"Жаҳаннамда ҳаво бунданда иссиқроқ бўлади"
Бугун ҳаво ҳарорати Киевда анча юқори даражада бўлди. Мен одатдагича пешиндан сўнг дўконимга қўшни бўлган бозорчага ўтиб, шавурма учун помидор, бодринг харид қилмоқчи бўлдим. Бозорчада Озарбайжонлик йигитлар сабзавот маҳсулотларини сотиш билан шуғулланишади.
Бозорчага бир неча қадам қолганида қизим Фатиманинг дугонасининг онаси бўлмиш Ислом динини қабул қилган Юлия исмли украинка аёлга кўзим тушди. Мен яшайдиган районда ўзини аёллар косметик салонига эга бўлган бу муслима исломий кийиниши билан ҳаммадан ажралиб туради.
Савдо растасига борганимда мусулмонча кийиниб рўмол ўраган бу аёл ерга қараган ҳолда одатдагича менга: Ассалому алайкум, деди. Мен Ва алайкум ассалом, деб жавоб бердим ва бир маротабалик ишлатилувчи селофан халтачани олиб, помидор саралай бошладим.
Дўкондор ҳисобланувчи Озарбайжонлик йигит нохосдан бу муслимани бошидан оёқ кузатиб туриб, қандайдир нописандлик оҳангда: "Бу кийинишда сенга ҳаво иссиқлик қилмайдими?, деди.
Бу саволни мусулмон бўлмаган киши берганида менга қизиқ туюлмас эди, аммо ўзини мусулмон деб гапирувчининг бу каби савол бериши менга қизиқ туюлди. Жавоб эса мен ўйламаган даражада зўр бўлди.
Украинка муслима аёл ўзи саралаётган бодрингларни саралашни хотиржамлик билан давом эттирган ҳолда: "Жаҳаннамда ҳаво бундан-да иссиқроқ бўлади", деди.
Мен: "Субҳаналлоҳ", деб қўйдим. Озар йигит эса ер ёрилмади, у ерга кирмади.
Бу суҳбатни сабзавот саралаётган кўплаб харидорлар эшитишмади, ёки эътибор беришмади, чунки муслима шунчалик усталик билан оҳиста ва ҳеч кимнинг эътиборини жалб қилмасдан жавоб қилди.
© Dustnazar Khudoynazar.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1