ФАРИШТАМ
Руслар бирор фалокатдан омон қолса, “Ангел хранитель”им бор-да, деб қўйишади. Бугун ўйласам, менинг ҳам шундай “ангел хранительим” (қўриқчи дегим келмади) - нажот фариштам бор экан.
Нажот фариштам - онам!
У шундай онаки, ўзи насроний бўла туриб, ўн олти ёшида ўғли мусулмон бўламан, деганида қаршилик қилмаган. Илк бор зурриёди рўза тутганида, саҳарлигу ифторликларини тайёрлаб берган!
У шундай онаки, ўғли илк бор рўза тутганидан яна уч йил ўтиб, Рамазон яқинлашганида: “Болам Рамазон яқин қолибди. Бозорда тақвим сотишаётган экан, олавердим. Ё бу йил тутмайсанми? Тутгин, хўпми, мен қўшниларга, менинг ўғлим бир кунини ҳам қолдирмай тутади, деб айтдим”, деган.
Содда онажоним мендан фахрланган-у, бандаси учун тутмайман, риё бўлади, деб айтишга журъатим етмаган.
У шундай онаки, ўғли дабдурустдан йигирма ёшга кирганида қўлини ҳалоллагиси келиб қолса ҳам, исмини Исломий қилса хам қўллаб-қувватлаган.
У шундай онаки, кимнидир ранжитсам, айб ранжитган кишимда бўлса-да, сен мусулмонсан, сизларнинг Китобда бировга озор бериш гуноҳ дейилган-ку, деб дашном берган.
У шундай онаки, гарчи мўмина бўлмаса-да, елкасию боши очиқ бўлмаган.
У шундай онаки, ўғли ўз жигарини зиндондан омон сақлайман деб қарз ботқоғига ботганида, ўғли қўнғироқ қилиб, онажон, кўнглингиз қандай таом тусайди деганида: “Қотган нон ейман. Сен дўстларингнинг хаққини бер”, деган ва ношуд ўғлининг дастидан ҳануз шу ниятида бардавом.
У шундай онаки, ўғли қаттиқ бемор бўлиб тўшакка михланиб қолиб, зўрға-зўрға хириллаб нафас олиб, аранг гапираётганида дўсти қўнғироқ қилса, ким, деб сўраган. Жавобан ўғли, бу дўстим, Қуръонни тўлиқ ёд олган қори, яхши бола, деса: “Унда майли, яхши-ку, сенгаям ўргатаркан-да, қўнғироқ қилаётган бошқа одам бўлса, ўғлим бемор, уни безовта қилма, демоқчийдим”, деб ўзи билибми-билмайми ё инсоний фитрат юзасиданми, аҳли-илмнинг ҳурматини жойига қўйган.
Ўғличи, ўғли қандай одам, деб сўраманглар.
Ўғли яхши одам эмас.
Мусулмон бўлгани эса Аллоҳнинг раҳми келганидан. Аллоҳ марҳаматли-ку! Қўй, шу бандамни дўзахда ёқмай, деган бўлса не ажаб...
Не-не балолардан, фалокатлардан омон қолдим. Роса ўйладим, қандай яхши амалим бор эканки, Аллоҳ мени сақлади, дея. Ишонинг, соатлаб, кунлаб, ойлаб ўйлаб, яхши амал тополмадим бисотимдан. Сўнг бир куни прокуратурада ишлайдиган таниш киши, онангизни яхши билганим учунгина ишингизни милицияга бермайман, дегачгина англадим: яхши амалим бўлмаса-да, яхши дуогўйим борлигини.
Бўлмаса-ку, аллақачон хор бўлиб ўлиб кетармидим...
Уяли телефонимда яқин биродарларимнинг онаси билан тушган суратларини асраб юраман. Салим Аҳмедовнинг самовар олдида ҳазин жилмайиб турган онасини хам, Хуршид Муҳаммадрозиқовнинг ўғлидан мамнун иймонга бой онасини ҳам, Давронбек Тожиалиевнинг мағрур ва хушнуд қиёфадаги волидасини ҳам яхши кўраман. Суратларига узооооқ тикилиб ҳавас қиламан.
Улардек яхши ўғил бўлишни орзу қиламан. Аллоҳ ниятимга еткизсин! Омин!
ОНАМНИНГ ДУОСИ
Савоблар олмосин охират учун,
Тердим намозимнинг ҳар ракаътидан.
Ғаним дер: Чоҳ қаздим, тириксан нечун?
-Онам дуосининг барокатидан!
Кулбамни буздилар, қасрлар қурдим,
Ўн бор йиқитдилар, ўн бир бор турдим.
Зиндонга тушмадим, ҳурликда юрдим,
Онам дуосининг барокатидан!
Қиличлар санчдилар - кўксим сезмади,
Рутубат шамоли бошда эсмади.
Жаллоднинг болтаси бошим кесмади,
Онам дуосининг барокатидан!
Қалб тахтига қаҳр султон сайланган,
Жонимни олмоққа кеча шайланган -
Душман бугун содиқ дўстга айланган,
Онам дуосининг барокатидан!
Айбимни билганлар сотмаётирлар,
Маломат тошларин отмаётирлар.
Қайғулар қўлимдан тортмаётирлар,
Онам дуосининг барокатидан!
Бўҳтон қилай десам ,забонимдир лол,
Зинога чорлаюр жонон тили бол,
Бориб қучай десам, оёқларим шол,
Онам дуосининг барокатидан!
Кардирман иғвони тинглаб қолмоққа,
Кўрман номаҳрамга назар солмоққа.
Каззоблар келмади жоним олмоққа,
Онам дуосининг барокатидан!
Мен нима ҳам дердим, қувончга тўлдим,
Меҳрибон онага зурриёд ўлдим.
Қани бир кун деса: “Мусулмон бўлдим,
Болам дуосининг барокатидан”!
Абдураҳмон Мешаян
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1