Ярим тун. Ерни оппоқ рангга безаб ёғаётган қор устида кичкина кичкина изчалар пайдо бўлаяпти. Бешта. Йигирмата. Элликта. Уларнинг пайдо бўлиши сониялар ўтгани сайин тезлашарди. Кичкинагина калишча қолдираётган бу излар эгаси бурнини тортганча маҳалла бошига шошар эди. У “Эрталабгача ишлайди” деб тинмай ичида такрорларди. Қўлчалари совуқдан бир зумда музлай бошлади, бироқ қизалоқ бунга эътибор бермай югуришда давом этарди. “Очиқ бўлсинда! Эй, Худойим, ёпиқ бўлмасин!” деганида оғзига учиб қирган совуқ ҳаво томоғини музлатиб юборгандек бўлди...
Тоҳирбек ҳар доимгидек тунги навбатчиликда севимли ўйинининг янги босқичларини босиб ўтиш билан банд эди. Кўзлари илинай илинай деса ҳам чидарди. Бугун жуда қийин кун бўлди. Кундузи ухлай олмади. Одатда навбатчиликда турадиган куни тушлик пайтида икки соат мизғиб оларди. Бироқ бугун юмушлар, ташвишлар, бозор-ўчар билан кун ўтиб кетди. Мана ҳозир ухламаганлиги оқибатида кўзларини ишқаб ўтирибди...
- Ким бооор??- жарангдор овоз уни уйқусини бироз қочириб юборди.
- Ҳозир, ҳозир!- деб шовқин солаётган харидор олдига чиқди.
Тунги савдо учун мўлжалланган туйнукчани очганида аввалига ҳеч ким кўринмади. Пастга қараганда эса етти ёшлардаги қизалоқ унга қўлидаги пулни узатиб турганини кўрди. Қизчанинг бурни совуқдан қизариб кетган, тез-тез нафас олиб гапирарди:
- Аналгин билан димедрол уколини бериб юборинг илтимос...
- Ҳозир,- деб пулни олдида ичкари кириб кетди.
- Фақат тезроқ! Илтимос,- ялиниб қолди қизча.
Тоҳирбек ярим тунда бу қизни бир ўзини ким дорихонага чиқарди экан деган ўй билан айтилган дориларни тез-тез елим халтачага солди. Ёнига битта шприц ҳам қўшди. Қайтимини ҳам солиб қўйди.
- Раҳмат катта!- қизалоқ бурнини тортганча яна йўл бўйлаб югуриб кетди.
Оппоқ қорда бу ерга етаклаб келган излар ёнида бу ердан узоқлаштираётган янги изчалар пайдо бўла бошлади.
Тоҳирбек унинг ортидан бироз кузатиб турди.
- Тавбаа! Бундан каттароқ одам йўқ эканми уйида?! Ўзи етиб олармикан?
Катталарнинг маъсулиятсизлигидан жаҳли чиқди. Қизалоқ эса йигирма метрча югургач бирдан тўхтаб қолди. Жойида тошдек қотди. Унинг дир-дир титраётгани Тоҳирбекка шундоқина сезилиб турарди. Шошиб ташқарига чиқди.
Эшикни тезда қулфладида у томон югурди. Яқинлашганида қизнинг нега бирдан тўхтаганини ва ундаги титроқ аслида совуқдан эмас, балки қўрқувдан эканлигини тез тушунди.
Қизчадан етти-саккиз қадам нарида тишларини ғичирлатганча катта қора ит ташлангудек бўлиб турарди. Тоҳирбек вазиятга тез баҳо бериб қизни олдига ўтди ва ўзи билан уни тўсди.
- Қўрқма, секин юриб борамиз. Шунда тегмайди.
Қўлини узатди. Жажжи бармоқчалар унинг кафтини маҳкам сиқиб олди.
Итнинг ёнидан секин ўтиб боришди. У ҳамон тишларини ғичирлатганча ғириллаб турарди. Оғзининг четидан осилиб турган оппоқ кўпик аралаш сўлакларни кўрган Тоҳирнинг юрагига ғулғула жойлашди. Тиббий олийгоҳда ўқиган йигит итнинг қутирган эканлигига шубҳа қила бошлади. Ҳа! Шунга жуда ўхшаб кетарди.
