😔😢
Исрофил алайҳиссалом биринчи марта сурни чалганда Ер қаттиқ силкинади ва ер юзи теп-текис бўлади, ундаги ҳамма нарса ўлади. Етти осмон аҳли, барча фаришталар ҳам ўладилар. Фақат Жаброил, Микоил, Исрофил ва ўлим фариштасигина қоладилар.
Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан ўзи билсада: эй ўлим фариштаси, кимлар тирик қолди?-деб сўрайди. Ўлим фариштаси: эй ҳожам, Ўзинг биласанку, Жаброил, Микоил, Исрофил ва мен ожиз банданг қолдик, дейди.
Шунда Аллоҳ таоло: бор Жаброилнинг жонини ол, дейди. Ўлим фариштаси Жаброилни олдига келса, у руку, сажда қилаётган экан. Унга: эй Жаброил, Одам болаларининг ҳаммаси ўлди. Осмону ер аҳолиси, қушу ҳайвонлар, ҳашароту фаришталар барчасининг жони олинди. Сен булардан ғафлатдамисан? Раббим менга энди сени жонингни олишимни буюрди, дейди. Шунда Жаброил алайҳиссалом йиғлайдилар ва Раббиларига илтижо қилиб, эй Раббим менга ўлимни осон қил, дейди.
(Эй Аллоҳим, муқарраб фаришталардан бири бўлмиш Жаброилдек зот Аллоҳдан ўлим талвасасини осон қилишини сўраб зорланяптилар. Ваҳолангки, у зот бирор марта Аллоҳга осийлик қилмаганлар. Бизчи, биз деярли ҳар лаҳзада бир хато қиламиз. Шундай бўлсада, ўлимни бир лаҳза ҳам эсимизга олмаймиз, жон таслим қилишнинг нақадар машаққат эканлигини ўйлаб кўрмаймиз).
Ўлим фариштаси Жаброил алайҳиссаломни бир сиқадию, ўша онда Жаброил алайҳиссалом жонсиз йиқиладилар.
Аллоҳ таоло: эй ўлим фариштаси, энди бориб Микоилни жонини ол, дейди. Ўлим фариштаси Микоил алайҳиссаломнинг олдига боради. Қараса, Микоил алайҳиссалом булутларга ёмғирларни миндириш ҳаракатида эканлар. Ўлим фариштаси Микоилга: эй бечора, сени устингда нима ирода қилинганидан ғафлатдамисан? Одам болаларининг ҳаммаси ўлиб бўлди, уларнинг ризқи насибаси тугади. Ҳайвоноту, паррандаю даррандалар ҳам энди йўқ. Раббим менга энди сени ҳам жонингни олишимга буюрди, дейди. Шунда Микоил алайҳиссалом ҳам йиғлайдилар ва Аллоҳга зорланиб ўлим талвасасини осон қилишини сўрайдилар. Ўлим фариштаси Микоил алайҳиссаломни ҳам бир қучадию, жонларини олади.
Шундан кейин Аллоҳ таоло: эй ўлим фариштаси, энди бориб Исрофилнинг жонини ол, дейди. Ўлим фариштаси Исрофил алайҳиссаломнинг олдига борадилар ва: эй бечора, борлиқдаги ҳамма жонзотларнинг жони қабз қилинди. Энди Раббим менга сени жонигни қабз этишимга буюрди, дейди. Исрофил алайҳиссалом: бандалари устидан ғолиб бўлган зот покдир, боқийлик фақат ўзигагина хос бўлган зот покдур, деб тасбиҳ айтадилар ва: эй Аллоҳим минга жон таслим қилиш машаққатини осон қилгин, дейдилар. Ўлим фариштаси Исрофил алайҳиссаломни ҳам жонларини олади.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан: энди ким қолди?-деб сўрайди. Ўлим фариштаси, эй хожам, Ўзинг билгувчисан, мендан бошқа жони олинмаган ҳеч ким қолмади, дейди. Шунда Аллоҳ таоло: буюклигимга қасамки, бошқа бандаларимга тоттирганим каби сенга ҳам ўлимнинг мазасини тоттираман. Бор, жаннат билан дўзахнинг ўртасига борда, ўша ерда ўз жонингни ол, дейди.
Ўлим фариштаси жаннат билан дўзахнинг ўртасига келиб ўз жонини олар экан, ўлим талвасасининг аччиқлигидан бир наъра тортиб чинқирадики, агар бутун халойиқ тирик бўлганида ўлим фариштасининг жон беришдаги чинқириғи овозидан қўрқиб барчалари жон таслим қилган бўлар эдилар.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло дунёга боқади ва: эй дунё, қани анҳорларинг, қани боғу-роғларинг, қани дунёни обод қилган кимсаларинг?! Подшоҳлар қани, шаҳзодалар қани, дунёни титратган зўрлар қани?! Мен берган ризқни еб, неъматимга бурканиб, мендан бошқага топинганлар қани?! Бугунги куннинг подшоҳи ким, бугунги кун мул эгаси ким?-дейди.
Ҳеч ким жавоб бермайди. Шунда Аллоҳнинг Ўзи жавоб бериб: бугуннинг подшоҳи яккаю ёлғиз Қаҳҳор зот Аллоҳнинг ўзидир, дейди.
لِمَنِ الْمُلْكُ الْيَوْمَ لِلَّهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ
“Бугун подшоҳлик кимникидир?” (деб сўраб Ўзи айтур:) “Воҳид (ягона) ва Қаҳҳор (ғолиб) Аллоҳникидир” (Ғофир сураси, 16-оят).


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев