Узатилганига бир ҳафта ҳам бўлмаган қизим тонгда йиғлаб қўнғироқ қилди:
– Онажон! Ойижон (қайнонам) менга айтдиларки, гўёки сиз менга совға қилган занжирингиз тилла эмас, балки арзон тақинчоқ (бижутерия) эмиш. Сиз менга «қимматбаҳо совға» деб уйдан узатилган куним тақиб қўйган эдингиз-ку. Наҳот мени алдагансиз, онажон?
Гап нимада эканини билмай ҳайрону лол қолдим. Сўнгра ўзимни қўлга олдим-у, бўйнимдаги занжирни ечиб, дўкондан харажат қилиб, ўғлимнинг қўлига тутқаздим.
– Тез опангнинг уйига бориб, унинг занжирини ечиб, менга олиб кел. Буни тақиб олсин.
Орият ўлимдан кучли. Аммо мен ўзимга савол беришдан тўхтамас эдим. Ахир қизимга тақиб юборган занжирни тилла дўкондан олганман. Қадимги 583 пробали. Нақ 30 грамм. Бир неча марта текширтирганман. Қандай қилиб у сохта бижутерия бўлади?
Ўғлимни келишини кута бошладим.
Ва ниҳоят, келди. Не кўз билан кўрайки, ўз қўлларим билан қизимнинг бўйнига тақиб қўйган занжирим худди ўша, аммо хақиқатан сохтаси эди.
«Қандай? Бу не ҳол? Занжир қаерда қандай қилиб сохтасига алишиб қолди?»
Саволлар қуйилиб келаверар, аммо жавоб йўқ эди. Дардимни ҳеч кимга айтолмас эдим. Кимга, нима деб айтаман?
Орадан кунлар ўтди. Қизимга аста қўнғироқ қилиб гап олдим.
– Қизим, келин бўлиб тушганингдан кейин занжирингни бўйнингдан ечганмидинг?
Бир оз ўйланиб туриб:
– Ҳа, ечганман. Гоҳида кечаси тиллаларимни ечиб, шкатулкага солиб ухлайман. Тонгда тақиб оламан. Нега сўраяпсиз? – деди.
– Ҳеч ўзим, – тез гапни бошқа мавзуга бурдим.
Кўнглимга шубҳа-гумон оралади. Наҳот куёвим тубан ишга қўл урса?..
Йўқ, йўқ… Астағфируллоҳ! Куёвим ундай иш қилмайди.
Лекин занжир алмашган. Қандай? Қаерда?
…Орадан ойлар, йиллар ўтди. Ҳамма нарса унут бўлди. Аммо сақлаб қўйган сохта занжирга қарасам, эсга тушар ва айтардим:
– Аллоҳ кўргувчи ва билгувчи зотдир! Бу дунёда ошкор қилмаса, қиёматда кўрсатади ким нима қилганини.
Болаларимни бир кўз билан (ҳам ота, ҳам она бўлиб) ҳалол меҳнат билан боқиб, уйга ҳаром киргизмаганман. Ҳаммаси Аллоҳнинг ҳукмига. Ўзи Ҳакамдир!
Орадан йиллар ўтиб кетди. Бир нечта набирали бўлдим. Қизим оиласи билан бахтиёр. Бу орада бизнинг қариндошлар ҳам кўпайишди. Бироқ энг кичик овсинимнинг 12 ёшли қизини эҳтиётсизлик оқибатида машина туртиб юборди. Тез касалхонага олиб кетилган қизалоққа қон қуйиш керак бўлди. Албатта, қизалоқнинг дадаси (қайним) қон топширди. Шифокорнинг сўзи барчани ҳайрон қолдирди:
– Қонингиз қизалоққа тушмади. Бола сизники эмас…
Кичик овсинимиз:
– Қандай қилиб? Нега? Бўлиши мумкин эмас. Яхшилаб текширинглар», -дерди, холос…
– Вақтни ўтказмайлик. Онасидан қон олинглар, – деди жарроҳ.
Барча сукутда. Ҳамма ўз-ўзига савол-жавоб қиларди.
Нима бўлса ҳам қизалоқ соғайиб кетсин. Ота бошини чангаллаганча ер чизиб хаёл сурарди.
– Онанинг қони ҳам қизалоққа тўғри келмади!
Жарроҳнинг жаҳл билан: “Болани асраб олган бўлсаларинг, нега аввал бошидан айтмайсизлар, – деган сўзи ошиб тушди. – Бола сизларники эмас-ку. Асраб олганмисизлар?”
Ҳамма ҳайрон!
Ойлар давомидаги текширувлар натижасида қизалоқ туғруқхонада алмашиб қолгани аниқланди.
Энг аянчлиси, қизимнинг сарпосига тайёрлаб қўйилган тилла занжирнинг нусхасини ясаттириб келиб, ҳақиқийси билан алмаштирганда, кичик овсиним шу қизалоқ билан алмаштирилган чақалоққа ҳомиладор экан.
Аллоҳ ўта кучли ва ўта тадбирли зотдир! Аллоҳга ҳийла қилганлар ўзлари ҳийла қурбонига айланиши муқаррардир!
Кимнидир сотган ва кимгадир хиёнат қилган инсон – бир кун келиб, албатта, ўзи хиёнат қурбонига айланади.
Алдаган инсон бир кун ўзи ҳам жуда ёмон алданади…
Фақат шошилманг!
Қилмишларингиз ҳаётингизнинг қайсидир бурчагида ўзингизни пойлаб туради.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4