(1937–1975).Абдулмалик қори ака 1937 йил 5 майда Андижон вилояти, Ҳаққулобод шаҳрида таваллуд топганлар.Абдулмалик саккиз ойлик пайтида онаси Шукринисохон туш кўради. Тушида бир нуроний киши (уни фаришта деб билади) келиб, қўлидаги бир ҳовуч тиллани унга узатар экан: «Буни олиб, болани менга бер, мен уни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетаман», дейди. Она қаттиқ қўрқиб, уйғониб кетади ва бехосдан ёнидаги бола ётган бешикни қучоқлаб олади. Сўнг кўрган тушини эрига айтиб беради. Абдураҳим уни тинчлантиришга ҳаракат қилади. Шукринисохон она Ойимга келганида қишлоқнинг илмли ва фазилатли аёли Ойимхон отинга тушида кўрганларини айтиб беради. Ойимхон отин: «Бунда бир ҳикмат бор, ҳали Худо хоҳласа бу бола хосиятли одам бўлади», дея тушга яхши таъбир айтиб, онага далда беради.Аллоҳ таоло Ўз илоҳий ҳикмати билан бандага бирор эшикни ёпса, ўрнига бошқа бир неча эшикларни очиб қўяди. У зот Абдулмаликка ҳам унинг кўз нурини олиш эвазига бир қанча неъматларни ато этган эди. Абдулмалик ниҳоятда истеъдодли, зийрак, эшитган ҳамма нарсасини ёдлаб олиш қобилиятига эга инсон бўлиб вояга ета бошлайди. Боладаги истеъдодни сезган отанинг кўнглига ўғлини Ҳофизи Қуръон қилиш иштиёқи тушади ва 5 ёшли Абдулмаликни ҳамқишлоғи Абдулаҳад қорига Қуръон таълими учун олиб бориб: «Буни сизгина тарбия қила оласиз», дея устозга бўлган ишончини изҳор қилади. Чунки устоз ҳам ёшлигидан кўзи ожиз эди…Бола устозга кўниккунича опаси уни устоз хонадонига олиб бориб, олиб келиб туради. Кейинроқ у ўша жойда қолиб ўқийдиган бўлади.Абдулмаликни ўқитиш аввалига қийин кечади, аммо бир оз бардавомликдан сўнг юришиб кетади. Бу орада устоз Абдулаҳад қори ака Жалолободга яшаш учун кўчадиган бўлиб қолади ва шогирди Абдулмаликни ҳам ўзи билан бирга олиб кетади. Абдулаҳад қори ака ниҳоятда қаттиққўл устозлардан эди. Кўзи ожиз бўлса-да, вақти вақти билан шогирдларига ҳассаси билан дўқ-пўписа қилиб турарди.Устоз Абдулмаликка Қуръони каримни оятма-оят таълим берарди. Аввал бериладиган дарсни уч марта ўқиб берар, орадан ўн дақиқалар чамаси ўтказиб, яна икки-уч марта ўқиб эшиттирар, шогирд эса олган сабоғини эсда олиб қолиб, 300–400 маротаба мустақил такрорлар, сўнг устозга топширарди. Шу билан бирга, оятлар тўпланиб, бир рубъ (бир поранинг тўртдан бири) бўлганда уларни жамлаб ўқиб берар, иккинчи рубга етгач, иккисини қўшиб, ярим пора қилиб, кейинги ярим пора ҳам тугагач эса бир порани тўлиқ ўқиб топширар эди. Янги порани бошлашдан аввал ёд олиб бўлган барча сураларни бир қатор такрорлаб, мустаҳкамлаб олиб, сўнг навбатдаги порага ўтарди. Шу боис у Қуръондан қанча ёд олган бўлса, ҳаммасига доимо тайёр эди.Кейинроқ устоз Абдулмаликка бир қўй олиб бериб, унинг парваришини ҳам ўзига юклади. Ёш шогирд кўзлари ожиз бўлса-да, яйловдан ўт ўриб келиб, қўйни боқарди. Қизиғи шундаки, агар бола ўриб келган ўтдан икки-уч донаси олинса ҳам, ушлаб кўриб, унинг камайиб қолганини дарҳол сезарди. Қўй етилганда устоз уни сотиб, пулини Абдулмаликнинг ўзига сарфларди.Шу зайлда олиб борилган таълим натижасида Абдулмалик тўққиз (ёки ўн) ёшида Қуръони каримни тўла ёд олишга мушарраф бўлади. Мулла Абдураҳим ўғлининг қори бўлганлиги муносабати билан катта бир издаҳом қилиб, элга ош беради ва устозини ҳам иззат-икром қилиб, розилигини олади. Унинг иккинчи бор қамалишига айнан шу ҳаракати, яъни ўз фарзандига диний таълим берганлиги сабаб бўлган. Юқори идораларга баъзи номаълум шахслар томонидан бу ҳақда маълумотлар етказиб турилган. Издаҳомнинг эртасига Абдураҳимни уйидан олиб чиқиб кетишади ва унинг усти-дан жиноий иш қўзғатилиб, беш йил озодликдан маҳрум этилади. У жазо муддатини уч йилда ўтаб, 1949–1950 йилларда уйга қайтади.Абдулмалик ниҳоятда зийрак, пухта қори бўлиб етишган эди. У Ойимга қайтиб келганида қишлоқдаги илмли аёллардан бири Баҳринисо отинга Қуръонни тўлиқ ўқиб беради. Баҳринисо отин боланинг ҳеч қандай хатосиз, тутилмай ўқишини кўриб, уни эҳтиёт қилиш, кўз тегиб қолишидан асраш мақсадида: «Болам, ҳеч бўлмаса бир-икки адашиб қўй», – дер, ёш қори эса: «Нега адашар эканман», – дея, яна ўқишда давом этарди. Кўпни кўрган отин холанинг кўнгли ниманидир сезгандек, боланинг ота-оналарига: «Бу бола Қуръонни ҳеч ҳам адашмай ўқиди, уни қирқ ёшигача ниҳоятда эҳтиёт қилинглар. Қадимгилар Қуръонни адашмай ўқиган бола ҳақида шундай дейишарди», – деб тайинлаган экан.1953 ёки 1954 йили Абдураҳим ака ўғли Абдулмалик қорини олиб, қариндошлардан бирининг вафоти сабабли фотиҳа ўқиш учун Тошкентга келади. Улар жума намози-ни ўқиш мақсадида Хастимом масжидига киришади. Намоз вақти киришига оз вақт қолганда масжидга муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг ўғиллари Зиёвуддин қори ака ҳам кириб келадилар. Зиёвуддин қори ака маъруза қилади ва жума хутбасини ўқиб бўлгач, намозга имомликка ўтади. Намоз ўқиб бўлингандан сўнг одатдагидек, бир қори тиловат қилади. Шу пайт биринчи сафнинг чеккасида, девор олдида кўзи ожиз ўғлини ёнига олиб ўтирган Абдураҳим ака ўрнидан туради ва имомга юзланиб: «Бизнинг бир қори ўғлимиз бор, рухсат берсангиз, у ҳам тиловат қилиб берса, ҳаққига дуо қиларсизлар», – дейди. Ижозатдан сўнг Абдул-малик қори Ар-Роҳман сурасидан ўқиб беради. Унинг тиловатидан одамлар қаттиқ таъсирланадилар. Зиёвуддин қори ака Абдулмалик қорининг кўзлари ожиз эканлигини кўриб, шу ҳолида мана шундай етук қори бўлганини ибрат қилиб кўрсатиб, нутқ сўзлайди. Бу нутқ бутун жамоатни ларзага келтиради. Абдулмалик қори масжид четида бўлганлиги сабабли Қуръонни микрофонсиз ўқиган эди. Одатда, икки-уч тиловатдан сўнг тарқалиб кетадиган жамоат кўпчилик яхши эшита олмаганини айтиб, яна микрофонда тиловат қилиб беришини илтимос қилишади. Қори яна ўқий бошлайди. Масжид намозхонларнинг йиғисига тўлади, ҳеч ким ўрнидан қимирламасдан, Қуръон тиловатини тинглайди. Одамларнинг талабларига кўра қори учинчи бор ҳам ўқиб беради. Сўнг яна илтимос қилишади, лекин Зиёвуддин қори ака унамайдилар. Жамоат Қуръон лаззатига тўймай, тарқалади…Абдулмаликнинг қироати, хусусан, Эшон Бобохон ҳазратларига жуда ҳам манзур бўлган эди. Шу боис у зот мулла Абдураҳимдан қорининг таровеҳда хатмга ўтиб беришини сўраб, шахсан ўзлари илтимос қиладилар. Рамазон ойининг бошланишига саноқли кунлар қолган эди. Улар клифни мамнуният билан қабул қиладилар ва муфтий ҳазратларининг азиз меҳмони бўладилар.Рамазоннинг биринчи кечаси таклиф қилинган устоз қорилар хатмни бошлаб берадилар. Учинчи тасбеҳ (тўрт ракат)да навбат Абдумалик қорига берилади. Қори ака келган жойдан давом эттириб, ўқий бошлайдилар. Уларнинг қироатлари бутун жамоатни тўлқинлантириб юборади. Намоздан сўнг салом беришлари билан Эшон Бобохон ҳазратлари: «Қолганини ҳам шу бола ўқисин», – деб марҳамат қилдилар ва Абдулмалик қорининг ўқишини булбулнинг сайрашига қиёслаб, унга «Булбул қори» деган «унвон» берадилар. Бошқалар ҳам уни шундай номлашлари лозимлигини айтадилар. Шу шу бу ном қорига лақаб бўлиб қолади. Хатмнинг иккинчи куни бошқа қориларга жавоб берилади.Шундан сўнг Абдулмаликнинг тарбияси билан Муфтий ҳазратлари – Зиёвуддин қори ака ҳам шуғуллана бошлайдилар. У киши Абдулмалик қорининг Тошкентда юриб араб, форс ва рус тилларини ўрганишини таъминлаб берадилар.Абдулмаликнинг зеҳни ниҳоятда ўткир бўлиб, олганмаълумотларини тез ўзлаштирар ва ўрганганларини мутлақо унутмас эди. Унинг тил ўрганишида радио-транзисторнинг ҳам роли катта бўлган. У радио орқали бериб бориладиган араб ва рус тилидаги эшиттиришларни, хусусан, дунё хабарларини мунтазам кузатиб борарди. Шунинг-дек, спорт янгиликларига, айниқса, футбол чемпионатлари хабарларига жуда ҳам қизиқарди. Машҳур футболчиларни яхшии танир, уларнинг қачон, қандай ўйинлар қилганини ёддан биларди. Унинг радио орқали бериладиган футбол хабарларини эшитаётганини кўрган ўртоқлари: «Ҳа, Қори, футбол кўряпсизми?» – деб ҳазиллашиб ҳам қўйишарди.У вақтларда овоз ёзиш ва эшитиш ускуналари асосан радио ва пластинкали магнитофонлар ҳисобланарди. Абдулмалик қори тинимсиз ўз устида ишлар, бор имкониятлардан унумли фойдаланар эдилар. У киши радио ва пластинка ёрдамида қироатларини ҳам мукаммаллаштириб борар эдилар.Абдулмалик қори ака Зиёвуддин қори аканинг тав-сияси билан Тошкентдан ташқари Сурхондарё, Душанбе ва Бишкек шаҳарларида ҳам Рамазон ойидаги таровеҳ намозларида хатм қилиб берар эдилар. У киши бир йили Самарқанддаги Имом Бухорий масжидида ҳам ҳатмга ўтган.Абдураҳим ака колхозлаштириш муносабати билан бошланган қатағон даврида Ойим қишлоғидан қочиб бориб, Тожикистонда қўним топган душанбелик Исоқжон бойдан ўз қизини Абдулмалик қорига беришини сўрайди. 1960 йилиаввал Душанбеда, кейин Ойимда тўй қилиб, келинни қишлоққа олиб келишади.Қизнинг исми Маҳфузахон бўлиб, ниҳоятда ибодат-ли, итоатли, гўзал фазилатларга эга аёл эди. У ўз жуфти ҳалолининг атрофида парвона бўлиб хизмат қилар, яна дўппи тикиб, рўзғорга кўмаклашар эди. Уларнинг оиласида бир қиз, уч ўғил дунёга келади.1968 йили Мисрдаги Ал-азҳар университети раҳбари Шайҳ-ул Азҳар бошчилигида келган меҳмонлар ичида дунёга машҳур Миср қориларининг Шайҳи Маҳмуд Халил Ҳусорий Тошкентга ташриф буюрганида Зиёвуддин қори ака Абдулмалик қори акани пойтахтга чақиртиради. У киши меҳмонлар билан бир неча кун бирга бўлиб, Камолон масжидидаги йиғилишда Қуръон ўқиб берадилар. Халил Ҳусорий Абдулмалик қори аканинг қироатидан таъсирланиб, тебраниб ўтириб тинглайди ва тиловат тугагач: «Аҳсанта» – «Яхши, зўр ўқидинг», деб унга таҳсин айтади. Меҳмонлар ўз юртларига қайтиш учун Тошкент аэропортига келишганда уларни кузатишга келган мезбонларнинг кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Улар билан хайрлашиб, самолётга чиқиб кетаётган Шайҳ Халил Ҳусорийнинг кўзи мезбонлар орасида турган кўзи ожиз Абдулмалик қори акага тушади ва орқага қайтиб келиб, уни қучоқлаб, бир зум бағрига босиб туради. Сўнг кўзлари ёшга тўлган ҳолда хайрлашади.Абдулмалик қори ака 1970 йил январь ойида маҳалладошлари Ҳабибуллоҳ ака Нуриддиновнинг ташаббуси билан Қуръони каримни тўлиқ ўқиб, магнит тасмасига ёздиради. Қори ака ҳар куни шогирди Нуруллоҳ қори ҳамроҳлигида Ҳабибуллоҳ аканикига чиқар, бир-бир ярим порани ўқиб, тасмага ёздирар, шогирд унинг қироатини мусҳафга қараб, кузатиб турар, Ҳабибуллоҳ ака эса уларнинг хизматида бўлар эди. Шундай қилиб, 5 январда бошланган ҳатм шу ойнинг охирида ниҳоясига етади. Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, ушбу ҳатм ўзбек қорилари тарихида Қуръони каримнинг тўлиқ тиловатининг тасмага ёзилган илк намунаси бўлган.1974 йилнинг 20–26 август кунлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорийнинг таваллуди-га қамарий ҳисобда 1200 йил тўлиши муносабати билан Самарқанд шаҳрида «Имом Бухорий ва ҳозирги замон» мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказилади. Унда юртимизнинг кўзга кўринган уламолари, қорилари билан бир қаторда дунёнинг йигирма етти давлатидан ташриф буюрган энг машҳур уламолар ва диний арбоблар ҳам иштирок этадилар. Анжуманда бошқа қорилар қатори Абдулмалик қори ака ҳам тиловат қилиб берадилар.У киши форс-тожик ва рус тилларини ниҳоятда яхши билар, уларда ўз тилида сўзлашгандек сўзлашардилар. Шунингдек, Абдулмалик қори ака араб тилини ҳам пухта ўрганган, араб тилидаги эшиттиришларни ва китобларни қийналмай таржима қилар эдилар. У киши устозлари Абдулаҳад қори акадан Қуръондан ташқари, фиқҳий масалалардан ҳам таълим олган бўлиб, ҳатто устозлари Абдулмалик қори акага ўзи ўргатган илм асосида фиқҳий саволларга жавоб беришга ҳам ижозат берган эди.Абдулмалик қори ака бир қанча шогирдлар ҳам тарбиялаганлар, уларнинг айримлари ҳофизи Қуръон бўлганлар. У кишининг Қирғизистон, Тожикистон томонларда ҳам шогирдлари бор эди. Таълим беришни кўпинча саҳар чоғида ташкил этар эдилар. Абдулмалик қори ака Қуръон ўқитишда, айниқса, тажвид қоидаларига амал қилишда ниҳоятда талабчан эдилар. Айрим шогирдларнинг айтишла-рича, улар «Басмала»нинг ўзини ўрганиш учун ўн беш кун устоз ҳузурига қатнаган эканлар.Душанбелик Саид Нуъмон, Абдуррауф, андижонлик Абдуррауф ва Нуруллоҳ қорилар унинг кўзга кўринган шогирдларидан бўлганлар. Шунингдек, у кишидан Тошкен ва Андижон шаҳарларидаги айрим ўз даврининг мансабдор шахслари ҳам таълим олишган.Абдулмалик қори ака бир сафар Тошкентга келганларида қоринлари атрофида қаттиқ оғриқ туради ва Ойимга қайтадилар. Бу воқеа 1975 йилнинг 26 февралида рўй берган эди. Тун ярмида оғриқ кучайгач, «тез ёрдам» чақиришади. Шифокорлар беморни аввал Жалақудуққа, кейин Оламушук шифохонасига олиб боришади. Унинг кўричак касаллиги билан оғриганлиги аниқлангач, зудлик билан жарроҳлик столига ётқизишади. Аммо операция оғир кечади. Яра ўрнининг битиши ҳам қийин бўлади. Беморнинг қонида қанд миқдори кўпайиб кетганлиги дард устига чипқон бўлади. Шу ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлиб, Абдулмалик қори аканинг соғлиқлари кундан-кунга оғирлашиб боради. У киши гоҳ ўзларига келар, гоҳ ҳушларини йўқотардилар. Андижондан чақиртирилган шифокорлар беморни ўзлари билан шаҳарга олиб кетишади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Қори ака ўша шифохонада вафот этадилар.Абдулмалик қори ака 39 ёшда, 1975 йил 9 март, якшанба куни охират диёрига сафар қиладилар. Жанозага келганларнинг сонини аниқлаш қийин эди. Турли жойлардан олиму фузалолар, устозу қорилар, мухлис инсонлар келишган, уларнинг кўз ёшлари тинмасди. Андижон шаҳридаги «Девонабой» марказий масжидининг имом хатиби, Ҳофизи Қуръон, олим Ҳабибуллоҳ ҳожи дада йиғилган жамоатга тасалли бериб, мавъиза қиладилар ва жаноза намозини ўқиб берадилар.Абдулмалик қори аканинг ўлимлари у кишининг яқинлари, дўстлари, мухлислари ва барча илм ва Қуръон аҳли учун ниҳоятда оғир мусибат бўлди. Бир нечта шоирлар ва шогирдлар томонидан марсиялар битилди. Воизлар мавъизалар айтдилар, қорилар хатми Қуръонлар қилиб, марҳум руҳига бағишладилар.Андижон тарихидан лавхалар.2022.05.05.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев