Шу кунларда Детройтда бўлиб ўтаётган автосалонда Hyundai компанияси ўзининг “Sonata” моделининг гибрид ҳамда “plug-in”, яъни “розеткадан зарядкаланувчи” вариантларини намойиш қилди. “Hyundai Sonata Hybrid” жорий йилнинг ёз фасли бошида, “розеткали” варианти эса йил охирида сотувга чиқарилади.
“Hyundai Sonata Hybrid” нинг 2016 йилдаги гибрид трансмиссияси 2015 йилдаги моделига нисбатан такомиллаштирилди ва натижада ёнилғини 10 фоизга иқтисод қилишга эришилди. Унинг электр двигатели ҳам кучлироқ ишланиб, 51 от кучини ташкил қилмоқда, ички ёнув двигатели эса 154 от кучига эга. Бу қурилмаларнинг жами қуввати 193 от кучига тенг. Узатишлар қутиси 6 позицияли бўлиб, автоматик равишда ишлайди.
Бу автомобилнинг ёнилғи сарфи шаҳарда 6 литрни, шаҳар ташқарисида 5,35 литрни, аралаш ҳолда эса 5,6 литрни ташкил этади.
Бу автомобиль кучлироқ электр двигателдан ташқари, кўпроқ ҳажмга эга бўлган литий-полимерли аккумулятор билан ҳам жиҳозланган. Бу аккумулятор юкхонанинг поли остида жойлашган ва бу бироз жойдан ютишга имкон берган.
Hyundai шунингдек автосалонда “Соната” негизидаги “розеткали” гибрид вариантни ҳам намойиш қилди. Бу автомобиль электр двигатель билан деярли 36 км юриши мумкин бўлади.
“Соната”нинг бу вариантида 9.8 кВт-с ҳажмли катта ўлчамдаги аккумулятор ўрнатилган. “Hyundai Sonata Hybrid” даги аккумулятор ҳажми эса 1.36 кВт-с ни ташкил қилади. Шунингдек, бу автомобилда “Hyundai Sonata Hybrid” га нисбатан кучлироқ электр мотор ўрнатилган.
“Nu” оиласига мансуб “GDI” моделидаги ички ёнув двигатели худди “Hyundai Sonata Hybrid” кабидир. Ушбу автомобиль двигателларининг умумий қуввати 202 от кучини ташкил этади.
Автомобилларнинг нархи ҳали эълон қилинмаган. АҚШ ва бир қатор бошқа давлатларда гибридли автомобиллар ва электр автомобилларга солиқ имтиёзлари жорий қилинган. Бунга қўшимча равишда, Калифорния штатида бундай экологик жиҳатдан хавфсизроқ бўлган автомобилларни сотиб олишда 1500 доллар атрофида чегирма тақдим қилинади.
Мы используем cookie-файлы, чтобы улучшить сервисы для вас. Если ваш возраст менее 13 лет, настроить cookie-файлы должен ваш законный представитель. Больше информации
Нет комментариев