Ит бирдан акиллаб улар томон важоҳат билан югуриб кела бошлади. Буни кўрган қизалоқ бир чинқирдида Тоҳирнинг қўлидан чиқиб, уйи томон югуриб кетди.
Йигит қандайдир сониялар ичида тўғри ечимга келди. Эгнидаги оппоқ халатни тез ечиб, билагига ўраб ташлади. Ит бир сакрашда унинг қўлига чангал солди.
Қор устида кураш бошланди...
Солиҳа уйига шошиб кириб келганида беш дақиқа аввал ишдан қайтган отаси уни хавотир билан кутиб олди.
- Қаерда эдинг?! Хонангда ухлаб ётибсан деб ўйлабман.
- Дорига чиққандим,- қизалоқ йиғлаб гапирарди,- ойимнинг иссиқлари кўтарилди. Улар билмайдилар кетганимни.
- Биламан, мен шифокор олиб келдим, укол қиляпти.. Кир ичкарига, нега сўрамай чиқдинг кўчага?!
Ота бир томондан жаҳли чиқса, иккинчи тарафдан қизининг онасига меҳрибонлигини кўриб уни қучиб ўпиб олгиси келарди..
- Дада, юринг юринг кўчага! Битта ит дорихоначига сакради! У мени ҳимоя қилганди!
У йиғидан тўхтамасди. Ота қизини уй ичига киритиб юбориб ўзи ташқарига шошди.
Ҳозиргина қор юзини безаган майда излар ёнида энди катта-катта оғир излар пайдо бўла бошлади. Улар ҳам жуда тез кўпайиб борарди. Ўнта, йигирмата, элликта...
Дорихонагача ҳеч кимни
учратмаган эркак шошиб эшикдаги туйнукчани тақиллата бошлади. Ичкаридан чиққан йигит қўлида титилиб кетган халатини ушлаб турарди.
- Ука, сизга ҳеч нима қилмадими? Мен ҳозирги қизнинг отасиман..- шошиб ҳол-аҳвол сўрай кетди югурганидан юраги ўйнаб кетган эркак.
- Йўқ, итнинг эгаси келиб қолди,- деб хўрсинди Тоҳирбек,- ака ярим кечаси ёш болани кўчага чиқариш тўғрими?
- Мени хабарим йўқ эди. Энди келдим ишдан. Хотиним чақириб олди, тоби қочган экан,- ўзини оқлашга уринарди эркак.
- Майли, эҳтиёт бўлингларда...
Шу кундан бошлаб дорихонага йўли тушса тушмаса оиланинг деярли барча аъзолари бу ерга кириб ўта бошладилар. Ҳар сафар Тоҳирбекка раҳмат айтиб чарчашмас эди. Йигит ҳар сафар ҳижолат бўлиб “Арзимайди” деб қисқагина жавоб берарди. Айниқса қизалоқнинг аммаси, институт талабаси бўлмиш Гўзал келганида йигитнинг юрак уриши тезлашарди. Қизнинг тилидан чиққан “Раҳмат” сўзи нафис таронага ўхшаб кетарди. Солиҳанинг олиб келган, аммасининг қўлидан чиққан мазали сомсалар-у, турли пишириқлар Тоҳирбекнинг жону-дили бўлиб қолди...
Бир йилдан кейин маҳалла тинчини қатта лимузин ва унинг ортидан тизилиб келаётган қоп-қора машиналар шовқини бузди. Катта пушти кўйлак кийиб олган Солиҳа оппоқ либосдаги аммасининг атрофида айланиб қувончдан кўзи тўймасди. Гўзал эса яқинларининг кўзига қарашга уялиб, нуқул жиянини юзидан чимчилаб қўярди:
- Нега ўшанда дорига чиқдинг-а!
- Ўша куни сиз йўқ эдингизда!- деб кулиб қўярди қизалоқ.
Жиянининг гаплари қулоғидан кирар экан Гўзалнинг юрагида ҳаяжондан тинай демасди.
Уларнинг уйлари томон эса жўралари қуршовида бу оила учун куёв эмас, ўғил деб тан олинган йигит – дорихона сотувчиси Тоҳирбек яқинлашарди, оппоқ қор устида изларини қолдириб. Ўнта... Йигирмата... Элликта...
(Баҳром Муҳаммад)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1
Буласан. Бирини. Укиб. Йиглашни. Хам. Билмисан