«Барселона» президенти Сандро Россель Испания матбуотига берган навбатдаги интервьюсида кўплаб мавзуларни қамраб олган турли саволларга жавоб қайтарди.
- Ярим ой олдин Виланова «Барселона»дан кетди. Ҳаммаси қандай содир бўлди?
- Бу мен «Барса» президенти сифатида эшитган энг ёқимсиз хабардир. Биринчидан, Титони қўллаб-қувватлашим шарт эди, бироқ қолишини сўролмасдим. У тушган ҳолатни душманимга ҳам раво кўрмайман. Иккинчидан, тезкор равишда янги мураббий қидиришимизга тўғри келди. Бу жараён ғоят қийин бўлди, чунки ўша пайт Тито Виланова клуб учун энг муносиб мураббий эди.
- Титонинг кетишидан қандай ҳолатда хабар топдингиз?
- Мураббий ярим кечаси қўнғироқ қилиб, тезда учрашишимиз лозимлигини айтди. Кўнглим қандайдир ғаш ҳолда «Камп Ноу»га бордим. Тасаввур қиляпман, қўриқлаш хизмати вакиллари қанчалик ҳайрон қолишганини. Ахир ярим кечада аввал президент, кейин клуб мураббийи шифокор ҳамроҳлигида келса... Хуллас, биз матбуот анжумани залида ўтирдик...
- ...Кейинчи?
- Виланова ва врач умумий ҳолатни тушунтиришди. Қисқаси, Титонинг кўп вақтни даволашга сарфлаши зарурлигини тушундим.
- Шундай бўлишини кутганмидингиз?
- Ярим тундаги қўнғироқдан сўнг яхши нарса кутмадим. Лекин ундан олдин кўнглим хотиржам эди. Ҳаттоки, интервью бериб, Титонинг соғлиғида ҳаммаси жойида эканлигини айтгандим. Атиги бир неча соат барчасини чаппасига айлантириб юборди.
- Тито Виланова шундай деди: «Ҳаётимдаги энг яхши йил мен учун энг ёмонига ҳам айланди...».
- Буни эшитганим йўқ, лекин сўзларига қўшилишга мажбурман. Тито «Барса»ни ажойиб тарзда бошқарди, биз Ла-лигада 100 очко тўплаб, клуб рекордини янгиладик. Афсуски, юксак натижаларимизни Титога ёпишган дард иккинчи ўринга суриб қўйди.
- Шахсан сиз бундан нимани ҳис қилдингиз?
- Нотавонликни, қўлимдан ҳеч нарса келмаслигини.
- Кейин «Б» режасига мурожаат қилдингиз...
- Аслида Виланова илк марта даволанганидаёқ биз қандайдир вариантлар устида бош қотира бошлаганмиз, албатта, унинг ўзи ва шифокорлари билан маслаҳатлашган ҳолда. Ўшанда Титонинг ўз лавозимида қолдириш, вақтинча Хорди Роурага ишонч билдиришни маъқул топдик. Яширмайман, миямизда «Б» режасини пишитиб келдик, лекин охиригача унга эҳтиёж сезилмаслигига умид боғладик. Афсуски, энг оғир пайт, жамоа энди таътилдан қайтган маҳал уни амалга татбиқ этишга мажбур бўлдик.
- Луис Энрике биринчи рақамли номзодмиди?
- Йўқ.
- Тата Мартино - у ким ўзи?
- Футбол дунёсида у ҳақда илиқ фикр билдирувчи кишилар жуда кўп. Футболни яхши тушунадиганлар Мартино ҳақида бирорта салбий фикр айтишгани йўқ! Ўзимга келсак, у билан 12 ёки 13 йил олдин танишгандим.
- Мартино билан қандай алоқага чиқдинглар?
- Тўғридан-тўғри. Бу жараёнда воситачи ёки агент хизматига эҳтиёж сезмадик.
- Демак, мураббийни Мессининг отаси тавсия қилмаган...
- Режамизни ҳеч ким билмасди. Мен Мартино билан Парагвай президенти Орасио Картес ёрдамида алоқа ўрнатдим. У билан «Либертад» клуби президенти сифатида ишлаган вақтидан буён танишман. Хуллас, телефон қилиб, сўрадим: «Жаноб президент, Тата Мартино билан гаплашишим керак. Илтимос, унинг телефон рақамини берсангиз». Музокараларни эса Суби (Субисаррета) олиб борди.
- Янги мураббийнинг боши воқеалар ривожидан айланиб қолмадимикин?
- Асло. Ишончим комил, у мутлақо хотиржам. Шу ўринда битта ўхшатма: дунёда шундай художўй католиклар борки, улар Ватиканда бирор марта бўлган эмаслар. Ўз ўрнида Ватиканга тез-тез ташриф буюрувчи, бироқ католик динига умуман алоқаси йўқ кишилар бор. «Ла-Масия»дан ҳам шундай мисол келтириш мумкин. Академияда шуғулланганинг айнан «Барса» руҳидаги футболчи эканлигингни англатмайди. Аксинча, «Ла-Масия»ни кўрмай туриб ҳам, қалбан «Барселона» фарзанди бўлишинг мумкин. Тата Мартино хусусида худди шундай дейиш ўринли. У гўёки, Маккага бирор марта бормаган энг эътиқодли мусулмон ёки Ватиканни кўрмаган художўй католикни эслатади.
- Клубга машҳурроқ мураббий таклиф этиш маъқулроқ эмасмиди?
- Йўқ, биз ўз қароримиз ва йўлимиз тўғрилигига шубҳаланмаймиз.
- Пеп Гвардиоланинг баёнотини қандай қабул қилдингиз?
- Рости, буни кутмагандим. Унинг айтганлари сохталикка ўхшаб қоляпти. Ўйлайманки, кимдир Пеп орқали ўз фикрларини билдиряпти, у эса афсуски, бунга йўл беряпти.
- Гвардиола ва Кройффнинг ўзаро учрашувларидан хавотирланмаяпсизми?
- Йўқ. Учрашибди, гольф ўйнаб, бирга тушлик қилишибди. Кройфф «Аякс», «Чивас» ва «Барса», Гвардиола эса «Бавария» ҳақида гапиргандир?
- Умуман, Гвардиола ҳақида қандай фикрдасиз?
- Узоқ йиллар давомида Nikeда унинг акасига бошлиқ бўлганман. Отасини ғоят ҳурмат қиламан. Ўзини эса 20 ёшидан буён биламан ва ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатидаги иқтидоридан қойил қолганман.
- Мана энди Гвардиола сиздан Тьяго Алькантарани олиб кетди...
- Йўқ. Тьягонинг ўзи кетди. Биз ундан айнан нимани хоҳлашини сўрадик ва Суби ҳамда Бартолеу бир хил мазмундаги мактуб олишди. Бизга «Барса»да ўйнашни шараф, деб билмаётган футболчи керак эмас. Тьяго учун эса энг муҳими, футболда тантана қилиш. Каталонияда бўладими ёки бошқа ерда - бунинг фарқи йўқ унинг учун.
- Субисарретага қанчалик ишонасиз?
- Тўла.
- Унинг вазифаси - футболчилар билан шартнома тузиш. Нима деб ўйлайсиз, марказий ҳимоячи қидириш ишларини чўзиб юбормадими?
- Аслида бу позицияда Тьяго Сильвани кўрмоқчи эдик. Бироқ «ПСЖ» уни сотишни истамади. Французлар ҳар қандай шартда ҳам фикрларидан қайтмайдилар. Шунинг учун бошқа номзод қидиришга кеч киришдик.
- Хўш, ҳимоячи оласизларми ёки йўқ?
- Агар ихтиёримиздаги футболчилардан кучлироқ номзод топсак, албатта, харидга қўл урамиз.
- Бэйлнинг трансфери 120 млн. еврога тушадиган кўринади. Шуни ҳисобга олсак, Неймар анча арзон нархда харид қилингандек...
- Буни вақт кўрсатади. Эҳтимол, Бэйл 120 млн. еврога арзир? Футболчининг обрўси, майдонда ўтказган дақиқалари, совринлари, маоши, мураббий билан мнуосабати - буларнинг барчаси унинг трансфер нархига таъсир ўтказади.
- Вильяни 2 млн. еврога сотиш - бу текинга бериш эмасми?
- Ҳм... Нима десам экан? Биласизми, агар Давиднинг бошланғич таркиб футболчиси эмаслиги ва атиги 1 йиллик шартномаси қолганини ҳисобга олсак, совға ёки текин эмас. Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратмоқчиман: дунёдаги бирор-бир захира футболчиси Вильячалик кўп маош олмасди!
- Ҳаттоки, футболчилар ҳам таркибни кучайтириш зарурлигини айтишяпти, бироқ клуб биргина Неймарнинг трансфери билан чекланяпти. Бу хато эмасми?
- Унутманг, «Барселона» ҳақида гапиряпмиз. Нима, «Бавария»дан мағлубиятга учрагач, дарҳол барча 25 нафар футболчи, шунингдек, клубнинг расмий рангию, стадион номини ўзгартиришимиз керакми? Ҳа, мухлисларимиз тез-тез ўзгаришлар зарурлиги ҳақида сўз очишади. Шунда улардан сўрайман: «Нима, Вальдесни алмаштирайликми?» Жавоб беришади - «Йўқ». «Унда Алвешни ўрнига бошқасини олайликми?» Жавоб яна ўша - «Йўқ». «Эҳтимол, Альба ортиқчалик қилаётгандир?» Жавоб - «Йўқ, асло!» Маскерано ҳақида ҳам шундай. Хуллас, бирор-бир футболчи билан хайрлашгилари йўқ. Шундай экан, ортиқча ҳаракатлар ноўрин. Чунончи, ҳозирда клубимиз шарафини ҳимоя қилаётган йигитлар ўрнига муносиб номзодлар топиш осон эмас. Ахир уларнинг ўринларини ҳамма ҳам босолмайди.
- Неймарнинг келиши Месси учун муаммо эмасми? Ҳарқалай, янги юлдузнинг пайдо бўлиши натижасида унда клубга нисбатан рашк ҳисси уйғониши ҳеч гап эмас.
- Шундай дейман, Лео «Барса»ни фақат ўзидан рашк қилиши мумкин.
- Неймар «Барселона» ва умуман, Ла-лигага нима бериши мумкин?
- Ундан кўп нарса кутилаётгани аниқ. Шахсий фикримча, Неймар башоратларни оқлаши шарт.
- Роналдиньо ва Неймар каби бразилияликларни харид қилган шахс сифатида нималарни ҳис этасиз?
- Роналдиньо клубга ўзининг янги тарихини битишида катта ёрдам берди. Энди Неймар ҳам шундай қилиши керак. Ундан бизда бор хусусиятларни сақлаб қолиш ва янада такомиллаштириш талаб этилади. Албатта, Неймарнинг мослашишига муайян вақт керак бўлади. Футболдаги битта омадли давр асосан 3 йилни ўз ичига олади. «Барса»да эса бу муддат 5 йилга тенг. Неймар шу муҳлатни узайтиришига ёрдам берса ажойиб иш бўларди.
- Месси ва солиқ вазирлиги ўртасидаги можарода футболчи ёнини олдингизми ёки...?
- Аввало, айтишим жоиз, клубга дахлдор ҳеч нарсага бефарқ эмасман. Биз футболчиларимизни доимо қўллаб-қувватлаймиз. Айтайлик, адвокат, ҳуқуқшунос ёки молиячи маслаҳатлари зарур бўлиб қолиши мумкин. Қисқаси, «Барса» аъзолари ўзларини мутлақо хотиржам сезиб, фақат футбол ҳақида ўйлашларини истайман.
- Неймар Мессига қандай ёрдам бериши мумкин?
- Ўйлайманки, ҳозирда Неймар кўпроқ ёрдамга эҳтиёжманд, аксинча эмас. Бевосита саволга тўхталсам, Неймар ҳимоячиларни ўзига эргаштириб, очиқ ҳудудлар таъминлашга қодир. Айтайлик, бунгача Мессини 4 нафар ҳимоячи таъқиб этган бўлса, энди уларнинг сони камида 1тага озаяди.
- Сеск ва «МЮ». Бу масалада ишлар қандай?
- Сескнинг ўзи қолишни истаяпти ва буни эътиборга олишимиз керак.
- Умуман, бу жараёнда сиз худди «ПСЖ» тутган йўлни танламаяпсизми? Яъни «Футболчи сотилмайди, тамом» қабилида...
- Қайсидир маънода ҳақсиз. Гарчи «МЮ»нинг молиявий томондан қудратли эканлигини билсамда, клуб президентига мактуб юбориб, ҳар қандай ҳолатда ҳам Сеск сотилмаслигини маълум қилдим.
- Мабодо бой руслар ёки осиёлик шайхлар Мессини сотиб олишни хоҳлашса...
- Аслида ҳеч кимни мажбурлаб ушлаб турмаймиз. Кетишни хоҳлаган барча футболчилар шундай қилишлари мумкин. Фақат, Месси эмас! Леони харид қилмоқчи бўлган клуб 250 млн. евро миқдоридаги товон пули тўлаши ва LFPга бериладиган 56 фоизли солиқни ҳам ўз бўйнига олиши керак. Қисқаси, ҳозирги кунда Мессининг баҳоси - 580 млн. евро.
- Вальдес билан алоҳида гаплашмоқчи эдингиз...
- Президент сифатида шундай қилдим ва унинг фикрини ўзгартирдим.
- Хўш, «Барса» навбатдаги мавсумни 2 нафар янги дарвозабон билан бошлайдими?
- Эҳтимол.
- Охирги савол: жорий ёзда Ла-лигадаги кўплаб футболчилар Англия, Италия ва Германия чемпионатига кўчиб ўтишди. Бу ҳол Испания биринчилигига нечоғли таъсир қилади?
- Англияда доимо бир тоифа жамоалар кўп очколик фарқ билан ғалаба қозонишади, Италия ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Германияда чемпионлик учун 1та, Португалияда 1,5та даъвогар бор. Айтмоқчиманки, биз бошқа чемпионатлардаги аҳвол худди ўзимиздагидек эканлигига эътибор қаратмай, миллий биринчилигимизни тез-тез танқид остига оламиз. Айтганча, ЧЛнинг охирги ярим финалида Ла-лиганинг 2та вакили ўйнаганини унутманг.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев