музлатилган товуқнинг битта оёғи, икки халтача макарон, бир халтача туз, ўнта гугурт, иккита конфет.
Маҳзуна аввал ичкари уйга кириб, болаларидан хабар олди. Илҳомжон синглисини қитиқлаб, қиқирлатиб кулдириб ўтирган экан.
– Синглинг кўп йиғламадими? Сени қийнаб қўймадими?
– Озгина йиғлади, оғзига сиз докага тугиб берган дурдани солган эдим, овунди, – деди Илҳомжон. – Кейин иккаламиз гаплашиб ўтирдик.
– Синглинг гаплашдими? Нима деди?
– Мен гаплашдим, у ҳи, ҳи деб турди, – деди Илҳомжон. – Аям нон, овқат олиб келади, дедим. Бугун ҳаммамиз овқат еймиз, дедим. Тўғри айтибманми, аяжон?
– Тўппа-тўғри айтибсан, Илҳомжон, кўп нарса олиб келдим. Ҳозир нон ёпаман, овқат пишираман. Қара, нима олиб келдим? – деди Маҳзуна ва елимхалтадан конфетларни олиб, Илҳомжонга узатди.
– Ур-ра! «Сниккерс»! – қийқириб юборди Илҳомжон.
Маҳзуна ошхонага чиқиб, ун элаб, хамир қорди. Хамирни ўраб қўйиб, молларига сув, емиш берди. Аввал тандирга, сўнг ўчоққа олов ёқди…
4.
– Ҳаммасини билиб юрибман, сен Ўктам фермер билан дон олишиб юрибсан!
– Ҳамсоялар эшитса, нима дейди? Бақирманг!
– Ҳа, одамлар эшитмасин, билмасин, дейсан-да? Демак, ҳаммаси тўғри экан-да?
Даладан елкасида кетмонча, бир қўлида сигирнинг арқони, бир қўлида бир боғ ўт билан ҳовлига кириб келган Маҳзуна кетмонча ва ўтни нарироқда қолдириб, сигирни қозиққа боғлади. Эрининг ёнига келди.
– Дадаси, уялмайсизми? Мактабда фаррошлик қилганимда, менга директорни ўйнаш қилувдингиз, духтурхона фаррошлигига ўтганимда, Азим духтурни ўйнаш қилувдингиз, энди менга ўйнаш қилмаганингиз Ўктам раис қолувдими? Ишламай уйда ўтирсам, болаларим билан очимиздан ўлсак, айтинг, нима қилай? Шу раиснинг ҳалиям инсофи бор экан, сизнинг дастингизда мени бирор киши ишга олмай қўйганда менга иш берди. Даласида ишлаб, ҳам ойлик оламан, ҳам сигирни тўйдириб келаман, ҳам бир боғ ўт олиб келаман. Ўзингиз ақалли бир боғ ўт олиб келмайсиз-ку?
– Ҳозир ўтни кўрсатаман сенга!
Аббос бир боғ ўтнинг устида турган кетмончани олиб келиб, Маҳзунанинг елкасига урди.
– Вой, аяжон! – жони борича дод солди Маҳзуна. – Ёрдам беринглар!
Аббос ерга йиқилиб қолган Маҳзунани тепиб ётган эди, қўшниси Зоҳиджон девор
и бўлганида орқасидан келиб тепган Сожида деган аёлнинг тепкисидан гандираклаб кетиб, йиқилди. Аёллар Аббосни ура бошлашди. Сожида Маҳзуна ҳушидан кетганини кўриб дод солди:
– Ўлдириб қўйди!
Воқеадан хабар топган Ўктам раис Маҳзуна билан Сожидани олиб, шифохонага жўнар экан, ёнидаги йигитга тайинлади:
– Анави аблаҳнинг қўл-оёғини боғлаб, мелисага олиб боринглар! Уриб, ўлдириб қўйманглар! Бунинг ўлиги тиригидан қиммат.
Маҳзуна икки ой касалхона ётди. Пичоқ ўпкасини тешган экан. Бошқа жароҳатлари ҳам битди. Аммор чайқалган миясининг даволаниши узоқ чўзилди.
Маҳзуна касалхонадан чиққан куни Аббоснинг суди ҳам бўлди. Уч йилга қамашди.
6.
– Ўз уйинг – ўлан тўшагинг, қайтиб келиб нима қиласан? – деди Урайимжон ака. – Эринг қамалиб кетди, кимдан қўрқасан, уйингда ўтиравер!
Отасидан бошқа гапни ҳам кутмаган Маҳзуна тақдирига тан берди. Уйига қайтиб келиб, яшайверди. Ҳар замонда Ҳанифа опа, баъзан уни айбламаган Абдужалил ака билан Қумри опа хабар олиб туришди. Турмага ҳам йилда бир марта қайноғаси Собир ака бориб келди, холос.
Турма дегани ҳайвонни одам қилолмас экан. Аббос келган куниёқ ичишни бошлади. Шу куниёқ Маҳзунага муштини ўқталди.
– Кет! Бу уйда қорангни ҳам кўрмай!
– Ҳеч қаёққа кетмайман, – деди Маҳзуна. – Уйда менинг ҳам ҳаққим бор. Шу уйни қуришда сиз билан баравар ишладим. Шу уйда бола-чақа қилдим, мол-ҳол қилдим.
– Бола-чақангни ҳам олиб кет! Мол-ҳолингни ҳам олиб кет! – бақирди Аббос.
– Бошқа борадиган жойим йўқ, шунинг учун ҳам ҳеч қаёққа кетмайман!
– Унда шу уйдан ўлигинг чиқади!
Аёл зоти «Эримга бир куни инсоф бериб қолар», деб ҳаммасига чидаб, яхши кунлар келишига умид қилиб, яшайверар экан. Маҳзуна эридан рушнолик кўришига ишонмаса ҳам, кап-катта бўлиб қолган Илҳомжонидан, мактабга қатнаётган Мафтунасидан яхшиликларни кутиб, Аббоснинг калтакларига чидаб, яшайверди.
Ҳар куни ичиб келадиган эрини Маҳзунанинг ўзига яқин йўлатмаслиги уни қутуртириб юборар, қамоқдан келгандан бери Маҳзуна таёқдан ҳамма ёғи моматалоқ бўлиб кетса ҳам унинг хонасига бормас эди.
Икки шиша ароқ билан икки бўлак колбаса кўтариб келган Аббос оғилдан болтани олиб келиб, Маҳзуна ва болаларининг олдида уни ўткирлай бошлади.
– Бугун кечаси ёки менинг хонамда ётасан ёки шу бугун ўласан!
Болалари изиллаб йиғлай бошлаган Маҳзуна уларни овутди:
– Даданг ҳазиллашди, қўрқманглар! Агар сизлар икковингиз ётишга қўрқмасаларингиз, мен дадангизнинг ёнида ётаман, олам гулистон.
– Биз қўрқмаймиз, аяжон, майли, дадамнинг айтганини қилинг! – деди Илҳомжон.
– Мен ҳам қўрқмайман, аяжон, акамнинг ёнида ётаман, – деди Мафтуна.
– Ана, ҳаммасини келишиб олдик, – деди Маҳзуна. – Юринг, дадаси, ўрнингизни солиб бераман.
– Шундай бўлсин! – деган Аббос гандираклаганча хонасига кириб кетди.
Ортидан кириб келган Маҳзунага нафрат билан қаради.
– Ҳозир эмас! Болаларинг ухласин! Аммо барибир бугун ўласан!
Аббос шишалардан бирини очди. Бир стакан тўлдириб ичиб, колбасадан бир тишлади.
– Бор, йўқол! Ўзим чақираман, керак бўлсанг!
Маҳзуна эрининг кўзида шу пайтгача кўрмаган бир учқунни кўрди. Бу кўзлар бугун бошқача ёнаётган эди. Қўрқди. Эрининг турмадан наша чекишни ўрганиб келганини ҳали билмайдиган Маҳзуна бугун унинг улфатлари билан роса чекканини ҳам билмасди. Аммо эрининг важоҳати ёмонлигини сезар, ичидан дағ-дағ титраб бир қўрқув келарди.
Эридан бир-икки хабар олган, икки шиша ароқни ичиб ҳам ухлаб қолмаётган эридан хавфсирайвериб, асаби дош бера олмаган Маҳзуна секин унинг ёнига кирди.
– Дадаси, энди ухлайлик, кеч бўлиб кетди, майли, шу ерда ётаман.
– Роса эрни соғиниб кетганга ўхшайсан, – деди Аббос ҳиқиллаб. – Майли, ётсак ётамиз. Аммо билиб қўй, охирги марта ётишинг! Кейин барибир ўлдираман сени! Уч йил давомида қилган бузуқликларинг учун бугун товон тўлайсан!
– Сиз ётиб туринг, мен болалардан бир хабар олиб келай.
– Уф-ф, яна болалар, болалар! Уларни ҳам ўлдираман бугун!
Аббос тўшакка ўзини дустаман ташлаб, пишиллай бошлади. Секин даҳлизга чиққан Маҳзунанинг кўзи тиғи ялтиллаб турган болтага тушди. Секин уни қўлига олиб, эрининг хонасига қайтиб кирди. Бор кучи билан болтани эрининг бошига урди.
– Иҳ-ҳ!
Эри иккинчи уришидаёқ т
ипирчилашдан тўхтаган бўлса-да, Маҳзуна яна ва яна болта билан ураверди. Чарчаб, болтани кўтаришга кучи етмай қолгандан кейингина тўхтади.
Эрининг хонасини маҳкам ёпиб, даҳлизга чиққан Маҳзуна кийимларини ечиб ташлади. Чўмилди. Тоза кийимларини кийиб, болаларининг олдига кирди. Уларни қучоқлаб, эрталабгача алла айтди.
7.
– Қасддан одам ўлдирган айбланувчи Маҳзуна Санақулова Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 97-моддаси, 2-қисми, б) банди билан айбли деб топилиб, унга 12 йил қамоқ жазоси берилишини талаб қиламан!
Прокурорнинг бу гапидан сўнг суд залида шовқин-сурон бўлиб кетди.
– Бизнинг келинимизга даъвомиз йўқ, – деди Абдужалил ака. – Аслида, Аббосни ўзим ўлдиришим керак эди. Ҳамасига биз айбдормиз. Келинни қамаманглар, илтимос!
– Қамалмасин!
– Қамалмасин!
Судья залдагиларни тинчлантиргач, маҳалла назоратчиси бўлган милиционер сўз сўраб, Маҳзунанинг эри тартибсиз ҳаёт кечиргани, муттасил равишда ароқ ичиб юргани, хотинини доимий равишда калтаклаб келганини, бир неча марта тарибга чақирилиши, маъмурий жавобгарликка тортилишига қарамай, ўз қилмишларини давом эттириб келганини айтиб, Маҳзуна Санақулованинг жазосини енгиллаштиршни сўради.
Маҳалла раиси Қўлдош ака сўз олди.
– Агар кимнидир қамаш керак бўлса, мени қаманглар!
Судъя ҳам, бошқалар ҳам ҳайрон бўлиб, ҳамма жим бўлиб қолди.
– Мен, Маҳзуна яшайдиган маҳалланинг раиси, ҳаммасини кўриб, билиб, бунга кўз юмиб, индамай юрдим. Аслида энг катта жиноятчилар биз, маҳалла фаоллари, Маҳзунанинг, Аббоснинг ота-оналари, қўни-қўшнилармиз! Аббосга ўхшаганларга ҳар куни ароқ сотган дўкончилар жиноятчи! Аббос билан ҳар куни ичган пиёнисталар жиноятчи! Ўшаларни қамаш керак. Бизни қамаш керак. Вақтида Маҳзунани у ярамаснинг қўлидан қутқариб, уларни ажраштириб юборишимиз керак эди. Маҳзуна қамалса, мен ўзимни кечира олмайман. Илтимос, унинг ўрнига мени қаманглар, зора, виждон азобидан қутулсам.
– Суд маслаҳатлашиб олиш учун танаффус эълон қилади!
Чорак соатдан сўнг қайтиб кирган судья қарорини эълон қилди:
– Суд Маҳзуна Санақулованинг иккита ёш боласи борлиги, муқаддам судланмагани, содир қилган жиноятидан қаттиқ пушаймон экани, жиноятни содир этиш чоғидаги руҳий ҳолатларини, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва қолган барча вазиятларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, шартли ҳукм тайинланди. Суд Маҳзуна Санақуловага нисбатан уч йиллик кузатув чорасини қўллайди. Кузатув муддати ичида Маҳзуна Санақулова ўз уйида яшаши, ишлаши, болаларини тарбия қилши ва ҳар ойнинг ўн бешинчи санасида туман ички ишлар бўлимида рўйхатдан ўтиб туриши шарт. Бу муддат ичида унинг бошқа жойга кетиши таъқиқланади.
Тамом
муаллиф Каримберди Тўрамурод.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев